Nov 252012
 

АДВОКАТ ПРЕСС газетаси

46(64) 24-30 ноябр 2005 йил

МУЛОҲАЗА УЧУН МАВЗУ

ЙЎҚ” ҲАҚИДА БАДИҲА

Нафақат пойтахт кўчаларида, балки Ўзбекистондаги энг чекка ҳисобланган қишлоқларда ҳам “Ўзбекистон – келажаги буюк!” деган оташин таъкид битилган лавҳаларни ўқиш мумкин. Шубҳа йўқ, инкор ҳам этиб бўлмайди, дарҳақиқат, КЕЛАЖАК – БУЮК! Аммо ўша буюк онлар қачон КЕЛАЖАК? Худо билади… Умуман, қиз-жувони МАРДИКОРга чиққан, гўдаклари она сутига тўймай қолаётган, таълим ва тарбия муассасаларида ТАЛАБА ҳамда ТАРБИЯЛАНУВЧИдан ҳеч бир самарасиз ПУЛ талаб қилинадиган мамлакатда буюкликка томон силжиш бўлиши мумкинми? Яна худо билади…

Буюк келажакни соғлом авлод ва соғлом миллат қура олади!” Доҳиёна таъкид, бироқ соғлом авлод ОСМОНдан тушмайди-ку! Одам боласи соғлом бўлиши учун, энг аввало кундалик эҳтиёжи тўлиқ таъминланган бўлиши шарт. Мамлакат аҳолисининг қарийб 70 фоизи ҚАШШОҚЛИК ва НОЧОРЛИКда кун кечираётган, оддий фуқаронинг каттагина қисми ишсиз, ишловчиларнинг аксарияти эса ойлик маошини асосан коммунал тўловлар (электр, газ, сув ва ҳоказолар)га сарф этаётган бугунги кунда кундалик эҳтиёж таъминоти хусусида қандай гап бўлиши мумкин? Аксарият оилалар ўз рўзғори рўйхатидан ГЎШТ, САРЁҒ, БАЛИҚ каби маҳсулотларни бутунлай, НОРИН, ХАСИП, ТАНДИР СОМСА каби таомларни қисман ўчирган бугунги кунда соғлом авлод вояга етиш даражаси қай аҳволда бўлиши мумкин?!.

Энди моддийликдан маънавийликка қисқа назар ташлайлик. Соғлом авлод ва миллат, энг аввало, таълим-тарбия орқали шаклланади. Агар ОАВни таълим-тарбия борасидаги мафкуранинг узвий қисми ҳисобласак, Ўзбекистон телекўрсатувлари, радиоэшиттиришлари аксарияти “олди-қочди”, енгилтак мавзулардан тўлган даврий нашрлари МИЛЛАТ ва АВЛОДга ахлоқий жиҳатдан ижобий озиқ бера оляптими? Бир-биридан бемаза, бемаъно қўшиқлар-у сочи ёйиқ ашулачилар бугунги ёшларга нима бераяпти?

Тўғри, атом асри, техник юксалиш даврида яшаяпмиз. Лекин ҳар қандай тараққиёт, энг аввало, ЎЗЛИКни англашдан бошланади. Кейинги ўн йилни олайлик. Аҳолига маиший, коммунал хизмат кўрсатиш соҳаларида, ун ва ун маҳсулотлари, иссиқлик-энергия ва ёнилғи таъминоти йўналишида НАРХ-НАВО беқиёс кўтарилди. Коммунал тўловлардан қарздор бўлмаган оила мамлакатда кам қолди. Бу эса, ўз ўрнида бизда ДАВЛАТЧИЛИК борасидаги ўта уқувсизликни кўрсатади. Касалхоналар кимлар учундир даромад манбаи, кимларга эса хонавайрон бўлиш!

Болалар учун мўлжалланган шифохоналарга кирсангиз каттакон қилиб: “БИЗДА ТИББИЙ ХИЗМАТ КЎРСАТИШ БЕПУЛ!” – деган ёзувни илиб қўйишган. Эътибор қилинг, ТИББИЙ ХИЗМАТ КЎРСАТИШ бепул, тиббий муолажа кўрсатиш эмас! Аксарият шифохоналар, ҳатто туғруқхоналар капитал таъмирга муҳтож! Лекин шифохоналар таъмири учун маҳаллий ҳокимлик етарли маблағ бермайди. Энг даҳшатлиси, ўша ҳокимлик ўз биносини ОЙНАВАНД шаклда ҲАШАМАТЛИ таъмирлаш учун миллиардлаб сўм ажратади. Аҳоли турар-жойга, уй қуриш учун ер бўлагига зор, лекин ҳоким тўра қўшқаватли кўшк барпо этиш билан банд. Унинг ҲАҚИҚИЙ даромадини суриштирадиган холиснинг ўзи йўқ! Суриштиришга ваколатли бўлганларнинг ўзи ҳам қайдадир иморат қуриш билан машғулдир балки… Шифохоналардаги ночор шароитнинг ўзиёқ авлод соғлигига эътибор қай даражада эканига бир эътироф!

