May 142012
 

“Бирлик” халқ ҳаракати асосчиси, халқимизнинг севимли ҳофизи, шоир Дадахон Ҳасан бундан уч йил муқаддам Андижон фожеалари ҳақида айтган қўшиғи ортидан маҳкамага тортилган эди. Айни пайтда ҳофизга белгиланган жазо муддати тугаган. Биз ҳофизни маҳкамага олиб келган “Андижонда қатлиом бўлди” деб номланган қўшиғи тарихи ва шу қўшиқ сабаб бўлиб ўтган суд жараёнлари билан қизиқдик.

Юсуф Расул: -“Андижонда қатлиом бўлди” деб номланган қўшиғингиз матни муаллифи ким? Бу қўшиқнинг яратилиш тарихи ҳақида гапириб бера оласизми?

Дадахон Ҳасан: -“Анжанда қатлиом бўлди” қўшиғимни матни ўзимники. 2005 -йил 13-май куни тушдан кейин “Озодлик” радиосининг Тошкентдаги офисидан Ҳусниддин менга телефон этиб “Андижонда исёнчилар ҳокимият биносини эгаллаб олишибди, аскарлар билан улар ўртасида отишма бўляпти экан, эшитдингизми” деди. Мен унга дарҳол жавобан “Ия, бошланибдими?” дедим. Эртаси куни бу воқеа хақида узун қулоқ гаплар эшита бошладим. Андижонда чинакам қатлиом бўлганлигини билдим, ўргандим. 14-май куни соат ўнларда созимни олиб радио офисига кириб бордим ва Ҳусниддиндан “Андижондаги хунрезлик ҳақида қўшиқ айтсам ёзиб оласизми” деб сўрадим. У рози бўлди. 2-қаватдаги компютер хонасига кириб созимни баланд пардага созладим. Ҳусниддин микрафонларини менга тутди, мен кўзим юмилган ҳолда қўшиқ айта бошладим.
Ўшанда мен ҳаваскор бахши бўлиб, нималарни деб соз чалиб, экспром ҳолида “Анжанда қатлиом бўлди” деб қаҳр билан фиғон қилдим. Бу қўшиқни биринчи нусхаси анча бўш эди, уни сўнгра бир неча бор қайта – қайта ишладим ва унолғи тасмасига ёздим. Бундай пайтларда эл ўз фожеаси ҳақидаги қўшиқни эшитиб кўришга шошилади. Бундай қўшиқ эл орасида тез тарқалади. Илгарилар ҳам бундай воқеалар кўп бўлган. Эл бу каби ғалати қўшиқларни эшитишга муштоқ бўлса керак. Шунинг учун бундай жиддий қўшиқларим эл орасида автоматик тарзда тез тарқалади. Уни атайлаб тарқатишни ҳожати йўқ. Аммо эл бундай қўшиқларни бор-йўғи эшитади холос. Мутлақо ҳаяжонланмайди, руҳланиб шаклланмайди. Албатта, айниқса бугунги ўзбек ҳеч қачон қўшиқ эшитиб завқланиб, кучланиб, ҳаракатга келмайди. Қўшиқдан таъсирланмайди. Бугунги авом оломон халқимизда “Шунақанги қўшиқларни ҳам айтса ва эшитса бўлар эканми?” деган қизиқ бир савол пайдо бўлади холос.

Ю.Р: -Бу қўшиқни Ўзбекистон ичида жуда тез тарқалиши ва бу қўшиқни эшитган кўплаб кишиларни ҳатто суд залигача олиб боргани сабаби нимада?

