Dec 092012
 

Бирлик” Ҳалқ ҳаракатини ташкил этишда фаол қатнашган, бу ҳаракатнинг Наманган вилояти бўлимини 1989- йил Август ойида бўлиб ўтган таъсис йиғилишида биринчи раиси этиб сайланган, шоир Ҳайрулло Қосим 8- Декабрь куни тўсатдан вафот этди.

Ҳ.Қосим уша пайтларда Д.Ҳасан,М.Солих, Ш.Рахмон,У.Азимов, Д.Исоқова,Г.Нуриллаева,Р.Парфи,Ё.Обид сингари таниқли зиёлилар сафида Ўзбекистоннинг мустақиллиги учун,демократия учун фаол курашган кишилардан бири эди. У “Бирлик”нинг Наманган вилояти бўлимини ўта қийинчилик пайтлари бошқарди.Ўзбек йигитларини ҳарбий ҳизматдан тобутлари келиши, Ўзбек тилига давлат мақомини берилиши каби муаммоларни дадил кўтариб чиқишда ўзининг амалий ҳаракатлари, жўшқин шеърлари билан халқ меҳрини қозонди. Ҳатосиз инсон бўлмайди. Ҳ.Қосим барча инсонлар қатори баъзи бир ҳатолари билан ҳам тарихда буюк инсонлар қаторидан ўрин олишга ҳақлидир.

Унинг 1991- йили Ғ.Ғулом нашриётида чоп этилан “Эй, туркий эл…” номли китоби халқ орасида катта шов-шувларга сабаб бўлган эди. Ушбу китобида шоир шундай ёзади:

Элим, бағринг бўлмағай бут,

Бўлмағай, бут, бирлашмасанг.

Талон бўлди бечора юрт,

Бечора юрт, бирлашмасанг.

Ажаб содда, мунча ғўрсан,

Пешонаси мунча шўрсан.

Ажаб, мунча очиқ кўрсан,

Очиқ кўрсан,бирлашмасанг.

Ҳ.Қосим узоқ вақт давомида ишсиз қолиб, иқтисодий томондан ночор аҳволга тушиб қолди.Шоирнинг кўнглини кўтариш учун “Озодлик” радиосини Тошкент бюросига олиб бориб, Гулчеҳра Нуриллаева билан кўриштирдим. Ўзлари ҳар куни овозини эшитиб юрган муҳбир укаларим билан таништирдим. Шунда у киши бундай деди: “Ука, бошини кундага қўйиб ишлаётган мана бу болаларни номи ҳам тарихда қолади. Булар биз қила олмаган ишларни қилаяпди, буларни эхтиёт қилиш керак” дедилар ва интервюлар бердилар. Шоирни китобига киритилган бир шеъри унинг қандай шоир эканлигини англатади:

Илонни янчдик,деб сўқир ботирлар,

Найранг қопқонида дод солар энди.

Алданган элимдан жоним потирлар,

Юртни бўли-бўлиб,от солар энди.

Довдир идрокининг таянчи фалаж,

Эркни бир талаб яшар хотиржам.

Бирлашмоқдан не фойда?!

Бир-биринг талаш,

Юртингни ит талаб, яшар хотиржам!

Қандайин карвон бу, фисқ-фасод,

Юрган йўлларида мудҳиш қон ҳиди,

Оғанинг инига ишончи касод,

Ўртада ирғишлар шимолнинг ити.

Макр болтасидан сонсиз қатли ом,

Кун сайин семирар мўъжаз гўристон.

Шунчаки сўз бўлиб қолди интиқом,

Мусибати байрам – лоқайд Туркистон.

1990- йил. Бир куни мени ҳонадонимга Ҳайрулло ака буюк шоир Рауф Парфи билан кириб келдилар.Мени қувончим ичимга сиғмай кетди. Аҳир мендек оддий инсонни, мен йиллар давомида кўришни орзу қилиб юрган буюк шоир йўқлаб келган эди-да! Ўзимни қўйгани жой топа олмай қолдим. Роса суҳбатлашиб ўтирдик. Сўнгра “Машинасозлик” заводига учрашувга бордик. Кейинчалик Р. Парфи билан қадрдон бўлиб кетдик. Мен доимо ҳонадонимдаги Рауф ака ўтирган жойда ўтириб ижод қиламан.Доимо Рауф акани ёд қиламан, дуо қиламан. Энди шу ерда ўтириб, Р, Парфи билан бирга Ҳайрулло Қосимни ҳам ёдга олман, дуо қиламан. Сиз ҳам дуо қилинг.

Носир Зокир