Sep 022012
 

 

ҚОРАНГИЗНИ КЎРСАТМАСДАН,ҚЎРҚИТМАНГ-ДА,ОТА

Ё тавба?! “СНБ” ми-ей,“КГБ”ми-ей деганининг  (номиниям билмайман буларнинг,қаранг!) турқи шунақаям совуқ бўладими? “КГБ”дан кўра кўпроқ каззобга ўхшайди-ю булар? Ёки одамларнинг кўнглига қутқу солиш учун бу соҳага атай шунақанги турқи совуқларни олишармикан-а? Буларнинг турқини 4 ёшли бола кўрса,шайтонлаб қолади-ю? Қизиқ-эй,шуларниям қўйнида қизбола қўрқмай ётармикан-а? Ааа-аа-ааа,саҳал бўлмаса шайтон қиёфасида бу шохол (Шакал)лар менгинани нақд инфаркт қилиб қўяй дейишди-ю?!

Йўқ,аслида,шу бугун – 1 сенябрь куни эрталаб “Боғдодда тинчлик” ҳукмрон эди-я!

Бир нуқсоним бор,шуниям қистириб ўтай:уйқусизлик дардига гирифтор бўлганлардан бир ўзим бўламан. Тунлари турфа сайтларни титкилаб тонг оттириш тарки одат. Тун билан кун деганлари алмашиб бўлган менда. Уйқудори ичиб олмабсиз-да,дейсизми? Оҳ,боврим-а,  нима кўп,Худойимнинг куни кўп,тун деганларида уйқу дорини отиб олаверсам,ичим ўлгур “аптека” бўлиб кетади-ю? Бунисиям майли,дори сотиб олишга соққани ўзи борми деб сўранг аввал? Тузумнинг шарофати билан ишсизлар қаторини кўпайтириб турган бўлсак? Шу кечаям тонги соат 6.00да  кўзларимни “скоч”лаб олиб,зўрға уйқуга кетганман.  Шунинг учун бўлса керак,эрталаблари тилло товоқда таом келтирсангиз ҳам  то соат 11.00 га қадар турмайман,туролмайман. Аммо бугун бошқача бўлди.  Соат миллари 8 ни кўрсатмасданоқ қўл телефоним жиринглаб,уйқумни ўғирлади. Гўшакни кўтарсам,узоқ вилоятдаги қадрдонларимдан бири экан:“Опа,бугун оқ либосда норозиликларингизни намойиш этмоқчийдингизлар,тинчмисиз?” деган луқма уйқумни ўчирди. Соат тўққизмиди, билмадим,“Бугун нонга ўзим чиқа қоламан”  дея,  қизимни қўзғатмай,“разветка” қилиш учун кўчага отландим.  Йўқ,атроф сув қуйгандек…. Ҳеч бир ҳадикнинг “ҳиди”ни сезмадим…Худди ана шу нарса куч бердими,билмайман,кечки салқин билан “Бирдамлик” Халқ демократик ҳаракати илгари сураётган нозўравон усулни – оқ либос орқали мавжуд режимга бўлган қаршилигимни кўрсатиб қўйиш  учун яна кўчага чиққим келиб қолди денг…Аслида муддаом хусусида кечанинг ўзидаёқ “Америка овози”,“БИ-БИ-СИ” радиоларига “сайраб” ҳам  бўлгандим…Хуллас,муддаога мувофиқ  қизимни қаторимга қўшиб,“Фарҳод” бозорига отландим. Нега энди айнан “Фарҳод”га дейсизми? Нега бўларди,“Халқнинг қандай яшаётганлигини,фаравонлигини кўрмоқчи бўлсанг унинг бозорига боқ. Зеро, омманинг турмуши бозор расталарида акс этади!” дейишган-у,эштмаганмисиз? Ва яна “Шод бўлсанг –мозорга бор,оч бўлсанг – бозорга бор!” деган даъват ҳам йўқ эмас. Нега шундай?  Фикру ожизимча,  бахтдан босар-тусарини билмай қолган банда мозорга борса бу дунёнинг фонийлигини туйиб,тийилиб қолармиш…Оч одам бозорга борса,расталардаги неъматларни кўриб,кўзи тўярмиш-да. Шундай. Хуллас,биз ҳам кўзларни қувнатиш учун оқ либосларни  иливолиб бозорга бўйлаймизда,яна қаерниям кўзлайдик?!  “Парк”га – “Ғофур Ғулом”га йўл олай десам,қизим ёш эмасми,ҳали “Ана у “качели”га учаман,ҳали бунисига” деб киссамни касал қилишини биламан-да. Ҳа,нима,нарвоннинг тепасига бирдан сакраб чиққан одамни кўрганмисиз? Йўқ-да! Ҳа,майли,тортишманг, бўлса,бордир,аммо бир- ярим бориям қовурғасини қайириб олгани аниқ! Шунинг учунам,нарвонга битта-битта қадам қўйиб кўтарилади-ю,шундайми? Марафоннинг биринчи кунидаёқ Мустақилликка (майдонига!) мўралаб ўлдимми? Бу тухумдек бошимиз режимнинг болғасида тухумдек чақилмаса,Бош майдонни зиёрат қилиш,“О.С” (Оқ Сарой!)  томон ҳам “сакраш” насиб этиб қолар,деб  кўнглим ўлгурни кўндирдим-да! Ҳа,сизнингча нима қилишим керак эди?

