Dec 062012
 

 


Декабрь ойи ва одатда бу ойдан қиш фасли бошланади. Демак, одамлар
имкони борича уйда ўтиришга ва кўчага камроқ чиқишга ҳаракат
қиладилар. Лекин Қарши шаҳрида бундай эмас. Икки кундирки, об-ҳавода
бирозгина илиш кузатилинаркан, қаршиликлар кўпроқ ташқарига чиқишмоқда
ва имкон қадар офтоб нуридан, унинг инсон организимига деярлик таъсир
ҳам қилмайдиган иссиғидан баҳраманд бўлиб қолишга интилишаяпди. Кўчага
эса улар шунчаки гурунгга чиқишади. Нима ҳам қилишсин, уй ичкарисига
қараганда кўча илиқроқ бўлганидан кейин?


Уларни ташқарига ҳайдаётган яна бир сабаб эса, тез тез электр узатиш
станцияларининг аварияга “учраб қолаётганлидир”(чекланишдир балки).
Бунинг натижасида аҳоли бир неча соатга электр қувватисиз қолмоқда.
Халққа ҳам оғирда. Газ йўқ ҳисоби, электр таъминоти ҳам бу зайл.
Кўчада эса зерикиш ва совқотиш бўлмайди ёки бўлганида ҳам уй
ичкарисидагидек эмас. Бугунги давримизда ўзбек халқи мана шу алфозда,
ҳар қанча азоб бўлсин, тишини тишига қўйиб яшашга маҳкум этилган. Халқ
жим, гўёки оғзига талқон солиб олган.

“Нимага бундай қилишаяпти?”- дея савол беришади аёллар бир-бирларига.
Бу саволни ҳокимиятга бериш керак эмасми? Балки мансабдорлар
тушунтириб беришар, ҳар қалай мансабларидан кетиб қолишдан
чўчимасалар. Аёлларни гапларини эшитиб туриб, Совет Иттифоқи даврида
ёд олган шеьрларимдан баъзи мисралар ёдимга
тушади.

Дарахтнинг бўшини қурт ейди доим,
Тарихда мисоллар жуда кўп бунга!
Тарих тўғрисида қолайликда жим,
Эртак сўзлайлик, қулоқ бер бунга.

Иван Андреевич Крыловнинг “Бўри билан қўзичоқ” масали мағзини чақиб
кўрилса, ундан катта маънони англаш мумкин. Айни ҳозирги давримизда
ҳам ўша бўш дарахтни ўзбек халқига ўхшатса бўлар менимча… Агар халқ ўз хақ-хуқуқи учун курашса, ҳаққини талаб қила олса эди, балки ҳукмдорларимиз электр ва газ ўчиришдан олдин халқимиздан рухсат сўраган бўлармиди? Шунда ҳам унга ўзларида жазм топа олишса. Афсус, минг афсусларки бундай эмас!
Мансабдорларимизнинг ҳам бош қашишга вақтлари йўқ!
Халқдан қишдан қандай чиқасизлар? Нима ёрдам керак? Касалланиб
қолсангиз, даволанишга имконингиз борми? – деган саволларни  кошки
беришса эди!

Балки шу саволларни халқ кутаётгандир. Аммо бу саволни оғзаки сўраб
кўрсангиз ҳам жавоб олмайсиз. Чунки “танаси бошқа дард билмас”
дейишади қадимдан.
Шундай қилиб дарахтнинг бўшини доим қурт ейдими?

 

6 декабрь, 2012 йил.

Гулшан Қораева

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти

Қашқадарё вилоят бўлими раиси.