Dec 202012
 

Маълумингизким,Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кунга 20 йил тўлиши муносабати билан “Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати 1 декабрдан то 10 декабрга қадар “Оммавий Шодлик” – “ОШ” марафонини ўтказиш чақириғи билан чиққан эди.

Мазкур марафон талабига кўра,Ўзбекистон аҳолиси Каримов режимига қарши ўз норозиликларини 10 кун давомида кўчаларда,жамоат жойларида,ишхона,хиёбонларда,ҳокимият бинолари ёнида Оқ Шарф,Оқ бош кийим,(аёллар Оқ рўмол) ўраган ҳолда намойиш этишлари кўзда тутилган эди.

1 декабрданоқ,даставал,“Бирдамлик” етакчилари бошчилигида  Ўзбекистоннинг барча вилоятларида Оммавий Шодлик” – “ОШ” марафонининг илк босқичи бошланиб кетган эди.

Марафон режасига кўра,“Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати етакчилари жойларда аҳоли ўртасида Конституциянинг мазмун-моҳияти борасида тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш баробарида,аҳолини мавжуд тузумга қарши ўз норозиликларини Оқ Шарф боғлаш  орқали ифода этишга чақирди.

Шусиз ҳам йўқчилик,ночорлик,иқтисодий бўҳронлар буғзидан олган халқ “Бирдамлик” фаолларининг чақириғига лоқайдлик билан эмас,чанқоқлик,катта қизиқиш-ла  қарашга бошлади.

Хабарингиз бор,Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 21 йиллиги муносабати билан 1 сентябьрдан то 10 сентябрга қадар ўтказилган “Оммавий Шодлик” – “ОШ” марафонида оқ либосларга бурканган ҳолда диктатор Каримовга қарши ўз норозиликларини намоён этишга ўзларида куч топган “Бирдамлик” фаоллари   фуқароларни ҳам дадилроқ,журъатлироқ бўлишга даъват этган ва бунга маълум маънода эришган ҳам эди…Гарчи кучли босим ва кузатишлар бўлишига қарамасдан,ўтган “ОШ” тадбири “қурбонлик”ларсиз  амалга оширилганди.

Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати фаоллари Конституция қабул қилинганлигининг 20 йиллиги муносабати билан ўтказилажак навбатдаги “ОШ” тадбирини ҳам ортиқча йўқотишларсиз амалга оширишни кўзда тутишган эди. Бироқ,1 декабрдан то 10 декабрга қадар ўтказилиши режалаштирилган “Оммавий Шодлик” – “ОШ” – “Оқ Шарф” марафонини амалга ошириш жараёни “Бирдамлик” фаоллари кутгандек бўлиб чиқмади.

23 йилдирки юртдошларимизнинг қалбини кемириб  келаётган норозилик кайфияти ногоҳон оммавий  тус олиб кетишидан ҳайиққан Ҳокимият “темирни қизиғида босишни” афзал билди. Натижада,“Оммавий Шодлик” ташкилотчилари – “Бирдамлик” Халқ демократик ҳаракати етакчи ва фаолларига кучли босимлар бошланиб кетдики,бу каби таҳдид ва таъқиблар исканжасида қолган нафақат “Бирдамлик”чилар,балки,“ҳўлу қуруқ баробар ёнди”!

Мухолифат ҳаракатидан талвасага тушган Ҳукумат хизматчилари қутирган кўппак каби кўзига кўринган одамни қопишга тушди.  Ур-йиқит,ушла-қоч,қама-қамалар бошланиб кетди.  Бу борада Ҳукуматнинг азалий ҳийла-найранглари иш берди. Ҳаракатнинг Жиззах вилоят бўлими етакчиси Саида Қурбонова Ҳукуматни ана шундай  макрининг асирасига айланди.  Куч ишлатар тизимлар Қурбоновани   15 суткага қамашга муваффақ бўлдилар.

6 декабр куни “ОШ” марафонининг асосий тадбири – Олойга шошилган Ҳаракатнинг Хоразм вилоят бўлими етакчиси Валерий Назаров дом-дараксиз кетди.