Бундоқ пастга тушиб  қарашим билан кўзим тушгани шу бўлди: оқ рангли РАФ десам,РАФмас,  микроавтобус десам,уяммас,хуллас,автобусдан майдароқ,РАФдан каттароқ бир машина турибди подъездимизнинг тумшуғида  кўндаланг бўлиб. Эрталаб йўқ эди чоғи,деган ўй ўтди кўнглимдан. Бу русмдаги машинанинг номини билмаганимдан кейин нима ҳам дердим,келинг,энди ўзимниям,сизниям кўп қийнамай,шартли равшида РАФ деб қўя қолай,биров мени судга берармиди,қозининг қаршисига судрармиди дейман-да. Хуллас,РАФнинг ёнида узун бўйли,басавлат тепа кал рус миллатига мансуб бир эркак  ва буталмаган бутага ўхшаб тарвақайлаб кетган яна иккита ўзбек киши ту-ууурипти!. “Кутилмаган меҳмон”лар бизни кўриши билан гуё биз еб,улар қуруқ қолган кишидек,сигирқараш қилди. Нигоҳлари совуқ,қарашлари қахрли. “Булар ким бўлди,қизим?” дедим секингина.  “Ана у сизнинг “охрана”ларингиздирда,ойи” дейди қизим  ҳозиржавоблик билан.  “Қайдам,қани,кетаверайликчи?” дедим-да,  илдамладим…Йўқ,ҳартугул, ортимиздан “ис” олишмади,қолишди. “Ҳа,“Ққўрққанга қўш кўринар” деганларидек,бекорга ҳадиксираган эканмизу,болам. Бегоналар экан чоғи,ортимиздан изма-из келишмади-ку?” дедим  қизимни, унданам олдин ўзимни овутиб. Бир томондан,рости,ҳафсалам ҳам пир бўлди.  Бунинг ҳам ўзига яраша сабаблари бор:

