Jan 062013
 

Нуринисо Ҳолбоева(чапда) ва Саида Қурбонова

ШОШИЛИНЧ ХАБАР

 

Бугун,5 январ куни  маҳаллий вақт билан соат 15.00 ларда Ҳаракатнинг Жиззах вилоят бўлими фаоли Нуринисо Ҳолбоева “Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати Ўзбекистон бўлимининг Матбуот хизматига ўзига нисбатан қўлланилаётган таъқиб хусусида телефон орқали қуйдагиларни маълум қилди:

 

– Бугун ўзим истиқомат қилаётган “Тошкент” маҳалласининг Рустам исмли янги участка нозири уйимга кириб  келди. У менга “Пахтакор туман Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Акмал Жаҳонов сизни йўқлаяпти. Шошилинч гаплари бор экан. Мен билан ИИБ идорасига юринг” дея талаб қўйди. Мен учатска нозирига “Майор Акмал Жаҳонов билан гаплашадиган гапим қолмаган. Унинг ноқонуний ҳаракатлари хусусида тегишли юқори идораларга хабар берганман. У ўз вазифасини уддалаб бўлди,бизга ёлғондакам айблов ёпиштириб,истаганича хўрлади. Шунча томошадан кейин,Акмал Жаҳоновга мендан нима керак экан? Бормайман”,деб жавоб қилдим. ИИБ идорасига боришдан бош тортганимни эшитган участка нозири Рустамнинг ( фамилиясини билмайман) тепа сочи тикка бўлди. У дўқ-пўписага ўтди:“Туманни сўраб турган раҳбар чақиртирганидан кейин,боришга мажбурсан. Бормасдан,қаерга ҳам борардинг. Қани,бош тортиб кўрчи?”,дейди менга. “Яхши,бораман,аввалига,менга идорангиздан расмий чақирув қоғози олиб келиб беринг”,деганимни биламан,“Ҳали сен ҳуқуқ талаб қиладиган бўлиб қолдингми? Шундай қиламанки,ўз оёғинг билан Жаҳоновнинг олдига эмаклаб,қандай қилиб бориб қолганингни билмай қоласан! Сенга чақирув қоғози керак бўлиб қолдими? Керак бўлса,ҳозир мен устингдан яна бир жиноий иш ғўзғайман-да,ана ундан кейин ички ишларга тепкилаб олиб бораман!” дея тепадан кела бошлади. “Мен барибир майор Акмал Жаҳоновнинг олдига бормайман дедимми,бормайман. Қўлингиздан келганини қилинг. Мени ҳимоя қиладиган эрим йўқ. Ёлғиз,ҳимоясиз,бева аёлман. Сизлар етимларнинг ёшини оқизиб,аёлларга зуғум қилиб урганиб қолгансизларку? Мана,мен,қўлингиздан келади,кучингиз етади,мени мажбурлаб,зўрлик билан,куч ишлатиб Ички ишлар идорасига олиб кетишингиз мумкин” деган жавобимда қатъий туриб олдим. Шу гапимдан кейин ортига қайтиб кетган Рустам  уйимга яна икки бор қайта келди. “Борасизми,йўқми? Яхшиликча гапга кўнинг!” деб тепамда дағдаға қилиб турибди. Нима қилсам экан? Ҳозир кўчага чиқишгаям,ҳатто,дўкондан нон олиб келишга ҳам чўчиб ўтирибман. Буларнинг қўлидан ҳар қандай пасткашлик келади,–дейди яқингинада Пахтакор туман ички ишлар идораси ходамларининг ташаббуси билан айбсиз айбдор сифатида 15 суткалик қамоқ жазосини ўткаб чиққан Нуринисо Ҳолбоева.

