Oct 092012
 

oktober 6, 2012 by admin | Filed under Муҳаррир минбари.

Янги Дунё” интернет саҳифаси боғланган www.yangidunyo.com домени Швециядан Канададаги бизга номаълум хостингга кўчириб ўтказилиб, ўғирлаб кетилганига мана роппа- роса олти кун бўлди. Шу қисқа вақт давомида биз домен юкланган Швециядаги Лоопия серверига бир неча марта мурожаат қилдик. Улар домен асли Канададан сотиб олингани ва Лоопия ширкатига тегишли бўлмагани учун уни орқага қайтариш учун Канададаги сервер эгалари билан боғланиш лозимлигини айтишди.

www.yangidunyo.com Канададаги журналист Фахриддин Худойқулов томонидан бизга сотиб олиб берилган эди. Домен учун пулни ҳар йили ўзим тўлаб турганман. Адашмасам охирги йилларда домен ва Фахриддин акага тегишли хостинг учун хизмат ҳаққини Канадада яшаб, ижод қилаётган таниқли журналист, ”Дунё Ўзбеклари” мустақил интернет газетаси муҳаррири Исмат Хушев тўлаб борган эдилар. (Исмат ака камтаринлик қилиб, бу ҳақда ўқувчиларга маълум қилишимга қаттиқ қаршилик қилганлар ўшанда).

2007 йилда ташкил топган ”Янги Дунё” саҳифаси қариийб беш йилга яқин ўзбек мухолифати ва демократик жамоатчилик кўз ўнгида анча илғор саҳифага ўлароқ шаклланиб улгурди. Ўзбек мухолифати тарихидан ҳикоя қилувчи мақолалар, мухолифат ҳаракати ташкил топганининг 20 йиллиги муносабати билан уюштирилган суҳбатлар, АҚШда яшаб ўтган марҳум олим Хайрулла Исматуллаевнинг ҳеч қаерда эълон қилинмаган оригинал мақола, суҳбат ва илмий ишлари, хориждаги ижодкорларнинг шеър ва ҳикоялар тўпламлари ва бошқа кўплаб материаллар ”Янги Дунё”нинг Канададаги Фахриддин Худойқуловга тегишли хостинги архивидан жой олган эди.

Қариийб олти йилга яқин вақт давомида биз Фахриддин ака билан жуда яхши ҳамкорлик қилдик. Менга саҳифа билан боғлиқ муаммоларни ечишга доимо ёрдам бериб келдилар. Лекин, ҳамманинг ҳам кимгадир ёқмайдиган хунук томонлари бўлса керак, негадир ”Эрк” партияси ёки Муҳаммад Солиҳ жаноблари ҳақида сал танқидий фикрлар ёки изоҳлар камина томонидан эълон қилиб юборилса, саҳифа ўз – ўзидан ”ўчиб” қоладиган бўлди. Шундай ҳолларда дарров Фахриддин акани излаб қолардим. Орадан бир ёки икки кун ўтгач, сайтда қандайдир муаммолар борлиги айтилар ва ”Янги Дунё” яна ишлай бошларди. Айрим ҳолларда саҳифа ҳафталаб ишламай қолган пайтлар бўлган.

Ўша пайтда ”Янги Дунё”нинг мухлислари жуда кўп эди. Ҳар куни беш мингдан етти минггача ўқувчилар саҳифа меҳмони бўлишарди. Сайтнинг дам ба дам ўчириб қўйилиши кўпчиликни биздан ихлосини қайтарди. Кўплаб дўстларимиз имкони борича тезроқ Фахриддин Худойқулов таъсиридан чиқиб кетиб, мустақил бўлишни маслаҳат беришарди. Чунки, Фахриддин ака баъзи давраларда ”Янги Дунё”ни калити ўз қўлида эканлигини, кўпинча атайин саҳифани ”ўчириб” қўяётганини айтган ва бу гап- сўзлар бизгача етиб келган эди. Шу боис, 2011 йилнинг бошларидан Швециядан алоҳида хостинг ва унга қўшиб www.yangidunyo.org доменини сотиб олдим. Фахриддин акадан www.yangidunyo.com доменини ҳам янги сотиб олинган хостингга ўтказиб беришларини илтимос қилдим. Ака бу илтимосимизни рад этмадилар, доменни кўчириб бердилар, лекин архивларни янги хостинг қабул қилмаганини маълум қилдилар.

Биз ”Янги Дунё” архивини тўла ҳолда кўчириб олган эдик. Архив ҳозир ҳам каминада сақланади. Лекин барибир архивни янги хостингга боғланган ”Янги Дунё” саҳифасига кўчира олмадик. Шу боис, бўш вақтимизда архивдаги муҳим мақолаларни янги хостингга кўчирилган www.yangidunyo.com саҳифасига жойлаштира бошладик.

