Sep 282012
 

Ўзбекистон президенти И.А.Каримовга

 

Ўзбекистон Республикаси МХХ вазири

Р.Иноятовга

Ўзбекистон Республикаси ИИБ вазири

Б.Матлюбовга.

Қарши шахар Маҳаллот махалласи

Ёшлик кўчаси 1 уйда яшовчи

Гулшан Қораева томонидан

 

 

 

ОЧИҚ ХАТ

 

 

Ҳурматли Президент!

Ҳурматли Рустам Мирзиёевич!

Ҳурматли Боҳодир Ахмадович!

 

Мен Гулшан Қораева Сизга очиқ  хат йўлламоқдаман. Бунинг боиси шуки, 27 сенябрь куни тахминан 9.00 лар атрофида мен яшайдиган хонадонга Қарши шахар ИИБ дан 4 нафар ходимлар бостириб киришди. Мендан зудликда улар билан кетишимни талаб қилишди. Уч нафар фарзандларим бетоблигини қанчалик тушунтиришга ҳаракат қилмай, улар тушунишни ҳам исташмади. Қўлимдан тортқилаб кўчага қараб судрай бошлашди.

Ўзларингизнинг хабарларингиз бор, менинг ногирон фарзандим бор ва у мунтазам тутқаноқ тутиб туради. Кома асоратидан сўнг мубтало бўлган бу дардга.

 

Тинимсиз тутқаноқлар боламнинг аҳволини оғирлаштиришгача борди. Мен буни яширмайман. Шу сабаб врач тавсияларини олиб келиб уни уй  шароитида даволашни  бошлаганман ва бунинг учун ҳамшира ҳам ёллагандим. Уйга бостириб киришган ИИБ ходимларига вазиятни тушунтирдим, аммо тушинишни исташмади. Куч ишлатар тизимда ишловчиларнинг қанчалик тошбағир эканликларини англаб етганлар фақат бир мен бўлмасам керак.

 

Мен ҳам улардан бир нарсани ёзиб беришларини талаб қилдим: “агар фарзандига бирон кор-хол руй берса, биз жавоб берамиз” деган бир энлик хатни имзолаб ташлаб кетишларини сўрадим. Идорада ёзиб берамиз дейишди. Қандай қилиб ёзиб бериша оларди? Мен кийиниб чиқишимни айтдим ва хонага кириб кетдим. Қўл телефонимни бирдан олиб Тошкентга қўнғироқ қилдим. Ҳуқуқ фаоли Татяна Довлатовага телефон орқали мени олиб кетишаётганликларини билдирдим. Шундан сўнг Нодир Ахатовни рафиқаларининг қўл телефонларига қўнғироқ қилдим. ”Нодир акага айтиб қўйинг, мени олиб кетишаяпти”-дедим.

 

Уй кийимларимни кўча кийимига алмаштириб улар билан чиқиб машинага ўтирдим. Машина ҳам елвезакдак учади. Бир пастда  Қарши шаҳар ИИБ идораси ичкарисига кириб бориб, иккинчи қаватга кўтарилдик. Терговчи Илхом Шералиевнинг хонасига кирдик.

Орқамдан эса анчагина  формалик  ва фуқаро кийимидаги шахслар ҳам кириб келишди.

Мен ўзимдан ўзим қўрқа бошладим. ”Шунчалик хафлик одам эканманда”,- деган уй келаверарди хаёлимга.

 

Терговчи Илхом Шералиев менга қўполлик қилгани йуқ. Ўтиришимни айтдилар.

Шундан сўнг камера суратга ола бошлади. Нега камерага олишаётганини сўрагандим, “бу ўзимиз учун” деб жавоб берди Илҳом Шералиев. Камерага туширмасликларини талаб қилдим. Талабим қондирилди. Ичкарида анча-анча диктафонлар овозимни ёзиб олганлигини билмайман. Мени айбланувчи сифатида чақиртирганини айтиб қолди Шералиев. Мен “давогар ким” деган саволимга, ”охирида дело билан танишасиз” деди у. Айблов хулосаси билан танишим учун бир тўда варағдан иборат қоғозларни қўлимга тутқаздилар. Таниша бошладим. Интернет саҳифаларида Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти сайтида 27 авугст кунида чоп этилган бир мақолада қўшниларимиз бўлган Ойдин Ортиқова ва Барно Адабаеваларни “фоҳиша” деб ёзган эмишман.

 

Шу мақоланинг ўзини менга тақдим қилишларини сўрадим. Бу саволим очиқ қолди.

