Aug 162012
 

Сўнгги янгиланиш 16 август 2012 – 09:47 GMT

Юсуф Расул

Юсуф Расул асос солган “Янги Дунё” веб саҳифаси хориждаги ўзбеклар орасида анчайин машҳур.

Шоир ва журналист Юсуф Расул bbcuzbek.com ўқувчилари ва тингловчиларимизнинг саволларига жавоб берди.

Юсуф Расул 1971 йилнинг 24-апрелида Тожикистоннинг Панжикент тумани, Сўжина қишлоғида туғилган.

Яна ушбу мавзуга оид

1993 йилда ТошДу журналистика факультетини тамомлаган.

1997 йилда Тошкентдаги Ғафур Ғулом нашриётида “Кўнгилдаги масофа” шеърлар тўплами нашр қилинган.

Унинг шеърлари шунингдек рус, швед ва инглиз тилларига ҳам таржима қилинган.

Бу даврда Ўзбекистондаги “Хабар”, “Ватанпарвар”, “Эрудит” газеталарида ишлаган, Ўзбекистон давлат радиоси билан ҳамкорлик қилган.

Бундан ташқари Юсуф Расул ўзбек халқ достончилик мактаби асосчиси – Пўлкан шоир сулоласининг адабий меъроси тарғиботи билан ҳам шуғулланади.

Юсуф Расул ва рафиқаси, Пўлкан шоирнинг эвараси Саодат Пўлканова билан бирга Пўлкан шоирнинг веб саҳифаси ва фондини ташкил қилган.

Айни пайтда Швецияда яшайди.

Шу йил унинг шеърлари Британиянинг Оксфорд шаҳрида нашр этилган туркий халқлар адабиёти намуналари тўпламига киритилди.

Юсуф Расул хориждаги ўзбеклар орасида анча танилиб қолган www.yangidunyo.com интернет нашри асосчиси ва муҳаррири ҳамдир.

Икки ўғли бор: Ҳумоюн 18 ёшда ва Беҳруз 13 ёшда.

Суҳбатнинг радио версиясини шанба кунги “Дараклар” дастурида тинглай оласиз.


Зоҳид, Прага: Юсуф Расул, ассалому алайкум! Сизнинг веб сайтингизга тез-тез кириб тураман. Лекин нега охирги пайтларда қўйилаётган мақолаларингиз сони камайиб бораяпти? Ёки чарчадингизми веб саҳифа юритишдан?

Юсуф Расул: Раҳмат, саҳифамга қизиқиш билдирганингиз учун!

Саволингиз ўринли, ҳақиқатдан саҳифага қўйилаётган мақолалар сони камайиб кетди. Бунинг бир қанча сабаблари бор. Ижозатингиз билан қисқача бунинг сабабларини тушунтирсам.

“Янги Дунё” саҳифасини 2007 йилнинг май ойида ташкил этгандим. Мақсадим, Ўзбекистонда таъқид ва тазйиққа учраган ёзувчи ва шоирларни, илмий изланувчиларни, санъаткорларни, умуман бадиий ижод билан шуғулланувчи кишилар асарларини эълон қилиб бориш эди. Жаҳонгир Муҳаммад ва Муҳаммад Солиҳни истисно қилганда хорижда яшайдиган ўзбек ижодкорларининг ўша пайтларда аниқ бир интернет саҳифаси йўқ эди. Мухолифат сайтларида ёки халқаро радиоларда диссидент ёзувчи ва шоирларни катта асарларини эълон қилиш имконсиз. Шу боис, ўшанда қувғинга учраган ижодкорларнинг алоҳида бир интернет нашри бўлиши керак, деган хулосага келгандим. Бошланишида бироз қийин бўлганди. Саҳифанинг аниқ мақсад ва вазифаларини белгилаб олиш, ташқи кўриниши ёда қиёфасини яратиш жараёни …

