Sep 152012
 

Ўзбекларда ким ким эканлигини аниқлаш жуда осон. Халқда шундай бир ҳикмат бор: “Сен менга дўстларингни айт, мен сенга кимлигингни айтаман”. Бир йилча бўлиб қолдди, интернет тармоғида мен ҳақимда хабарлар тарқалмоқда. Менга ва умуман Қораевларга турли туҳматлар уюштириш, кўчада дўппослаб кетиш каби, ҳаттоки дарвозаларимизгача булғаб кетишлар ҳам ёритиб борилди. Сабаби оддий: халқаро жамоатчилик билсин ва фикр қилсин!  Эртадир ёки индин тўсатдан қамоққа ташланишимиз мумкин, қийноқлар остида қилмаган жиноятларимизни бўйнимизга олишимиз мумкин. Бу воқеълик қачондан ва нима сабабдан бошланганлигини ҳамма билиб туриши керак. Айниқса халқаро ташкилотлар! 

Ўзини Ўзбекистон Бирлик Халқ Ҳаракати Партияси деб атайдиган Абдураҳим Пўлатов ва унинг бармоқ билан санарлик гумашталарининг “Ҳаракат” сайтида 14 сенябрь куни чоп этилган  хабарни ўқиб лол қолдим http://www.harakat.net/el_news.php?id=12162. Бекорга айтмайдилар ахир: кир сув ўрага оқади! Ўзбекистон ҳақида хабарлар тарқатадиган бу сайт мағзава ўрасига айланганига кўп йиллар бўлди ва ўзини етук бир сиёсатчи сифатида тақдим этишга одатланган Абдураҳим Пўлатов Ўзбекистон МХХ сига бел боғлаб хизмат қилаётгани бировга сир эмас. Бундан Пўлатовнинг ўзи ҳам фахрланса керак.

Абдураҳим Пўлатов сиёсий лидерлик васвасасига чалинган бир бемор бўлиб, барча мухолиф кучларнинг ўзининг атрофида жипслашишга чақириб келади. Лекин буни қарангки, унинг атрофида жипслашганлар сони хориждаги ва мамлакат ичкарисидаги аъзоларини қўшиб қўшиб ҳисобланса  ўн ёки ўн беш нафар одамни ташкил этади холос. Шундайларнинг уч нафари Қашқадарё вилоятида. Ранг кўр, ҳол сўр дейдилар! Демак бу “лидернинг” лидерлиги ҳам шунга яраша. 

Мазкур сайтга гўёки хат юборган менинг қўшним Барно Адабоева анча дарду ҳасрат қилибди, бирор ҳақ сўзни айтмабди. Ҳар қалай “harakat.net” сайти ҳам “pressuzinfo.uz” сайтидан мутлоқ фарқ қилмайди. Сўнги йилларда бу каби мағзава сайтлар ёмғирдан кейинги қўзиқоринлардек потраб кетаяпди.

Барно Адабаева жуда кўп гапларни ёзибди. Бу даъволарга эьтибор қаратадиган бўлсак, менинг жияним Бархаёт уни ушлаб тургану, акам Санжар уни урган эмиш. Қизиқ, Барно Адабаева қўпол бўлса ҳам акам Санжар Қораевнинг у ёғига қачон ёпишиб жони борича тортиқлаган экан? Янгам Пўлатова Зилолани сонини қачон тишлаб олган у? Албатта бу хабарни Барно ёки унинг онаси Ойдин Ортиқова ёзгани йўқ. Улар “Ҳаракат” сайтининг борлигини ҳам билишмайди. Бу хабарни ёзганларни ички ишлар бошқармаси ва МХХ дан излаш лозим. Хатни ёзиб бераётганлар нега акамга ва янгамга шикаст етказилинганлигини инобатга олишмади экан?


Менинг итим заҳарланганлиги ҳақида унга ҳеч вақт дардиҳол қилмаганман. Бу воқеа менинг Франция сафарига кетишим олдидан содир бўлганди. Умуман олганда мен Ойдин Ортиқова ва Барно Адабоевалар билан ош-қатиқ эмасман ва ош – қатиқ бўлиш ниятим ҳам йўқ. 

Энди Адабованинг даъво қилаётгани, электр қуввати масласига келадиган бўлсак, эмизиклик ёш болани кўкракдан ажратиб, суньий йўл билан катта қилаётган аёл қандай қилиб боланинг  қорнини тўқласин? Айниқса на газ ва на электр қуввати таъминотида узилиш бўлиб турган бўлса. Буни тасаввур қилиб кўрингларчи?


У айтаётган вақтда саккиз кун электр қуввати  бўлмади.  Кўчамиз охиридаги 10 мактаб ҳовлиси ичидаги трансфарматор 57 ТП ишдан чиқди. Нафақат мен, балки бутун маҳалла аҳли ўшанда ҳокимиятга ва бошқа ташкилотларга борган эдилар. 10 мактаб ичкарисида эса ҳамма тўпланг  қилганди. Ўша вақтда ҳам мендан кўришган эди, гўёки мен халқни кўтаргандим. Мен мактаб ҳовлисидаги 57 ТП га борганимда. Бир киши ўз ҳаққини ҳукуматдан талаб қилса бу “шантажлик” бўладими?

Яна бир бор юқоридаги саволга қайтсам: Барно Адабаева бу нарсаларни ёзишни, “Ҳаракат” сайтини қаердан била қолдийкан? Мана бу савол хамма нарсага ойдинлик киритади!

Яна бир ажиб томони Барно Адабоеванинг “Ҳаракат” сайтида чоп эттирган хатидаги қуйидаги жумлалар: “Ўзларини мусулмон, деб билган Қораевлар беш вақт номоз ўқиб туриб, ожизани ўлар ҳолатда дўппослашлари, оғизда тутиб бўлмас сўзлар билан ҳақоратлашлари мусулмончиликка тўғри келармикан? Афсуски, улар ислом динини ниқоб қилиб олган шайтон малайларига ўхшайдилар”.

Нега бу жумлалар келтирилди экан? Ахир беш вақт намоз ўқийдиган биргина акам Тўлқин Қораев ҳозир сиёсий бошпана олиб Швецияда яшаяпди. Мақсад ойдин: Қораевлар оиласини “ваҳобий”, “ҳизбут таҳрир”, ва лозим бўлса яна бошқа диний жамоаларга аралашган деган даъво илгари сурилиши мақсад қилиб олинган. Яна бир бор эслатаман: бу мактуб МХХ ёки ички ишлар идоралари томонидан ёзилган! Ойдин Ортиқова ҳам, унинг қизи Барно Адабова ҳам бу каби жумлаларни ёзишни билишмайди.

МХХ  ўтган йили мени ўзлари билан ҳамкорлик қилишга даъват этганларида рад қилгандим. Тағин бу ҳақида интернет тармоғида маълумот тарқатдим. Худди ўша кундан менга нисбатан таъқиб ва таъзйиқлар кучайиб келаяпди. Абдураҳим Пўлатов эса кўп йиллардан бери МХХ нинг дастёри. Нима учун Барно Адабоеванинг мактуби “Ҳаракат” сайтида пайдо бўлди экан? Жавоб эса бу: мағзава кир ўрага оқади! 

15 сентябрь, 2012 йил.

Гулшан Қораева

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти

Қашқадарё вилоят бўлими раиси.