Nov 262012
 

ЎЗБЕК ДЕТЕКТИВИ

Дилмурод САЙЙИД

Ж И Н О Я Т Ч И  Б Ў Л И Б  Т У Ғ И Л М А Й Д И Л А Р

*КРИМИНАЛСАРГУЗАШТ ҲАЁТИЙ ҲИКОЯ*

«ОҚҚУШ» ДЎКОНИДАГИ ҚАТЛ

УНЧА гавжум бўлмаган кўча юзига жойлашган «Оққуш» дўкони рўбарўсига сутранг «Жигули» келиб тўхтади. Машинадан барваста, йигирма беш ёшлар чамаси йигит тушди. Унинг қўлида «ADIDAS» сум-каси бўлиб, дўкон эшигига қараб юрди. Ичкарига кириб, қўлидагини ерга қўйгач, шошилмай «молния»-ни туширди. Дўкондаги икки ўспирин гапини тўхтатиб, унга ярим ҳайрат аралаш қараб қолган эди…

Юнусни чақиринглар, — кескин буюрди сумка эгаси. — Раҳим ҳам чиқсин!

Ўспиринлар бир тўхтамга келгунларича, ичкари хонадан мудир чиқди.

Ҳа, Баҳо, ўзинг келибсан-да охири, — деди мудир беўхшов илжайиб. — Сумкангдаги, адашмасам, бизга беришинг керак бўлган беш миллион бўлса керак, а?

«ADIDAS» эгаси жавоб ўрнига сумкасидан «АКМ» автоматини чиқариб, мудирга тўғирлади.

Юнус, сенларга мен керак эдим, — деди ғазаб аралаш, — ўйин қоидасини буздиларинг, ўрнимга бегуноҳ акамни қийнаб ўлдирдиларинг, икки дўстимни эса ногирон қилдиларинг. Энди қарз узиш навбати сенлардан. Раҳим қани?

Мудир жойида қотиб қолди:

Йўқ, бу ерда йўқ Раҳим. Уйида бўлиши керак, — деди овози бўғилиб.

Автоматдан кетма-кет тўртта ўқ узилди. Бўйни ва қорнидан яраланган Юнус чалқанчасига йиқилди. Сумка эгаси қуролни қайтадан «ADIDAS»га жойлаб, кўчага йўналди.

Ҳайданг, — буюрди машинага ўтираркан, — йўлни ўзим кўрсатаман.

Машина кенг йўлдан елдек учиб, икки чорраҳадан ўтгач, чапга бурилди. Ўн дақиқа орасида кўзланган манзил — Раҳим яшайдиган тор кўча бошланишига келиб тўхтади. Йигит бу гал сумкани машинада қолдириб, автоматни кўтариб тушди. Тор кўчага киргач, таниш дарвозани тақиллатиб, уй эгасини чақирди:

Раҳим, ў-ў Раҳим!

Уй эгаси аввал овоз берди, сўнг бироз оқсоқланган кўйи дарвоза томон юрди. Дарвозадан чиқибоқ автомат тутган йигитга кўзи тушди. Сўз айтишга улгурмади. Кетма-кет узилган ўқ кўкрагини тешиб ташлади. Тўрт-беш сония ичида сутранг «Жигули» жойидан қўзғалди…

Ўн беш дақиқа ўтар-ўтмас бутун туман ҳудуди тўс-тўполон, ваҳимали гап-сўзга тўлганди. Воқеа баёни соат сайин кўпириб борар, ҳатто туман милицияси идорасида ҳам мавҳум кайфият ҳукмрон эди.

Гарчи, ошкор айтилмаса-да, лекин гап-сўзлар аксарият битта хулосага бориб тақаларди: «Баҳо, барибир қўймабди, акаси учун қотиллардан ўч олибди!» Лекин жиноятга мойил гуруҳлар ҳамда маиший тўдалар бу масалада ягона тўхтамга кела олмадилар. Айримлари марҳумларга ачинди, баъзилари қасд олувчини ёқлади.

Орадан йигирма кун чамаси ўтиб, яна гап-сўз кучайди: «Баҳодир қўлга тушибди, шериги ҳам бор экан!»

ТЕРГОВ ҲИБСХОНАСИДА

ҚАМОҚХОНАГА илк келтирилган куни тинтув хонасидаги зобит Баҳодирга тикилиб тургач, ёнидаги назоратчиларга гап қотди:

Босиқлигини қаранглар, кўринишидан, ўзини тутишидан сираям икки одамни ўлдирганга ўхшамайди, — сўнг маҳбусга ўгирилди. — Ростини айт, чиндан ҳам икки кишини отиб ташлаганмисан?

Баҳодир шошилмай зобитга синчиклаб қараб олди. Кейин қисқагина жавоб берди:

Қилишим шарт бўлган ишни қилдим, начальник!

Тергов осон кечмаслигини, тайинланадиган жазо меъёридан ортиқ бўлишини Баҳодир жуда яхши ҳис қиларди. Негаки, акасининг ўлимига дахлдор тўда аъзоларидан икки нафари катта лавозимли шахснинг арзандаси эди. Шуни чуқур англаган Баҳодир ғоялар тўқнашуви дейилмиш «ҳеч ким ўзини ноҳақ ҳисобламайдиган» савол-жавоб баҳсига, ҳатто қўлланилиши эҳтимолдан холи бўлмаган сўроқ усулларига ўзини руҳан тайёрлаб улгурган эди.

