Oct 052012
 

Мукаммал бахт – шарафли бир Ватаннинг эгаси бўлишдир

Муаллиф shams Таҳлил Сешанба, Октябрь 2nd, 2012

Ўзбекистонимиз йигирма биринчи асрда. Дунёнинг кўпгина мамлакатлари бу даврга келиб, тараққиёт йўлини танлаб, ўз фуқароларини ўз ватани билан фахрланишларига эришди. Бугунги кунларда руслар Россияси билан, америкаликлар АҚШ билан, инглизлар Англияси билан, ҳаттоки яқиндагина қорнини нима билан тўйғазишни ҳам билмай юрган хитойликлар ўзларининг Хитой деган юрти билан мағрур яшашаяпти. Йигирманчи аср ўрталарида иккинчи жаҳон урушини бошлаб бериб, кейин мағлуб бўлиб, шармандаликка учраган Германия ҳам эндиликда жаҳоннинг етакчи давлатларидан биридир.

Ҳа, улар бугун мағрур! У мамлакатларнинг ҳар бирида инсон инсондек яшай олади, агарда у ноқонуний ҳаракатлар қилмаса. Ишига бориб, маошини олиб, бемалол оёғини узатиб яшайверади. Уларни нималар мағрурлик сари етаклади экан? Даставвал мамлакат фуқароларига берилган эркинликлари ва ўша юртнинг ҳарбий қудрати. Мисол учун, АҚШ олдида қайсидир бир мамлакат ўзини қанчалар ожиз ҳис қилса, унга томон шунчалар талпинади ва АҚШнинг соясида яшашга интилади. Ва бошқа буюк давлатларга ҳам шу каби талпинадилар.

Энди бугунги давр ўзбекларига бир назар ташлаб кўрайлик. Бизда фахрланишга арзигулик нима бор? Албатта тарихимиз бор, яъни соҳибқирон Амир Темир жаҳонни забт этгани ва буюк бир империя қургани, гарчи ундан ном-нишон ҳам қолмаган бўлса-да. Негадир ўша ўтмиш билан фахрланишимиз керакдай.  Хўш, бу билан бугунги даврда қорнимиз тўядими, ёки бошимиз мағрур кўтариладими? Йўқ албатта! Демак, Амир Темир номини улуғлаш шунчаки, ҳокимият жиловини ўз қўлида тутиб турган маккор ҳукумат учун зарур, авом халқ учун эса бу бир овунчоқ холос. Бугунимизда ўзбек фахрланишига арзигулик бирор нарса қолмаган ҳам.

Ватанимиз бўлган Ўзбекистон неча йиллардирки, дунёнинг энг коррупциялашган мамлакати сифатида қайд этилаяпти. Бунда ҳокимият пиллапояларида пашша қўриб ўтирган бирор мансабдор бирор инсоннинг бирор мушкулини порасиз ҳал қилиб бермайди ва бу ватанда турма хужайинлари ўзларини энг бахтли инсон деб билишади. Чунки уларга оқиб келаётган поралар ҳазилакам пул эмас. Халқ эса қўрқув ичида ва у мана шу қўрқув ҳиссини енгиб чиқишга уринмаяпти. Ўзбеклар ўз ватани билан фахрлана олса эди, уларни мукаммал бахтга элтувчи йўл ҳам очилган бўларди.

Коррупцион Ўзбекистон ҳозирда Швейцария, Швеция ва Россия тергов органларининг диққат марказига тушди. Сабаби, пул ювиш операциялари ва уларда мамлакатни йигирма йилдан ортиқ бошқариб келаётган Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг иштироки. Ўзбек мухолифати кўп йиллардан бери Гулнора Каримованинг бу каби жиноятларини фош этиб, дунё мамлакатларини огоҳлантириб келаётганди. Аммо ўша дамларда  бунга қулоқ осадиган бирор зот топилмади. Ва аксинча, Ўзбекистондаги диктатор режимини дастакловчилар кўп бўлди. Шу жумладан, ҳаммамиз “Эркин дунё” деб аташга одатланган АҚШ ҳам.

Мухолифат ва ўзбек мустақил оммавий ахборот воситалари маълумотлари тўғри экани бугун ўз тасдиғини топиб турибди. Аммо бундан халққа нима наф? Наф йўқ! Бу билан Швеция, Швейцария каби мамлакатлар банкларида музлатилган миллиардлар ўзбек халқига қайтариб берилмайди-ку. Бу пуллар ҳақиқий эгаларига қайтишини умид қилиш мумкин бўлади, қачонки у ерда халқ иродасини акс эттирган бир демократик жамият барпо этилса.

Инсоннинг қорни тўйса ҳам, кўзи тўймайди дейдилар. Бир кишидан иборат бўлган Такилант ширкати Швецияда 30 миллон доллар миқдордаги пулга эга, Британияда эса 60 миллард фунт стерлингдан ортиқ маблағни ювиб юборган бўлса, Швейцарияда музлатилган пуллар миқдори ҳам Араб баҳори инқилобида ағдарилган диктаторларнинг пулларидан кўп. Аммо Ислом Каримов ва унинг қизларининг кўзлари ҳануз оч. Албатта бу бадбахтликдир! Одамнинг нафси қонмаяптими, демак у камбағал! Қорни тўйганида нафси ҳам тўядиган инсонларни ҳақиқий бахт эгалари, ҳақиқий бойлар десак муболаға қилмаган бўламиз.

