Jun 282012
 

Ўзбекистон Республикаси Конституцион Судига
Тошкент вилояти Паркент шаҳри И.Абдуллаев кўчасида истиқомат  қилувчи Р.Комиловдан

МУРОЖААТНОМА

Ҳурматли олиймақом жаноблар!
Ишларингиз кўплигидан кўмилиб, миллат, халқ,, ватан қайғусида ҳаёлларга чўмилиб, тунни тун, кунни кун демай, қўлингиз қўлингиз тегмай бизнинг ғамимизда офатлар билан олишиб, касофатлар билан солишиб юрган сиз жанобларга ташаккуримни билдираман. Ҳайратки сизга хос жаноблар бор экан. Дардимизни эринмай эшитадиган, конституция доирасида қойилмақом этиб пишитадиган. Бўлмаса кимнинг эшигида кузнинг баргидек сарғайиб турардик оллоҳ билади. Борингизга минг бора шукур. Конституцияни ҳимоя қилишдек буюк шараф бормикин. Наинки конституция-тўшак эмас остимиз солсак. Наинки конституция- гўшак эмас дуч келганни қўлидан олсак.

Гапнинг индаллосига келадиган бўлсак Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1 май 2008 йил ”Ўзбекистон Республикасида адвокатура институтини янада ислоҳ қилишнинг чора-тадбирлари тўғрисидаги” фармонига биноан мажбурий аъзоликка асосланган адвокатлар палатаси ташкил этиш кўзда тутилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 27 май 2008 йилги ”Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар Палатасини ташкил этиш чоралари тўғрисида”ги қарорида бу ҳуқуқий институтнинг ташкилий асослари белгилаб берилди.

Юқоридаги хужжатларга мувофик адвокатура институти ўз мазмун ва моҳиятини, демократик принципларини йўкотган ҳолда, амалда маъмурий буйруқбозлик органига айлантирилди.

Чунки ”Адвокатура тўғрисида”ги Қонуннинг 1-моддасига мувофиқ ”Адвокатура-хуқуқий институт бўлиб, у адвокатлик фаолияти билан шугулланувчи шахслар, ҳамда хусусий амалиёт билап шуғулланувчи айрим шахсларпинг мустақил, кўнгилли, касбий бирлашмаларини ўз ичига олади.”

Ушбу қонуннинг 4-моддасига кўра эса ”Адвокатура ўз фаолиятини қонуннинг устунлиги, мустақиллик ва бошка демократик принциплар асосида амалга оширади. Адвокатлар қонунда белгиланган тартибда адвокатларнинг жамоат бирлашмаларини тузишлари мумкин.”

Ўзбекистон Республикасининг ”Жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги Қонуннинг Преамбуласига кўра ”Умуминсон Ҳуқуқлари Декларациясидан келиб чиккан холда ушбу конун фуқароларнинг жамоат ташкилотларининг тузиш эркинлиги ҳуқуқларини белгилаб беради.”

1-моддасига мувофиқ эса ”Жамоат бирлашмаси- ихтиёрийлик, барча аъзоларининг тенг хуқуқлиги, ўзини-ўзи бошқариш, қонунийлик ва ошкоралик принциплари асосида тузилади ва фаолият курсатади. Фуқаронинг жамоат бирлашмаси фаолиятида иштирок этмаслиги ёки этиши унинг хукуқ ва эркинликларини чеклаш учун асос бўла олмайди”.

5-моддасига мувофик эса ”Давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг жамоат бирлашмаси фаолиятига аралашувига йул қўйилмайди.”

”Нодавлат ва нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги” Қонунниннг 2-моддасига биноан ”Нодавлат ва нотижорат ташкилоти – ихтиёрийлик асосида тузилган ўзини-ўзи бошқариш ташкилотидир.

4-моддасига биноан ”Давлат органлари ва мансабдор шахсларининг нодавлат ва нотижорат ташкилоти фаолиятига аралашишига йўл қўйилмайди.”

11-моддасига биноан ”Жамоат бирлашмаси – маънавий ёки бошқа номоддий эҳтиёжларни қондириш учун ўз манфаатларининг муштараклиги асосида бирлашган фуқаролариннг ихтиёрий бирлашмасидир.”

