Jan 022013
 

Юсуф Расул 1971 йилда Тожикистоннинг Панжикент тумани, Сўжина қишлоғида туғилган. 1993 йилда ТошДу журналистика факультетини тамомлаган. 1997 йилда Тошкентдаги Ғафур Ғулом нашриётида “Кўнгилдаги масофа” шеърлар тўплами нашр қилинган. Айни пайтда Швецияда яшайди. Хориждаги ўзбеклар орасида анча танилиб қолган www.yangidunyo.com интернет нашри асосчиси ва муҳаррири.

Би-би-си: Муҳожиратдаижодкорбўлишнингўзигахосликларинимада? Гашти, машаққати назардатутилганда….

Юсуф Расул: ‘Қуш уясига сиғмаса кенг осмонга сиғмайди…’

Юсуф Расул: Швецияга келган илк кунларимиз кечагидек ёдимда.

2006 йилнинг феврал ойи бошлари эди. Швеция Миграция хизмати ходимлари бизни – мен, рафиқам ва икки ўғлимизни Стокгольмдан мамлакатнинг шимолий қисмида жойлашган Тимра шаҳрига самолётда кузатиб қўйишди. Тимра оппоқ қорга бурканган эди – кўриб кўзларингиз қамашади. Ишонсангиз, тўпланган қорлар уюми кўп қаватли уйлар билан тенглашади. Кўчалари доимо сершовқин ва тирбанд Тошкент билан бу мўъжаз шаҳарча орасида ер билан осмонча фарқ бор – у ерда ҳаёт қайнаса, бу ерда ўлик сукунат ҳукмрон. Кўча – куйда, онда- сонда биз учун нотаниш бўлган кишиларга кўзимиз тушади. Уларга қизиқсиниб тикиламиз. Йўловчилар эса бизга табассум қилиб, ёнимиздан “Hej” (шведчада “салом”) деганча ўтиб кетишади. Швецияга келиб биринчи ўрганган сўзимиз шу бўлган. Хуллас, қандайдир афсонавий ва фусункор бир ўлкага келиб қолгандик.

Бизнинг муҳожирликдаги ҳаётимиз шундай бошланган…

Биз муҳожирликнинг биринчи кунидан ўз туғилган юртимизни қанчалик севишимизни ҳис қила бошлагандик. Швеция бизни ватанимиз эмаслигини, биз барибир бу мамлакатга бегона эканлигимизни маҳаллий халқнинг бизга муносабатидан англаб олиш қийин эмас эди. Ким билан суҳбатлашманг, улар даставвал сизнинг қаердан келганингиз билан қизиқади. “Сен қаердансан?” деган савол бизни муҳожир эканлигимизни ўзимизга ҳар бир дақиқада англатиб турарди.

Швецияга биз билан олдинма – кетин Матлуба Азаматова, Қудрат Бобожон, Тўлқин Қораев, Зокиржон Иброҳимовлар каби ижодкор дўстларимиз келишди. Биз ҳаммамиз ижодкорлар, журналистлар эдик. Ўзбекистондан ўзимизга етарлик бой журналистик фаолият, мўл- кўл ҳаётий тажриба ва яна ниманидир олиб келгандик. У ижодкор қалби эди…

Муҳожирликнинг оғир ҳаёти ҳеч кимга шафқат қилмас экан. Айниқса ижодкор учун муҳожирлик улкан уқубат, чексиз дард, алам эди.

Хайрият, ижод, изланишлар билан бўлиб муҳожирлик азобларини бироз унутардик. Бахтимизга интернетдек ажойиб “замондошимиз” бор экан. Биз ўз журналистик фаолиятимизни интернет сайтларида давом эттира бошладик. Дастлаб “Исёнкор” деган веб саҳифани журналист Қудрат Бобожон билан биргаликда ташкил қилдик. Орадан бир йил ўтиб, менда Ўзбекистондан ташқарида, хорижий мамлакатларда яшаётган ижодкорлар учун янги бир веб саҳифа ташкил қилиш фикри туғилди. Канадада яшаётган шоир ва журналист, айни пайтда компютер дастурлари билимдони Фахриддин ака Худойқуловга бу таклиф маъқул бўлиб, менга алоҳида хостинг ва домен сотиб олишимга ёрдам бердилар. Шундай қилиб, 2007 йилнинг май ойидан бошлаб “Янги Дунё” саҳифаси иш бошлади.Буларнинг ҳаммаси ўзига хос қизиқарли, қалбга ҳузур бахш этадиган даражада мароқли эди. Сабаби, биз,шахсан мен бу каби фаолиятни Ўзбекистонда қила олмас эдим. Биринчидан, узоқ йиллар кучли назорат остида ишлаган журналистлар озодликка чиққандик. Истаган фикримизни очиқ, қўрқмасдан баён қилиш имкони пайдо бўлганди. Бундан ташқари, компютер, интернет каби ижодкор учун бебаҳо неъматлар ҳам бор эди. Ҳамма нарса бор эди, ҳамма нарса ортиғидан ташқари мавжуд эди… Лекин… Бизга Ватан етишмасди…

