Nov 282012
 

 

Дилмурод САЙЙИД

ИЛОНПАРИ

ЁКИ БИР “ЯНГИ ЎЗБЕК”НИНГ ҲАЁТИДАН ҲИКОЯ

«Кеч!» — дедилар ҳаваслардан, кеча олмадим,

Ўз майлимча ўзимга тўн бича олмадим.

Минг бир чигал саволларга ечим топдиму,

Ўз кўнглимнинг бир тугунин еча олмадим!

Дилмурод САЙЙИД.

Аҳволинг шу экан, бузуқи, эрингдан ажрашиб нима қилардинг!—Севара шундай деганча ўзини ўнглаб ердан тураётган Шоҳсанамнинг орқасига тепди. Онасига астойдил ёрдамлашаётган ўн беш ёшли Нигора тепки зарбидан қўлларига таяниб қолган аёлнинг сочидан тортиб, юзига шапалоқ урди.

Ўндан ортиқ қўшнилар можарага аралашишни ҳам, аралашмасликни ҳам билолмай иккиланиб туришарди. Бу ҳолни ўзига нисбатан хайрихоҳлик деб тушунган Севара баттар авжланиб, тилига зўр берди:

Бетингдан олсин сер ер юткур беҳаёнинг, бетгинангдан олсин-а! Одам қуригандек, оилали, бола-чақали эркакка осиласанми-я, осилмайгина ўлгур! Бузуқи қиз туққунича кучук туғса бўлмасмиди онанг?! Сен… Вой юрагим, вой юрагим-ей…

Севара кўксини чангаллади, қизи шошиб унинг қўлтиғига кирди. Пайтдан фойдаланган Шоҳсанам бор кучини тўплаб ўрнидан турди-ю, қочиб қолди. Соат тунги ўн иккидан ошгунича театрда ишлайдиган дугонасининг уйида бўлди. Омадига дугонасининг эри хизмат сафарига кетган экан. Ювиниб чиқиб, дугонаси берган кийимларни кийди. Кейин «қуруқ туҳматга қолгани»ни йиғлаб бир неча қайта ҳикоя қилди. Дугонасидан озроқ пул олиб, тун ярмида уйига қайтди. Эшикни ичидан қулфлаб, чироқни ҳам ёқмай, пайпасланиб ётоқхонага кирди.

«Эринг бошшингдан қолсин, бақалоқ — ичида койина бошлади Шоҳсанам. — Нима, мен эрини куч билан тўшакка тортибманми, ўзи осилди-ку! Оиласи борлигини гапирсам, эшитишни ҳам истамади… Эркак бўлмай қолгур, хасислик қилмай, шаҳар четидан бир хоналик уй олиб қўйганида-ку,оламгулистон эди-я!»

Шоҳсанам уйнинг ва ўзининг ҳужжатларини, зеб-зийнат, қимматбаҳо пардоз анжомларини олди. Кийимларидан сиққанича жомадонга тахлади. Такси чақиртириб, тонг ёришмасданоқ Назарбек томонда яшайдиган холасининг уйига жўнади. Йўл-йўлакай уйни тезроқ сотишни, иш жойини ҳам ўзгартиришни ўйлаб кетди:

«Шунча қўшнидан лоақал биттаси ажратай демади-я! Вой қўшни бўлмай ҳар бало бўлгурлар! Қараб турларинг, уйимни ё лўлига ёки жуҳудга сотаман. Ишни ҳам ўзгартириш керак, бўлмаса Севар бақалоқ шўртумшуқ қизини эргаштириб бориб, у ерда ҳам жанжал кўтариши ҳеч гап эмас. Шошма, Севар гумбаз, ҳали эрингни ўзингга қайраб, сени бир дўппослатмасам, Шоҳсанам отимни Иткарам қўяман!»

