Aug 112012
 

 

Жиззахлик инсон ҳуқуқи фаоли ОВИРни судга берди

Жиззахлик инсон ҳуқуқи фаоли Ўктам Пардаев Жиззах вилояти Хорижга чиқиш-кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси бошлиғини судга берди. 34 ёшли инсон ҳуқуқи ҳимоячиси саккиз ойдан буён хорижга чиқиш визаси ололмаяпти.

Садриддин Ашур

10.08.2012

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари Мустақил ташкилотининг Жиззах вилоят булими раиси 34 ёшли Ўктам Пардаевнинг Озодлик радиосига айтишича, у ўтган йилнинг декабр ойидан буён Ўзбекистондан хорижга чиқиш визасини ололмаяпти:

– 2011 йилнинг 15 декабрида ҳужжатларни тўғирлаб, тўловларни амалга ошириб Жиззха вилояти хорижга чиқиш-кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасига топширган эдим. Лекин шу кунгача чиқиш визаси бермаяпти. Сабабини тушунтириб беринг деб хат билан ҳам чиқдим, прокуратурага ҳам чиқдим, лекин ҳеч қандай натижа бўлмаяпти,- дейди Ўктам Пардаев.

Инсон ҳуқуқи фаолига кўра, расмий мурожаатлардан ҳеч қандай натижа бўлмагач, у Жиззах вилояти хорижга чиқиш-кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси бошлиғи Даврон Норчаев устидан Фуқаролик ишлари бўйича Жиззах туман судига шикоят қилган:

– Энди буни қаранг. Суд бу ишни роса чўзди. Ҳар сафар бориб даъво қилганимдан кейин менга рад жавоби берди. Рад жавоби ёзилган ажримда ёзилишича, бу судга таалуқли иш эмас эмиш. Бу прокуратурага ва бошқарманинг юқорисида турадиган органларгагина бериш мумкин, деган жавобни беришибди. Бу суднинг ваколатига кирмайди экан,- дейди Ўктам Пардаев.

Инсон ҳуқуқи ҳимоячиси энди бу ажрим юзасидан норозилик билдириб, Фуқаролик ишлари бўйича Жиззах вилояти судига 8 август куни шикоят аризаси ёзганлигини айтади.

Озодлик нима сабабдан Ўктам Пардаевга чиқиш визаси берилмаётганига муносабат олиш мақсадида Жиззах вилояти хорижга чиқиш-кириш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси билан боғланди. Бироқ бошқарма ходими Озодлик номини эшитиши билан телефон гўшагини қўйиб қўйди.

Асли касби мусиқашунос бўлган Ўктам Пардаев 2005 йилдан буён Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари Мустақил ташкилотининг Жиззах вилоят булими раиси вазифасида ишлаб келади. У вилоятдаги болалар меҳнати билан боғлиқ вазиятни мониторинг қилиб боради.

 

 

http://www.ozodlik.org/content/article/24673060.html