– Бугуннинг ўзида “Чаманзор” қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Товбой Солиевнинг қўл телефонидан участка нозиримиз менга бир-икки бор қўнғироқ қилди,–кўп ўтмай ҳол сўраш мақсадида қилган қўнғироғимизга Саида Қурбоновада мана шундай мазмунда жавоб қилди , – Гўшакни ҳар гал ўғлим кўтарди…Бизнинг участка нозиримиз ҳам “Акмал Жаҳонов сизни чақиртираяпти. Идорага юринг” деб икки марта уйга келиб-кетди. Боришдан бош тортдим. Бу ҳолат бизга нисбатан ҳамон таҳдидлар тўхтамаганидан далолат бермайдими? Нуринисо ўзининг,ўғлининг ҳаётидан жудаям хавотирда. Чунки унга участка нозири бўлар-бўлмас гапларни айтиб,қўрқитган,юрагини ёрган,таҳдид қилган. Ўз уйида тунашга ҳам қўрқиб қолган. Шунинг учун ҳозир ўғлимни Нуринисонинг уйига юбордим. Ҳозир Нуринисо фарзанди билан йўлда,ўғлимнинг кузатувида бизникига келаяпти. У боласи билан ички ишлар идораларининг босими бир ёқли бўлганига қадар бизникида яшаб туради  энди. Қўлимиздан бошқа нима ҳам келарди….,–ташвиш билан сўзларига якун ясади Саида Қурбонова.

Эслатиб ўтамиз,Пахтакор туман ички ишлар бўлими ходимлари томонидан тузоққа туширилган икки фаолимиз Саида Қурбонова ва Нуринисо Ҳолбоевалар 15 сутка “ўтириб” чиқишганди. ИИБ ертўласида қамоқ муддатини ўтаётган маҳбусларга нисбатан айнан ўша,майор Акмал Жаҳонов куч ишлатган,аёвсиз калтаклаган,номақбул сўзлар билан ҳақорат қилган. С. Қурбонованинг бир ярим ёшли набирасини келинининг кафолат хати орқали гаровга олган ҳам ўша – Жаҳонов бўлади. Энг муҳими,Акмал Жаҳонов қамоқ муддатини ўтаб чиқаётган фаолларимизга “Бу ердаги кўрган-эшитганларингизни батамом унитасизлар. Тишларингиздан чиқаргудек бўлсангиз,минг бир балога гирифтор бўласиз!” дея қаттиқ огоҳлантиришни ҳам унутмаган. Бироқ,майор кутганидек бўлиб чиқмади. “Бирдамлик” фаоллари қўрқув исканжасидаги тумандошларидан ўзгачароқ,журъатлироқ чиқиб қолишди. Бунинг натижасида,Пахтакор туман ички ишлар бошқармаси бошлиқ ўринбосари Акмал Жаҳоновнинг  ҳеч бир қолибга сиғмайдиган ноинсоний кирдикорларидан,ноқонуний,айтиш мумкинки,ҳайвоний  ҳаракталаридан  интернет тармоғи орқали бутун олам хабар топди. Собиқ маҳкумалар майорнинг хурмачага сиғмайдиган қилғиликлари хусусида юқори идораларга шикоят аризалар йўллашди. Хўш,ана энди,айтингчи,шунча кўргуликларни кўрсатган  Акмал Жаҳонов нега айнан мана шу собиқ икки  маҳкумани кўргиси,гаплашгиси келиб қолди экан?  Муддо нима? Ўз курсисини асраб қолиш учун собиқ маҳкумаларга ярашиш битимини таклиф қилмоқчими,кўрсатган жафолари учун тавон пули тўламоқчимикин ё? Эҳтимол,жабрдийдаларни қайта қўрқитиб қўйиш йўлини режа қилгандир?  Қурбонова ва Ҳолбоеваларни қайта қиноқ,қистовга,жабру ситамга гирифтор қилиб,сукут сақлашга мажбур қилмоқчимикин ёки?  Акмал Жаҳонов! Нима қилмоқчисиз ўзи?

Акмал Жаҳоновга ўхшаган қонунни оёқ ости қиладиган қонун “поспонлари”нинг,“замонавий қароқчилар”ингизнинг  дастидан қачонгача Ўзбекистон элида Нуринисо каби жабирдийда фуқаролар ҳатто ўз уйларидаям бехавотир ўтиришга,оромида ухлашга ҳам қўрқиб яшашади,қачонгача,КАРИМОВ?!

Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати Ўзбекистон бўлими Матбуот Маркази

 

http://birdamlik.info/?p=25802#more-25802