Nov 302012
 

 

БИРДАМЛИК” ХАЛҚ ДЕМОКРАТИК ҲАРАКАТИНИНГ ЎЗБЕКИСТОН АҲОЛИСИГА, ВАТАНДОШЛАРГА МУРОЖААТИ:                           

     НАВБАТДАГИ “ОШ”! 

БИРДАМЛИК” ХАЛҚДЕМОКРАТИК ҲАРАКАТИ ТОМОНИДАН НАВБАТДАГИ “ОШ” ҲОЗИРЛАНМОҚДА, “ОШ”ГА МАРҲАМАТ!

     “Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати Ўзбекистон Республикаси Конститутцияси қабул қилинган  кунининг 20 йиллигини муносиб кутиб қолиш учун қизғин ҳозирлик кўрмоқда.

           Маълумки, мамлакат Конститутцияси ўша давлат аҳолисининг ҳаётий дастури. Фуқароларнинг тинчлиги, тўқлиги, ҳақ-ҳуқуқларини кафолатловчи манъбаа.

           Бироқ, шунга қарамасдан, фуқароларнинг мамлакат қонунларига, Конститутцияга бефарқлиги, билмаслиги боис, айни кунда мамлакатимизда ҳар қадамда инсон ҳақ ҳуқуқлари топталмоқда, аҳоли йил ўн икки ой хўрланмоқда, ҳақсизлик гирдобида умргузорлик қилмоқда.

            Ваҳоланки, Конститутциямизда фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқлари аниқ-тиниқ кўратилиб, белгилаб қўйилган бўлишига қарамасдан,  айнан, аҳолининг ўз ҳақларини билмасликлари, гоҳо тушуниб турган бўлса-да, ўз ҳуқуқларини талаб қила олмасликлари натижасида Ўзбекистонда 20 йилдирки ўзбек халқининг қадр-қимматини топтовчи офат туфони кезмоқда.

           Ана шу нуқтаи назардан, амал курсисини эгаллаб турган тўралар, маҳаллий ҳокимия вакиллари-ю, қонун идоралари ходимлари -куч ишлатар тизимлар қаршисида қалт-қалт қалтирамаслик учун ҳам ҳар бир фуқаро энг аввало Республика Конститутциясини пухта урганмоғи ва унга амал қилмоғи зарур ва шарт.

        Зеро, “Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати томонидан  Конститутция қабул қилинганлигининг 20 йиллиги муносабати билан нафбатдаги “ОШ” марафонини ўтказишга бел боғланишидан мақсад ҳам шу – Конститутцияни оммалаштириш, унга аҳолининг эътиборини жалб этиш, Қомуснинг мақсад-муддаосини тарғибот ва ташвиқот қилишдан иборат.

             Айни мақсаддан келиб чиққан ҳолда “Бирдамлик” Ҳалқ Демократик Ҳаракати барча юртдошларимизни 1 декабрдан то 10 декабрга қадар ўтказилиши режалаштирилган навбатдаги “ОШ” марафонига таклиф этади.

              “ОШ” марафонида Ўзбекистон Республикаси ва Қарақалпоғистон Республикасининг барча вилоят, шаҳар, туман ва қишлоқларида истиқомат қилувчи 7  ёшдан 70 ёшгача бўлган жамики  фуқаролар иштирок этиши мумкин. 

                 Марафонда иштирок этишнинг шартлари:

         Мазкур марафонимизда иштирок этишни истаган ҳар бир фуқаро 1 декабрдан бошлаб то 10 декбарга қадар амалдаги ҳукуматнинг ҳақсизлигига қарши ўз норозиликларини ифода этиш мақсадида кўчаларда, ишхона-ю жамоат жойларида ўн кун давомида Оқ Шарф (ёки аёллар оқ рўмол, оқ бош кийим) боғлаб юришлари талаб этилади. Аслида, қора қисматга қарши турувчи куч, нур – бу – оқ ранг ҳисобланади. Шу маънода, диктатурага қарши норозилигимизни  бор бўйимизча оқликка бурканиш орқали изҳор қилиб юришга нима етсин. Бироқ, Ўзбекистонда ҳукм сураётган иқтисодий тангликни инобатга олган ҳолда, қиш мавсумида  оқ либос кийиш талаб этилмайди. 