Нима учун айнан Юнус билан Раҳимни ўлдирдингиз? — сўради терговчи ёзув машинкасига қўйилган қоғоздан кўзини узмаган ҳолатда.

Мен, энг аввало, акамнинг қасдини олдим, марҳум акамни улар бегуноҳдан-бегуноҳ ўлдиришди. Биласизми, ваҳшийларча калтаклаб, азоблаб, суякларини синдириб, сўнг қопга солиб, ахлат уюмига ташлаб кетишди. Мен улар каби ваҳшийлик қилганим йўқ, яна уларга ўхшаб ҳеч бир гуноҳсиз одамни ўлдирмадим, бегуноҳ одамнинг қўлини темир билан уриб синдирмадим. Уларга ўхшаб гуноҳи йўқ йигитларни троссга боғлаб, машинада судратмадим. Фақат ўша бегуноҳ ўлдирилган акам, бекорга азобланган дўстларим учун ҳаққоний қасос олдим. Агар уларни отиб ташламаганимда, у ваҳшийлар оиламизни сиқувга олиши, мени эса ўлдиришлари аниқ эди!

Баҳодирнинг дадил жавоби терговчини анча ўйлантириб қўйди. Лекин у — терговчи! Шу боисдан ҳам ҳаётда ёзилмаган, аммо мавжуд қонунларга эмас, балки фақат китобларга киритилган тамойилларга амал қилиши керак. Иши шунақа!

Дейлик, марҳумларнинг жиноий қилмишларидан хабардор экансиз, нима учун ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилмадингиз?

Гарчи саволи тош босмаса-да, терговчи белгиланган андазага мувофиқ шу саволни сўроқ баённомасига киритиши лозим эди. Айбланувчи унинг аҳволини тушунгандек, киноянамо бош чайқаб қўйди. Сўнг муҳим гап айтмоқчидек овозини пасайтирди:

Ҳуқуқ-тартибот идораларидаги ҳаммасидан хабардор. Яъни, Юнус ҳам, Раҳим ҳам жиноий гуруҳ тузиб, ўз хоҳишича ҳаракат қилиши, акамнинг ўлдирилиши, икки оғайнимнинг оғир тан жароҳати олиши, мен яшириниб юрган дала-ҳовлининг портлатилиб, ўққа тутилганидан хабардор ўша идоралар. Ҳатто сиз ҳам хабардорсиз. Лекин чора кўришга ожизсизлар. Негаки, бу зўравонлардан бирининг отаси полковник, яна бири прокурорга эркатой. Қўнғиз ҳам боласини оппоғим дер экан!

Ечимсиз саволлару эътирозларга тўла, аммо баённомаларда фақат андазага мувофиқ келадиганлари қайд этилган тергов жараёни қарийб тўрт ойга чўзилди. Сўнг икки кунда «айблов хулосаси» ёзилиб, тасдиқ учун прокурорга чиқарилди. Ниҳоят суд жараёни ҳам бошланди. Бу муҳокамалар йиллар давомида такомиллашган амалиёт шаклида ўтказилди. Зеро, ўзини ҳимоялаш, ор-номус, бурч деган инсоний тушунчалар, терговда бўлгани каби суд амалиётига оид китобий қарашларга сира мувофиқ келмасди. Шу боисдан ҳам судловҳайъати ўзининг «жиноятга жазо муқаррар!» деган китобий ақидасига содиқ қолди. Худосизлар жамиятида вояга етиб, амалга минган судья учун«Ал-қасосу мин-ал ҳақ!»таъкиди мутлақо бегона эди.

ҲУКМ ВА ЗИНДОН

ДАЙДИ итдек отиб ташланган жабрланувчилар томони қасос олувчини қотил деб атадилар.

Жиноят олами вакилларига хос айнан одам ўлдириш билан боғлиқ ҳаётнинг ўз ёзилмаган тушунчалари мавжуд. Яъни, сўнгги чора сифатида одам ўлдириш ва ноҳақдан-ноҳақ арзимаган сабаб билан қотиллик қилиш. Айниқса, жиноят оламига алоқадор одамни ўлдирган шахс ҳам қонун олдида, ҳам жиноят олами АВТОРИТЕТлари қаршисида жавоб беради.

Жиноят олами фақат асосли, аниқ ва тошбосадиган важларни қабул қилади. Акс ҳолда қотиллик «Беспредел» ҳисобланиб, уни содир этган шахс ўз умри билан товон тўлаши аниқ!

Баҳодир қўлга тушгач, жабрланувчи томон ўша вақтнинг кўзга кўринган ва қамоқда ўтирган АВТО-РИТЕТИга хабар киритишди. Гўёки, Баҳодир «Братва»га қўл кўтарган ҳисобланди жабрланувчилар учун.

Жиноят олами амал қиладиган энг асосий тамойил: Адолатга суянган шафқатсизликдир!

Қамоқхонага илк келтирилган куни Баҳодир билан қабул қилиб олувчи зобит орасида кечган қисқа савол-жавобни юқорида эслаган эдик. Шу аснода икки нафар норғул йигит келиб, Баҳодирдан қизиқишди:

Ташкенский Баҳо сен бўлсанг керак!