Мен аниқ эсладим ва терговчига бунақа сўзлар ёзилмаган эдику дедим. Менга бир нарса қизиқ туюлди, яьни саволлар: “Сиз қайси йўл билан бу мақолани жўнатасиз”?

 

Мана шу саволни ўзи менга жумбоқни ечиб берди. Нега деганда “сайтда шу сўзлар бор эди, шундан сўнг олиб ташланган” деган даъвони илгари суришлари учун керак эди. Мен буни тушуниб ўтирардим. Калавани учи А.Бойматовга бориб қадала бошлади. Мен бу ёзилганларга иқрор эмасман, бундай сўзлар ёзилмаган деб айтдим. Бир иккита хабарлар тарқалди. Бир менга нотаниш инсон баьзи гапларни айтиб кета бошлагани тўғрисида. Мен шунда баьзи бир нарсаларни рўйи – рост ёздим.

 

Бошимдан қанчадан –қанча провокацияларни ўтказганим бор. Бефарқ қарамаслигим керак эди. Менга эҳтиёт бўлишимни билдириб кетган эди ўша нотаниш. Фоҳишалар ёлланганини айтганди у. Кимлар дегандим, ”Сиз танийсиз у иккита фоҳишани” деб уқдирди. Мени хаёлим хеч қачон Ойдин Ортиқова ва Барно Адабаевага бориб тақалмаганди ўшанда.

 

19 май 2012 йил менга нисбатан провокация уюшитирилди. Бунда менга икки нафар нотаниш, мендан анча ёш бўлган аёллар  орқалик  “провокация” уюштирилди  Бу воқеа Қарши шаҳридаги 10 ўрта мактаб  яқинида содир бўлди. Дорихона томонга  кетаётгандим ўша куни. Дўконларнинг бирига чопиб кириб қоча бошлаганимда менга ташланиб қолишди.

 

Дўкон эгалари   мени улардан халос қилишди ўшанда. Мени хаёлим яна ўша икки нафар ёш аёлга (балки эр кўрмаган қиздир ҳали) бориб тақалди. Мен уларни таниб қолганман.

Мен ҳам худди  шу воқеани терговчига келтириб ўтдим. Бу провокация уюштирилгандан Ойдин Ортиқова ва Барно Адабаеваларнинг ҳам хабари бор эди.

 

Эртаси кун эса деворларимиз ва эшигимизга ёзиб, чизиб кетилди. Бу вақтда Ойдин Ортиқова қўшни кўчадан невараси учун сут олиб келарди. “Сенга хам бошланибди-да”-деган эди у ўшанда. Мен эса унга жавобан шундай дедим: ”Бу провокация, аҳамият бериш шарт эмас”!

 

Кечаги сенга ташланган аёлларни ишими бу.”- сўровини давом эттирди у. Мен эса “йўқ”, бу эркакларимизни иши” деганман. Ёзувлар ёзилишидан олдин кечки вақт бир нотаниш,  ёши тахминан 30 лар атрофидаги бир йигит кўчамизнинг 10 мактабга кетаётган томонда турган экан. Соат 20.00 лар атрофида эди. Аниқ эсимда!  Мен ҳар куни ногирон фарзандимга соат 8.00 ва 20.00 да дори ичираман. Тутқаноққа қарши. Уйда нон қолмаган экан, навбатдаги дорини ичириб кўчага чиқандим.  Ўша кунлар нон еганимни ҳам, қорним оч ёки тўқлигини ҳам билмасдим. Бу провокациялар нима билан тугаши қизиқтирарди мени.

Қизларим билан дўконга қараб кета бошладим ва ҳалиги йигитга нега бу ерда турганини сўрадим. У эса менга қарата шундай деди: “Таня опанинг ўғлини қирқи экан, шунга ўтирибман”.

 

Бу одамнинг турган жойи мени ҳайратлантирарди.

Таня опани эшиги қолиб, қирқига тешигидан кирасизми? Уни ўзи ўғил туғмаган, ўғли йўқ уни”, – дедим. Бу йигитча ўз сўзидан ушланиб қолди.

 

Таня деган аёл қўшнимиз бор. Кўп қаватли уйларнинг бирида туради. Уни анча бўлди укаси  вафот этганига. Муомилали инсон эди раҳматлик. Мен шубҳаланиб қўйгандим ва нимадир бўлишини сезгандим. Ўша кеча менинг деворларимга ёзувлар ёзилиб кетилди.