Аввалига бу саҳифа устида жуда қизиқиш билан ишладим. “Янги Дунё”нинг хориждаги ўзбеклар орасида машҳур бўлишига мухлисларнинг ишончи, қўйилаётган материалларнинг салмоғи жуда катта рол ўйнади. Аввалига, ўзбек мухолифати намояндалари билан қилинган суҳбатлар, турли мавзудаги баҳсу мунозаралар юзлаб ўқувчиларни жалб қилишда ёрдам берган бўлса, хориждаги ўзбек ижодкорларининг ҳеч қаерда эълон қилинмаган оригинал асарлари, ёзувчи ва шоирларнинг саҳифага эътиборларини ошишига сабаб бўлди. Масалан, саҳифа ташкил этилганидан кўп вақт ўтмай, АҚШда яшаб ўтган марҳум олим, филология фанлари доктори Хайрулла Исматуллаевнинг илмий ишлари, Ўзбекистон сиёсати билан боғлиқ туркум мақолалари, хорижни ҳайратга солган ўзбек маърифатпарварлари ҳақидаги туркум суҳбатлари кўпчиликда қизиқиш уйғотди. Марҳум домланинг жуда кўп оригинал асарлари, шахсий ёзишмалари “Янги Дунё” арихивидан ўрин олган ва насиб этса келажакда уларни китоб ҳолда нашр этиш ниятимиз бор. Бундан ташқари, Канадада яшаб ижод қилаётган журналист ва адиб Исмат Хушевнинг “Оқланмаган ишонч қиссаси” асарининг биринчи ва иккинчи китоблари ҳам айнан “Янги Дунё” саҳифаси орқали дунёга танилди. Бу бебаҳо асар боис саҳифамиз ҳам анча машҳур бўлиб кетди. Бунинг учун Исмат акадан беҳад миннаддорман.

Кўплаб ўзбек ижодкорлари, жумладан Австрияда яшаётган диссидент шоир Ёдгор Обид, Канадада яшаётган шоир ва ёзувчи Холдор Вулқон, шоир ва журналист Фахриддин Худойқул, олдинига Туркияда яшаб кейинроқ Канадага кўчиб ўтган журналист ва ёзувчи Бахтиёр Шоҳназаров, Канададан мухолифатчи ёзувчи Насрулло Саййид, шоира Дилсора Фозилова, шоир Тоғбой Абдураззоқ, журналист Улуғбек Ҳайдаров, Швецияда яшаб ижод қилаётган дўстимиз Дўстназар Худойназар, шоир Муҳаммадсолиҳ Абутов, журналист Тўлқин Қораевларнинг ижодий ишлари намуналари айнан “Янги Дунё” орқали биринчи бўлиб ўқувчиларга етиб борганидан, уларни ижодкор ўлароқ дунё ўзбеклари ичида танилишларига ўз ҳиссамни қўшганимдан бахтиёрман.

Ўзбекистон ичида яшаб ижод қилиб келаётган, бироқ асарларига кучли цензура ўрнатилган мухолифатдаги ёзувчи ва шоирлардан Гулчеҳра опа Нуруллаева, шоир ва ҳофиз Дадахон Ҳасан, журналист , кинорежиссёр ва ёзувчи Абдулазиз Маҳмудовлар 90 йилларда ўзбек халқининг миллий уйғониш даврида жуда катта хизмат қилишган. Уларнинг ёзган асарларини топиб ўқиш, қўшиқларини тинглаш ёки филмларини кўриш имконияти деярли йўқ эди. Шу боис миллатимиз фахри бўлган шу уч ижодкорни саҳифага жалб қилишни ўз олдимга мақсад қилиб олгандим.