Қуш уясига сиғмаса кенг осмонга сиғмайди. Ватансиз инсон ҳам уясиз қуш кабидир. Муҳожирликнинг дастлабки йиллари руҳий тушкунлик билан ўтади. Бегона муҳитга кўникиш, ўзга тил, ўзгача маданият билан танишиш ва мавжуд воқеъликка “бўйин эгиш” аввалига осон кечмайди. “Кўникиш мавсуми”да ижодкор инсон ўзини худди учишга ҳозирланаётган қуш каби ҳис қилади. Лекин учолмайди. Қанотлари қайрилган қуш…

Би-би-си: Муҳожиротдаги ижодингизни сермаҳсул деб айта оласизми? Ўзбекистондаги потенциалингиз даражасида ижод қила олаяпсизми?

Юсуф Расул: Муҳожирлик бошқа томондан сарҳисоб фасли ҳам…. Сарҳисоб фасли руҳан улғайиш, маънавий покланиш томон йўл очади. Шу пайтгача мен ўзимни ижодкор деб ҳисобламаганман. Мажбур бўлган пайтимда баъзи бир шеърларни ёзганман. Ё-да кичик ҳикоялар, манзумаларни… Кўпроқ вақтим журналистика билан ўтган… Бу эса сермаҳсуллик дегани эмас…Санаб кўрсам муҳожирликнинг беш йили давомида “Яшаш учун кутиш”, “Дарахтлар менинг дўстларим”, “Ёлғиз одам” каби ҳикоялар, беш-ўнта шеърлар дунёга келибди…

Ҳеч қачон баъзи бир ижодкорларга ўхшаб мен ҳозир шеър ёзишим керак деб компютер олдига ўтира олмайман. Муҳожирликда ёзилган баъзи шеърларни мен ёзмаганман, шеърлар мени “ёздирган”. “Мен” уларни ёзган “қаламман” десам бўлади. Қандайдир куч мени компютер қаршисига судраб олиб келади. Беихтиёр ниманидир ёза бошлайман.

Қалбим, кечир мени, гуноҳимдан ўт,
Қара, бу зулумот ютар пайдар-пай.
Не учун сен бунча сақлайсан сукут,
Нега сен бу қадар қайғудасан, айт!?

Менинг гуноҳларим тоғ каби улуғ,
Менинг хатоларим осмондек чексиз.
Бироқ сен не учун бенур, бешукуҳ,
Бироқ сен не учун йиғлайсан унсиз.

Ахир айб сендамас – ўзим гуноҳкор,
Тилсиз, соқов дедим -сени унутдим.
Не-не азобларга қилмадим дучор,
Сен қолдинг орқада, мен ўтиб кетдим…

Қалбим, кечир мени, гуноҳимдан ўт…

(“Тошдаги ёзув”)

Инсон қалбида тўлиб қолган дарду армонлар, ўкинч ва пушоймонликлар сўзларга айланиб дув -дув тўкилади. Шеърни ёзиб бўлгач, қалбингиз енгил бўлиб қолади. Гўёки қандайдир оғир юкдан халос бўлгандек сезасиз ўзингизни. Ёки шеърият инсон қалбини азоблардан қутқарувчи бир воситами?

Мен ўзимни кўнгил одами деб ҳисоблайман. Умуман, ҳамма ижодкорлар “кўнгил одами” бўлса керак. Ёки ўз қалбини, руҳиятини, туйғуларини унутиб қўйган, кўнгилга қулоқ солмайдиган, кўнгилни, демакки ўзини унутган инсонлар ҳам бормикин? Агар бўлса улар инсон эмас-ку!