Менинг “телохранителларим йўқ!” деб мақтаниб қўйган жойим бор. Бу талтайишим қимматга тушган,агар билсангиз.    “Эшонқулова ИИБнинг итваччаси,у “Бирдамлик”ни ичидан емириш,тарқатиб юбориш учун махсус ташланган “қулоқ”лардан!” деган мазмундаги маломатли матн муаллифларига   “илҳом” берган!  Йўқ,мен тушунмайман! Нега энди айнан ИИБ? МХХ эмас? Йўқ,менга сабаб кўрсатинг-да? Нима,умримда бир бор дийдорини кўрмаганим –Баҳодир Матлюбов деган “министр” Самарқнадлик бўлса,мен айбдорми? Гапни бунақасига олиб қочадиган бўлсангиз,ОТАМИЗ ҳам ўша юртдану. У ҳолда мен Матлюбов деб майдалашиб ўтирмай,тўғридан-тўғри ОТАнинг айғоқчиси бўлиб чиқишиб керак-ку? Фарғонадан бўлсам,  Рашид Қодировга “тегишли” бўлармидим? Тошкентда туғилганимда Рустам Иноятовнинг ини бўлиб чиқармидим? Киндик қоним Самарқандда тўкилганига пушаймон қилдирманг-да энди,дегим келади-ю…. “Муаллиф”нинг номи йўқ,нишони йўқ. “Тахаллуси бор” экан,холос…Ҳа,майли-да…Ўрта ичида аросатда қолганим,икки ташкилот ўртасида – ҳавода муаллақ бўлиб турганим қолди-я?! Қараг-а,шу бугунам,“Ҳа,қайга,хоним!” деб йўлимни тўсадиган азамат йўқ.  Бу режим деганлари бунча маккор бўлмаса? Пичоқнинг сопини ўзидан чиқаради-я? Менга нисбатан бўлган шубҳаларни шардек ишириш учун атай ўз ҳолимга қўйиб беришади  денг  ўз ёғимга ўзимни қовурии-и-и-иииб? Қойилман лекин,энасининг сутини ангишвонада пишириб ичган деганлари худди мана шу соҳанинг одамларига нисбат бериб айтилган бўлса,ажабмас…Урганиш керак,ҳааа-а-а-ааа,шайтонга ҳам дарс берадиган бу рақиблардан ҳам анча дарс олиш керакка ўхшайди ҳали…”,деган хаёлларга берилии-иибб кетаяпман. Бу ёқда,қулоғим тагида Юлдуз қақшаб ётибди:“Ҳечкимга бермайсиз сени,Ўзбекистон!” деб! Ажабланманг,қулоқда телефонга уланган “наушник” бор-да. “Юлдуз бор вужуди билан куйлаётган шу шеърнинг матнини ким ёзган экан-а? Ҳеч муаллифига эътибор бермаган эканман-да. Аммочи,шоир шу шеърига куй басталанишидан,қўшиқ бўлишидан олдин таҳрир қилиш учун менга тутқазмаган эканда-а? Афсус…Йўқ,қўрқманг,ҳеч бир жойига қалам текказмасдим. Фақат бир жумласигагина ўзгартириш киритардим,холос:“Ҳеч кимга бермаймиз сени,Ўзбекистон” деб эмас,“Каримовга бериб қўймаймиз сени,Ўзбекистон!” дея тузатиб қўярдим,вассалом!  Ва ё “Ислом отага бериб қўймаймиз сени,Ўзбекистон” десак ҳам бўлаверади…Эсиз,шу шоир ҳойнаҳой менинг маҳоратли таҳрирчи эканлигимдан бехабар қолган бўлса керак-да…” деган армонли ўй ҳам меҳмон бўлиб қолади денг гоҳо мияга…