Баҳодир боши билан тасдиқ ишорасини билдирди. Йигитлардан бири билагига «ДПНСИ» деб ёзилган латта таққан зобитга қаради:

Начальник, бу биз билан!

Баҳодир йигитлар ҳамроҳлигида катта темир дарвозадан қамоқхона ҳовлисига чиқиб, чапга бурилди. Бироз юриб, яна чапга. Кейин рўбарўдаги тўрт қаватли бинога кирдилар.

Фақат маҳбусларгагина хос қисқача саломлашувдан кейин, қўлида узун мундштук тутган жуссаси ихчам ёш йигит гапни саломлашувдан ҳам қисқа қилди:

Баҳо, ҳаммаси яхши бўлади, буёғи ўзингга боғлиқ. Икки-уч кун дам олиб, кейин положенецга рядом бўл. Буёғини фрайерлар тушунтиришади…

Жиноят олами орқали ҳеч нарсага эриша олмаган жабрланувчи томондагилар энди суддан унинг хунини талаб қилишди. Ва ниҳоят ҳукм ўқилди: — Султонов Баҳодирга Ўзбекистон Республикаси ЖК 80-моддаси -, 4-, 6-, 8-бандлари билан ўлим жазоси белгилансин…»

Баҳодир шу тобда ўзидан кўра ҳам тутилиб-тутилиб ҳукм матнини ўқиётган судьянинг аҳволига ачинди: «Шўринг қурсин, қўғирчоқнусха ҳуқуқшунос! Ор-номус, қасос ва кураш деган инсоний тушунчалардан йироқ гуманоид!»

Қамоқхонанинг «Ўлимга ҳукм этилганлар» камералари жойлашган йўлак — ЗИНДОН бўйлаб борар экан, ўзини негадир ҳар кунгидан ҳам тетикроқ, руҳан бардамроқ ҳис этди. Йўл-йўлакай қайсидир асарда ўқигани ҳаёлидан кечди: «Инсонни ўлдириш мумкин, лекин уни енгиб бўлмайди!»

Агар ўзини-ўзи енгиб қўймаса! — дея беихтиёр шивирлади Баҳодир.

Гапирилмасин! — огоҳлантирди соқчи.

Яна икки одим юргач, назоратчининг қисқа огоҳи эшитилди.

Тўхта. Деворга ўгирил!

Камера эшиги очилгач, қўлларидаги кишан ечилиб, ичкарига кирди.

Икки кишилик «хата» тергов камераларига ўхшамас, айниқса, бу ердаги сукунат тергов ва «осужденка» дейилувчи камералардан иборат сершовқин корпус-ауллардан кескин фарқ қиларди. Баҳодирнинг ҳаёт ва мамот деб аталувчи икки эшик бўсағасидаги мавҳум кунлари бошланди. Оёқлари бетонга қотирилган «шконка» — нарада ётиб, айнан қасос билан боғлиқ воқеаларни кўз олдига келтирар ва шошилмай бир-бир таҳлил қилар эди.

Дунёда чигиртка деган ҳашорат бор. Яна термит аталувчи чумоли ҳам. Бу ҳар икки ҳашоратнинг турмуш тарзи жуда ўхшаш: ўзгалар ҳисобига кун кўриш! Тўдага бирикиб, ҳамма ёқни нафс йўлида вайрон қилиш. Одамзод ичида ҳам чигирткасифат, термит табиатлари анчагина. Турмуш тарзи ҳам шу ҳашоратларга мувофиқ. Ўз меҳнати билан йил — ўн икки ой машаққат тортиб, асаларидек тинимсиз ҳаракат қилувчилар ҳаётда ҳеч бир инкорсиз чигиртканусхаларга «маош» тўлашга мажбур этилади. Бу маошни «ДАН» дейишади. Агар «ДАН» ўз вақтида берилмаса ёки тўлашдан бўйин товланса, чигириткасифатлар термит табиатга айланиб, ўз ўлжасини ҳалок этиши, хонавайрон қилиши ҳеч гап эмас.

Баҳодир тижорат билан шуғулланиб, қонундан ташқари бўлган норасмий «солиқчи»ларга дуч келди. Улар талаб қилган миқдор — «ДАН»ни тўламади. Оқибатда эса…

«Шконка»да ётганича илк тўқнашувни кўз олдига келтирди. Май байрами эди. Кечқурунги соат ўнга яқин уйларидан унча узоқ бўлмаган маданият саройи дискотекасида жиянининг калтакланаётганидан хабар топди. Зудлик билан етиб борди. «ДАН» олувчиларнинг ўнг қўли ҳисобланган Дамир бошчилигидаги гуруҳ жиянини аёвсиз калтаклаётганди. Баҳодир жанжалга аралашди. Гуруҳдагилардан бири ёнидан тўппонча чиқариб, Баҳодирга ўқталди. У чаққонлик билан қуролни тортиб олиб, Дамирнинг оёғига қарата ўқ узди. Гуруҳдагилар яраланган шериклари билан овора бўлиб қолганидан фойдаланиб, Баҳодир қаттиқ калтакланган жиянини суяб, воқеа жойидан жўнаб қолди.