             “ОШ”  марафонида қуйидаги тадбирларни амалга ошириш назарда тутилган:

1). Суратлар танловини ўтказиш;

2). 8 декабрь куни Ҳаракат фаоллари томонидан Республикамизнинг барча ҳудудларида аҳолига туҳфа  тариқасида Конститутция китобини тарқатиш;

3). Байрам куни соат 12. 00 да  пойтахтнинг Олой бозори қаршисида “Сиз Конститутцияни биласизми?” мавзусида викторина ўтказиш.

            а) демак,  марафон суратлар  танловини эълон қилади. Танлов шартлари қуйдагича: ўн кун давомида Оқ Шарф, ёхуд (аёл кишилар) оқ дурра боғлаб, оқ рангли бош кийим кийиб юрган ватандошларимиз хонадонларида, ҳовли, кўча, ҳокимият бинолари олдида, хиёбонларда, Олой бозорида  якка ўзлари, ёхуд жамоа бўлиб суратга тушишлари ва ўз расмларини интернет орқали марафоннинг суратлар танлови ҳайъатига тақдим қилишлари керак бўлади. 1-, 2-, ва  учта 3- ўринга муносиб деб топилган энг сара сурат соҳибларини совғалар, янаям аниқроғи, салмоқли сармоя – мукофот пуллари кутмоқда. Шу ўринда танловнинг кичик бир сирини ҳам очиқлаб ўтамиз: ҳокимият бинолари қаршисида, Олой бозори қаршисидаги майдонда имкон қадар гуруҳ бўлиб, жамоа бўлиб суратга тушган танлов иштирокчиларида ғолибликни қўлга киритиш имконияти юқори бўлади. Суратлар 15 декбарга қадар қабул қилинади. Танлов натижалари, ғолиблар 20 декабрдан кейин оммага ошкор этилиши кўзда тутилган;   

             б) 8-декабрь – Ўзбекистон Конститутцияси қабул қилинган кун муносабати билан Мамлакатнинг барча ҳудудларида “Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракатининг жойлардаги бўлим фаоллари томонидан аҳолига байрам туҳфаси сифатида Конститутция китоби тортиқ этилади;

             в)  Байрамнинг асосий тантанали қисми 8 декбар куни соат 12.00 дан 14.00 га қадар Тошкентнинг Олой бозори қаршисида бўлиб ўтади. Мазкур тадбирга Ҳаракатнинг барча вилоят бўлими етакчилари, матбуот котиблари, “Ёшлар қаноти” ва “Ташаббускор аёллар гуруҳи” раҳбарлари билан биргаликда Ўзбекистонимизнинг барча аҳолисини  таклиф этамиз.Тантана давомида “Сиз Конститутцияни биласизми?” мавзусида викторина ўтказиш режалаштирилган.  Викторинада Конститутциямизда зикр этилган моддаларнинг мазмун-моҳияти билан боғлиқ бўлган саволларга тўғри жавоб беришга муваффақ бўлган юртдошларимиз қиммат баҳо совғаларни қўлга киритадилар. Шунингдек, айнан шу куни тантана иштирокчиларга Ҳаракатимизнинг совғаси сифатида Конститутция китоби тарқатилади.

             Конститутцияга бефарқ бўлмоқлик бу ўз ҳаётимизга лоқайд қарамоқлик демакдир. Турмушингиз беташвиш бўлишини истайсизми? Ўзингиз ва фарзандларингиз тақдиридан ташвишдамисиз? Эртамиз хусусида қайғуриш ҳисси қалбингизни кемирмоқдами?  У ҳолда, келинг, биз билан, “Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати билан бирга бўлинг, қўлни қўлга беринг. Марафонни уюшқоқлик билан ўтказайлик, Конститутцияни қунт билан урганайлик, ҳақ ҳуқуқимизни талаб қила олиш учун ўзимизда куч топайлик! Журъатлироқ бўлайлик! Айнан шуни истайсизми? Унда, қани, кетдик!  ОШ (Оммавий Шодлик), ОШ (Оқ Шарф), ОШ ( Олойга Шошилинг) марафони сари олға! Барчангизни нафбатдаги ОШда кутиб қоламиз! Қани, марҳамат!

                          “Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати