Dec 092012
 

Хусусий таксида кира қиладиган Рустамжон исмли укамиз бор. Бирор бир сиёсий партия ёки ҳуқуқ ҳимояси билан шуғилланувчи нодавлат ташкилотларига аъзо эмас. Шу йигитни ҳар сафар учратганимда: “Қани энди, Ўзбек халқининг ҳар бир фуқароси, шу йигит каби ўзини қонуний ҳуқуқлари учун курашса олса экан-а!” деган фикр хаёлимдан ўтади. Рустамжонни ҳикоя қилиб беришича, уни бир муддат олдин, бир жиноий гуруҳга шерикликда айблаб, ҳибсга олишади. Ҳатто адвакатлар ҳам уни ҳимоя қилишга ожиз эдилар. Қамоқда ўтириб, яқинлари орқали ўзига қўйилаётган айбловга боғлиқ барча қонуний ҳужжатларни олдириб келиб, ўзини-ўзи ҳимоя қилишга киришади. Тўрт ой давомида, терговчилар томонидан айбини мажбуран бўйнига олиш учун тайзиқларни енгиб ўтган Рустамжон охири тўла оқланиб чиқади.

Қонун нима эканини билмайдиган, ўз ҳуқуқлари учун курашишни, сиёсатга қарши бориш деб тушинадиган, порахўрларни югурдагига айланиб қолган адвакатларни домига илинган, неча-неча юртдошларимиз бегуноҳдан азоб чекиб ётибдилар. Уларни қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилиши лозим бўлган ташкилотларни аксарият ходимлари эса, ёрдам сўраб келган кишиларни қўлига қараш билан овора” дейди Рустамжон.

Наманган вилоятининг Учқўрғон туманидаги “Яхши ният” фермер хўжалигини раҳбари Қодиржон Адашов эса ўз ҳуқуқини тиклаш учун қарайиб бир йил курашди.

Қодиржон пахта экишга мўлжалланган фермер хўжалигига қарашли бўлган ер ҳосилдорлигини ўзаро шартномада бажариб бўлмайдиган даражада белгилаган туман ҳокимлигини судга беради. Иш охир-оқибат бориб, “ЎЗПАХТАСАНОАТ” бирлашмасига бориб тақалади. Судда давлат ташкилотининг вакиллари ҳам судя саволларига жавоб бера олмай қоладилар. Ниҳоят суд Қ. Адашов фойдасига қарор чиқаради.

Мен бир сафар АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонасида бўлганимда, элчихона ҳодимлари Америка тарихига оид, ўзбек тилида чоп этилган бир китобни совға қилишди. Ушбу китобни ўқиб чиқиб, шуни билдимки, ўз давлатларининг фуқоролари эркин бўлган, қонун ҳар қандай амалдорни шахсий манфаатидан устун бўлган, дунёдаги энг қудратли давлатга айланиш учун Америкаликларни ўзлари курашган эканлар. Уларнинг барчалари бир-бирларини қўллаб-қувватлаб, бир тан, бир жон бўлиб, бир ғоя атрофида бирлашиб, ўз ҳуқуқлари учун курашган эканлар.

Бизда эса бутунлай ўзгача манзарани кўриш мумкин. Оддий халқ фақат тирикчликдан бошқа нарсани ўйламайдиган, келажакка бўлган ишончини буткул йўқотиб бўлган оми халққа айланиб бормоқда. Биласиз, ҳатто бундан манфаатдор кучлар бор!

Ҳуласа ўрнида, шуни айтиш мумкин-ки, агар биз ватандошларимизнинг ҳар бирини онгидан: “Ўзбекистонда ҳеч нарса қилиб бўлмайди” деган ғалаз фикрни чиқариб ташлаб, уларни ҳеч бўлмаганда, ўзини-ўзи қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ва буни атрофида бирлашишга ундамас эканмиз, қилаётган меҳнатларимиз зое кетиши муқаррар. Биз бу ишларни аллақачон бошлаганмиз ва Сизларни ҳам шундай хайрли ишларга қўшилишга чорлаймиз!

Носир Зокир