Д.Х: -Андижон қўшиқларини расман эълон қилиб, ҳеч ерда айтмаганман. Бу қўшиқни мен ва бошқаларни судгача олиб борганлигининг сабаби қўшиқда ҳақиқат куйланган. Ўзбекнинг бугунги қора кунлари куйланган. Севимли ҳукуматимизни авом халққа нисбатан олиб бораётган қаттиққўл сиёсати очиқ – ойдин, халқона, содда ва равон шаклда баён этилган. Ўз хақ-хуқуқини талаб қилиб, бугунги турмуш тарзидан норози бўлиб, президентимиз билан учрашамиз, унга арзимизни айтамиз, деб яхши ниятлар айлаб ҳокимият биноси олдига йиғилган гуноҳсиз ота оналар, ўғил қизлар ва ёш болаларни ҳеч бир огоҳлантирувсиз ўққа тутилиши ҳар қандай тирик зотни ғазабга келтиради. Мен шу юртнинг фарзанди ўлароқ ўз қаҳру нафратимни қўшиқ орқали сочдим. Ҳукумат эса бу қўшиқларни эшитган оломон – омма уйғониб, ҳақиқатни англаб етади ва ғалаёнга келади, деб хавфсираб ваҳимага тушди ва қўшиқларимни элга тарқалишига қаршилик қила бошлади. Қилган жиноятларини эл-юртдан дунё афкор оммасидан яширмоқчи бўлдилар. Афсус, улар кечиккан эди. Қўшиқни аллақачон ҳамма эшитиб бўлган эди. 18 минг олам бу аянчли фожеани телеэкранларда кўришган эди.
Қўшиқни эшитган ўзбак кўтарилиб исён қилади, деб кўхнор хаёл қилишди шекилли. Ўзбек қачон исён қилган, қачон кўтарилган? Ҳеч қачон. Энг хайрон қоларли воқеа шулки “эрк” партиясининг фаолларидан бирининг ҳикоя қилишича қўшиқларим ёзилган касета водийдан келтирилган эмиш. Эркчилар уни кўпайтириб Бухорога бериб юборишган эмиш. Касетани водийдан олиб келганлар, “Озодлик”да кўпайтириб, тарқатганлар, “Озодлик”да қўшиқни куйлаган ва уни эшитганлар судландилар, қамалдилар. Буни қандай тушунмоқ керак?. Ё бу жараён ҳам одатдагидай уюштирилганмикин?
“Эрк”чилар бундай дивирсиён ишларни бажаришга устаси фарангдирлар. Андижон қўшиқлари ёзилган касетани магнитафони билан автомашинам бардачогидан ўғри ўғирлаб кетган эди. Аммо ўғирланган касета қандай қилиб “эрк”чилар қўлига тушиб қолганига ҳайронман. Ҳукуматимизнинг баъзи бир лоқайд ишларига қоил эмасман. “Эрк”деган терорчи партия юртимизда яшаб, яшариб, давру даврон суриб, ҳар турли қора ишлар билан шуғулланиб юрибди. Ҳукуматимизни эса булар билан иши йўқ, ажабо. Бу партия президентимиз томонидан 1990-йилда ясалган “чўнтак партияси” бўлганлиги учунми, буларнинг мушугини ҳеч ким “пишт” демайди.


Ю.Р: -Сиз ўзингиз ҳам бу қўшиқдан кейин судга тортилдингиз. Тергов пайтида сизга қўйилган айблар ва бўлиб ўтган маҳкама жараёни ҳақида қандай фикрдасиз?