Гулчеҳра опанинг туркум шеърлари, Дадахон Ҳасаннинг шеър ва қўшиқлари, Абдулазиз Маҳмудовнинг ўзбек мухолифати тарихидан ҳикоя қилувчи бебаҳо филмлари “Янги Дунё” орқали минглаб ўқувчилар хонадонига кириб борди. Дадахон Ҳасан ўз миллий, жанговорлик руҳидаги қўшиқлари билан халқимиз сиёсий онгини ошишига жуда катта хизмат қилдилар. Гулчеҳра опанинг мустақиллик, ўзбек тилига давлат тили мақоми бериш, демократия, сўз эркинлиги йўлидаги курашлари, ўтли шеърларини тарих саҳифаларидан ўчириб ташлаш асло мумкин эмас. 90 йилларда Ўзбекистонда содир бўлган ижтимоий -сиёсий воқеалар, ўзбек мухолифатининг инқилобий кураш йиллари, шунингдек, Фарғона, Паркент, Ўш фожеалари акс этган нодир видео лавҳалар муаллифи Абдулазиз Маҳмудовнинг тарих олдида қилган улкан хизматларини ҳеч нарсага қиёслаб бўлмайди. Шу боис улар учун “Янги Дунё”да алоҳида ички саҳифалар ташкил қилдим. Мана шу уч забардаст ижодкор асарларини халқимизга етказиб турганим учун мен ўзимни хориждаги фаолиятимдан қониқиш ҳосил қиламан.

Энди кейинги вақтда саҳифага қўйилаётган материаллар сонининг камайиб кетгани ҳақидаги саволга келсак. Бунинг асосий сабаби интернет оламида мен билан ҳамкорлик қилиб келган деярли барча ижодкорларнинг ўз веб саҳифаларига эга бўлганликларидир. Айни пайтда барча ёзувчи ва шоирларнинг ўз веб саҳифалари бор. Масалан, шоир Холдор Вулқоннинг “Мувозанат” саҳифаси кейинги бир йил ичида анча танилиб қолди. Журналист ва шоир Фахриддин Худойқулнинг “Муносабат”и, Улуғбек Ҳайдаровнинг “Янги Фикр”и, Насрулло Саййиднинг “Зарра”си, Дилсора Фозилованинг ижодий блоги хориждаги ўзбек адабиёти саҳифалари ичида салмоқли ўрин эгаллади.

2012 йилда журналист ва адиб Исмат Хушевнинг “Дунё Ўзбеклари” интернет газетаси жуда катта янгилик бўлиб тарихга кирди. Қисқа фурсат ичида у хориждаги ўзбеклар ичида энг кўп ўқиладиган саҳифага айланди. Хориждаги ижодкорлар орасида айниқса АҚШда яшаётган журналист ва ёзувчи Жаҳонгир Муҳаммад хос саҳифасининг алоҳида ўрни ва салмоғи бор. Европадаги ижодкорлардан шоир Ёдгор Обиднинг “Валфажр” саҳифаси, шоир Муҳаммад Солиҳнинг хос сайти, ёзувчи ва таржимон Шарифжон Аҳмедов ҳамда адиба Шаҳодат Улуғова асарлари жой олган шахсий блоклар, шоира Саодат Пўлканованинг “Пўлкан шоир сулоласи” саҳифаси ҳам ўз ўқувчиларига эга деб ўйлайман.

Интернет имкониятлари кўпайган сари, ижодкорларга ўз ёзганларини ўқувчиларга етказиш учун қулайликлар пайдо бўлди. Бугун истаган ижодкор ўз шахсий блогини очиб, мухлислари билан боғланиши мумкин. Айниқса, Facebook ёки Twitter бунинг учун жуда яхши имкониятдир. Бу тармоқлар орқали Ўзбекистон ичидаги ёзувчи ва шоирлар билан мулоқот қилиш, уларнинг асарларини ўқиб бориш учун жуда яхши йўл очилгани қувонарлидир.

Кўриб турганингиздек, хориждаги ўзбек ижодкорлари саҳифалари жуда кўпайган. Энди “Янги Дунё” саҳифаси уларни такрорламайдиган, ўзига хос саҳифа бўлиши учун изланишлар олиб боришим керак.