Фотограф”им,ҳам “телеоператор”им –қизим қанотимда,юрибмиз бозор кезии-и-и -ииб. Аксига олиб менгинадан ўзга адашиб бўлса-да оқ либосни эгнига илган биргина одам йўғ-а катта бозорда? Ё тавба. Кун ёндираман дейди-ку?  Шундоқ жазирамада қаро кийимга бало бормикин? Арабларга ўхшаб қуёш куйдирмаслиги учун оқликка ўраниб олмайдими бу одамлар? Жонининг қадрини билмасаям қийин эканда қишига?  Ҳа,майли,зоримиз бор,зўримиз йўқ. Битта  бўлсаям,мана,биз,ўзимиз бор эканмизу,деб кўнгил ўлгурни алдаб,аллалаб юрибмиз-да. Онда сонда қизим сураткашлик “маҳорати”ни ишга солиб қолади денг. Бир пайт милиция формасидаги бир ака ёш суратчига “ташланиб” қолса бўладими?:“Нимани расмга тушираяпсан?” деб. Қарасам,шимини инобатга олмаганда,шу бугун милиция акалар оқ куйлак кийиб олишибди. Бирам ўзларига ярашганки,айтиб адо қилолмайсиз? “Ҳамфикрмиз чоғи?” луқма ташладим Ҳукуматнинг одамига. “Нима?” деди у менга энсасини қотириб. “Йўқ,ҳечнарса,ака. Бу менинг қизим дейман…. Мени суратга олаяпти. Ҳорижда бир жигаримиз бор. Ватан манзарасини кўз-кўз қилмоқчийдик” деб  зўрға ҳалос бўлдик. Ул-бул харид қилган киши бўлиб,  кичиккина бозорча расталарини нақд икки соат кезганимизниям сезмай қолибмиз. Шукур,ҳаммаси тинч ўтди-ю,бироқ бор ваҳима бу ёқда,“дом”имизнинг қаршисида кутиб турган экан,билмабмиз. Думоғимиз чоғ!  Хурсандлгимиздан лаб-лунжимизни йиғиштиролмай уйга қайтаётсак  уйимизнинг қаршисидаги ойнали дўкон ёнидаги йўлакда яна ўша “РАФ”чилар! Алпқомат уч киши!  “Тулпор”ларини кўчанинг ҳув муйилишига келтириб қўйиб,қўлларини белларига тирааа-а-а-аааб туришибди.  Бизни кўриб,улардан бири,иширилган шардеги биз томонга копток янглиғ юмалаб кела бошлади. Қани эди шу топда Марадонами,(яна қандай фудболчилар бориди-я?) ҳа,камида Миржалол Қосимов бўп қосанг-да,қаршингдаги “копток”ни ўхшатиб бер тепсанг! Учиб бориб,дарвозалардан бирига “гол” бўлса,кириб кетса,қанийди?!  Вой,бу “копток”нинг нигоҳи ўткирлигинии-и-и-ииии? Тешиб юбораман дейди-я? Суқ билан қарасаям кошки эди? Гуё биз унинг отасини ўлдиргандек,  нафрат билан тикилади денг! Йўқ,адашмабман,тўғри бизни мўлжалга олиб келаяпти. Ҳали айтдиму,МХХчиларга сираям ўхшамайди-да,бангибашара,кўпроқ “наркош”ларни эслатади-я? (Гиёҳвандларни биламан-да. Наркомания хусусида нақд икки йил кўрсатув тайёрлаганман-а). Ранги кесакдай кўкариб,мурдадек оқариб кетган-а? Яна юзини ҳанжар тиливорганми-ей,тикилганми-ей. Нигоҳларим билан чамалаб кўрсам,ҳажми нақд 200 кило келади-я? Нима бало,сўқим қилиб сўйишга боқишганми дейман буни,деган ўй кеп қолди каллага…Индамасанг,чакканга тушириб,оч биқинингга калла қўйиб  қолса. Шундай чўти бор-а? Бу пайтда қўлоғимни қоматга келтириб яна Юлдуз бўзлаяпти:“Дунёё-ёёё,дунёё-ёёёё,бир кам дунёё-ёёё” деб! Одатда,қулоғи оғирлар балан овозда гапиришади деб эшитганим бору,бироқ  аҳамият бермаган эканман. Бугун айнан ана шу гапнинг исботини кўрдим. Сўқимга боқилган буқадек биз томонга сигир қараш қилиб келаётган нусхани кўриб,капалигим учиб кетди. Жуда ғазабнок. Айни байрам кунида боласининг бағрида ўтириш ўрнига кун узоқ подъездимизнинг ярим ставка қоровуллигини олиб турган бўлса,мен айбдорми?:“Қара,анавилар ҳалиям шу ерда экан. Биттаси бизнинг ёнимизга келаяпти. Қўрқма!”,деворибман қизимга. Қулоғимда қўшиқ янграётгани учун баланд овозда айтиворибман-да. Менинг гапларимни эшитган заҳоти “йўлтўсар”имиз шартта ортига ўгрилиб кетди-да,бориб “РАФ”нинг эшигини очди. Қаттиқ оҳангда гапириб қўйганимдан ўзим бехабар,унинг нега ортга қайтганидан  ўзим ҳайрон!:“Буниси эшикни очиб шай қилиб турса,  бизни тортқилаб кетиш учун қай бири қай томондан ҳужум уюштираркан?” деган ҳадикдаман-у,аммо атрофимга аланглашга ғурур йўл қўймайди. “Дом”имизга етгунча ҳали анча бор. Бундай пайтда подъезд зиналаридан кўтарилиш ҳам хатарли. Яхшиси,дўконга кирганимиз маъқул. Ҳарҳолда,одам  гавжум…. Дўконга қайрилдик. Зумда дукон атрофини уч “норғул” ўраб олди. Улардан бири дўкон эшигининг тагида “қоровул”. Дўконча ойнали эмасми,уларнинг барча ҳаракатлари шундоққина кўриниб турарди…

–         Келинг,опа,нима керак?,–сўради таниш бўлиб қолган сотувчи.