Фарзандларим билан чиққаним учундир балки, менга ташланиб қолишмагандир. Уларнинг ўзида ҳам фарзанд бор менимча.  Бу учун рахмат айтаман сизларга. Бир ўзим чиққанимда эди, кўрардим кунимни. Эрталаб тонгда эса мени қўшниларим уйғотишди.

 

Деворингга қара”, – дейишди.

 

Мен ҳам индамадим! Бу иш кечқурун кўрган йигитларнинг маҳсули эди. Буни эса ўша дамда ёзишни унутганман.  Провокация ҳақида терговчига сўзлаб бердим. Мен яна бир бор айтаман:Ойдин Ортиқовани ва Барно Адамбаевани “фоҳиша” деб ёзмаганман. Мени хаёлим ўша иккита ташланган аёлларга қаратилган эди. Бироқ шундай бўлсада мақола бу жумла мутлоқ ишлатилмаган ҳам.

 

Қўшниларимнинг жанжалкашлигини ёзганман холос. Уни жанжалкашлар руйхатида туришини эса  Кунчиқар маҳалла оқсоқоли Тўрақуловдан эшитганман. Унинг олдига борганимда. Шу сабабли ёзганман. Кимнинг ким эканлигини домком билмай  яна ким билсин ахир.

 

Хуллас менга нисбатан тўҳмат ва хақорат моддалари қўлланилаяпди. Мен барибир ҳеч нарсага эриша олмайман. Адолат  менга қолганда бўлмаслигини биламан. Бу шароитда навбат менга етса дарё ҳам қуриб қолади.

 

Терговчига берган асосий саволим шу эди: ”Нега бир томонлама ёндошаяпсизлар, менику қўя туринглар,100 ёшга кирган момомни ҳам аризаси учун биров келиб кета олмадиларинг? Момомни нега ҳақорат қилади Ортиқова, унга ким бу хуқуқни бериб қўйибди? Мен уларни дарахт кесаётган вақти ва урушларида  иштирок этмаганманку? Нега  мени ва акамни хақорат қилади”!

Адвоатингиз борми”? – дейди терговчи.

 

Ортиқова менинг отамни ўлдиргани йўқ, фақат баьзи бир нарсаларни аниқлик киритишим шарт эди”, – деб қўя қолдим.

 

Уят, ҳамда энди бир арзимаган дарахт учун ғалва қилишнинг нима кераги бор эди?

Қўшничилик минг йилчилик дейишади. Хуллас саволлар кўп берилди, жавоблар ҳам шунга яраша бўлди. Мени эса хаёлим касалманд, ногирон боламда эди. Ҳа, айтгандай адвокат ёллашди. Ўзлари эса менга ўзим адвокат ёллашимга рухсат беришмади ва қаердандир гувоҳлар ҳам топиб келишди.

 

Бир бало қилиб чиқдим ва ИИБ дан кетишим кераклигини айтдим. Уйга келсам болам бечора жойида сийиб, яхлаб ётган экан. Судиргиси тутибди. Уйдагиларим эса ҳаммаси шок ҳолатда унга эьтибор ҳам беришмаган экан.

Ўша кеча болам иситмалаб чиқди. Бугун ҳам иситмалаб ётибди. Тинмай укол дори  қилаяпман. Биламан, мақсад мени қамоққа олиш. Менга эса болаларимсиз ҳаётимнинг мазмуни йуқ.

 

Мен 4 соат ушлаб ўтирилганимга,болам сийиб иситмалади. Мен туфайли фарзандларим бундай жавоб бермаслиги керак! Буларнинг гунохи нимада? Балки улар менинг фарзандим бўлганлари учун жавобгардирлар.

 

Кеча анча ўйладим  ва шу қарорга келдим ва яқин кунлар ичида ўз норозилигимни Қашқадарё вилоят ҳокимлиги олдида қатъий бир усулда намоён этаман. Қонунлар олдида барча баробар дейсизлар, лекин қани ўша тенглик? Нега менга нисбатан туҳмат уюштириладию, қонунлар орқалик ўзимни ҳимоя қила олмайман? Нега судлар ва терговчилар ишни бир ёқлама кўради? Бу саволларга сизларда жавоб йўқ! Яқин кунлар ичида Қашқадарёда инсон ҳақлари топталганлигини очиқлаганим учун сиёсий қурбонга айланишим аниқ.

 

 

28 сентябрь, 2012 йил.

Гулшан Қораева

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти

Қашқадарё вилоят бўлими раиси.