ДАВЛАТЧИЛИК борасида баландпарвоз шиор-у таъкидлар эмас, энг аввало, ИНСОФ ва ОРИЯТ, сўнгра ФИДОЙИЛИК зарур!

Мардикорлар тўпланадиган ҳудудлардаги ярим юпун АЁЛЛАР, марказий кўчалар, бозорлар ва метродаги ТИЛАНЧИЛАР, хорижга иш излаб кетаётган йигитлар, қиз-жувонлар биздаги инсоф ва орият даражасини белгиласа, олий минбарлардан кўксига уриб, нотиқлик қилаётган ваколат эгаларининг дабдабали маърузалари уларнинг фидойилик мезонини белгилайди. Демоқчиманки, ўз фуқароси ҳақ-ҳуқуқини амалда ҳимоялай олмайдиган раҳбарият БУЮК КЕЛАЖАК ҳақида гапиришга ҳақли эмас! Зеро, эртанги кун аслида бугунги турмуш тарзининг инъикосидир.

Мен деҳқончилик, умуман, қишлоқ хўжалиги соҳасидан мутлақо йироқман. Лекин ҒАЛЛА ҳеч маҳал мамлакатни, халқни бойита олмаслигига ақлим етади. Пахтани камайтириш ҳисобига ҒАЛЛА (буғдой) экин майдонларини кенгайтириш фикрини ДАВЛАТЧИЛИК тамойилига киритган ШАХС мамлакат ва халқнинг биринчи рақамли душманидир. Чунки фақат ҚАШШОҚЛИК ва МУТЕЪЛИКка маҳкум бўлишни истаган миллат ва мамлакат ҒАЛЛА ҳосилига умид боғлайди. Бунинг ўрнига ўтган ўн тўрт йил давомида биз пахтани қайта ишлаш саноатини жаҳон андозаси даражасига кўтариш учун бор имкониятни ишга солганимизда эди, бугун аёллар мардикорликка, эр йигитлар ёлланма ишчиликка юз тутмаган бўлардилар.

Ғалла ҳосилдорлиги ортиши ХАЛҚқа эмас, аслида бир гуруҳ мансаб эгаларининг шахсий манфаати учун зарур эди ва бунга эришилди. Чунки пахтани хомашё сифатида истеъмол қилиш мумкин эмас. Лекин буғдойни ҳар бир оила (айниқса, аграр ҳудудларда!) нақд пулга сотиб олади. Сабаби икки қоп уннинг пулига қарийб 200-250 кг буғдой беради. Бу дегани тегирмонда 180-230 кг (4-5 қоп) унга тенг! Энг асосийси, пахтани сотиш жиноят, буғдой эса харидоргир! Қолаверса, пахтани асосан давлатга сотиш мумкин, лекин пахта заводлари уни насияга олади. Буғдойни эса комбинатга олиб бориш шарт эмас, пули ҳам нақд!

Ҳамиша ҳамма давр ва тузумда бўлиб келгани каби, бизда ҳам давлат ва ҳукумат раҳбарини чалғитиш учун турли-туман янгиликларни жорий этишга, шунинг орқасидан шахсий манфаатини қондиришга интилувчи ПЕШВОлар бор. Масалан, соғлом авлод камолоти масаласини кўтариб, спортни ривожлантириш дастури киритилди. Унга кўра, мамлакат бўйича спорт ва соғломлаштириш комплекслари, турли ўйингоҳлар қурилиши режалаштирилиб, миллионлаб хорижий валюталар миллиардлаб сўм ҳисобида маблағлар ажратилишига эришилди. Ва қурилишлар баҳона жойлардаги мансаб эгалари бойигандан бойиди. Бу борада 2004 йилги Универсиада муносабати билан Самарқанд шаҳрида қурилган спорт масканини эслатиш кифоя. Ёки Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманида қурилиши керак бўлган стадионларни эслайлик…Энг ачинарлиси, миллиардлаб сўм сарфлаб қурилган спорт иншоотлари кўпайган сари ТИЛАНЧИ ва БЕТОБ болалар сони ҳам ортмоқда! Шу бесамара иншоотлар ўрнига аҳоли учун турар-жой бинолари қурилганида, кўплаб оилалар шароити яхшиланиб, соғлом авлод тарбиялаш имконияти янада кенгаяр эди.