Айнан шу ҳодиса таранглашиб турган ипни узиб, вазиятни кескинлаштириб юборди. Дамир шифохонадан чиққач, Баҳодирни «разбор» қилиб, беш миллион сўм товон пули ундириш масаласини киритди. Гуруҳ уни қувватлаб, айбдорни излашга тушди. Икки марта қидириб, Раҳим бошчилигида Баҳодирнинг уйига бордилар. Топа олмай, аламларини унинг акаси Хотамдан олишди. — роса калтаклашди.

Баҳо дачада экан, — деди гуруҳ аъзоларидан Ихтиёр.

Қайси дачада? — сўради Юнус.

Олмалиқнинг йўлида, йўлни биламан, — жавоб қайтарди Ихтиёр.

Гуруҳ аъзолари икки машинада йўлга тушдилар.

Хушманзара ҳудуддаги дала ҳовлида Баҳодир, Саяна, Шавкат ва Шуҳрат дам олиб, ғала-ғовурлар сусайишини кутиб, вақтинча яшаб турган эдилар. Ярим кечаси узуқ-юлуқ шовқин уларнинг оромини бузди. Ҳар эҳтимолга қарши, айвондан дарахтзорга ўтиб олишди. Шу вақтда худди кинодагидек граната портлаб, кетма-кет ўқ овози теварак-атрофни тутди.

Қочдик, — деди Шавкат.

Шериклари унга эргашдилар қоронғулик уларнинг жонига оро кирди. Юз метрлар чамаси югуриб, қамишзор зовурга яшириндилар.

Тонг отди.

Кетгандир бандитлар? — деди Саяна.

Шуҳрат ва Баҳодир зовурдан чиқиб, дала ҳовли томонни кузатишди.

Мелиса тўлиб кетибди, нима қиламиз? — сўради Шуҳрат.

Баҳодир бармоғи билан ерга қуён шаклини чизди. Кейин битта-битта тарқалишди.

Шунча ҳаракату оворагарчилик беҳуда кетиб, Баҳодир тирик қолганлигини эшитган Юнус ғазабидан кўзларига қон тўлди.

Топиш керак, топиш! Гап тамом! — деди у дўкон ичида у ёқдан-бу ёққа юрганича.

Қаердалигини билмасак, худди Апачининг ўзи, топиш қийин, — фикр билдирган бўлди Дамир.

Апачининг қаердалигини дўстлари ва акаси билади. Ё шундай эмасми? — гапга қўшилди Раҳим.

Ҳамма жимиб қолди. Раҳим ҳам бироз жим тургач, буйруқ оҳангида фикрига якун ясади:

Ҳозироқ Баҳонинг уйига бориб, акаси Ҳотамни ва яқин икки ошнасини олиб келасанлар!

Жиноят оламининг қоидасига кўра, Раҳим ғирром ўйинга қўл урганди. Тўдабошининг амри эса — вожиб!

Ҳотам ҳовлидаги супада укасининг ошналари Шерзод ва Даврон билан укаси ҳақида гаплашиб ўтиришарди. Шу маҳал ҳовлисига бостириб кирган тўданинг зўри билан учаласи ҳам машинага чиқишга мажбур бўлди. Анча юришди. Айланма ҳалқа йўл яқинидаги кўприк тагига қурилган бильярдхонага киришди. Тор доирада бу жой «штаб гестапо» деб номланар эди. Аввалига озроқ калтаклашди, кейин сўроқ бошланди. Тўрдаги оромкурсида қўлларини кўкрагига чирмаштириб олган Раҳим, ён томондаги курсида оёқларини чалиштирган кўйи Юнус ўтирарди.

Қўллари сим билан боғланган Ҳотам, Шерзод ва Давронни чўкка қўйишган. Сўроқни Юнус бошлади:

Баҳо биздан қарздорлигини биласанларми?

Бу сенлар ва укамнинг орасидаги гап, бизни бекор олиб келдиларинг, — деди Хотам ғазаб оҳангида.

Ўртага укангнинг жони қўйилган бўлса-чи? — савол ташлади Раҳим.

Укам ҳарф эмас сенларга гўшт бўладиган, — жавоб кескин бўлди.

Раҳим билан Юнус кўз уриштириб олди.

Баҳо қаерда? Айтишларинг билан уйларингга кетаверасанлар, алдаган учта ҳарф, — деди Юнус.

Сенга керакми Баҳо? — саволга савол қайтарди Шерзод. — Ўзинг топиб олгин ё мент акаларингга айтсанг, қидириб топиб беришади!

Юнус Шерзод томон юриб келиб, кўкрагига зарб билан тепди.

Эй онангни… твар, — деб сўкинди Шерзод.

Яна калтаклаш бошланди. Бу сафар анча аёвсиз ва узоқ урдилар. Кейин савол, фақат Баҳодирнинг қаердалигини сўрашар, жавоб ўрнига сўкиш эшитишарди.

Раҳимнинг буйруғи билан учовини троссга боғлашди, троссни машинага илиб, асфальт йўлда судрадилар. Бироқ қийноқлар дақиқа сайин оғирлашса-да, савол жавобсиз қолаверди. Улардаги чидам «гестапо гуруҳи»нинг ҳам ҳафсаласини пир қилди.