Бу воқеадан кейин ҳам мана орадан беш ойдан ошиқ вақт ўтди. Шу ҳафтанинг душанба куни, яъни 2012 йилнинг 4 октябр куни www.yangidunyo.com домени Швециядан биз сотиб олган хостингдан, Канадага ўғирлаб олиб кетилганига гувоҳ бўлдик. Бу доменга боғланган архив ҳам ўз -ўзидан йўқолди. Энг қизиғи www.yangidunyo.com саҳифасига кирмоқчи бўлганлар ўз – ўзидан Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг www.uzxalqharakati.com сайтига боғланиб қоладилар. Бу чидаб бўлмас даражадаги сурбетлик эмасми?

Камина бу каби адолатсизликка чидай олмай, менга тегишли бўлган доменни қайтаришга ёрдам беришларини сўраб, Швециядаги ўзим яшаб турган полициянинг интернетдаги ўғриликлар билан шуғулланадиган бўлимига мурожаат қилдим. Полициядагилар бу борада суриштирув -текширув ўтказиб, менга маълум қилажакларини айтишди.

Бугун кимдан гумонда эканлигимни, нега мени саҳифамга бошқалар эга чиқиб олгани сабабларини билолмай ҳайрат ичида яшамоқдаман. Балки, ”Эрк” лидери Муҳаммад Солиҳ ҳақида ”Салай Мадаминов – Муҳаммад Солиҳга очиқ Хат” номли Жўра Жовлиев мақоласини эълон қилганим баъзи кишиларга ёқмагандир. Балки 15 асрда яшаб, Муҳаммад Солиҳ тахаллуси билан ижод қилган шоирнинг ”Шайбонийнома” асарини эълон қилабошлаганимиз ҳам кимлардадир норозилик туйғуларини уйғотгандир. Чунки, кўплаб ўқувчилар Муҳаммад Солиҳ номли шоир ўтмишда яшаб ўтган экан, нега Салай Мадаминов ҳам айнан Муҳаммад Солиҳ тахаллусини танлаган деб ҳайрон бўла бошлашган эди. Ҳақиқатдан, бир тахаллусда икки шоирнинг ижод қилиши тушунарсиз. Балки улардан биринчисини Муҳаммад Солиҳи аввал деб, иккинчисини Муҳаммад Солиҳи соний деб аташ керакдир. Ёки қисқароқ қилиб Муҳаммад Солиҳ 1, Муҳаммад Солиҳ 2 десак тўғрироқ бўлар. Яна ким билади дейсиз..

Шундай қилиб, туппа – тузик ишлаб турган ”Янги Дунё” саҳифаси домени куппа – кундуз куни ўғирлаб кетилди. Лекин бу ҳақда бирор матбуот воситалари оғиз очмайди. ”Пона” деган Қудрат Бобожоновга тегишли бир сайт ўтган йили Ўзбекистонда очилмай қолганда ”Озодлик” радиосидаги ака -ука Бобожоновлар ваҳима кўтариб юборишган эди. Айни пайтда хориждаги ўзбек ижодкорлари ва демократик мухолифат учун кўп хизмат қилган бус – бутун сайт йўқолди, улар эса оғиз очмайди. Хайрият ”Бирдамлик” ҳаракати ва Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти , ”Замондош” ва  ”Дунё Ўзбеклари” саҳифалари бор экан.  Улар бу воқеа ҳақида хабар беришди.  Айниқса, Исмат аканинг куйинчаклик билан ёзган фикрлари каминани анча дадиллаштирди.

Дарвоқе, ”Дунё Ўзбеклари” саҳифасида ”Ўзбекойим” ники остидаги бир навжувон ”Янги Дунё” дин ва диндорларни таъқирловчи мақолаларни эълон қилади, шу боис ёпилгани маъқул” қабилида изоҳ ёзибди. Биз олдин ҳам айтганмиз, ҳозир ҳам айтамиз, алҳамдулиллоҳ, ҳаммамиз мусулмонмиз. Бизни динга ва диндорларга ғайирлигимиз йўқ. Фақат дин номини ниқоб қилиб, ҳамма жойни портлатиб юрган радикалларга, ислом динидек тинчликсевар динни дунё жамоатчилиги кўз ўнгида террорчи дин қилиб кўрсатаётган террорчи гуруҳларнинг фаолиятига қаршимиз, холос. Террорчи гуруҳларга адашиб кириб қолган халқимиз фарзандларини дунёқарашлари ва тафаккур тарзларини яхши томонга ўзгаришига ҳисса қўшсак, биз учун бундан ортиқ бахт йўқ…

Демак, ”Янги Дунё” янги доменда ўз фаолиятини давом эттираётганини яна бир марта сиз муҳтарам ўқувчиларга маълум қилиб қўймоқчиман. Бундан кейин саҳифамизга www.yangidunyo.org орқали киринг. Бу домен Швециядан сотиб олинган. Ҳар ҳолда анча ишончли…


Барчангизга чуқур ҳурмат ва эҳтиром билан, саҳифа муҳаррири Юсуф Расул, Швеция.

www.yangidunyo.org

 

http://yangidunyo.org/?p=892#more-892