Шу боисмикан муҳожирликда ёзилган шеърларнинг кўпчилиги юрак, кўнгил, қалб ҳақида…

Юрак оғир тошдир-кўтармоқ душвор,
Вужудинг -ёмғирдан ивиган тупроқ,
Тоқат қила олмас – чўкар тобора
Кўкрагингга ботган абадий фироқ.

Туманли, қуёшсиз, мубҳам йўлларда,
Сендан паноҳ истар чўкиб ётган тош.
Сен эса яшайсан ўзингдан айро,
Юрак оҳларига беролмай бардош.

Ғанимларинг кулар, дўстларинг-ожиз,
Қалбингда исён бор – кўтаролмас бош.
Бу мағлуб дунёнинг асрори бўлиб
Чўкиб бораверар кўксингдаги тош…

Чўкиб ётган тош- инсон кўнгли … Лекин бу тошни кўтариш бир инсон учун жуда оғир… Унга бошқалар ёрдам қўлини чўзишлари керак… Бўлмаса, тупроқдек намиққан вужудимизга юрак оғир тошдек ботиб кетаверади…

Бу шеър бир дўстимга бағишланган эди.

Ўтган йили яна юрак ҳақида бир шеър ёздим. Бу шеър таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Мўътабар Тожибоеванинг туғилган кунлари муносабати билан ёзилган эди. Унинг баъзи жойларига Мўътабар опанинг ҳам қалами теккан…

Юрак, мени чорла яна олдинга,
Унутма, ғам юки писандмас бизга.
Агар сен ёнмасанг тугайди умр,
Агар сен ёнмасанг ожизман сўзга!

Қаршимизда турар тўзғиган туман,
Келарми ғамларни аритгувчи он!?
Сен ёнсанг – тўзонлар тинади бешак,
Сен ёнсанг – булутлар тарқайди ишон!

Кулга айланмагин, эй, семурғ қушим,
Ожиз юракларга бахш этгин оташ.
Ахир сен ёнмасанг – тонг отмас бугун,
Ахир сен ёнмасанг – чиқмагай қуёш!

Сенинг шўъланг юртга бахш этар нажот,
Эй, сен, зимистонда чақнаган ёғду.
Ўчмагин – руҳимни кўтаргин кўкка,
Ўчмагин – қувват бер қалбимга мангу!

Майли, жирканч зотлар булғасин номим,
Майли, дилим тўлсин ғаму фироққа.
Сен ёнсанг – умримнинг ҳар сониясин
Бахш этгум халқимга, жондош элатга!

То ҳаёт эканман менга мадад бўл,
Ҳамиша тиргак бўл, шараф бўл менга.
Юрак, сен ёнмасанг – менга ҳаёт йўқ,
Юрак, мени чорла яна олдинга!

(“Юрак”шеъри)

Би-би-си: Муҳожират ижодкор сифатида сизга қандай имкониятлар берди ва сизни яна қандай имкониятлардан маҳрум этди?

Юсуф Расул: Муҳожирлик менга ижод қилиш учун ҳам, журналистик фаолиятимни эркин давом эттиришим учун ҳам жуда яхши имконият берди. Ўзбекистонда туриб бирор мустақил ва эркин интернет саҳифани ташкил этиш ҳамда фаолият кўрсатиш жуда қийин эди. Швецияда эса биз бунга эришдик. Ҳозир “Янги Дунё” саҳифасининг минглаб мухлислари бор. Ҳар куни дунёнинг турли шаҳарларидан минглаб мухлисларимиз ўзбек ижодкорларининг саҳифасида нима янгилик бор экан деб “Янги Дунё”га ташриф буюришади. Ўқувчиларни қизиқишларига, уларнинг талаб ва эҳтиёжларига кўра турли мавзулардаги материалларни саҳифага жойлаштириб борамиз. Кўзга кўринган сиёсатчилар, мухолифат фаоллари, инсон ҳақлари ҳимоячилари саҳифамизнинг фаол мухлисларига айланишган. Хорижий мамлакатларда яшайдиган миллатдошларимиз шундай бир эркин минбарга муҳтож эдилар, биз уларни истакларини бажардик холос…

