May 302012
 

Яқинда Ўзбекистонлик бир мактаб ўқитувчисини мактаб ўқувчиларини доскага чиқариб ураётгани суратга олиниб youtube порталига қўйилган видеони кўргандим. Кейин уни ЎХҲ сайтига ҳам қўйгандик.
Мен ўша видеони ўзим ўқийдиган мактабдаги швед ўқитувчимга кўрсатдим.

Шу видеони кўриб у киши ҳайратини яширолмай қолди: “Сизларда шунақа болаларни уришадими” дея, қайта қайта сўради. “Ҳа”, дедим.

“Агар Швецияда ким шундай қилса, полиция ушлаб қамоққа олиб кетади” – деди у.

Мен “Швецияда мактаб болаларини ҳеч уришмаганми?” десам, у “Ҳа бундан юз йил олдин уришган. Охирги юз йил ичида бу жиноят ҳисобланади” деб, жавоб берди.

Хуллас, бу видео мактабдагилар орасида шов-шув бўлди. Таиландлик аёллар ҳам уларнинг юртида мактаб болаларини уришмаслиги таъкидлашди.

Хуллас, синфдошларим Украина, Россия, Ироқ ҳатто Сомалилик муҳожирлар ҳам улар томонда мактабларда болаларни урмаслигини ва бу жиноят ҳисобланишини айтишди.

Афғонистонликлар эса мактабга умуман бормаганликларини айтишди. Мен улардан “Сизларни ҳукумат болаларни пахта теришга ёки бошқа турли ишларга мажбуран ишга жалб қилишадими?” деб сўрадим.

Бу саволга улар бир овоздан “Йўқ” деб, жавоб беришди. Мен улардан “Қайси бирларининг мамлакатида Президенти 20 йилдан бери якка ўзи давлат тепасида ўтирибди?” деб сўрадим. Уларнинг бирортаси бунақаси борлигини тан олишмади.

Африкаликларга қайта-қайта савол бериб, “Сизларда соқол қўйгани учун, ёки аёллар рўмол ўраган учун тазйиқ қилинадими?” деб сўрасам, ҳайрон бўлишди.

Соқол учун қаерда тазйиқ қилишади? Ҳайрон бўлади улар.

Мен “Бизларда кунига икки соат ток ёнади холос. Сизларда қанча вақт ток бўлади уйларингда?” десам, ҳаммаси кулиб юборишди. Маълум бўлишича уларда ток умуман ўчмас экан.

Хуллас, мен билан ўқиётганлар ичида бирортасининг юртида бизники каби фуқароларига зулм ва тазйиқлар қилинмас экан.

Мен Афғонистон ва Африка мамлакатларидан Ўзбекистон халқи анча тузукроқ яшаса керак, деб ўйлардим. Энди билсам, хато ўйлабман. Улар биздан анча яхшироқ аҳволда яшар эканлар.

Мен эса буни ўзбек халқи тушунмаслигини ва улар ўзлари яшаётган ҳаётини “энг бахтли ҳаёт” деб ҳисоблашларини ва шу ҳаёт учун диктаторга раҳматлар айтиб яшашга мажбур эканликларини ўйлаб, анча кайфиятим бузилди.

М. Абутов

http://www.uzxalqharakati.com/archives/10734

Sorry, the comment form is closed at this time.