Умуминсон Ҳукуқлари Декларациясининг 20-моддасига биноан ”Ҳар бир киши тинч йиғилишлар ўтказиш ва уюшмалар тузиш эркинлиги хуқуқига эгадир. Ҳеч ким мажбурий равишда бирон-бир уюшмага киритилмайди.”

Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлари тўғрисидаги Ҳалқаро Пактнинг 22-моддасига мувофик ”Ҳар бир киши бошқалар билан уюшма тузиш ҳуқуқига эгадир.”

БМТнинг 1990 йил 8-конгрессида тасдиқланган ”Юристлар ролига тегишли асосий Принциплар”нинг 16-бандига мувофиқ ”Ҳукуматлар юристларнинг ўз касбий вазифаларини амалга ошириш учун таҳдидлардан, тўсиқлардан, қўрқитув ва асоссиз аралашувлардан ҳоли шароит яратиб берилишини таъминлайди.

24-бандига мувофиқ: ”Юристлар мустақил касбий уюшмалар тузиш ва унга аъзо бўлиш хуқуқига эгадирлар. Касбий ташкилотларнинг ижроия органи унинг аъзолари томонидан сайланади ва ўз вазифаларини ташқи аралашувсиз амалга оширади”.

Ушбу Принциллар 1997 йил 7 сентябрида Нью-Йоркда Ҳалкаро юристлар ассоциацияси томонидан қабул қилинган “Юристлар жамиятлари мустақиллиги Стандартларида” ҳам ўз аксини топган.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси Преамбуласига мувофиқ ”Ўзбекистон халқи инсон ҳуқуклари ва халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган қоидалари устунлигини тан олади”.

Конституциянинг 34-моддасига мувофик ”Ўзбекистон Республикаси фуқаролари жамоат бирлашмаларига уюшиш хуқуқига эгадирлар”.

56-моддасига мувофиқ ”Узбекистон Республикасида қонунда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган касаба уюшмалари. сиёсий партиялар, олимларнинг жамиятлари, хотин-қизлар, фахрийлар ва ёшлар ташкилотлари, оммавий ҳаракатлар ва фуқароларнинг бошқа уюшмалари жамоат бирлашмаси сифатида эътироф этилади”. 58-моддасига мувофиқ ”Давлат органлари ва мансабдор шахслариниш жамоат бирлашмаси фаолиятига аралашувига йўл қўйилмайди.”

Аммо минг афсуски адвокатура тизимини ислох қилиш байроғи остида юқоридаги қатор конунлар Умуминсон Ҳуқуклари Декларацияси, Ҳалқаро хужжатлар ва Ўзбекистон Республикаси Конституция нормалари кўпол равишда бузилиб, 2009 йил 1 январда ”Адвокатура институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун хужжатларига ўзгартириш ва кўшимчалар киритиш тўғрисидаги” қонун қабул қилинди. Ушбу Қонунга кўра:

12-1-модда. ”Адвокатлар палатаси – Ўзбекистон Республикаси барча адвокатларининг мажбурий аъзолигига асосланган нотижорат ташкилотидир.

12-3-модда. ”Адвокатлар палатасининг раиси Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг тақдимномасига биноан Адвокатлар палатасининг Конференцияси томонидан ушбу Конференция сайлаган Адвокатлар палатаси Бошқаруви аъзолари орасидан беш йил муддатга сайланади.

12-4-модда. ”Адвокатлар палатаси ҳудудий бошқармаларининг раҳбарлари Адвокатлар палатасииинг раиси томонидан лавозимга (тегишли ҳудудда фаолият кўрсатаётган адвокатлар орасидан) тайинланади ва лавозимидаи озод этилади.

14-модда. ”Интизомий иш юритиш адвокатга гувоҳнома берган адлия органи томонидан қўзғатилади”.

17-модда.”Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ўз ваколатлари доирасида Адвокатлар палатаси устидан назоратни амалга оширади, адвокатлик гувохномаси шакли ва бериш тартибини, ордер шаклини тасдиқлайди”. Киртилган ўзгаришлардаги қатор нормалар ҳам аксилконституциявийдир.