Мен миллатдошларимиз корига ярайдиган шундай веб саҳифага асос солганимдан мамнунман. Дастлабки йилларда бу ишга шунчаки зерикишданми ёки нимадир қилиш иштиёқидами қўл ургандим. Баъзи ҳамкасбларим ҳеч қандай фойда (пул, маблағ) олиб келмайдиган бу саҳифани ёпиб қўйишни, ундан кўра бошқа қалам ҳаққи берадиган интернет лойиҳалари билан ишлашни маслаҳат беришарди. Лекин мен бундай қилмадим. Дунёда пул, мол-дунёдан ҳам муҳим нарсалар борлигини яхши тушунардим. Умаман, Европага келгач, мен икки йўлдан бирини танлаш устида жуда кўп ўйланганман. Бойлик орттириб, тўкин, бекаму кўст яшаш учун курашишдан кўра, ижод қилиб, халқ ва миллатимиз маънавияти ва маданиятини бойитишдек эзгу йўлда камтарин ҳаёт кечириш менга маъқул кўринган…

Орадан уч йилдан ошиқ вақт ўтди. Шу вақт ичида жуда кўп зиёлилар билан яқиндан танишдим. Хориждаги ўзбек ижодкорлари учун “Янги Дунё”да алоҳида рукнлар ташкил қилдим. Барча ижодкорлар, ёзувчи шоирлар, илмий тадқиқотчилар, журналистлар ва оддий бошловчи қаламкашларни саҳифа атрофида бирлаштиришга ҳаракат қилдим ва бунга эришдим ҳам. Ҳозирги кунда Ёдгор Обид, Гулчеҳра Нуруллаева, Дадахон Ҳасан, Юсуф Жума, Холдор Вулқон каби ўзбек диссидент шоирлари, кўплаб қувғиндаги ижодкорлар ва оддий қаламкашларнинг юзлаб асарлари “Янги Дунё” архивдан жой олган.

Афсуски, биз билан ҳамкорлик қилган баъзи ижодкорлар, мухолифат фаоллари бу дунёни бирин кетин тарк этишмоқда. Бундан икки йил муқаддам АҚШда мухолифат фаоли Сулаймон Мурод вафот этган эдилар, яқинда саҳифамизнинг фаол муллифларидан бири, ўзбек мухолифатининг кўзга кўринган вакили Абдуманноб Пўлатов вафот этдилар. Уларнинг саҳифамизга йўллаган мақола ва хатлари бизга эсдалик бўлиб қолди. АҚШда яшаб ўтган таниқли адабиётшунос олим, раҳматли Хайрулло домла Исматуллаев ҳам фақат “Янги Дунё” саҳифаси учун ҳеч қаерда эълон қилинмаган, оригинал илмий ишларини, мақолаларини юборадилар. Уларни лотин имлосидан криллчага ўгириб саҳифага жойлаштириб борардим. Ҳозирги кунда домлани илмий-ижодий, журналистик ишларини алоҳида тўплам ҳолига келтирганман. Бу тўпламни нашр этиш учун албатта ҳомийлар топилишига ишонаман.

Би-би-си: Агар муҳожиратдаги ҳаётингиздан келиб чиқиб айтсак, ижодкорлик Ватан танлайдими ё ижодкор учун қаерда ижод қилишнинг фарқи йўқми?

Юсуф Расул: Ижодкорлик инсоннинг фитратида бўлади-ку! Ижодкор инсон қаерга борса қалби билан боради. Кимдир мен Ватанда ижод қила оламан, хорижда эса илҳом келмайди, деса унга ишонмайман. Чунки, ижодкорда қалб бор экан, унга ижод қилиш учун ҳамма жойда имконият бор…

Шеърият инсон қалбидан отилиб чиқадиган вулқонга ўхшаса, проза сокин кўнгилнинг камалак мисол товланишларидир.

Мен сўз қудратига ишонаман. Бу дунёда сўздан-да қудратлироқ неъматнинг ўзи йўқ. Дунё сўз воситасида яратилган. Инсон ҳаёти ҳам сўз билан бошланиб сўз билан тугайди. Шу боис ҳам сўзнинг, сўз ижодкорининг қадри баланд. Аввалда ҳам шундай эди, охирда ҳам шундай бўлади.