Д.Х: -Тергов ва суд жараёни ҳамма жараёнлар каби адолатсиз ўтди. Ими – жимида ўтди. Қонундан ташқарида ўтди. Кўр – кўрона, қалбаки шаклда зудлик билан ўтқазилди. Қўғирчоқ театрининг спектаклига ўхшади. Адвокатларим эса мени сира – сира ҳимоя қилиб, лом- мим дейишолмади. Менга 159-моддани қўйилишига ҳатто монийлик ҳам қилишолмади. Улар фақат попкаларини кўтаришиб, автомобилнинг запас балонидай у юққа бориб, бу ёққа келиб, соқов холатда юришаверди. Айниқса, тергов ва суд жараёни кунларида менинг ҳуқуқ ҳимоячим Суръат Икромов кўпгина ёлғон – яшиқларни тўқиб, валдиради, валдиради, фақат пул ишлади. Мен ҳақимда ҳар турли туҳмат, ёлғон гапларни тарқатди. Бўлмаган ҳар турли учрашувларни бўлди деб, “Озодлик” радиосидаги лақмаларни қулоғига лағмон осди. Зато пул ишлади, катта пул ишлади. Хуллас, эфирни интернет сахифаларини тўлдирди. Вазифа бажарди. Ҳар 2 ёққа хизмат қилди… Шундан кейин менга фойдаси тегмаган адвокат ва ҳуқуқ ҳимоячисини кераги йўқ деб, уларни суд залидан ҳайдадим.
Бу воқеалардан кейин мен шундай фикрга келдимки, ҳуқуқ ҳимоячилари ҳам, адвокатлар ҳам ҳукумат томонда экан. Судланаётганларни ҳеч ким ҳимоя қилмас экан. Адвокат ва ҳуқуқ ҳимоячилари ўзларича ҳеч нарсани ҳал қилаолмас эканлар. Масалан, қамалаётганларнинг “жиноий” ишини бироз бўлсада енгиллата олмас эканлар. Ожиз эканлар. Уларга белгиланган жазо муддатини лоқал бир ёки ярим йилини ҳам олиб ташланишига кучлари етмас экан. Буларнинг югур – югурларининг ҳаммаси показуха экан, пул ишлаш учун экан алхазар!
МХХ терговчиси Акмал Рашидов ҳам, Тошкент шаҳар жиноий ишлар суди ҳам менга президентни ҳақоратлаган деб 158-моддани, Конститутсион тузумга тажовуз деб, 159-моддани, диний эксремистик гуруҳлар билан тил бириктирган деб, 244-моддани ёпиштирдилар. Мени бу ишларга мутлақо алоқам йўқ эди. Мен бор-йўғи қўшиқ айтган эдим, холос… Аксар ижодкор, ёзувчи ва шоирбачалар ўша кунлари уйларининг ертўласига беркиниб олиб, қошларига ўсма қўйиб, кўзларига сурма суртиб, сочларини майда ўриб, дўппи тикиб ўтиришганида, мен Андижон қатлиомига ўз муносабатимни билдириб қўшиқ айтдим. Бу менинг бурчим эди.

Ю.Р: -Шу пайтгача қайси қўшиқларингиз учун неча марта суд қилингансиз ва бўлиб ўтган суд жараёнларида сизга қандай айблар қўйилган эди?