Энди МИЛЛИЙ МАФКУРА хусусида ҳам қисқача мулоҳаза:

Собиқ тузум тугатилгач, ОКТЯБРЯТ, ПИОНЕР, КОМСОМОЛ таркиблари ҳам ўз маъносини йўқотди. Сўз сифатида эса истеъмолдан чиқарилди. Лекин бугунги авлодни мафкуравий тарбиялаш учун ОКТЯБРЯТ, ПИОНЕР тушунчалари ўрнига янгича, соғлом ва кучли тушунча яратилдими? Бугунги КАМОЛОТ ҳаракати кечаги КОМСОМОЛ даражасида халқ ва Ватан учун ФИДОИЙ бўла оладими? Дейлик, бугун ер юзига ОИТС, террор, наркомания каби иллатлар хавф солиб турган бир пайтда, кечаги октябрят, пионер, комсомол каби иллатларга қарши кенг ва фидоийларча тарғибот олиб бора оладими?

Умуман, кечаги октябрят, пионер ва комсомолнинг “Синф фонди”, “Мактаб фонди” учун пул топиш ташвиши бўлмаган. Кечаги комсомол контракт нима, қишки ва ёзги сессияларни топшириш учун маблағ йиғиш зарурати нима эканини билмаган. Ва шу босдан ҳам Ватан учун макулатура, металлом йиққан. Ёзги таътилда эса студент қурилиш отрядларида халқ учун турар-жой бинолари қурган, тоғларга чиқиб, шифобахш гиёҳлар йиғиб, дориворлик лабораторияларига топширган.

Бугун эса болалар ва ўсмирлар, ёшлар билан ишлаш ҳаракатлари, ташкилотлари ўз фаолиятида кучли мафкура йўқлиги боис ОИТС, террор ва гиёҳвандликка қарши кураша олмаяптилар. Аксинча, хорижга фаҳш ва зино билан пул топиш мақсадида норасмий кетаётган қиз-жувонларнинг деярли ҳаммаси “Камолот ёшлар ҳаракати” аъзоларига тенгдош. Турли экстремистик оқимлар аъзоларининг ҳам аксарияти ёшлар!

Фикримча, бесамара (асосан кимларнингдир манфаати учун) сарфланаётган маблағлар аҳоли турмуш тарзини яхшилаш, коммунал тўловларни қоплаш, шифохоналарни таъмирлаш ва жиҳозлаш, маош ва пенсия пули миқдорини оширишга қаратилганда эди, аҳолининг ўзи ҳар қандай экстремистни парчалаб, гиёҳвандни жиловлаб, террорчини бўғиб ташлай оларди. Бу исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат!

Энди айрим рақамларга кўз ташлаб, аҳоли турмуш даражаси пасайишининг оддий арифметик кўринишини ҳосил қилайлик: собиқ тузумда нон (буханка) 20 тийин эди, бугун – 150 сўм, нарх ўсиши – 750 баробар! Туз 10 тийин эди, бугун – 100 сўм, нарх ўсиши 1000 баробар! Гўшт 1 сўм 80 тийин эди, бугун – 3000 сўм, нарх ўсиши қарийб 1700 баробар. Энг фожиалиси, спиртли ичимлик (ароқ-вино) нархида ўсиш кўпи билан 300 баробарга тенг. Коммунал тўловлар камида 1000 баробар ўсди. Лекин ойлик ва пенсиялар 300-500 баробар кўтарилди, холос! Ғалла ҳосилдорлиги ортди, бироқ уни ҳануз четдан олиб келамиз. Ўзимиздаги уннинг сифати (клейковинаси) Қозоғистон уни сифатидан 1,5-2 баробар паст!

Мамлакат Президенти: “Янгисини қурмай туриб, эскини бузмайдилар!”-деб минг марталаб таъкидлайди. Бироқ давлатчилик борасида бу таъкиднинг акси амалда. Тан олиш керак, бугунги муаммо айнан бир ёки икки йилда юзага келмаган. Кейинги 10-12 йил ичида ривожланиб, чигаллашиб кетгани аниқ. Ўша вақтлардаёқ уларни бартараф этиш имкони бор эди, лекин…Кўп жиҳатдан хорижий ривожланган давлатлар тажрибасига эътибор қаратдик, аммо амалда татбиқ эта олмадик. Масалан, аксарият ривожланган мамлакатларда ЖУРНАЛИСТнинг ўз ўрни, ўз эътибори, ўз мавқеи бор. Айниқса, илдиз отаётган муаммоларни очиқ-ойдин ёритиш тажрибасини журналистлик фаолиятимизда ҳеч иккиланмай қўллаганимизда эди лоақал ЎН ЙИЛ аввал, анчагина муаммолар барҳам топиб, ечилган бўларди. Кўзга кўринган қаламкашларимиз, таниқли шоирларимиз МАНСАБ ва ҲАШАМга эмас, Чўлпон таъкидлаганидек, қучоқ очиб халқ ичига интилганлирида эди, маънавий турмуш даражамиз юксалиб, моддий имкониятлар самарали сафарбар этиларди.

