Jul 262012
 

Ўзбек халқининг барчаси дунё кезиши керак деб ўйлайман. Дунё кўрган
инсоннинг дунёқараши ҳам ўзгараркан. 16 – 24 июль кунларида мен Туркия
сафарида бўлдим. Бу сафарни йирик бир Халқаро Ташкилоти – Фронтлайн(Front Line) ташкиллаштириб берди. Бу ташкилотдан бағоят миннатдорман!

Туркия сафарида менга икки нафар фарзандим ҳам ҳамрох бўлишди. Айни шу
кунларда Туркия халқини яқиндан танидим. Бу халқ биз ўзбеклар ҳақида
ажойиб фикрда эканлар, яьни “қардошларимиз” деб аташар экан. Бу элни
меҳмондўст, бағри кенг эл десам мутлоқо муболаға қилмаган бўламан.

Турк халқи менга жуда ҳам ёқди. У ерда ўзимни бегоналардек эмас, худди
ўзимнинг Ўзбекистонимда яшаётгандек ҳис эдим. Туркия сафарида мен
бирор бир Ўзбекистонликни кўрмадим ва учратмадим ҳам.


У ерда бўлган кунларимда уйга  қўнғироқ қилиш учун мобиль телефонимга
“симкарт” олдим ва биринчи кунданоқ  Ўзбекистонга қўнғироқ қилдим.
Яхши етиб келганимни маьлум қилдим. Уйдагилар ҳам анча кўнгиллари тўқ бўлишди, лекин эртаси куни, ватандаги вақт билан  тахминан соат тонги 9 ларда телефонимга СМС келди. Унда қуйидаги сўзлар бор эди: ”Сен нима қилдингки, мени Қарши шаҳар ИИБ сидан Норпўлат исмлик  экстеримизм ва терроризм бўлимининг бошлиғи чақираяпти”? Бу смс фарзандларимнинг отасидан эди. Ўзимча анча бош қотирдим. Нима иш қилибманки, улар уни чақиришаяпти? Балки Туркиядан кўнғироқ қилганим учун чақиришаётгандир деган саволлар миямда айланарди.

Мен дарҳол Нодир Ахатовга кўнғироқ қилиб, вазиятдан хабардор қилдим.
Вазиятни кузатишини илтимос сўрадим. Сўнгра ўзим телефон қилдим. ”Агар
мабодо Туркиядан сизга ким кўнғироқ қилди деб сўраб қолишса, мен
эканлигимни айтаверинг” – дедим.
Вақт ўтарди. Тағин бир қўнғироқ қилдим ва нима гаплигини,  нега
чақиришганини сўрадим. Шунда у киши айтдики: “ҳеч гап йуқ, укамга
передача бериш керак экан, шунинг учун”.

Мен бу гапларга сира ишонмадим. Ўзбекистонга қайтганимдан сўнг сўраб
биламан деб қўя қолдим. Уйга қайтганимдан кейин бунинг сабабини сўрадим.
“Мени сен туфайли чақиришган экан, укам туфайли эмас. Сени каерга
кетганинг ва қачон келишинг уларни қизиқтираётган экан. Асосий мавзу
сен эдинг”, – дедилар.
Ҳайрон бўлдим, нега энди мен уларни қизиқтириб қолдим? Бу вазият
юзасидан ўз “мониторингимни” давом этдирдим.
“Яна нима гаплар бўлди?”- дея саволга тутаман мен.

“Бу ерга келганингизни кимга айтдингиз”? – деган саволга тутган ходим.

“Нодир ака билади.”- дея жавоб берибди у.

“Исмимни ҳам айтингизми”?

”Ҳа”.

“Бекор айтибсиз. Бундан сўнг Нодир Ахатов  телефон қилса жавоб
берманг, бу ҳам халқ душмани, худди Гулшан каби. Бу ерга
келганингизнинг сабабини сўрашса, укамга передача бериш учун
чақиришган экан денг”, – уқдирибди “милицонер амаки”. Яъни, Қарши
шаҳар ИИБ нинг “терроризм ва экстримизмга қарши кураш” бўлимидан
Норпўлат исмлик ходим.

