Jul 102012
 

Францияда жойлашган “АСАТ France” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилоти Марказий Осиё минтақасига сафар қилаётган БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Нави Пиллай хонимга очиқ хат йўллаб, қозоқ расмийлари билан бўлажак музокараларда Ўзбекистонга қатариб юборилган 29 нафар ўзбекистонлик қочқин масаласини кўтаришни сўраган.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Нави Пиллай шу кунларда Марказий Осиё мамлакатларининг айримларига сафар қилмоқда.
Матн катталиги

10.07.2012

11-12 июл кунлари Пиллай хонимнинг Остонада Қозоғистон расмийлари, инсон ҳуқуқлари фаоллари билан учрашиши режалаштирилган.

“АСАТ France” инсон ҳуқуқлари ташкилоти БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Нави Пиллайга йўллаган очиқ хатида Ўзбекистонга экстрадиция қилинган 29 нафар қочқинни ортга қайтариш ва уларга товон пули тўлаш борасида қозоқ расмийларига босим ўтказишни сўраган.

– Нави Пиллай хоним эртага Қозоғистонга боради ва у Ўзбекистонга экстрадиция қилинган 29 нафар қочқинни ортга қайтариш ва уларга товон пули тўлаш борасида қозоқ расмийларига босим ўтказа олади, деб ўйламиз,- дейди “АСАТ France” ташкилотининг Марказий Осиё бўйича раҳбари Кристин Ларок.

2010 йилнинг июн ойида Қозоғистон Бош прокуратураси Ўзбекистон Бош прокуратурасининг сўровига асосан 29 нафар бошпана изловчини ҳибсга олган ва бир йил ўтиб уларни Ўзбекистонга экстрадиция қилган эди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси 29 қочқинга “диний экстремистик ташкилотгарга аъзолик ва конституцион тузумга тажовуз қилиш қилиш” каби айбларни илгари сурганди.

Ўзбекистонга экстрадиция этилган барча қочқинлар турли муддатга озодликдан маҳрум этилдилар.

Айни пайтда 29 қочқин Ўзбекистон қамоқхонасида қолар экан Қозоғистон уларни қандай қилиб ортга қайтариши ва товон пули тўлашига эришиш мумкин, деб сўраймиз АСАТ France” вакилидан:

– Албатта Ўзбекистон қамоқхонасида қолаётган қочқинларни қайтариб олиш қийин. Лекин, мақсадимиз БМТ раҳбариятини яна бир бор шу қочқинлар тақдирига қаратиш, қозоқ расмийларига ҳам қайтариб юборилган ўзбек қочқинлари не куйга солинганини эслатиш ва қочқинларнинг Ўзбекистонга бошқа асоссиз қайтариб юборилишига йўл қўймаслик, – дейди Кристин Ларок.

“АСАТ Франс” ташкилоти БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитасини ҳам Қозоғистон ҳукуматини ҳам  ўзбекистонлик бошпана изловчилар Ўзбекистонга қайтарилса, қийноқларга тутилишлари борасида огоҳлантирганди.

http://www.ozodlik.org/content/article/24640905.html