Нима дейман унга? Харид қилишга кирганимиз йўғу?

–         Нонларинг “свежийми?”,–сўрадим. Нимадир дейишим керак-ку?

–         Ҳа,опа,ҳозиргина келди!

–                     Уйда нон бор эди шекилли-а?,–ортга,қизим томон қайрилдим. Аслида,мақсад,қизимдан сўраш эмас,“эшик оғаси”ни кўриш эди. Йўқ,эшикка дастасини тираб,гапимни эшитиб турибди ҳалиям. Нима қилсам экан? Дўкончадан чақсаммикин? Чиқишимиз билан,таппа босиб,машинага солиб олиб кетишса-я? Камига қизимния оппоқ кийинтириб олганман-да? Эй-ййй,дўкон биқинидан қўним топган мана бу писта фурушларга ҳам бир ойлик гап топиладиган бўлди-да,энди. “Халқ радиоси” булар. “Озодлик”,“БИ-БИ-СИ” деганлари ип эшолмай қолади буларнинг олдида. “Америка овози” нима бўпти буларга. Даҳамиздаги 50 домда истиқомат қилаётган одамлар хабар топади энди бу текин томошадан:“Фалон “дом”нинг фалон хонадонида яшовчи фалончини….. “ўғирлик қилгани” учунми,“ғарлик қилгани” учунми,“пора олгани учунми” қўлига кишан солиб,олиб кетишди…” дея достон қилишади ҳали!. “Ҳа-ааа,Эшонқулова-я,шу ҳолинг боракан,муҳолифман деб нима қилардинг” деманг,таъна қилманг. Мен қўрқаманми? Мен-а? Йўғ-э,  қуён юрак экану,Ҳукумат учун шулар ҳужум қиладими ҳали,дея кўрманг,ҳафсалангизни пир қилманг,жаа-аа,ерга урворманг одамни унақа қилиб…. Ўзимдан-ку хавотир қилмайман-а,қўрқувдан қалт-қалт титраётган мана бу қизалоғимдан ташвишдаман-да. Ҳа,нима,“баҳонам” ўринга ўтмадими?…Эй,нима бўлса бўлар,қош қорайгунча дўконда ўтирмайман-у,деб дўкон зинасига чиқсам,“йўлтўсар”лардан бири шундоққина тумшуғимнинг тагида турибди. Унга шунақанги совуқ қараш қилдимки,сесканиб кетди-ёв ўзиям! Ёвқараш қилдим. Қилдиму…. таниб қолдим….  Ким эди бу? Бунчалар таниш? Қаерда кўрганман? Йўқ,шунчаки кўрмаганман,ҳатто гаплашганман ҳам!  Хотирлашга ҳарқанча уринмай,қурқувнинг кучиданми,билмадим,ҳарқалай,қўлимдан келмади,эслай олмадим. Йўқ,ҳартугул мен қўрққандек бўлмади. Таппа босишмади ҳам,машинага солишмади ҳам. Эсон-омон уйимизга чиқиб олдик,шукур.  Уйга қизимни қўйдиму,уст-бошимни халатга алмаштириб,яна кўчага отландим.

–         Сен ўтириб тур. Эшикни ҳеч кимга очмагин. Мен ана у РАФни расмга олиб келай,–дедим.

–          Йўқ,борманг,сизни олиб кетиб қолишса мен нима қиламан? Сизни улар таниб қолишган. Ҳозир кола олиш баҳонасида бориб,ўзим суратга олиб келаман,–деди қизим. Қайтиб чиқишимга изин бермади.