Тоғдек-тоғдек ваъда-ю, жимжимадор Низом ва Дастурларни баланд минбарлардан халққа овоза қилган партияларимиз ўз ваъда ва Низом, дастурлари ижроси учун кураша олганларида, бугун гиёҳвандлик, террор иллатлари бизнинг мамлакатда муаммо бўлмас эди.

Хулоса ўрнида кичик бир таклиф:

Шу мустақил юрт, шу озод Ватан – ҳаммамизники!” дейди Президентимиз. Модомики шундай экан, маҳаллий ҳокимликлар ҳамманинг манфаатига мувофиқ келадиган чора-тадбирларни амалга оширсинлар. Биринчи навбатда коммунал тўловларни камида тенг ярмига арзонлаштириб, ҳозирда қарздорлар қарзининг 50 фоизидан кечиш масаласи кўриб чиқилиши керак. Деҳқонларнинг тўланмай қолган иш ҳақлари қисман натура (ун, гуруч, ёғ) шаклида, қолгани нақд пул билан тўланиши масаласи кечиктирмай ҳал этилиши лозим. Таъмирга муҳтож болалар шифохоналари, туғруқхоналар учун маблағ ажратиш масаласи ўрганилиб, ҳал қилиниши зарур.

Бўш ётган бинолар (меҳмонхона, турли ширкат ва фирмалар)ни турар-жой талабига мувофиқлаштирилиб, аҳолига уй-жой тариқасида арзон нархда беришни йўлга қўйиш керак. 13 ёшгача бўлганларга жамоат транспорти (метро, автобус, трамвай, троллейбус)дан бепул фойдаланиш имтиёзини яратиш лозим. Шунингдек, 1- ва 2-гуруҳ ногиронлари ҳамда 70 ёшдан ошганлар пенсиясини ойига ўртача 80 минг сўм қилиб белгилаш зарур. Ҳозирда янги қурилаётган биноларни турар-жойларга мослаштириш ва аҳолига арзон нархда сотиш масаласи бўйича 2006-2010 йиллар амалий дастури (лойиҳаси)ни ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ.

Элим деб, юртим деб ёниб яшаш керак!”-деб уқтиради Президент. Президент таъкидига ўз фаолиятида амал қилишни чин дилдан истаган ҳар бир раҳбар, ҳар бир ваколат эгаси, энг аввало, элга моддий мадад бериш имконини яратиб, одамларнинг маънавий интилишларига хайрихоҳлик кўрсатиш учун жон куйдиради.

Мақолага нуқта қўйиш фурсати етди. Юқоридаги мулоҳазалар кимларгадир малол келиши аниқ. Холис баҳо эса, ҳар кимнинг ўз дунёқарашига ҳавола, шу баробарида қуйидаги “Йўқ ҳақида бадиҳа” ҳам.

Баланд-баланд иморатлар салобатин қиёси йўқ,

Бири банку, бири кафе, бири маркет адоси йўқ.

Ижарагир, шароити тор хонадан иборат кўп,

Лек уларга уй қурмоққа ҳукуматнинг ақчоси йўқ.

Бой давлатнинг ҳокими бой, қозиси тўқ, суллоҳи тинч,

Ким халқининг қанчаси оч, бир оҳорли либоси йўқ.

Баландпарвоз ваъдалару, ваъдабознинг маддоҳи мўл,

Қарори – кўп, фармони – кўп, ижрочи – кўп, ижроси йўқ.

Муаллими пул йиғади касал, юпун болалардан,

Тиланчидан ҳақдор миршаб, жаҳолатнинг жазоси йўқ.

Биз ҳаммадан зиёдроқмиз!” – деб жар солар маддоҳлари,

Аммо хароб бугунги кун ҳолатига парвоси йўқ.

Жаҳолатнинг авжи баланд: ислоҳотлар инқироздир,

Гоҳи кирилл, гоҳи лотин, орифликка имлоси йўқ!

Дилмурод САЙЙИД