Шаҳар четидаги «дом»имизга олиб бориб, гаровда ушлаймиз, — деди Юнус. — Кейин овоза тарқатамиз гаров ҳақида. Баҳонинг ўзи келади, буларни қутқариш учун!

Келмаса-чи? — ғазабли тикилди Раҳим.

Унда… У ёққа жўнатамиз, борса-келмасга!

Уч йигитни уриб-тепиб, судраб машина юкхонасига тиқишди. Сўнг ҳалқа йўл бўйлаб ўзларига маълум даҳадаги уйга йўл олдилар.

Эртаси яна қийноқ, савол-жавоб бошланди. Шерзоднинг қўлини темир билан уриб синдирдилар. Бу ҳам оздек Шерзод ва Давронни қайноқ сув қуйилган ваннага солишди. Ҳотамни юз-кўзи моматалоқ, боши ёрилган ҳолда узоқ тепкилашди. Азобларнинг учинчи куни учови ҳам чалажон хушидан кетди.

Ўлиб қолишди, — деди гуруҳ аъзоларидан Ихтиёр кўзлари чақчайиб.

Эсиз, барибир билолмадик Баҳонинг қаердалигини, — бош чайқади Дамир. Кейин шошилмай учовини алоҳида-алоҳида қопга жойлаб, машинага юкладилар. Даҳа ҳудудидан чиқаверишдаги ахлатхона ёнида тўхтаб, қоплари ахлат уюмига улоқтиришди.

Тонг маҳал йўловчилар қон сизиб турган қопларни кўриб, милицияга хабар бердилар. Милиция қоп ичидаги чалажон вужудларни шаҳар шифохонасига жўнаттирди.

Шерзод ва Давроннинг ҳаёти узоқ муолажадан сўнг сақлаб қолинди. Лекин Ҳотам уч кун шифохонада ётиб хушига келмай, дунёдан ўтди.

Акаси ва икки дўсти гаровга олинган кунларда Баҳодир бошқа шаҳарда эди. Шум хабардан фақат Ҳотамнинг «еттиси» куни воқиф бўлди.

Энди навбат сеники экан, — деди дўсти Улуғзод. — Ҳар ҳолда шундай дейишибди, кеча «Оққуш» дўконида йиғилиб.

Ҳали вақт кўрсатади навбат кимники эканлигини! — деди ғазабнок оҳангда.

Вақт, ҳақиқатдан, олий ҳакам! Баҳодир ўша куни тунда қабристонга борди. Акасининг ҳали совуб улгурмаган қабри олдида тиз чўкканича узоқ бош эгиб ўтирди. Йўқ, у йиғламас, юраги фарёд қилса-да, кўзларидан ёш сизмас эди. У қасамёд қиларди бутун вужуди билан.

Болалик, ўсмирлик йиллари севган машғулотларидан бири бадиий китоблар мутолааси эди. Айниқса, «Ўткан кунлар» ва «Граф Монте Кристо»ни берилиб ўқирди.

Қабристондан чиқар экан, беихтиёр хаёлидан айнан шу асарлар кечди.

«Ўткан кунлар»даги Ҳомид, Содиқ ва Мутал гуруҳини негадир Раҳим, Юнус ва Дамир тўдасига қиёслади. «Отабек ноилож қолган, шу боис муртадларга ёлғиз ўзи қарши борган, чунки қози — қаллоб, қўрбоши — порахўр, миршаблар эса югурдак!» дея хаёлидан кечирди Баҳодир. Кейин Эдмон Дантесни эслади: «Прокурорга ишониб, Иф қалъасига қамалди, номаълум муддатга…»

Эрта тонгданоқ жанубий вилоятдан бирига йўл олди. У ердан «АКМ» автоматини ўттизта патрон билан харид қилиб, тезда ортига қайтди. Мақсадини очиқ гапирмаган ҳолда Улуғзодни ҳамроҳ қилиб, «Оққуш» дўконига қараб юрди.

Баҳодир «ўлимга маҳкумлар камераси»да ўтган воқеаларни қайта-қайта хотиралади, кўз олдидан ўтказди ва ҳар сафар марҳум акасининг руҳи олдида, бегуноҳ азобланиб, ногирон бўлиб қолган дўстлари қаршисида юзи ёруғ эканлигидан кўнгли таскин топар эди…

Орадан етти куни кам беш ой ўтиб, Баҳодирни «зиндон» аталувчи ўлимга маҳкумлар камерасидан қамоқхона саҳнига олиб чиқдилар. Мамлакат олий судининг тегишли инстанцияси ажримига кўра Баҳодирга ўлим жазоси ўрнига йигирма йилга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган эди.

Авжи ёз чилласидаги бу хабар Баҳодирнинг ҳаётга бўлган иштиёқ ҳиссини тўлиқ қайтарганди вужудига!

Лекин эндигина бир йили ўтган йигирма йиллик жазонинг қолган қисмида ўзини қандай шўришлар кутаётганлигидан Баҳодир шу лаҳзада мутлақо бехабар эди, ҳатто тасаввур ҳам қила олмасди…

«КРИТИЙ»ДАГИ ҲУКМ

«Онки, з-ҳам-э дэгарон шод ҳаст:

Гуркану ғосэлу жаллод ҳаст!»

