Jul 132012
 

 

Ўзбекистон Республикаси президенти

И А Каримовга.

 

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори

Р Қодировга

 

Ўзбекистон Республикаси МХХ

Бошқармаси бошлиғи Р Иноятовга

 

Жиззах вилояти хокими

С У Исмоиловга

 

Жиззах вилояти прокурори

Б Жамоловга.

 

Жиззах вилояти МХХ бошқармаси

Бошлиғи И Деҳқонбоевга.

 

«Ёрдам беринг отажон!»

 

Жиззах вилояти, Жиззах шаҳар «Бунёдкор маҳалласи» чўл кўчаси 1-уй 3-хонадонда яшовчи Исломова Мукаррам томонидан Ўзбекистон Республикаси президенти Ислом Каримов, Ўзбекистон Республикаси бош прокурори Р. Қодиров, Ўзбекистон Республикаси МХҲ бошлиғи Р. Иноятов, Жиззах вилоят ҳокими С. Исмоилов, Жиззах вилоят прокурори Б Жамолов, Жиззах вилоят МХХ бошкармаси бошлиги И Дехконбоевга.

ОЧИК ХАТИ

Муҳтарам президент!

Жиззах вилоятига қарашли Жиззахдон ОАЖ раҳбари Акмал Сатаров 1995 йилдан 2003 йилгача корхонада бош ҳисобчи бўлиб фаолият юритиб, 2004 йилдан 2012 йилнинг март ойигача корхона раиси вазифасида ишлаб келди ва фаолияти давомида корхонага 54 258 844 938 (Эллик тўрт миллиард икки юз эллик саккиз миллион саккиз юз қирқ тўрт минг тўққиз юз ўттиз саккиз) сўмлик маблаҳни айрим мутасадди раҳбар ходимлари билан тил бириктирилган ҳолда ўзлаштириб, зарар етказади. Шунча ишлардан кейин у ҳеч иккиланмасдан корхонада ишлайдиган аёллар билан ахлокий бузуқлик ишларига хуруж қўяди.

 

Бундай ноқонуний ва нопокликларга чидай олмасдан чек қуйишлик учун юқори турувчи ҳуқуқ тартибот органларига ариза билан мурожаат қилингандан кейин шу корхонада ишловчи ишчи ходимларни ишдан бўшатишдан бошлайди.Ишчи ходимлар ўзларининг конституциявий ҳуқуқларини талаб қилиб юқори турувчи ҳуқуқ тартибот органларига мурожаат қилинганидан кейин тафтиш жараёнида корхонанинг собиқ раҳбари Акмал Саттаровга нисбатан Ўз.Рес.ЖКнинг 167-моддаси 3- кисми «А» банди билан жиноий иш қўзғатилди. Шу корхонадаги ноқонуний ва нопокликлар бўйича ариза билан мурожаат қилганимдан кейин барча аризаларим самарасиз қолиб кетди. Жиззах вилоятида ҳеч қандай қонунга эътибор қиладиган мутасадди раҳбари йўқлигига ишониб ҳаттоки Республикадаги мутасаддиларга ҳам мурожаат қилдим, бу ҳаракатларим ҳам самарасиз қолди охири сизнинг қабулингизга кириш учун жорий йилнинг 5 июль куни Тошкентда болаларим ва невараларим билан қабул хонангизни олдида бир кун сақландим, лекин барча бўлиб ўтган воқеаларни етказишнинг иложини топа олмадим. Мен ички ишлар ходимлари ва бош прокурорнинг ходимлари томонидан яна Жиззахга кайтарилдим.

 

Менинг ҳуқуқ ва эркинликларим шу даражада поймол бўлар экан, эндиликда оила аъзоларим ва невараларим билан Жиззах вилоят ҳокимлиги ва МХХ рўпараси олдидаги очиқ майдонда пикет ўтказишга мажбурман.

 

Энг ачинарли ҳолатлардан бири шуки, Жиззах вилояти Жиззахдон ОАЖ коррупциялашиб бораётган А Саттаровга ўхшаганлар шунчалик катта қийматга эга бўлган маблағларни толон торож қилсада Жиззахдаги раҳбарлар қаёқга қараётгани бу бир ачинарли ҳолдир. Бу шоввознинг йўлига тўсқинлик қиладиган биронта раҳбар Жиззах вилоятидан чиқмаганлиги учун мен ўз ҳуқуқларим қўпол равишда поймол бўлганлигини ҳазм қилаолмасдан сизга очиқ хат орқали етказишга жазму қарор қилдим.

 

Муҳтарам президент!

Сиз халқ манфаатини ўйлаб фармон ва қарорлар қабул қилаяпсиз. Аммо ўта коррупциялашиб кетган Жиззахдаги баъзи бир раҳбарлар сизнинг оламшумул қарор ва фармонларингизни менсимай ўз билганларича иш тутмоқдалар. Уларнинг бундай ҳаракатлари эса ўз навбатида сизга, давлатимизга нисбатан халқнинг сунъий норозичиликлари келиб чиқишига сабаб бўлаяпти. Ана шу сабабларга кўра сизга очиқ хат билан Интернет орқали мурожаат қилишга мажбур бўлдим.

 

Сизга чексиз ҳурмат билан!

Мукаррам Исломова