Ўқувчи, Тошкент: Жаноб Юсуф Расул, нега сайтингизда …. маданиятсиз, ахлоқсиз кимсаларнинг шармсиз «мақола» ва изоҳларини берасиз? Биз сизнингча фикр эркинлигими ёки сизнинг ўзингизга боғлиқ бўлмаган “нашр” политикангизми? Сайтингиз илк очилган йиллари анчайин яхши эди, кейин рейтинг изидан қувиб, ҳар-хил бўлмағур нарсаларни бера бошладингиз, оқибатда кўп ўқувчиларингизни йўқотдингиз, буни тан олишингиз керак. Оғзи бор гапирсин деб ҳаммани чоп қилиш нотўғри йўл.

Юсуф Расул: “Ўқувчи” деб савол берган бу киши қайси саҳифа ҳақида гапираётганини тушунмадим. Мени фақат битта саҳифам бор. “Янги Дунё”да ҳеч қанақа маданиятсиз, ахлоқсиз кимсаларнинг мақолалари эълон қилинмайди. Ёзувчи ва шоирлар, мухолифат намояндалари, олимлар, илмий тадқиқотчилар маданиятсиз, оми кишилар эмаску! Бизда изоҳлар қаттиқ назорат қилинади. Бировларнинг шахсига тегадиган сўзларга, диний, ирқий ва ё миллий низо қўзғовчи фикрларга ўрин берилмайди.

Улуғбек Ҳайдаров, Ванкувер:Сайт муҳарирлари кўп ҳолатларда, ўз ўқувчилари сонини ошириш учун асоссиз тўҳмат ва иғводан иборат бўлган мақола ҳамда изоҳларни сайтларнинг кўринадиган ерида ушлаб туришади. Улар бунга эътироз билдирганларга “Биз шаффофлик тарафдоримиз,” дейишади. Таниқли бир сайт муҳарири сифатида айтингчи, шаффофлик ва фикр эркинлиги аслида қай кўринишда бўлиши керак? Эгаси номаълум изоҳлар ёки мақоладаги шаффофликка ишонса бўладими?

Юсуф Расул: Мен ҳамиша демократия, сўз ва фикр эркинлиги тарафдори бўлиб келганман. Чунки, сўз эркинлигисиз, жамиятда йиғилиб қолган муаммоларни бартараф этиб бўлмайди. Масалан, таълим соҳасидаги порахўрликлар, коррупция, болалар меҳнатидан фойдаланиш каби муаммолар ҳақида жуда кўп гапирилар экан, ахийри бир кун келиб ҳукумат шу муаммоларни бартараф этиш йўлларини қидира бошлади. Ёки, ўзбек матбуотидаги цензура ҳақида биз кўп йиллардан бери гапириб, ёзиб келамиз. Ҳукумат журналистларга, оз бўлса ҳам, эркинлик йўлини очмадими? Ёки, қишлоқ хўжалиги, саноат соҳаларидаги муаммолар-чи? Миллионлаб меҳнат муҳожирларининг жуда оғир аҳволда кун кечираётганликлари, уларнинг ҳуқуқлари масаласи, муҳожирларга нисбатан миллатчи гуруҳларнинг аксилинсоний муносабатлари ҳақида мустақил саҳифаларда чиқаётган мақолалар ўз натижасини бермайди, деб ўйлайсизми? Албатта улар ўз натижасини беради… Буларнинг барчаси учун сўз ва матбуот эркинлигидан, аввало журналистлардан хурсанд бўлиш керак…

Энди Улуғбек Ҳайдаров сўраётган шаффофлик ва фикр эркинлиги масаласига келсак. Шаффофлик, очиқлик, объективлик бўлмаган матбуотга ишонч ва ҳурмат йўқолади. Журналистнинг фикри албатта асосланган, келтирган фактлари далилланган бўлиши керак. Матбуот орқали ўз рақибларидан ўч олиш, факт ва рақамларни сохталаштириш, жамоатчиликни алдаш ва узоқ вақт чалғитиб юриш мумкиндир. Лекин, албатта бир кун келиб ёлғонлар фош бўлади, ҳақиқат юзага чиқади.