Уйни сотиш масаласи жуда тез ҳал бўлди. Касби адвокат бўлган яҳудий уйни кўрибоқ айтилган нархга сотиб олди. Жиҳозларини эса, Шоҳсанам янги уй олгунича холасининг пешайвонига кўчириб келди. Бу орада дугонаси икки хоналик арзонгаров уй топиб берди. Омадига янги олган уйининг ёнгинасида жойлашган тикувчилик ширкатидан иш чиқиб қолди. Жуда зўр бўлмаса-да, ҳар ҳолда аёллар кўйлагию халатини келиштириб тикиб юрган Шоҳсанамнинг чеварлиги ширкатдагиларга маъқул бўлди. Икки ой ичида аёл ўз ҳаётида буткул ўзгариш ясади. Лекин шармандаларча калтакланганлигининг алами юрак-бағрини каламушдек кемирарди…

***

Макру алдов бошқадир, ким бевафолиқ ўзгадир,

Бедаволиқ бошқа тургай, бенаволиқ ўзгадир,

Англасанг: қуллик бўлакдир, жон фидолиқ ўзгадир

Чин ҳақиқат йўли бошқа, чин вафолиқ ўзгадир

Ҳақ қолиб, Ҳаққон қолиб, ёлғон билан овворамиз!

Дилмурод САЙЙИД

(«Фарида Афрўз ғазалига мухаммас»дан)

ҲОШИМЖОН жисмонан бақувват бўлса-да, табиатан мўртроқ эди. Ўз роҳати, маишати учун ҳеч нарсадан қайтмасди. Яна сурбетлиги ҳам бор бўлиб, айнан шу одати боис хотинининг жаврашларига унча эътибор қилмасди. Шоҳсанамга эришувида ҳам шу одати қўл келганди…

«Кўчиб кетгани яхши бўлди, — ўйлади Ҳошимжон, — йўқса, Севар тагига босиб, ўлдириб қўярмиди?.. Лекин янги жойни айтиб кетмади шуниси чатоқ бўлди-да!»

Ҳошимжон бугун ҳам миясидан шу хаёлни ўтказганди. Тушликка яқин телефон жиринглаб қолди. Гўшакни кўтарди:

Алло, эшитаман.

Ҳошимжон ака, ўзингизмисиз? — аёл кишининг ноз аралаш ёқимли овози эшитилди, — ассалом алайкўм, арслон йигит!

Ҳошимжоннинг баданидан чумоли югургандек бўлди, лекин тезда ўзини ўнглади:

Ваалайкўм ассалом, қочқоқ оҳугинам, бормисиз бу бевафо дунёда? — деди креслога ястаниб.

Худога шукр, дуои жонларини қилиб юрибмиз, окагинам, — нозли овоз буёғига қичиқли тус олди, — қочириб қўйиб, хабар олмайсиз!

Ҳошимжон қийқириб кулди:

Гапнинг ҳам юз-кўзини очиб гапирасиз-да, санамгинам!

Қўшничиликда имо-ишораю пичир-пичирдан нарига ўтмас эдик, энди эшигимизни ҳам, тешигимизни ҳам пойлайдиган йўқ, очиб гапирамизда…

Бепарда пайров-қочириқ оҳангида анча гаплашдилар. Соғинганликларини исботлаш учун қайта-қайта қасам ҳам ичдилар. Сўнг учрашувга келишишди.

Бир соатдан кейин «Уголок» қаҳвахонаси яқинида кўришдилар. Ҳошимжон ишхонасига «Бетоб бўлиб қолганлиги, поликлиникага боришини» айтиб чиқди. Йўл-йўлакай бирров шифокорга учраб, «қабулда бўлганлиги ҳақида» қоғоз ҳам, уч-тўрт хил дори-дармон ҳам ёздириб олди. Ҳар эҳтимолга қарши-да, мабодо хотини иш жойига қўнғироқ қилиб қолса…

Шоҳсанам учрашувга чорак соат кечикиб келди. Вужудини сидириб тушган оппоқ кўйлаги, таранг тортилган кўкраклари, дид билан терилган қуюқ қошлари, қоп-қора, қалин, ёйиқ сочи ва нозли жилмайиб, сузилиб қарашлари Ҳошимжонни тирик ўлдирди…

«Уголок»да овқатлангач, кўздан панароқ жойдаги ўриндиқни эгаллашди. Чиллалик келин-куёвдек бир-бирларини эркалаб, хўрозқанддек ялаб-юлқаб, кунни кеч қилдилар.