Самарқанд вилоятида “ОШ” тадбирининг дастлабки босқичига йўлбошчилик қилаётган Ҳаракатнинг Ўзбекистон бўлими етакчиси Малоҳат Эшонқулова 7 декабрдан то 11 декабрга қадар уй қамоғида ўтиришга маҳкум этилди.

Пойтахтдаги Олой бозори олдидаги майдонда ўтказилиши режалаштирилган “Оммавий Шодлик”нинг “Сиз Конституцияни биласизми?” викторинасида иштирок этиш мақсадида Тошкентга отланган Ҳаракатнинг Навоий вилоят бўлими етакчиси Дилдора Боймуродова ҳамроҳлари билан  Ички ишлар биносига келтирилда ва то тонгга қадар таҳқир ва камситишларга чидашга мажбур этилди.

8- декабрь – Конституция кунини тантана қилиш мақсадида  Олой бозори олдида  “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракатининг совғаси  сифатида аҳолига Конституция китобини тарқатаётган таниқли Ҳуқуқбон Елена Урлаева,Шуҳрат Убайдуллаев,педагог Меҳрибон Қадамова каби ўнлаб фуқаролар кишанбанд этилди. Зўравонлик йўли билан ИИБ биноларига келтирилди ва то тунга қадар мажбурий тарзда ушлаб ўтирилди,  сўроқ-саволларга тутилди. Ҳа,бу гал “Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати фаолларига катта  босим,кучли таъқиб ва ниҳоятда қаттиқ таҳдид бўлди. Ёмон,жуда ёмон бўлди…Бу ҳолат нимадан далолат? Ўзбекистон ҳукумати “Бирдамлик” Халқ демократик ҳаракатини ўзига рақиб деб тан олганлигидан эмасмикин мабодо? “Бирдамлик”ни мухолифат сифатида катта хавф,Ҳукумат учун улкан хатар деб билганидамикин ё? Акс ҳолда Ҳукумат корчолонлари бу қадар “шайтонлаб” қолмаган бўлишармиди деган хаёлга ҳам борасан-да киши….

Хуллас,босим ва таҳдидларга қарамасдан,“Бирдамлик” фаоллари имкон қадар жойларда “Оммавий Шодлик” – “ОШ” тадбирини муваффақиятли ўтказишга эришдилар.  “Бирдамлик” жонкуярларининг меҳнат маҳсули суратларга муҳирланган…

Дарвоқе,Ҳаракат  расмлар танловини эълон қилган эди. 10 кун давомида Оқ Шарф боғлаб юрган фуқаролардан ўз суратларини 1 декабрдан 15 декабрга қадар марафоннинг расмлар танлов ҳайъатига тақдим этишлари сўралганди. Ҳукумат ўзининг ноҳақлик ва зўравонликга асосланган услубини нечоғлик қўлламасин,  Каримовчиларнинг таъқиб ва таҳдидларига қарамай,диктатор бошқарувига қарши ўз норозиликларини Оқ Шарф боғлаш орқали кўз-кўз қилганлар,қила олганлар  кўп бўлди….

Мана,16 декабрдан бошлаб “ОШ” марафонининг расмлар танлов ҳайъати ўз ишини бошлади. Айни дамда ғолибларни аниқлаш борасида қизғин баҳс кетмоқда.

Эслатиб ўтамиз,ғолибларимизни катта мукофот – салмоқли пул ютуқлари кутмоқда.

Ёдингизда бўлса,“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати “Оммавий Шодлик” – “ОШ” – “Оқ Шарф” марафонини ўтказишга бел боғларкан,ҳиммати баланд ватандошларимизни мазкур тадбирни молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга даъват этган эди.

Охирги ҳисоб-китобларга кўра,саховатпеша ҳамюртларимиз томонидан  ҳадя этилган молиявий қувватловлар миқдори  6520  АҚШ долларини ташкил этмоқда. Ушбу маблағлар ғолиб деб топилган 1-,2-,3- ўрин соҳибларига тортиқ этилади.

Эртага,20 декабр куни сармоялар ўз соҳибларини топади. Фақат расмлар танлов ҳайъатининг қарорини кутиш қолди,холос….

Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати Ўзбекистон бўлими Матбуот Маркази

 

http://birdamlik.info/?p=25648#more-25648