Мени узоқ вақтдан буён қийнаб келаётган ва ташвишга соладиган бир ҳолат борки, у ҳам бўлса, айрим мухолифат гуруҳлари ва ўзини мустақил журналист деб атаган кимсаларнинг интернет сайтлари орқали бошқаларнинг шахсига тегиб, ўз рақибларига туҳмат ва ҳақоратлар ёғдириб келаётганидир. Албатта, интернет орқали бир-бирига тош отишлар ўзбек мухолифати ичида юрган айрим кишиларнинг маънавий қиёфаси қанчалик хунуклигини ошкор этмай қолмайди. Уларни бу туҳмат ва ҳақоратлар учун бир кун келиб жавоб бериш ҳисси ҳамиша таъқиб қилиб юради. Хориждаги айрим ўзбекча сайтлар ва баъзи “мустақил журналистлар” веб нашрлари бу каби хунук иллатдан халос бўлиши керак. Бу кўпроқ саҳифа муҳаррирларининг маънавияти, билим савиясига боғлиқ масала. Биз инсонларга ҳурмат ва эҳтиромни шоир Хуршид Давроннинг ёки журналист Исмат Хушевнинг интернет саҳифаларидан ўргансак ёмон бўлмасди.

Зокиржон, Лондон: Юсуф ака, сиз “Фақат Яратувчи Ҳақдир” номли мақолангизда Европа давлатларининг тараққий этишига бу мамлакатларда дин ва давлатнинг бир-биридан ажралгани сабаб, дегансиз. Лекин ғарб давлатлари қолган бутун дунёни эксплуатация этиш,урушлардан олинган даромадлар ҳисобига ривожланмадимикан?

Юсуф Расул: Рим империяси пайтидаги инкивизация даврида Европа халқлари бошига қандай қора кунлар келганини бугун тасаввур қилиш қийин. Ўша пайтда олимлар тириклайин ёқилган, бегуноҳ аёллар оёқ – қўллари боғланиб, сувга чўқтирилиб ўлдирилган. Черков бошқаруви ўзгача фикрдаги кишиларга шафқат қилмагани тарихдан маълум. Мартин Лютер бошлаб берган протестантлик ҳаракати курашлари, кейин ислоҳотчи реформаторларнинг саъйи ҳаракатлари билан аста – секин Европада Черков бошқарувига чек қўйилди. Диний ақидалар устувор бўлган таълим соҳасида ҳам катта ўзгаришлар қилинди. Дунёвий фанларга катта аҳамият берила бошлади. Хусусий мулкчиликка, ишлаб чиқаришга, янги – янги кашфиётларга катта ўрин берилди. Руҳонийлар даврида “ер қуёш атрофида айланади” деган фикри учун тириклайин ёқилган Жордано Брунонинг издошлари озодликка чиққан эдилар. Динни давлат ишларидан ажратилиши ҳақиқатдан Европада жуда катта ижтимоий- сиёсий ўзгаришларга олиб келди.

Европа азал – азалдан инсоният тараққиёти бешиги бўлиб келган. Европа халқларининг иқтисодий-сиёсий ва маънавий жиҳатдан жуда катта ютуқларга эришишлари сабаблари жуда кўп. Европанинг денгиз йўли устида жойлашгани қадим-қадимдан савдо-сотиқнинг ривожланишига ёрдам бериб келган бош омилдир. Денгиз йўллари орқали Европага илм-фан, тараққиёт билан бирга инқилоблар ҳам кириб келган.

Саноати жадал суръатлар билан ривожланган Европа давлатлари 16-асрдан кейин осонгина Африкани, айрим шарқ мамлакатларини ва Америка қитъасини тўла эгаллаб, ўзаро тақсимлаб олишди.

19-асрнинг иккинчи ярмида руслар Ўрта Осиёга бостириб кирганларида инглизлардан сотиб олинган қўшотар милтиқлардан фойдаланишган эди. Диний маҳдудлик ичида яшаб келагн маҳаллий халқ эса ўша пайтда босқинчиларга қарши қилич кўтариб чиққан ва мағлуб этилган.

