Jul 112012
 

UNFPA: Ҳар дақиқада бир аёл туғаётганда нобуд бўлади

11 июл Бутунжаҳон аҳолишунослик кунидир. БМТнинг Аҳолишунослик ташкилоти – UNFPA бу йил аҳолишунослик куни учун репродуктив саломатлик мавзусини танлади.

Матн катталиги

11.07.2012

Аҳолишунослик куни илк бор нишонланган 1987 йилда жаҳон аҳолиси 5 миллиардга етган эди. Орадан 25 йил ўтиб, дунё аҳолиси сони 7 миллиарддан ошди.

БМТнинг Аҳолишунослик ташкилоти UNFPA хулосасига кўра, гарчи, жаҳон бўйича туғилиш суръати пасайиб бораётганига қарамай аср ўрталарига қадар аҳоли сони ўсишда давом этаверади.

Аҳолининг жаҳон миқёсида ўсиши кўп жиҳатдан жуфтликларнинг репродуктив имкониятларига боғлиқ бўлади.

Айнан шу мақсадда UNFPA бу йил аҳолишунослик кунини репродуктив саломатлик мавзусида ўтказмоқда.

– Бу йил аҳолишунослик кунида репродуктив саломатлик мавзусига урғу беряпмиз. Шу сана муносабати билан бугун Тошкентдаги Ғофур Ғулом боғида Оила марафони деган тадбирни ўтказдик. Унда ёш оилалар, ёшларга репродуктив саломатлик ҳақидаги билимини ошириш эди бундан мақсад,- дейди БМТ Аҳолишунослик ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси мутахассиси Азиза Асқарова.

UNFPA ҳисоботига кўра, жаҳонда, айниқса ривожланаётган мамлакатларда тахминан 222 миллион аёл оилани режалаштиришнинг замонавий воситаларига эга эмас.

UNFPA маълумотларига кўра ҳар куни дунё бўйлаб 800га яқин аёл туғиш жараёнида оламдан ўтади.

– Бу дегани ҳар дақиқада дунё бўйлаб бир аёл ҳомиладорликдаги уқубат туфайли ёхуд туғиш чоғида оламдан кўз юмади,- дейди UNFPA ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси мутахассиси Азиза Асқарова.

Қарийб 1,8 миллиард ёшлар репродуктив саломатлик ҳақида етарли билим, соғлиқни сақлаш ва қулай шароитларга эга эмас.

– Тўқсосничи йилларда Ўзбекистонда оналар ўлими ҳар юз минг аёлга 60тадан тўғри келган бўлса, ҳозир бу рақам 20ни ташкил қилади. Яъни ўтган йигирма йил ичида оналар ўлими Ўзбекистонда қарийб уч баравар камайди,- дейди UNFPA вакили Асқарова.

Ташкилотга кўра, 1990-1995 йиллар давомида Ўзбекистонда аҳоли сони ўсиши 2,1 фоизни ташкил этган бўлса, ҳозирги кунга келиб бу кўрсаткич 1,5 фоизга тушган. Ўртача умр кўриш даражаси эса қарийб 2 фоиз ўсган.

Лекин мутахассислар оналар ва болалар ўлими мамлакатда ҳали ҳам катта муаммо бўлиб қолаётганини айтишади.

Уларга кўра, Ўзбекистонда оналар ва болалар ўлими кўпайишига ижтимоий ҳаётнинг оғирлиги сабаб бўлмоқда. Айни пайтда мамлакат аҳолисининг 62 фоизи қишлоқларда яшайди.

Аёллар орасида камқонлик хасталигининг кенг тарқалгани, уларнинг тўйиб овқатланмаслиги, экологиянинг бузилиб кетаётгани, қолаверса, қишлоқ жойларида шифохоналар ва туғруқхоналарда малакали шифокорлар етишмаслиги ҳам муаммолар урчишига олиб келяпти.

Хоразмлик акушер-гинеколог Тамара опа Озодлик билан суҳбатда кўп учрайдиган муаммолар ҳақида гапириб берди.

– Разривлар (аёл репродуктив органларининг ёрилиши-таҳр.) кўп. Кўплаб болалар патология билан туғиляпти. Чақалоқлар ўлими кўп учраяпти. Ампутация ишлари жуда кўпайган, бу дегани аёлларни бачадонини олиб ташлаш. Бу холат жуда кўпайган ҳозир. Йигирма йил олдин бу холат онда-сонда учрар эди. Сабаби хомиладорлик жараёнида аёлларга яхши қаралмаяпти, малакали мутахассислар кам,- дейди хоразмлик акушер-генеколог Тамара опа.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмийларидан туғруқхоналардаги аҳвол юзасидан муносабат ололмадик.

БМТнинг Аҳолишунослик ташкилоти UNFPA вакилига кўра, Ўзбекистон туғриқхоналарида аҳвол унчалик ҳам аянчли эмас.

– Мамлакатда акушер ҳодимлар сони 24 мингдан ортади. Бу Ўзбекистондек давлат учун ёмон рақам эмас,- дейди UNFPA вакили Асқарова.

UNFPA Ўзбекистонда аёллар репродуктив саломатлиги, акушер шифокорлар билим малакасини ошириш ҳамда туғруқхоналарни лозим техник анжомлар билан таъминлаш, аҳолини замонавий контрацептив воситалар билан таъминлаш бўйича беш йилдан буён Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорлик қилиб келади.

http://www.ozodlik.org/content/article/24641811.html