Алишер НАВОИЙ

Баҳодирга тайинланган 20 йиллик жазонинг уч йилини «ёпиқ тартибдаги муассаса» — қамоқ кўринишида ўташи белгиланган эди. Лекин…20 йиллик жазо кимлар учундир камдек туюларди. Яна мантиқан олиб қаралганда, Баҳодир илк — уч йиллик қамоқ тартибини ўтаб бўлган, қолган қисмини умумий тартибда ўташи керак эди. Бироқ қандайдир кўринмас кучлар унинг енгилроқ шароитга кўчирилишини истамас, имкон қадар тиш-тирноқлари билан қаршилик кўрсатишарди.

Баҳодирни аввалига, водий ва Самарқанд томонлардаги қамоқхоналарга олиб боришди. Бу ҳол қонунга зидлигини билган қамоқхона мутасаддилари уни қабул қилмадилар. Ноилож яна «критий»га келтиришди. Кўп ўтмай, қамоқ ичида қамоққа олиш учун Баҳодирга нисбатан прокурор санкцияси берилди. Санкция борми, демак, «жиноят иши» қўзғалиши аниқ. Шундай бўлди ҳам. Уни камерадош маҳкумга тан жароҳати етказганликда айблаб, жазо муддатига бир йилу тўрт ой қўшиб қўйдилар.

Тез кунда бу ердан зонага этап қилинасиз, — деди қамоқхона махсус қисм ходими. — Зона ҳар ҳолда яхши, очиқ ҳаво, кенг ҳудуд, яна имконияти ҳам кўпроқ…

Баҳодир индамади. Бир нуқтага тикилганича, бўлиб ўтган суд муҳокамасини қисқача хотирлади:

Жабрланувчи сифатида сўралган маҳкум Стукаченко тергов материалларини инкор қилиб туриб олди.

Мени ҳеч ким ургани йўқ, — деди қатъий. — Уйқусираб юқори нарадан йиқилиб тушдим. Бундай ҳолат олдин ҳам бўлган.

Агар терговдаги кўрсатмани бермасанг, 238-модда билан ўзингни тиқвораман, — деб ўшқирди Стукаченкога судья ғазабга миниб.

Кейин навбат гувоҳларга келди. Қамоқхона хизматчи-нозирларидан беш нафари сўроқ берди. Бирортаси ҳам терговчи тўплаган «асар»ни тасдиқламади.

Суд муҳокамаси баённомаси эса қонунийлик ва одиллик тамойиллари асосида эмас, судья ваколати устуворлигида тузилиб, ҳукм ўқилди… «Худди цирк кетиб қолиб, томошани бошидан-оёқ фақат масхарабоз ўтказган кўриниш бўлди!» деб хотирани якунлади Баҳодир.

ХАЙР, ҚАМОҚ! САЛОМ, ҚАМОҚ!

Баҳодирни «Ёпиқ тартибдаги муассаса»дан қаттиқ тартибдаги зонага жўнатишдан аввал қамоқхонага келтиришди. Маҳкумларни қабул қилиш жойи — «вокзалчик»даёқ зиддият бошланди.

Начальний, — деди Баҳодир қабул қилиб олувчи зобит — «ДПНСИ»га, — мужикларга бундай муомала қилма, булар одам, сен ҳам ҳеч бўлмаса умрингда бир марта одам бўлгин!

Охир-оқибат муассаса маъмурияти унинг қонуний талабларини қабул қилишга мажбур бўлди. Зобиту назоратчилар маҳкумлар билан мулойим сўзлаша бошлашди. Камералар ўртасидаги туйнук — «кабура»лар очилди. Маҳкумларга келган йўқловлар, кийим-кечаклар юлиб қолинмайдиган бўлди. Бемор маҳкумлар тиббий кўмакни керакли миқдорда ола бошлашди.

Ташқаридаги кўринмас куч янги ҳамлага тайёрланаётганлигидан Баҳодир буткул бехабар эди.

УЧИНЧИ ҲУКМ

Баҳодирни қайси зонага жўнатиш кераклиги масаласи ҳал бўлгунича орадан бир неча ой ўтиб кетди. Ниҳоят ҳукумат чиқарган янги қарор асосида кўплаб маҳкумлар қатори уни ҳам туғилиб ўсган шаҳрига яқин ҳудуддаги қаттиқ тартибли муассасага келтиришди.

Зоналар жиноят олами нуқтаи назаридан бир нечта турга бўлинади: «қора», «синган», «кўргазмали», «қизил» ёки «сучий». Баҳодир «қора зона»га келди, аниқроғи, олиб келинди. Бу вақтда зонадаги маҳкумларга «Император» лақабли қиморбоз етакчи ҳисобланиб, братуха эди.

Маҳкумлар орасида келишмовчилик, баъзан гуруҳбозлик юзага келиб қолган. «Братва» аталувчи табақанинг аксарияти умумманфаати қолиб, кўпроқ ўз роҳатига берилаётган эди.

Баҳодир ҳар қандай шароитда ҳам хушёр ақл, соғлом турмуш тарзига интилар, шу боис спиртли ичимлик ичмас, гиёҳвандликдан ҳазар қилар, ҳатто сигарет ҳам чекмасди.