“Болаларинг сеники эканлигига ишонасанми?” – деган саволни ҳам ўртага
ташлаган бу ходим, – “Хоҳлайсанми, суд экспертизасидан ўтказиб
бераман”, – янги бир таклифини  илгари сурибди бу ходим.
Хайрон бўламан, аввал ўзингни болангни экспертизадан ўтказиб кўр,
ундан сўнг ўзгани боласини ўтказасан. Балки ўзингникида шубҳа бордир”,
– уйга толаман.
Менга анча нарса тушунарлик  бўлди. Вазият ойдинлашди. Деворимга чизиб
кетишлар, менга фоҳишаларнинг ташланишлари ортида буларни қўли борлиги
билинди. Мақсад маьлум бўлди, ҳаммаси ойдек равшан эди. Улар мени ёмон
отлиқ қилиб кўрсатишни мақсад қилишганди.  Бошимдан ўтган
провокацияларга эндиликда ҳеч қанақа тергов суриштириш ишларининг ҳам
кераги бўлмай қолди. Фарзандларимни отаси “қулоқлик”вазифасини ўташи
керак бўлган чамаси.

Шу йилнинг  2 июль кунида турмуш ўртоғимнинг укаси, 1973 йилда туғилган Шавкат Бердиевич  Бозоров ҳибсга олинди. Ундан аввал 7 июнь куни унинг
опасининг эри Абдиев Маматқул Ғафуровични ҳам диний мотивлар асосида
ҳисбга олишнганди. Уларга Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 159 ва 244
моддалари қўлланилмоқда.

Ҳисбга олиш давомида “Бир аёлни урган, ариза тушган” деган айблов
билан аввал 10 суткага қамашди, сўнгра, 18 июнга келиб расмий равишда
159 ва 244 моддалар билан ҳисбга олинганлигини маьлум қилишди.

Бўлаётган бу провокациялар менимча ҳали тўхтагани йўқ. 19 июль куни
акам Санжар Қораев ва янгам Пўлатова Зилолалар ҳам бир дарахт сабаб
қўшни аёл билан жанжаллашишларига тўғри келган. Бу жанжал шу даражага
етганки, ”она-бола”жанжалкаш қўшнилар, худди ўргатилгандек бир хил
гапни айлантираверишган: “Сизлар ватан хоинлари”, “Халқ душмани”

Туркияда туриб анча ўйловга тушдим. Навбатдаги  провокациями? Бу
аёллар Ортиқова Ойдин ва унинг қизи Адабаева Барнолар билан домда
жанжал қилмаган инсоннинг ўзи қолмаган. “Кунчиқар” махалла фуқаролар
йиғини ҳам бундан хабардор, керак бўлса Қарши шахар ИИБ бошқармасининг
ўзи ҳам бундан бехабар эмас. Жанжалкашлар оиласи рўйхатида туришади.
Ҳамма билан судлашиб чиқишган. Уларнинг жанжалсиз ўтган бирор кунлари
бўлмаса ҳам керак.

Майли кўрамиз, агар режим томонидан уюшитирилган бўлса, демак бу аёллар
жазога тортилмайди, агар уюштирилмаган бўлса режим уларни маъмурий
жавобгарликга тортади. Демак кутишдан бошқа чора йўқ!  Провокация
дейишга ҳали бироз эртадек гўё!
Туркияга сафар ҳақида гапираётгандим, бироз чалғидим. 24 июль куни мен
ватанга қайтиб келдим. Ҳар неки бўлсада бу менинг ватаним! Олдинда
мени яна нималар кутяпди, бу фақат якка Оллоҳга ва режимга маьлум!

 

 

26-июль , 2012-йил.

Гулшан Қораева
Ўзбекистон Инсон Хуқуқлари Жамиятининг
Қашқадарё вилоят бўлими раиси.