Jul 282012
 

Шу йилнинг 29-30 июнида Чехиянинг Прага шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон Халк Ҳаракатининг қурултойида Мухаммад Солиҳ ЎХҲи раислигини узурпация қилиб олди. Ўзбекчасига айтганда Мухаммад Солиҳ ЎХҲини ўзининг хусусий томорқасига айлантириб олди десак тўғрирок бўлади. Бунга норозилик сифатида Исмоил Дадажонов ЎХҲини тарк этди [1]. Бу каби ҳаракатларни Мухаммад Солиҳдан содир этилиши олдиндан кутилган эди[2]. Мухаммад Солиҳ ўзининг сиёсий фаолияти давомида кўп фитналарни амалга оширган ва ташкилот низомини бузишга ўрганиб қолган. Масалан 1989 йилнинг 28 майида Абдураҳим Пўлатов “Бирлик”халқ харакатининг раиси этиб сайланганидан сўнг 2-3 ой ўтмасдан Абдураҳим Пўлатовни раисликдан олиб ташлаш фитнасига бошчилик қилган эди. Бу фитна натижасида “Бирлик” халқ харакати иккига бўлиниб кетди ва 1990 йилнинг 30 апрелида “Эрк” демократик партияси ташкил топди. Мухаммад Солиҳ ханузгача “Эрк” демократик партиясининг раиси ва бу ҳам камлик қилгандай ЎХҲини ҳам узурпация қилиб олди[3].

Бу хусусият фақатгина Мухаммад Солиҳга хос эмас, Абдураҳим Пўлатов ҳам “Бирлик” халқ харакатини ва 2003 йилдан бери”Бирлик Халқ Ҳаракати “ партиясини қарийб 23 йилдан бери бошқариб келяпти. Абдураҳим Пўлатов ҳам ўз партиясида раисликни ёшларга бериш нияти борлигини шу пайтгача очиқлагани йўқ.

Бирдамлик” халқ демократик ҳаракатининг раиси Баҳодир Чориев эркинлик ва демократия байроғини дадил кўтарганини кўрмаяпмиз. Баҳодир Чориевнинг иддаоси бўйича фақатгина Баҳодир Чориев Ўзбекистон президенти бўлсагина катта ўзгаришлар рўй беради. Баҳодир Чориев “Бирдамлик” халқ демократик ҳаракатини 2004 йилдан бери бошқариб келаётганлиги учун ҳозирча уни узурпатор дея олмаймиз.

Мен бир неча йиллардан бери Ислом Каримов, Абдураҳим Пўлатов, Мухаммад Солиҳ ва Баҳодир Чориевларни сохта демократлар деб айтиб келяпман. Яқинда ҳажвчи, публицист Шавкат Мухаммад сохта демократларга нисбатан “эшак минган демократлар” деган иборани киритди.[4]

Иқтибос:-”Баҳор,ёз ва куз эшшакдай ишлаган эшакни совуқ тушиши билан кўчага ҳайдаб соласиз. Чунки қишда ишламай молларнинг емига шерик бўладида. Шунақа,эшакнинг бир эшшакчалик қадри йўқ.

Келаси йили эшакнинг олдига ишингиз тушиб борасизда, устига жандани ташлаб айилламай миниб кетаверасиз. Энди айтаман, причем тут эшак.

Озодликчилар ЎХҲчилар билан суҳбат пайтида бир савол беришди.

Демократия сиз учун бир воситами, масалан трамвай, трамвайда манзилга етиб боргач, бузиб ташлайсизми ёки фойдаланишда давом этасизми?

Ушбу саволга Ҳаракат Абадий Раиси ва МуХалифат Тенгсиз Лидери товарищ Солиҳ буквално бундай жавоб берди: ” Йўқ,бузиб ташланмайди, чириб тўкилиб кетгунча фойдаланамиз”(???)… ва шу заҳотиёқ гапини ўнглашга уринди.

Бу гапларни деҳқонча тилга ўгирсам: демократия эшагини миниб манзилга етволсам, думига хала босиб кўчага ҳайдавораман. Қишдан омон чиқиб кўкламда тирик учратсам бу эшакнинг, то есть демократиянинг бахти. Зарурият туғилса яна демократияни (эшакни ) миниб кетавераман”. Иқтибос тугади.

Дарҳақиқат, Ислом Каримов, Абдураҳим Пўлатов, Мухаммад Солиҳ ва Баҳодир Чориевлар учун эркинлик, демократия ғоялари уларнинг шахсий манфаатларини амалга ошириш учун керак. Ўзбек халқига бу етакчиларнинг эркинлик ва демократия олиб келишини кутиш ажабланарли бўлар эди. 

