Jan 042013
 

ПРЕСС РЕЛИЗ

Валерий Назаров

БИРДАМЛИК” ХАЛҚ ДЕМОКРАТИК ҲАРАКАТИ

 

Бирдамлик”  Халқ Демократик Ҳаракати  Валерий Назаровни 2012 йилнинг 7 декабрь кунидан буён бедарак эканлигини жамики Халқаро ташкилотларга,Кенг жамоатчиликка чексиз хавотир билан такроран маълум қилади.

Ҳаракатнинг Хоразм вилоят бўйича етакчиси Валерий Назаров ҳамиша собитқадам,ўз вазифасига масъулият билан ёндашадиган,ҳалол ва  тўғри сўзлиги билан фаолларимиз орасида обру орттира олган фолларимиздан бири.

Валерий Назаров  Ҳаракатнинг ҳар бир тадбирларида пешқадам,маслакдошларига намуна бўлган.

Ўзбекистон Республикаси Конститутцияси қабул қилинган куннинг 20 йиллиги муносабати билан “Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати 1 декабрдан то 10 декабрга қадар  “Оммавий Шодлик” – “ОШ”,“Оқ Шарф” марафонини ўтказиш чақириғи билан чиқди.

Марафон талабига кўра,фуқаролар диктаторлик режимига қарши ўз норозиликларини Оқ Шарф боғлаш орқали ифода этмоқлари лозим эди.

Оммавий Шодлик”,“Оқ Шарф” марафонининг мазмун моҳиятини Хоразмликлар ўртасида тарғибот ва ташвиқот қилишга бел боғлаган Валерий Назаров маҳаллий ҳокимиятнинг,Куч ишлатар тизимлари ходимларининг нишонига айлангани,ҳақиқат.

Бу ҳақда 7 декбар куни Ҳаракатнинг Ўзбекистон бўлими етакчисига телефон орқали  хабар берган В. Назаров шундай деган эди:

 

– 8- декабрь куни Тошкентнинг Олой бозорида ўтказиладиган “ОШ” тадбирига эртароқ етиб олиш мақсадида поездга чипта олиб келгандим. Мана,бугун,7 декабрь куни эрталабдан уйим атрофи ИИБ формасидаги ва фуқаро кийимидаги нотаниш одамлар билан қуршаб олинган. Ҳатто икки нафар милиция  ходими келиб,“Сиз билан Хива туман Ички ишлар бошқармаси бошлиғи суҳбатлашмоқчи. Биз билан бирга боришингизга тўғри келади” деди. Мен уларга “Мени олиб кетиш учун ё суднинг санкциясини келтиринг,ёки расмий чақирув қоғозини кўрсатинг. Кейин сизлар билан бирга бораман” деб жавоб қилдим. Ҳозир нима қилишга ҳам ҳайронман. Агар улар уйга бостириб кирадиган бўлишса,биринчи бўлиб қўл телефонимни олиб қўйишади. Сизлар билан алоқа узилади. Ё айланма йўллар орқали чиқиб,Тошкентга кетаверсаммикин? – Бу Валерий Назаров билан бўлган энг сўнгги мулоқот эди.

Ўша  соатлардан бошлаб Валерий Назаров билан алоқа мутлақо узилган. У билан боғланишнинг мутлақо имкони бўлмаётир.

– Мен Валерий оғанинг уйидагилардан,оила аъзоларидан ҳам суриштирдим. Фарзандлари ҳам отаси ҳақида ҳеч бир маълумотга эга эмас экан. Ҳатто қаерда эканлигини ҳам билишмайди. Аниқ бир гап айта олишмади,–дейди Ҳаракатнинг Хоразм вилоят бўйича матбуот котиби Бахтиёр Маҳмудов.

Б. Маҳмудовнинг тахминига кўра,Валерий Назаровнинг ҳаёти хавфда эмас,у ИИБ хибисхонасида эмас,ўзга бир хонадонда атрофдаги одамлардан изоляция қилинган.