Бизга шу кунларни кўришни насиб этган Тангрига фақат шукрона айтишимиз керак холос…

Шукр, Тангрим, умр бердинг ҳаёт йўлида,
Кўнгил бердинг вужудимнинг қақроқ чўлида,
Забон бердинг севги деган, муҳаббат деган,
Кўзим билан сўзлашаман севги тилида,

Шукр, Тангрим, бунёд этдинг ишқдан обида,
Ўртамизда солдинг дилдан улкан робита,
Иймон бердинг бўлсин дея бизга восита,
Сўзим билан сўзлашаман севги тилида.

Шукр Тангрим, сабр бердинг – гуноҳга чора,
Тавба бердинг йиғласин деб, менга бечора.
Умрим ўтгай машҳаргача сенга ёлвора,
Рўзим билан сўзлашаман севги тилида.

Шукр, Тангрим, берган ҳар бир кунингга раҳмат,
Ойлар ўтар, ёз фасли ҳам бизга ғанимат,
Келиб қолар хазонрез куз кутмай марҳамат,
Бўзим билан сўзлашаман севги тилида.

Шукр, Тангрим, йўқдир менда на олтин, на зар,
Бироқ бир ўй юрагимни қиймалаб эзар,
Ташламасанг бу гуноҳкор қалбимга назар,
Ўзим билан сўзлашаман севги тилида.

Қуйида зерикканда ўқиш учун баъзи мансуралар….

Бу – сенинг ҳаётинг…

Дўстим Алишер Соипов хотирасига

Бу ҳаёт – меники.
Бу – менинг ҳаётим.
Ҳаётим бу – менинг.

Сўзларнинг ўрнини қанча алмаштирма, маъноси битта – ҳаёт!
Ҳаёт – сўзда ҳам, моҳиятда ҳам ҳаёт!
Ҳаёт – ўзгармас моҳиятдир.
Ҳаёт – ўзгармас қонуниятдир.
Ҳеч ким ўзгартиролмайди ҳаётинг моҳиятини!
Ҳеч ким бузолмайди ҳаётнинг равиш-рафторини!

Ҳаёт – ҳамма жойда ҳаёт!
Ҳаёт бутун дунёда, собиту сайёрада ҳам ҳаётдир.
Тинмай айланиб турган олам ҳаёт моҳияти нимада эканлигини сенга ўқтириб туради. Кичик зарралардан тортиб улкан сайёраларгача тиниб билмай ҳаракат қилади.

Ҳаётнинг моҳияти – ҳаракатда эмасми?

Улкан дунёдаги кичик бир зарра бўлган инсон ҳам ҳаёт моҳиятини ўз ҳаракатлари билан исботлашга уринади. Изланаётган, уринаётган, туртиниб, суртинаётган шу кичик зарра тўхтамасдан ҳамиша ҳаракат қилади. Демак, у – ҳаёт!

Ҳаёт бу ҳаракатдир, бошқа нарса эмас.

Ҳаракат қилишдан тўхташ – яшашдан тўхташ демакдир.

Инсон ўз жисми, ақлу иродаси билан доимо ҳаракатда. Унинг жисми ҳаракатдан тўхтагани билан ақлу иродаси, онги, маънавияти, руҳий олами ҳаракатдан тўхтамайди.

Инсонни ўлдириш мумкин, лекин ҳаётини ўлдириб бўлмайди.

Инсон ўлиши мумкин, лекин унинг ҳаёти яшайверади.

Жавобсиз саволлар

Сен бу саволларга жавоб беришга мажбур эмассан. Чунки, бу саволларнинг жавоби бир хил эмас. Саволларнинг жавоби турличадир.

Ҳар ким бу саволларга аввало ўз фикри ва дунёқарашидан келиб чиқиб жавоб беради.

Бу саволларга ҳар хил бўлсада жавоб топилади. Лекин шундай саволлар борки, уларнинг жавоби йўқ. Жавобсиз саволлар барча тирик инсонларни қийнайди. Ҳамма бу саволларга жавоб топгиси келади. Ҳамма бу саволларга жавоб излайди. Бироқ тополмайди.