Жиноят оламининг амал қилиниши шарт ҳисобланган қоидасига кўра, «Император» тахтни Баҳодирга бўшатди. Ўша кунданоқ ўз роҳатини ўйлаб бурчак-бурчакларни эгаллаб олган «секторской»у «барачник» аталувчи кўпгина «оголец»лар қочишга жой тополмай қолди. Беморлар ва ногиронларга, эски ва кекса «катаржан»ларга эътибор кучайди. Маҳкумлар таъминоти янада яхшиланди. Энг асосийси, ўзаро зиддиятлар, гуруҳбозликлар барҳам топди.

Баҳодир ўз ўйлари, ташвишлари билан овора, ташқаридаги кўринмас кучнинг ўзига нисбатан тайёрлаётган навбатдаги тубан зарбасидан мутлақо хабарсиз, жазо муддатини ўтаб борарди.

Қишнинг сўнгги ойи бошланган кун Баҳодирни огоҳ этишди: «Эртага этап, Сангородга жўнайсан!»

Эрталаб, қоидага кўра, жўнатилувчи маҳкумлар махсус тинтувдан ўтказилиб, алоҳида бўлмага киритилди. Соат 10 лар чамаси назорат остида махсус машина — «зековоз»га чиқарилди. Бир соат ўтар-ўтмас, «Сангород» деб аталувчи маҳкумлар шифохонасига келишди.

Яна соқчи ва нозирлар назоратида қабул қилиш жойи — «этап ҳовлиси»га жойлашишди. Кеч соат бешларда Баҳодирдан бошқа ҳаммани белгиланган бўлинмаларга тарқатдилар: кимдир МОПга, кимнидир «Чехотка»га, яна бирларини эски «Девятка»га олиб кетишди. Баҳодирни эса, қайтадан «зековоз»га ўтқазиб, темир йўлнинг «Қизил тўқимачи» бекатига келтириб, «Столипин» дейилувчи «зеквагон»га чиқардилар.

Поезд Бухоро йўналиши бўйлаб кетиб борар, Баҳодир ҳеч кутилмаганда Бухоро йўлидаги қаттиқ тартибли муассасалардан бирига олиб келинди.

Уни бошқа маҳкумлардан алоҳида ажратиб, тўппа-тўҚри «Бур» дейилувчи камера шаклидаги бўлинма — ПКТга қамадилар. Яна «қон ичиш» деб номланган савол-жавоблар, маъмурий чеклашлар ҳамда кўнгилни хираловчи зиддиятлар бошланди.

Сенинг айтганинг бўлмайди, начальник, — дерди Баҳодир қатъий тарзда.

Сенинг айтганинг бўладими? — кўкиш нигоҳини чақчайтирарди зобит.

Йўқ, фақат қандай қўйилган, шундай бўлади бу ҳаётда! — чўрт кесарди маҳкум.

Бу зиддиятли савол-жавоблар ҳақида зобит ҳар куни бош бошқармага ҳисобот берарди. Шу орада изғиринли бўлса-да, баҳор келди. Март ойи ярмидан ўтди. Қайсар маҳкумнинг кўзини яна бир бор очиб қўйиш пайида юрган кўринмас куч навбатдаги маразликка қарор қилди. Баҳодирни «Сангород»га жўнатдилар. Етиб келиши ҳамон тергов камерасига қамашди. Кейин терговчи келиб, унга айб эълон қилди:

Сиз феврал ойи бошида айнан шу муассасага келтирилган вақтингизда «этап ҳовлиси»да тинтув қилинган экансиз, тўғрими? — сўради терговчи.

Тўғри, бу ҳамма муассасада бўладиган гап, — деди Баҳодир.

Ўша тинтув вақтида чўнтагингиздан «опий», яъни, ханка; сумкангиздан «марихуана» яъни, наша топилган. Яна сиздан пул билан пичоқ ҳам чиққан. Мана протоколлари, — деди терговчи.

Орадан тўрт ой ўтиб, Баҳодирни суд қилишди. Жазо муддатига тўрт ой-у, 26 кун қўшилди. Шахсий ҳужжатлари йиғмамажилди устига эса яна бир қизил чизиқ тортилди…

На тергов даврида, на суд муҳокамасида ҳеч ким: — «судланувчи ёнидан гиёҳванд модда топилган бўлса, нега уни қамоқ камерасига эмас, жазони ижро этиш муассасасига жўнатилганлиги»ни; «баённомаларда судланувчининг имзоси йўқлиги»ни; «жиноят иши» нима учун орадан бир ярим ой ўтиб очилганлиги»ни суриштириб ҳам, изоҳлаб ҳам ўтирмади…

Суд тугагач, кўп ўтмай Баҳодирни яна Бухоро томонга жўнатиб юбордилар. Ташқаридаги кўринмас куч эса янада қабиҳроқ режа тузишга киришди.

ПРОКУРОР «КЎРИНМАС КУЧ»ГА ҚАРШИ

Нохуш хабар Тошкентга етиб келган куниёқ Баҳодирнинг туғишган опаси Зарифа Бухоро томонга шамолдек йўналди.

Учрашувга рухсат бера олмайман, — деди муассаса бошлиғи, — чунки Баҳодир ҳозирда тергов ҳибсхонасида.