Бироқ,Хоразм вилоятидаги инсон ҳуқуқларига алоқадор аниқ манбаага кўра,“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракатининг Хоразм вилоят бўйича етакчиси Валерий Назаров 7 декабрь куни Куч ишлатар тизими ходимлари томонидан ўз уйидан олиб кетилган. Айни дамда мухолиф ташкилот етакчиси Хоразм вилоят Ички ишлар бошқармасининг ертўласида сақланмоқда.  Ички ишлар ва Миллий Хавфсизлик хизмати ходимлари Валерий Назаровни мухолифат йўлидан қайтаришга ҳарчанд уринмасин,у ҳамон ўз фикрида собит. Қийноқ ва азоблар,ҳадсиз калтаклар ҳам унинг иродасини бука олган эмас.

Бахтиёр Маҳмудовнинг “Валерий оға хавфсиз жойда. Ўзга бир фуқаронинг уйида сақланаётган бўлиши ҳам мумкин” деган фикрига қанчалик инонгимиз,таянгимиз келмасин,бироқ,минг афсуски,матбуот котибининг фаразлари ҳақиқатга у қадар тўғри келмаслиги аниқ. В. Назаров бехатар жойда,таҳдид ва тазйиқлардан ҳоли бўлганида эди,аллақачон алоқага чиққан,воқеликдан Ҳаракат бошқарувини воқиф этган бўлар эди. Сукут сақлаб турмоқлик Валерий Назаровнинг феълига хос эмаслигини инобатга оладиган бўлсак,Б. Маҳмудов илгари сураётган тахмин ўз-ўзидан йўққа чиқиши,табиий.

Шундай экан,истаймизми-йўқми,иккинчи маълумотга таянишга мажбурмиз.

Айни пайтда “Бирдамлик” ХДҲ етакчиси Валерий Назаров Хоразм вилоят ички ишлар бошқармасининг “подвал”ида таҳқир,қийноқ ва азоблар остида эканлиги ҳақиқатга яқин бўлиб қолмоқда.

Мухолифат етакчисининг ҳаёти хавф остида бўлмаганида эди,В. Назаров  27 кун давомида лоақал бир бор бўлса-да овоз берган,ўзи ҳақида Ҳаракатни хабардор қилган бўларди.

Юқоридаги қалтис вазиятдан келиб чиққан ҳолда,“Бирдамлик” Халқ демократик ҳаракати диктаторлик режимига қарши ўз норозилигини Оқ Шарф боғлаш орқали намойиш этишга ўзида журъат топган мухолифат вакили Валерий Назаров 27 кундирки Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармасининг ертўласида ҳадсиз қиноққа солинмоқда,ёхуд Куч ишлатар тизимининг бирор бир муштумзўр ходими томонидан жисмонан йўқ этилган деган иддаони ҳақли равишда илгари суришга мажбур.

Инсон қумга тушган томчи эмаски,сингиб кетса? Нина эмаски,кўз илғамаса? Бир инсон,мухолифатнинг жонкуяр бир фаоли 27 кундирки бедарак! Шундай экан,В. Назаровнинг жисмонан йўқ этилмаганлигига,ёхуд ИИБ хибсхонасида зиндонбанд қилинмаганлигига,Куч ишлатар тизими ходимлари томонидан унга нисбатан азобу қийноқлар қўлланилмаётганлигига,айни дамда ҳаётга хатар хавф солмаётганига кафолат қани?

Бирдамлик” Халқ  Демократик ҳаракати Ўзбекистоннинг Куч ишлатар тизимлари вазирликларидан,хусусан,МХХ ва ИИБ идораларининг муттасаддиларидан хуфёна тарзда қамоққа олинган ва ҳақ ҳуқуқлари топталаётган мухолифат вакили – Валерий Назаровни зудлик билан озод қилишни  ва унга нисбатан қўлланилаётган қийноқ ва босимлар батамом тўхтатилишини талаб қилади.

Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати

 

http://birdamlik.info/?p=25773#more-25773