Жавобсиз саволларнинг жавоби қайда экан? Бу саволлар пайдо бўлмасдан олдин, уларнинг жавоби бўлганми? Ҳамма нарсанинг боши ёки охири бўлганидек жавобсиз саволларнинг ҳам жавоби бўлиши керак-ку!

Бу фикрингизга қўшилмайман, барча саволларнинг жавоби бор”, дейди кўзлари кўр бир кимса.
У сенга энсани қотирадиган қандайдир диний афсоналар ҳақида сўзлайди. Лекин саволларингга жавоб бера олмайди.

Жавобсиз саволлар кўчаларда изғиб юради.

Сен ўз саволларингга жавоб излайсан.

Балки, бу саволларнинг жавоби бордир? Мен ўзим уларга жавоб топа олмаётгандирман, деган хаёлга борасан.

Атрофга қарасанг, ҳамма ўз саволларига жавоб излаётгани маълум бўлади.

Жавобсиз саволлар сенинг умринг, ҳаётинг моҳиятига айланиб қолаётганини сезмай қоласан.

Инсонни тушуниш

Инсонни шундай тушуниш мумкин…

Инсонни у қандай бўлса шундай тушуниш мумкин…

Инсон қандай бўлса, уни шундай тушуниш ҳам мумкиндир балки.

Одамлар ўзларини кўрсатганлари каби бўлишлари, ёки бўлганлари каби кўрсатишлари керак” дейди донишманд Фитрат.

Инсонни тушунишга шу жиҳат тўсқинлик қилади.

Одамлар ўзларини бўлганлари каби кўрсата олмасалар уларни қандай тушунмоқ керак?

Одамлар ўзларини ўзларидан ортиқ кўрсатсалар уларни тушуниб етмоқ қийиндир.

Бу ерда икки жиҳат ялтиллаб кўзга ташланиб турибди. Одамлар ўзларини бўлганлари каби кўрсата олмайдилар, шу сабаб уларни тушунмоқ қийиндир.

Одамлар ўзларини бўлганларидан ортиқроқ кўрсатишга иштиёқманд бўладилар, шу сабаб ҳам уларни кимликларини англаб етмоқ бағоят душвордир.

Ҳаёт оғир юкдир

Қачондир бу дарду аламларга чек қўярсан. Қачондир елкангни босиб турган оғир юкларни улоқтириб ташларсан? Қачондир…

Бироқ дарду аламларнинг чеки, чегараси йўқ, бироқ елкангни босиб турган вазмин юклардан халос бўла олмайсан.

Бир вақтлар тўғри деб юрган йўлларинг бугун нотўғри эканлигини билиб юрагинг увишади. Бир вақтлар ишонган одамларинг сенга ғаним бўлганлигини кўриб ҳайратга тушасан. Бўм- бўш кўчалар каби ғариб ва нотавон қалбинг унсиз йиғлайди.

Сен бир вақтлар ишонган одамларингни олдига қайтиб бора олмайсан. Сен бир вақтлар яшаган умрингни бугун яшай олмайсан. Орқадаги кўприклар ёниб кетган, энди ортга қайтиш йўқ, энди фақат олдингга йўл бор.

Ортда қолган йўллар бугун чангу тўзон ичида, дўст деб билганларинг қалбида кин, нафрат ва адоват, ҳаётинг эса елкангни босиб турган залворли юк каби оғир…

Бу зайлда кун ўтказиш жуда оғирдир…

Ҳаёт оғир юкдир…

Сен бу оғир юкни умр бўйи елкангда кўтариб юришга мажбурсан. Ҳеч ким сенга бу юкни кўтаришга ёрдам бермайди. Зориққан, ичиккан кўзларинг мунгли боқади, қалбинг дарду андуҳлардан зада бўлган, ишончинг ўлган, умидларинг сўлган. Елкангдаги юк эса сени юришга ундайди. Бу юкни қайга кўтариб борасан, борар манзилинг қаён эй бахтли одам?

Сенга ҳеч ким елкангдаги юкни қачонгача, қайгача кўтариб боришинг ҳақида айтмайди. Чунки, ҳамманинг елкасида ўз юки бор ва улар ҳам бу юкни қайгадир кўтариб олиб кетишмоқда.

 

http://www.bbc.co.uk/uzbek/uzbekistan/2011/02/110211_cy_writers_in_exile_six.shtml