Узурпатор Ислом Каримов Ўзбекистонни иқтисодий, ижтимоий, экологик ва маънавий инқироз ёқасига олиб келган бўлса, мухолифат етакчилари, узурпаторлар Абдураҳим Пўлатов, Мухаммад Солиҳлар ва ҳозирча узурпатор эмас Баҳодир Чориев мухолифатни сиёсий кучга айланишига йўл қўйишмаяпти. Мен бу ҳақда кўп ёздим, лекин эшак минган демократлардан кўп тепки едим. Ҳаттоки, Толиб Ёқубов ҳам менга нисбатан фитна уюштиришга бошчилик қилиш етмагандек, мени МХХ агенти дейишгача бориб етди. Ҳазратқул Худойберди, Баҳодир Намозовлар менинг шахсиятимга тегувчи ҳақоратли сўзлар ва ҳатто уч қаватли сўкишлар ёзилган мақолалар чоп қилишга ва тарқатишгача боришди.[5]

Яна ачинарлиси шуки, “Озодлик”,”ББС” ва “Америка Овози” радиостанциялари Мухаммад Солиҳни мухолифатнинг ягона етакчиси сифатида реклама қилишяпти.

Ўзбекистонда ечиладиган муаммолар тиқилиб ётибди: Орол фожеаси,экологик муҳитнинг тобора ёмонлашиши, қашшоқлик, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат, порахўрлик ва коррупция, амалдорлар,милиция ва МХХи зўравонлиги, қийноклар,газ, электр энергияси, сув, бензин тақчиллиги ва ҳоказолар. Ўзбек халқи эшак минган демократларнинг орқасидан эргашиб юраверар экан, бу муаммоларнинг ечимини ҳал бўлишини кутиш орзу бўлиб қолаверади.

Ўзбекистондаги ва ўзбек мухолифатидаги аҳволнинг шу даражада аянчли эканига қарамасдан, ўзбек мухолифати катта бир ютуққа эришганини таъкидлаб ўтмокчиман. Бу биринчи марта ўзбеклар тарихида эркин, цензурасиз интернет сайтлари,интернет порталларининг  яратилишидир.

1.Сиёсий, ижтимоий,иқтисодий мавзудаги интернет сайтлар:

 Янги дунё, Замондош (интернет портали),Туронзамин, Янги фикр, Дунё ўзбеклари,Uznews.net, Қоплонбек ва ҳоказо.

2.Инсон ҳуқуқлари бўйича сайтлар:

 Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти, Эзгулик, Жараён, Uznews.net, ДИКТАТОР КАРИМОВНИ ТЎХТАТИНГ!,Химоячи ва ҳоказо.

3.Сиёсий ташкилотларнинг сайтлари:

 “Бирлик” халк ҳаракати партиясининг Ҳаракат сайти, “Эрк” демократик партиясининг Эрк сайти, ЎХҲининг шу номдаги интернет портали, “Бирдамлик” халқ демократик ҳаракатининг Бирдамлик сайти ва ҳоказо.

Шуни алохида таъкидлаб ўтиш керакки, Замондош интернет портали таркибига  Замондош интернет сайти, Замондош радиоси, Замондош ТВси киради.

ЎХҲипорталига шу номдаги интернет сайти,Туркистон радиоси,Туркистон ТВсикиради.

Юқоридаги ўзбек мухолифати томонидан яратилган интернет сайт, интернет порталлар Европа Иттифоқи, АҚШ ва Канадада жойлашган. Бу мамлакатларда  кучли эркин, демократик жамиятлар яратилганлиги туфайли ўзбек диктаторининг қўли бу интернет сайтларни буғишга етмайди. Буларга “Озодлик”, “ББС”, “Америка овози” радиостанцияларини,  ”Фергана.ру”,Центразия.ру”интернет сайтларини қўшсак, дунё ўзбеклари учун, Ўзбекистон мухолифати учун Ўзбекистонда эркин, демократик жамият яратиш учун катта имкониятлар борлигини кўрамиз. Дунёнинг турли мамлакатларига сочилиб кетган ўзбеклар бу имкониятлардан фойдаланиб, сохта, яъни эшак минган демократлардан воз кечиб, ҳақиқий, яъни от минган демократларни етакчиликка келтиришлари мумкин.

 

28 июль.2012 йил.

 Абдужалил Бойматов

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти президенти.

 

Фойдаланилган адабиётлар:

1.Исмоил Дадажонов: Туш.”…Муҳаммад Солиҳни бирор бир фикри билан, таклифи билан кeлишолмаган одам ҳоин, сотқин, МҲҲ тамғасини олади…” 09.07.2012. (http://uz.hrsu.org/archives/3830).

2.ЎХҲ Прага қурултойига ҳозирланмоқда. 28.06.2012.(http://www.uznews.net/news_single.php?lng=uz&sub=hot&cid=3&nid=20248).

3.Мухаммад Салих остался лидером НДУ.30.06.2012.(http://www.uznews.net/news_single.php?lng=ru&sub=hot&cid=30&nid=20268).

4.Шавкат Муҳаммад: Эшак минган “демократ”лар интервьюси.08.07.2012. (http://zamondosh.blogspot.ie/2012/07/blog-post_8523.html).

5. Ўзбек мухолифати етакчилари Абдужалил Бойматовнинг танқидига қандай жавоб беришди!?. 21.08.2011.(http://uz.hrsu.org/archives/2403).