Сураткашлик ҳунарини кўрсатиш учун ўзи ҳовлига тушиб кетган қизим,кўп куттирмай қайтди. Афсус,аллақачон РАФнинг қораси ўчиб бўлган экан…. Расмга ололмай,армонда қолдик…Аммо сиз кўп куйинманг,ҳали олдинда марафоннинг яна 9 куни бор. Бу дегани,  бангибашара “тан соқчи”лар мен билан кўп тўқнаш келади ҳали…Суратларни муҳилашга улгурсак керак-ов…

Улар ким эди,билмадиму,аммо бир нарса аниқ:махсус хизмат ходимлари! Эрталабдан эшигимнинг тагига тахминан 15-16 киши жо бўладиган автоулов олиб келганига куясизми?  Нега? Чамаси,улар “дом”дан кўпчилик бўлиб чиқишимизни кутишган. Мабодо,оқ либосда бир гуруҳ  бўлиб чиққудек бўлсак,қушхонага аталган қўйдек барчамизни  қўтонга – РАФга қамаб,ўзлари кўзлаган манзилга элитмоқчи бўлишган кўринади. Кута,кута қарашсаки,якка ўзим. Ёнимда қизимдан ўзга кимса йўқ…“Ёлғиз отнинг чанги чиқмас….” дея ўпкаларини босиб олишган бўлса керак-да.

Тўғри,мен бугун якка эдим,ёлғиз эдим. Аммо эшитмаган бўлсангиз айтиб,яна қайта бии-и-иир эслатиб қўяй:Ёлғизнинг ёри Худо дейишади!

Аммо мен бугун юқоридагилар хусусида ҳасрат қилмоқчи эмасдим,ЮРТ ОТАСИдан ўпка-гина қилмоқчи эдим:  ТВда ишлаб юрган кезларимда махсус хизмат ходимларини кўргандим,ҳатто кўрсатув тайёрлаш жараёнида ҳамкорлик ҳам қилган  пайтларим бўлган. Ажабтовур одамлар эди-ю,ота? Шунданми,мен махсус хизмат одамлари деса бўйнига бўйинбоғ боғлаган,қўлини кўксига қўйиб,ним (майли-да,айёрона бўлса-да) табассум қилиб  турган серсалом,сертавозе одамсурат инсонларни тасаввур қиламан. Нима,ТВ,радио,газета журналлар билан ҳамкорлик қилиш учун хушбичимгина махсус хизмат ходимлари танланади-ю,биз шўрлик мухолифларнинг лабидан учуғ тошириш учун бангибашара,девқомат каллакесар қиёфали йигитлар ташланадими? Шуям инсофданми,ота? Нима қилмоқчисиз ўзи? Яна икки бор шу тариқа қўрқитсангиз,совуқ “подвал”ларингизни кўрмай “армонда” кетаман-ку? Эшигимнинг тагидаёқ юраккинам қоқ ёрилиб ўлиб қоламан-ку? Ғирромликни йиғиштиринг,қорангизни кўрсатмай турибам,кишини қўрқита олиш санъатини қўлламанг,  кўзбойлоғичликни қўйинг-да энди,ота. Ўйинни қоидаси билан,ҳалол ўйнанг-да энди? Майли-да,сиз билан курашиб,олишиб бўлса-да,100 билан юзлашмасам ҳам,  жа-аа бўлмаганда сизнинг ёшингизга етиб ошпалов ошаш  истаги бор кўнгилда,отажон.  Илтимос сиздан,қаршимга шайтон башара шотирларингизни йўллаб,юрагимни ёрманг-а? Ўзи шусиз ҳам ҳозирданоқ лабимдан учуқ тошиб кетди. Шу алфозда 10 кун давомида оқ либосда кўчангизни қандай кезаман энди-а?! Ўқимагансиз-ов,  “Оллоҳ гўзалдир,гўзалликни яхши кўради!” деган мазмунда бир  ибора бор эди Ҳадисда. Биз ҳам Яратганинг  ожиз,хомсут эмган бир бандасимиз-да. Кўзларимиз гўзалликни кўриб қувнагиси,қувонгиси келади. “Тансоқчилар”нинг хушрўйлари,одамбашараси  қахатми? А,бу “қоровул”ларнинг хушсуратроғидан тортиқ қилинг,токи қотил қиёфали “туфҳа”ларингиздан чўчиб,лабимиздан қайта учуғ тошмасин яна,деман-да. Келишдикми,ота!

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА

Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати Ўзбекистон бўлими етакчиси

 

http://birdamlik.info/?p=23673