Инсоният тарихи урушлар, жангу жадаллар тарихидир. Пул, мол-дунё, олтин, нефт васвасаси кучли давлатларни ожиз халқлар устидан гегемонлик ўрнатишларига сабаб бўлади. Ким кучли бўлса ўша ҳукмронлик қилади. Бу ҳолат ўтмишда бўлган, ҳозирги кунларда ҳам бўлмоқда ва келажакда ҳам шундай бўлиб қолади.

Муҳаммад Ўзбек, Ню-Йорк: Юсуф Расулга саволим: Сиз нима учун етарли диний билимга эга бўлмай туриб, кўр-кўрона исломни ёмонлайсиз? Саволим оғир ботган бўлса, узр.

Юсуф Расул: Муҳаммаднинг саволига тушундим. У нега мусулмонларни танқид қиласиз, деб сўрамоқчи шекилли. Чунки, мен баъзи мақолаларимда айрим мусулмон мамлакатларини қолоқликда, мусулмонларни диний маҳдудликда айблаганман. Алҳамдулиллоҳ, биз ҳаммамиз мусулмонмиз. Динимиз асоси бўлган исломни танқид қилиш, бу- Яратувчи иродасига қарши бориш билан баробардир. Лекин, ислом ва мусулмонлар бошқа-бошқа нарсалардир. Мусулмонларнинг қолоқлиги учун ислом дини айбдор эмаску!

Кейинги пайтларда интернетда дин номидан, Яратувчи номидан қўрқмай гапирадиган жуда радикал, реакцион фикрдаги мусулмонлар кўпайгани кузатила бошлади. Эътибор бериб қарасангиз шундай тоифадаги кишиларнинг аксарияти демократик давлатларда, Европада, АҚШ ёки Канадада яшашади.

Улар ўзбекча саҳифаларга кириб олиб, инсонлар ўртасига нифоқ солувчи, диний низо, уруш-жанжал қўзғовчи фикрларни ёзиб қолдиришмоқда. Гўёки динимизни ҳимоя қилиш, динга даъват мақсадида шундай ҳаракат қилишаётгандек кўрсатишади ўзларини. Лекин, аслида улар ислом динига жуда катта зарба беришаётганини тушуниб етишмайди.

Уч-тўртта калимани ёдлаб олиб, халқимизни халифалик тузишга, дин учун жиҳод қилишга ундаётган бу хилдаги кимсаларнинг ёзган хатлари уларни қанчалик саводсиз, маънавий савияси паст кишилар эканлигини очиқ кўрсатади.

Ана шундай “дин ҳимоячиларининг” беминнат хизматлари сабабли дунё халқлари ислом дини деганда террорни тушунадиган бўлиб қолишди. Халқаро ташкилотлар томонидан террорчи гуруҳлар рўйхатига киритилган аксар ташкилотлар ислом дини номидан иш юритувчи гуруҳлардир.

Мен ҳаётда саводсиз одамни жуда қўрқоқ бўлишини кўп синаганман. Лекин айнан шу саводсиз одамлардан қўрқиш керак деб ўйлайман. Сабаби – уларни бошқариш осон… Истаган пайтда сизга ҳужум уюштириши, ҳаётингизга хавф солиши мумкин улар.

Аслида, ислом, бу – тинчлик динидир. Дин инсонлар қалбига қурқув, зўравонлик билан сингдирилса, одамлар Яратувчидан эмас, зўравон кимсалардан қўрқиб яшайдиган бўлишади.

Толстой “Ҳаёт- бу Худодир” дейди. Биз ҳаётни қанчалик севсак, фарзандларимизга, оила аъзоларимизга, қариндошларимизга, миллатимизга ва халқимизга қанчалик меҳрли мурувватли бўлсак, Худони севган ҳисобланамиз. Бу тасаввуфдаги ваҳдадул вужуд фалсафасига яқин қараш. Европадаги уйғониш даври файласуфлари ҳам пантеизм каби шундай дунёқарашни илгари суришган эди.