Қачон энди хумордан чиққунча гаплашамиз, санамим? — кўзлари ўйнаб, энтикканича қайта-қайта сўрарди Ҳошимжон.

Унинг хайрлашув олдидаги аҳволини дарё лабига келиб, сув ичишга арқони калталик қилган ҳўкиз ҳолатига ўхшатиш мумкин эди. Шоҳсанам бу ҳолни кўриб, ич-ичидан завқланарди. Унинг юзидан сийпаб, жилмайганча жавоб қилди:

Сабр қилсангиз, ҳалво битади. Насиб қилса, сиз мантию, мен хасип еймиз, насиб қилмаса, Севар бақалоқ иккимизни ейди!

Улар хайрлашдилар. Аёл манзилини айтмади, кузатиб қўйишга ҳам кўнмади. Ўзи қўнғироқ қилишга ваъда бериб, таксига ўтириб кетди.

Бундай учрашув яна икки бор такрорланди Ҳошимжоннинг тоқати тугади:

Хўп денг, санамгинам, бугун мен айтган жойга борайлик!

Шоҳсанам бироз жим қолди. Кейин:

Ҳошимжон ака, тўғри тушунинг, мен бегона жойга бормайман. Дуч келган тўшакка ётадиганлар бошқа! — деди таклифни рад этиб.

Унда уйингизга борайлик.

Уйимнинг тўрию бор-йўғим сизники, аммо Севарангиз мушукдан ҳам тез ис олади. Яна сиз четда қолиб, мен уй сотиб, тентираб юраманми?

Хўш, унда нима қил дейсиз?

Шоҳсанам жиддийлашди:

Шаҳар четидан уй олинг ёки шароити кўнгилдагидек ижара жой топинг!

Уйни кимнинг номига оламан?

Шоҳсанам кулди:

Бу баҳона ҳам, муаммо ҳам эмас. Соққасини чўзсангиз, ҳаммасини ўзим ҳал қиламан.

Сув тинимсиз томаверса, тошни ҳам тешар экан. Ҳошимжон-ку одам!

Қандай қилиб икки ярим минг долларни Шоҳсанамнинг қўлига тутқазганини ўзи ҳам билмай қолди. Пулни олгач, аёл чамаси бир ой кўринмай кетди, лекин ҳар уч кунда телефон қилар, уй олганлигию синглисининг номига расмийлаштирганини, энди таъмир қилдираётганлигини айтиб турарди. Ниҳоят учрашдилар. Янги уйга боришди. Шаҳар четроғида, тинч мавзеда экан. Таъмири ҳам жуда нозик дид билан баланд нархда қилинган.

Гап йўқ, — деди Ҳошимжон, — лекин нега бўм-бўш, ҳеч бўлмаса, битта диван топилмадими?

Шоҳсанам унга суйкалди:

Ётадиган тўшагингизгача олиб келсам, нафсониятингизга тегадимикан, дедим-да! Қолаверса, сиз ўта нозиктаъб одамсиз, шунинг учун жиҳозларни бирга танласак дегандим…

Ҳошимжон эртасига жиҳозлар учун Шоҳсанам айтган «арзимас минг кўки»ни олиб келди.

***

Ташландиқ гўдакдек қалбим йиғлайди,

Ўйлар бева аёл каби аламнок.

Вужуд қафасига тоқат сиғмайди,

Ишончим дарвешдек юпун, ёқа чок!

Дилмурод САЙЙИД

РУСЛАРДА «кечикиб ўт олувчи», деган ибора бор. Ҳошимжонда шундай бўлди:

«Эҳ, пул топиб, ақл топмаган лақма, уч ярим минг долларни нимага ҳаражат қилдим? Ахир, кечқурунлари мен у ерга бора олмайман-ку!»