Ўзбекистонда адвокатуранинг бундай маъмурий буйруқбозликка асосланган, ”давлатлаштирилган” шаклини яратиб бўлмаслигини теран англаб етган саноқли адвокатлар қатори мен ҳам бир қанча олий ҳокимият идораларига мурожаат этишга мажбур бўлдик. Лекин минг афсуски бизнинг соғлом фикрларимиз инобатга олинмади.

Аксинча бизга нисбатан турли кўринишдаги босимлар авж олиб Ўзбекистон Республикаси Конситуциясининг 29-моддасида белгиланган ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлигига” эга деган муқаддас нормалар оёқ ости қилинди.

Бунинг натижаси ўлароқ 2009 йил 6 майида ғайриконституциявий орган бўлмиш Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси Тошкент вилояти худудий бошқармаси ҳузуридаги малака комиссияси мени малака имтиҳонини топширмаган деб топди. Бу ғайриконституциявий ташкилотнинг Олий малака комиссияси ўзининг 29 июнь 2009 йилги ўроқдек тўғри қарори билан қуйи малака комиссияси қарорини тўғри деб топди.

Орадан деярли уч йил ўтиб бу манзара яна такрорланди.Ушбу малака комиссияларининг 28 февраль 2012 йил, ҳамда 27 март 2012 йилдаги “жуда холисона” қарорларига кўра яна малака имтиҳонини топширмаган деб топилдим. Бу менинг сиёсий ва инсон ҳуқуқлари ҳимояси борасидаги фаол фуқаролик позициям учун таъқиб деб биламан.

Ўзбекистон Республикаси ”Конституцион суди тўғрисида”ги Конуннинг 1-моддасига кўра Ўзбекистон Республикаси Конституцион суди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан қабул қилинган қонун ва бошқа хужжатлар, Ўзбекистон Республикаси Президеити Фармонлари, ҳукумат ва маҳаллий давлат органлари қарорлари Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлигини аниқлайди.

Ушбу қонуннинг 19-моддасига кўра Конституцион судда иш 3 кишидан кам булмаган суд аъзоларининг, Олий Мажлис депутатлари. Олий Суд Раиси, Бош Прокурор ташаббусига биноан ҳам кўриб чиқилиши мумкин. Юқоридагилардан келиб чиқиб
СЎРАЙМАН:

Конституция манфаатлари устиворлигидан келиб чиққан ҳолда, адвокатура тизимини ислох қилишга қаратилган бир неча ҳужжатларни – Ўзбекистон Республикаси Президентинипг 1 май 2008 йил ”Ўзбекистон Республикасида адвокатура институтини янада ислоҳ қилишнинг чора-тадбирлари тўғрисидаги” фармони, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 27 май 2008 йил №112-сон мажбурий аъзоликка асосланган бандлари , ”Адвокатура тўғрисида”ги Қонунга 3-1;12-1;12-2; 12-3; 12-4; 13; 13-1; 14; 15; 16; 17-моддалар доирасидаги ўзгаришларнинг, шу негиздаги барча норматив ва идоравий ҳужжатларни – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамасининг “Адвокатлик фаолиятини лицензиялаш ва адвокатлик тузилмаларини ташкил этиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги 9 март 2009 йил 60-сон қарорини, унга 1-сон илова “Адвокатлик фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги” Низомни, ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси ҳузуридаги малака комиссиясини менга нисбатан қарорларини ғайриконституциявий деб эътироф этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Конституцион судида иш қўзғатишингизни, бузилган конституцион ҳуқуқ ва эркинликларимни тиклашингизни.

Илова: 4 вароқдан иборат ҳужжатлар.

Ҳурматли жаноблар! Сиздан Матросовга ўхшаб кўкрагингизни пулемётга қалқон қилишни эмас, балки бор-йўғи бир чимдим фуқаролик жасоратини намоён қилишингизни сўрайман холос. Миллат рози, халқ ҳамжиҳат, ватан обод бўлсин!

“Малакасиз адвокат” Р.Комилов

http://yangidunyo.com/?p=1588#more-1588

Sorry, the comment form is closed at this time.