Ўтмишга бир назар ташлайлик! Ер шарининг олтидан бир қисмини эгаллаб олган Совет Иттифоқида инсонларни мукаммал бахтга элтувди бир дастур эълон қилинганди. Коммунизм – бу барча учун баробар бахт дегани эди. Агарки унга тўғри амал қилинса. Бироқ бундай бўлмади. Нафс балосига учраган Совет даври амалдорлари Совет Иттифоқини бутунлай йўқ бўлиб кетишига сабаб бўлишди ва коммунизм ғоясининг ҳукмронлигига ҳам чек қўйилди. Худди шундай усулда Ислом дини ғояларини ҳам ўз нафсларини қондиришга томон буриб юборган Саудия Арабистони ҳукмдорлари Ислом қадриятларини оёқ ости қилишмоқда.

Лекин Совет даври айниқса руслар учун каттагина бир мактаб бўлганлигини тан олмай иложимиз йўқ. Иккинчи жаҳон уришида эришилган буюк ғалаба ҳам руслар номи билан боғланади. Уларнинг ҳарбий технологияларда эришаётган ютуқлари ҳам мамлакат аҳлини рус эканлиги билан фахрлантиради. Улар ароқхўрлик билан ҳам машҳур бўлганлари бор албатта, лекин барибир “мен улуғ русман” дея бош кўтара олишади.

Энди биз ўзимизга бир назар ташлайлик! Азиз ватандош, ҳар бирингиз ўзингизга четдан туриб назар ташлангчи. Киммиз ва ўзбеклигимиз билан бош кўтара оламизми? Бугун биз “мардикор“, ёки “фоҳиша” деган ном билан мағрур бош кўтара оламасак керак. Ўзбекистон номини кўтариш учун ҳам ўзбекларимиз соҳиби илм бўлмоқлари лозим. Улар ҳам дунёда ўзбек деган миллатнинг қудратини кўрсата олишлари керак ва шундагина шарафлик бир мамлакатга эга бўлган шарафлик бир миллатга айлана оламиз. Ҳозирда эса турлик жамоаларга бўлиниб кетган оломонмиз.

Бўлинганни бўри ер, айрилганни айиқ” дейдилар. Ватанимиз тўйлар мамлакати. Ҳозирда мана шу бўлинган миллат мардикорлик қилиб бўлсада, қизини эрга бериш ва ўғлини уйлашдан бошқа нарсани ўйламаяпди. Бизни фақат тўйлар бириктира олади, азиз ватандош. Қўлларимизда қадаҳ кўтариб келин-куёвга бахтдан тахт тилагандагина бошимиз бирикиб туради. Бу ҳам бўлса тўй тарқагунигача. Бу ватанда қоладиган келгуси авлодлар тағинда ҳуқуқларидан маҳрум ҳолда қайсидир бир ҳукмрон синфнинг қули бўлиб яшаб қолишлари бировни ташвишга ҳам солмайди. Кўплар ўзини овутади: “Оллоҳнинг берган тақдирини ўзгартириб бўларканми”?

Қизиқ, нега энди тақдирга тан беришимиз керак экан ва наҳотки Ислом қадриятлари бандани шу даражада ҳаракатсиз бўлишга ундаса? Йўқ албатта! Биз ўзимизни ўзимиз алдашга ўрганиб қолганмиз ва бу биз учун бир баҳонадан ортиқ бирор нарса эмас. Худди шу каби баҳонани ўзбеклар орасидаги бошқа динларни қабул қилганларда ҳам учратиш мумкин. Сабр, сабр ва яна сабр дея уқдиришга уринишади кўпгина Ислом уламолари.

Сабрнинг ҳам чети борку ахир! Нега энди Оллоҳдан мадад келишшини кутиб ўтиришимиз керак, қачонки ўттиз миллиондан ортиқ ўзбеклар бир ёқадан бош чиқариб курашга отлансалар ватандаги ҳукмрон режимдан асар ҳам қолмайди-ку. Миллат озод бўлсагина унда шарафлик бир ватан бунёд этишга иштиёқ пайдо бўлади. Акс ҳолда беватан бир қул бўлиб қолаверади.

Қул – бу хўжасининг мулки ва унда ҳуқуқ бўлмайди. У фикр қилмайди, балки унинг учун хўжаси фикр қилади. У қорин тўйдириш ғамини емайди, унинг қорнини хўжаси тўйдиради ва уни хўжаси кийинтиради. Мана шу аҳволда қолаётган миллатда шарафлик бир ватан қуриш туйғуси мутлоқ бўлмайди ва келгусида ҳам бу миллат шу ҳолда қолади, агарки у ўзини ўзгартирмаса.

Инсон мукаммал бахтга эга бўлиши учун ҳам у шарафлик бир ватанга эга бўлмоғи лозим. Албатта кимлардир жаннтатга элтадиган йўлга тушиб олиш кераклигини ва инсон фақат жаннатда мукаммал бахтга эга бўлиши мумкинлигини даъво қилади. Лекин улар айтаётган жаннат қаерда ва биз қаердамиз? Кўпгина миллатлар ўз ватанининг обод бўлиши учун қайғуриб яшапди, унинг учун керак бўлса жон фидо қилади. Шарафлик ватанга эга бўлмоқлик инсоннинг мукаммал бахти теоремасидир ва шундай экан, ўзбек деган миллат ҳам шу йўлда ҳаракат бошламоғи шарт! Бунинг учун миллат бугунги воқеъликларга бефарқ бўлмаслиги, ўз ватанини очкўз ҳукмдордан тортиб олиши керак. Шундагина ватан шарафини кўтариш йўлида ҳаракат бошлаш мумкин бўларди. Шарафлик ватан инсонни улуғласа, инсон ҳам шарафлик ватанини улуғлайди.

 

http://www.uzxalqharakati.com/archives/13637