Бирга келган адвокат ҳам жиғибийрон эди. Йўқ, эртасидан воқеа ойдинлаша бошлади. Маълум бўлишича, тўрт нафар маҳкум зонадан қочишга уринишган. Соқчи ва назоратчиларга ҳужум қилганлар. Қочишга уринганларнинг икки нафари ўлдирилган.

Кимдир қочмоқчи бўлган бўлса, менинг укам жавобгарми? — сўради Зарифа.

Ҳозирча ҳеч нарса деёлмайман, фақат билганим шуки, қочишга уринганлар режасидан Баҳодир хабардор бўлган, — жавоб қилди масъул зобит.

Шунинг учун Баҳодирга 220-моддани қўйиш керакми? Ахир, бу адолатсизлик-ку! — қизишди адвокат.

Зобит бироз жим қолди. Кейин:

Яхшиси прокурорга боринглар, ўша ҳал қилади. Биз бор-йўғи ижрочимиз, — деди оҳиста.

Прокурор ёш, аммо ўз сўзига эга йигит экан.

Опажон, — деди Зарифага, — сира куюнманг, укангизга фақат 241-модда қўйилади.

Прокурор сўзида турди. Суд жараёнида судья Баҳодирга бир эмас, бир неча оғир айблов қўйишга интилди. Лекин прокурор барчасини қонуний асослаб, рад этди. Бир томондан адвокатнинг ёзишмалари ўз ўрнини топа бошлади. Ноилож қолган судья қонун доирасида иш кўришга мажбур бўлди. Бироқ Баҳодирга барибир ИККИ йилу уч ою йигирма тўрт кун жазо муддати қўшиб берилди.

Ҳа, — деди Баҳодир ҳибсхонага келтирилгач, — осмон – узоқ, ер – қаттиқ!

Кейин киноя аралаш ёнидаги маҳкумга гап қотди:

«Когда дают бери, когда бьют беги!» шундайми, жўра!

Ташқаридан — муассаса «Даъватхона»сига ўрнатилган овозкучайтиргичли радиодан хонанданинг хониши ним қоронғу камерага ҳам аниқ эшитилиб турарди:

«Дейдилар: итҳурар, ўтадир карвон,

Ранжу маломатда куймасин жонинг.

Алам қилар экан бир умр гирён,

Итлар орасидан ўтса карвонинг!»

Баҳодир қўшиқ таъсирида анча вақт бир нуқтага тикилганича жим қолди. Кейин хаёлга берилди:

«Охири бормикан бу ноҳақликларнинг? Бор бўлса, қачон? Наҳот оилам осойишталиги, шаъни учун олган қасосим боис қайта-қайта ноҳақликка дуч келаверсам?»

Шу они кўз ўнгидан Раҳимга ўқ узган лаҳзаси ўтди. Баҳодир Юнусни оғир яралаб, Раҳимнинг уйига боргач, уни чақирди. Раҳим оқсоқланиб чиқаётиб, чап қўлини ўнг биқини томонга узатди. Бироқ тўппончани олишга улгурмади. Автоматдан очилган ўқлар қуролга узатилган қўлни, билакка тақилган тилла соатни ва қорину кўкракни тешиб ташлади.

Агар мен эмас, Раҳим чаққонлик қилиб мени отиб ташлаганида… Унга нари борса, ўз-ўзини ҳимоялаб, одам ўлдирган деган айблов қўйилар эди, — деб ўз-ўзига гапирди Баҳодир.

Шу пайт яна радиодан хонанданинг хониши эшитилди:

«Ҳақиқат бор, ҳақиқат аччиқ,шундан доим балога дучор…»

«Кормушка» дейилувчи туйнукнинг шарақлаб очилиши хониш ва хаёлни тўзғитиб юборди.

Баҳодир, этапга тайёрлан!—деди кўкрагига МБНЁ ҳарфлари битилган темир нишон тақиб олган зобит.

Эрта тонгда Баҳодирни Навоий вилояти томон йўналган «Столипин»га олиб чиқишди…

28.02 — 31.03.2004 й. Тошкент

*******************************************************************************************************************

МУАЛЛИФ ҲАҚИДА ҚИСҚАЧА СЎЗ:

Исми-шарифи: — Саидов Дилмурод

Тахаллуси:– Дилмурод САЙЙИД

Туғилган йили ва жойи: — 1962 й., Тошкент шаҳри

Маълумоти: — олий : Низомий номли ТДПИ ўзбек филологияси факультетини ҳамда ТошДУ шарқ факультети ҳузуридаги икки йиллик махсус ўқувни форс тили мутахассислиги бўйича битирган

Касби: эркин ижодкор

Ижоди:-унинг масъуллигида «Тошкент-янги номлар» маълумотнома-китоби; утожикчадан ўзбек тилига ўгирганЖаноби Расулуллоҳ васиятлари” рисоласи; “ТЕРМИНАТОРномли бадиий-публицистик китоби (2006 й.) нашр қилинган.

Ёқтирган китоби: — тарихий асарлар ва Умар Хайём рубоёти.

Ҳаётдаги шиори: — «Каъбада нима бор, аввало бир муҳтож кўнгилни овла!»

Мақсади: — ҳақиқатни очиқ ёритишга интилиш.