Шараф, Тошкент: “Янги Дунё” сайтингизда қандай мавзуларни ёритишни яхши кўрасизу қайси мавзулардан қочасиз?

Юсуф Расул: Мен асосан инсон қалби ва руҳий дунёсини акс эттирувчи бадиий асарларни яхши кўраман.

Туркий халқлар тарихи, адабиётига жуда қизиқаман ва ҳамиша тарих мавзусига эътибор билан қарайман.

Майда – чуйда мавзулардан кўз юмиб, абадий мавзуларга кўпроқ мурожаат қилгим келади. Кундалик воқеалар қанчалик ранг -баранг ва қизиқарли бўлмасин, негадир сокин ва маҳобатли ўтмишга интиламан.

Манзума, Тошкент: Юсуф ака, сизни ёзган мақолаларингизни кўп ўқиганман. Сиз ҳам ўзбек, ҳам халқаро матбуотда ишлаган экансиз. Айтингчи, ўзбек ва ғарб журналистикаси бир-биридан нимаси билан фарқ қилади?

Юсуф Расул: Ўзбек журналистикаси ҳукуматга хизмат қилувчи тарғибот машинасига ўхшаб қолган. Ғарбда эса ҳукумат журналистларга хизмат қилади.

Ўзбекистонда ҳукумат журналистларни назорат қилса, ғарбда журналистлар ҳукуматни қаттиқ назорат остида ушлаб туришади.

Бизни мамлакатимизда журналистлар ҳукуматдан қўрқиб яшаса, Еввропада ёки Ғарбда ҳукумат журналистлардан қўрқиб яшайди. Фарқи шу.

Макс, Париж: Юсуф акага савол: Каримов режимини ҳамма ёмонлайди, лекин у ўзбек мухолифатидан ўлса ўлиги ортиқ эмасми? Сиз ҳалиям оппозициядамисиз? Раҳмат, Макс

Юсуф Расул: Йўқ, мен мухолифатчи эмасман. Мен мустақил журналистман, холос.

Биласизми, Макс, мухолифат ҳар қандай мамлакатнинг ичида, мавжуд ҳукуматга қарши турувчи сиёсий куч ўлароқ мавжуд бўлади. Ҳар қандай мухолифатдаги ҳаракатларни дастаклайдиган куч мамлакат ичидаги сайловчилар, шу давлат фуқароларидир. Мамлакатдан ташқарида туриб олиб, мухолифатчилик даъво қилаётган ҳаракатларнинг барча урунишлари охир – оқибатда нўлга тенг бўлиб чиқади.

90-йиллар бошида шаклланган ўзбек мухолифати жуда катта сиёсий куч ўлароқ ўз тарихий вазифасини бажариб бўлди. Ўша пайтдаги мухолифат курашлари натижасида халқимизнинг асрий орзулари амалга ошди. Ўзбекистон мустақил бўлди. Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди. Энг муҳими, ўзбек халқининг сиёсий онги, дунёқараши ошишига ўша йиллардаги мухолифатдаги ҳаракатларнинг таъсири катта бўлганди.

Айни пайтда хорижда юрган мухолифатнинг қолган- қутган вакиллари Ўзбекистоннинг сиёсий ҳаётига таъсир кўрсатиш қудратига эга эмас. Лекин мухолифатнинг борлиги, шу оғир кунларда халқимизга руҳий – маънавий мадад берувчи халоскор сифатида, фақат рамзий маънода яхшидир..

Албатта, тарқоқ, ўзаро бирлаша олмайдиган, сиёсий мақсадлари бир- бирига тўғри келмайдиган жанжалкаш мухолифатдан, қанчалик қаттиққўл ва золим бўлмасин дунёвий демократик давлат сари оғишмай кетаётган Каримов режими минг бор афзал.

Ўтган 20 йил давомида Ўзбекистонда мисли кўрилмаган иқтисодий -сиёсий ўзгаришлар бўлди.