Лекин «кечикиб ўт олган КамАЗ» учун орқага йўл йўқ эди. Шу боисдан ҳам, айниқса, кечқурунлари ўзидан-ўзи асабийлашадиган одат чиқарди. Хотинию фарзандлари ҳайрон. Қоронғу тушди дегунча, Ҳошимжонга «Битта гап кам, иккита гап кўплик» қилиб қоларди. Бу асабийлашиш, ҳардамхаёллик ўз кучини кўрсатди.

Ичингизда қурт борми, бир жойда ўтиролмайдиган бўлиб қолдингиз? — «жуволдиз»ни санчиди Севара бетоқат эрига бир куни кечки овқатдан кейин.

Ўчир овозингни, ҳе онангни… — сўкинди Ҳошимжон.

Хотин жим бўлиш ўрнига яна «жуволдиз»ини санчиди:

Ичингизда ит ҳам ўлганми дейман, сасиб сўкинаяпсиз?

Қизи эндигина келтириб қўйган чойнакни Ҳошимжон қандай қилиб қўлига олдию, қай йўсинда хотинига қараб отди, ўзи ҳам билмай қолди. Ўн етти йил бирга яшаб, эридан чертки емаган Севара буни сира кутмаганди. Фақатгина қизининг чаққонлиги сабаб чойнак тегмай ўтди. Яқин турган Ниго-ра онасини ўзи томонга тортиб қолди. Лекин деворга урилган чойнакнинг чинни парчаларию қайноқ чой Севаранинг устига сочилди. Аёл шунда ҳам эсини йиғмади. «Эсйиғиш» унинг табиатига зид эди. Қора қўнғиздек ёнбошига ағдарилди, кейин бойқушдек ҳурпайиб, яна «жуволдиз»ини ишга солди:

Айтишарди-я, бувим раҳматли ҳам айтганлар, бегона аёлга илакашиб, унинг сийдигини ичган эркак қутуради, жинни бўлади, деб. Вой-дод, мусулмонлар, Шоҳсанам бузуқнинг сийдигини ичиб қўйганга ўхшайди. Эрим қутураяпти, вой-дод, ёрдам беринглар.

Нигора ҳам қўрқиб кетганидан бақириб йиғлаб юборди. Ҳошимжон эса, «шайтонга ҳайф» беролмай қолди.

Эй, ўша бувингниям, ўзингниям оналарингни… — деб сўкинди, — ўчирларинг, бўлмаса сўйиб ташлайман икковингни ҳам.

Нариги хонага дарс тайёрлаш учун чиқиб кетган кичик қизи ва ўғли ҳам шовқинни эшитиб киришди. Севара бадтар авжига минди:

Оталарингни кўриб қўйларинг, бир бузуқнинг сийдигини, унга қўшиб ҳаром қонини ичиб қўйиб, энди қонсираб қутураяпти.

Бу маломатдан Ҳошимжон ақлий бошқарувни буткул йўқотди. Семиз, қора хотини важоҳатидан опала-ажинадек кўринди шу тобда. Икки қадам ташлаб, хотинининг оғзи-бурни аралаш шундай куч билан урдики, Севаранинг боши деворга қаттиқ урилиб, ерга йиқилди. Ҳошимжон унинг беҳуш бўлиб йиқилганидан бехабар биқинига кетма-кет тепа кетди. Фақат фарзандларининг уввос солиб йиғлашлари уни ҳовлига чиқишга мажбур қилди.

Кўп ўтмай келган «Тез тиббий ёрдам» машинаси Севарани олиб кетди. Олинган жароҳатларга таяниб навбатчи врач милицияга қўнғироқ қилди.

Бу пайтда Ҳошимжон бир даста пулни ёнига солганича, Шоҳсанам олдирган уй томон кетиб борарди…

Тошкент. 01.09.2004 йил