Президент Каримовнинг қаттиққўллиги ва собитқадамлиги туфайли 90 йиллар бошида ҳуруж қилиб келаётган ислом фундаментализми хавфи йўқотилди.

Каримовдан кейин ким президентликка сайланишидан қатъий назар, Ўзбекистондаги сиёсий режим ўзгармайди.

Ўзига Бек, Тошкент: Ўзбекистонда ижод қилиш осонроқмиди ёки Швецияда осон бўлаяптими? Ватандан йироқда ўзбек тилида ижод қилиш қийинчлик туғдирмайдими сизга?

Юсуф Расул: Журналист ўлароқ Ўзбекистонда ишлаш жуда қийин эди. Чунки ҳамиша назорат остида ишлайсиз. Ортингиздан кузатувчилар изғиб юришади. Маълумот олиш жуда қийин. Фактларни тасдиқлаш, иккинчи томоннинг фикрини олиш осон кечмайди. Лекин нима бўлганда ҳам қайноқ ҳаёт ичида яшардик. Бадиий ижод билан шуғулланишга вақт ҳам бўлмасди.

Швецияда эса ҳамма нарса жой-жойига қўйилган. Қонунлар ҳамма учун баробар. Журналистлар бекорчиликдан зерикиб қолмаслик учун бошқа ишларни қилиб юришибди. Кимдир дурадгорлик қилса, бошқа биров ошхонада ошпаз, яна бошқаси такси ҳайдовчиси.

Швеция бадиий ижод билан шуғулланиш учун жуда яхши, тинч ва осойишта жой. Бу ерда тил ўрганиш мумкин. Шу пайтгача швед ёзувчилари асарлари, жумлададан Астрид Лингреннинг “Томда яшовчи Карлсон” номли машҳур қиссаси бизга рус тили орқали кириб борган бўлса, энди бу ва бошқа асарларни бевосита оригиналдан таржима қилиш мумкин. Лекин тайёр таржималарни Ўзбекистонда нашр этиш ҳам бир муаммо.

Қодиржон, Бухоро: Юсуф Расулга шундай саволим бор. Бугунги ўзбек адабиёти қайси йўналишда кетаяпти? Қайси ёзувчи ва шоир қалами сизга манзур?

Юсуф Расул: Ўтган 6 йил давомида ўзбек адабий муҳитидан анча узилиб қолдик. Ўзбекистонда кучли адабий муҳит шаклланган эди.

Биз талабалик давримизда Рауф Парфи, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Муҳаммад Солиҳ, Шавкат Раҳмон, Усмон Азим, Хуршид Даврон, Азиз Сайид, Баҳром Рўзимуҳаммад, Абдували Қутбиддин, Муҳаммад Юсуф, Иқбол Мирзо, Зебо Мирзаева, Ҳалима Аҳмедова каби кўплаб таниқли шоир ва шоиралар ижодларини севиб ўқирдик.

Ёзувчилардан Асқад Мухтор, Одил Ёқубов, Аҳмад Аъзам, Олим Отахон, Мурод Муҳаммад Дўст, Шукур Холмирзаев, Хуршид Дўстмуҳаммад асарлари мухлислари эдик. Кейинчалик ўзбек адабиётида катта воқеа бўлган Назар Эшонқул ҳикояларини қидириб юрадиган бўлдик.

Кейинги беш-ўн йил ичида Ўзбекистонда янги замонавий ёшлар адабиёти пайдо бўлганини интернет орқали кузатиб турибмиз. Исажон Султонов, Улуғбек Ҳамдам, Сабоҳат Раҳмон, Қўчқор Норқобил, Хосият Рустамова каби ёзувчи ва шоирлар келажакда ўзбек адабиётига бўлган умидлар сўнмаслигига ишончимизни оширади.

 

http://www.bbc.co.uk/uzbek/uzbekistan/2012/08/120813_talkingpoint_yusuf_rasul.shtml