Д.Х: -1973-йили Аҳмад Яссавий ҳикматларини, Чўлпон, Рауф Парфи, Нозим Хикмат, А.С.Пушкин, Эркин Воҳид, Абдулла Ориф, Отахон почча Нисорий, Аваз Ўтар, Насимий, Гулханий, Турди Фароғий шеърларини қўшиққа солиб куйлаганим учун Тошкент шаҳар, Собир Раҳимов тумани прократурасининг терговчиси Хусан Мамадалиев мени бир йил мобайнида тергов қилган. Ўшанда ҳали ёш эканлигимни эътиборга олиб, тарбиялаш мумкин деб, шахсан Шароф Рашидов мени кечирган экан, ишим судга оширилмай тўхтатилган экан. 1976-йили 11-12 феврал кунлари Тошкент шаҳар Свердлов концерт залидаги канцертда Туркистон, Амир Темур, Ватан ҳақида қўшиқ айтганлигим учун КГБ томонидан концерт тўхтатилиб, милиция ходимлари мени саҳнадан олиб чиқишиб, тўппа – тўғри ўша пайтдаги Ленин район ички ишлар бўлимига олиб боришиб, 15 кеча -кундузга қамаб қўйишган эди. Мен бу қамоқ жазосини ички ишлар бўлими ертўласида “КПЗ” да ўтаган эдим.
1989-йилги Фарғона фожеаларини ҳам сабабчиси Дадахон Ҳасан деб кўрсатилган. Ўша фожеаларнинг бошланишига Фарғона вилояти КГБсининг бошлиғи, генерал М.С.Лесковни брифингда ҳисобот беришича, менинг “Қўзғалинг, эй аҳли мўмин, ёвга қарши қўзғалинг”, “Кўзингни оч ўзбегим, уйғон энди, ён энди, Қўшил бизнинг сафларга майли кечса жон энди”, “Ёв босдиё ёв босди, ёвлар ҳаддидан ошди”, “Босиб олинган бу юрт бағри тўла сариқ қурт”, “Нега йиғламайсан она туркистон”, шунингдек “Михаил Горбачёв сизга нидоларим бор” деган қўшиқларим ўзбек турклари билан месхити турклари ўртасида уруш -жанжал чиқишига сабаб бўлган эмиш. Аслида, бу уруш жанжални ижодкорлари Москвадаги босқинчи каланизаторлар эди. Бу қонли фожеанинг сценарийси қуйидагича бўлган эди:
Қўшиқларимни тинглаб, англаб, қўшиқдан таъсирланиб, водий аҳолисини оёқлангани рост. Бироқ ана шу уйғониш тўлқинини совет КГБси бу икки туркий халқни бир бири билан низолаштириб уруштиришга буриб юборди. Бу билан Москва иккита ютуққа эришди. Биринчи- қулдорлик тузумига қарши қутлуғ бир кўтарилишни олдини олди. Иккинчи -туркий халқларни бир-бирини таниб, бирлашиб, буюк кучга айланиб кетувини тўхтатиб қолди. Ўшанда менга Фарғона вилояти прокаратураси жиноий иш очган эди. Бир неча бор мени сўроққа чақиришган эди. Мен бормаган эдим. Сўнгра ўша вақтда прократура терговчиси бўлган (бугунги Фарғона вилояти ҳокими) Ҳамид Неъматов мени сўроқ қилгани Тошкентга келган. Ва мени Республика прократурасига келтиртириб, сўроқ қилган эди.
Ўша йили август ойида Латвиянинг Пицунда шаҳридаги иттифоқ ёзувчиларининг ижод уйида дам олиб, ижод билан машғул бўлган кунларимда СССР КГБси ходимлари мени Рига шаҳрида бир хафта сўроққа тутишган эди. Ўшанда Михаил Горбачёвнинг ошкоралик, қайта кўриш, демократия сиёсати мени қамалишдан сақлаб қолган эди. Бироқ кейинчалик мени қамоққа тортмаганлиги учун Фарғона вилоят прокурори Абдулла Отажонов ишдан олинди ва автоҳалокатга учраб вафот этди.

Ю.Р: -Сизни – Дадахон Ҳасаннинг қўшиқлари ўзбек халқи сиёсий тафаккурини шаклланишига қандай таъсир кўрсатган деб ўйлайсиз?

Д.Х: -Афсуски, мени шу кунгача куйлаган барча ижтимоий, маърифий қўшиқларимнинг самараси йўққа чиқарилди. Бу қўшиқларни моҳияти халқимиз онги шууридан ўчирилди. Қўшиқларимнинг бугун ҳатто изи қолмади бу юртда. Бу эл ҳашоратга айлантирилди, демоққа ҳаққим бор менинг.
Бугун яна ибтидоий жамиятга қайтяпмиз шекилли. Бу эл менинг оддий – лирик, ишқ – муҳаббат ҳақидаги қўшиқларимни ҳам эшитишга қўрқади. Мен билан салом алик қилгани ҳам қўрқади. Халқ сифатида ҳам, миллат сифатида ҳам шаклланмаган бу авом – оломон қўрқитилиб, қўрқитилиб оқибатда пичилганга ўхшайди. Мени қўшиқларимни эшитишдан бу эл бездирилди. Мен билан бир чойхонада ўлтириб ош еганлиги учун Фарғоналик Бойбола исмли йигит Фарғона вилояти миллий хавфсизлик хизматига аввал 9 миллион сўм жарима тўлаб, сўнгра 5 йил қамоқда ўтириб чиқди. Бундан кейин албатта мен билан салом алик қилгани, борди – келди қилгани қўрқадиларда.
Бугунги эл 80-йиллардаги эл эмас. Қурвақани ҳам оёғингиз билан боссангиз, у “вақ” этади. Булар “вақ” ҳам демаса, ноҳақдан ноҳақ қамайверса, индамаса, яшаб турган уй-жойини бузиб вайрон этса, кўчада яшайверса, индамаса, охир – оқибат отса отаверса, индамаса, “Қоронғу кечани ёритгани электр чироғим қани?” демаса. “Овқат пиширгани, уйни иситгани газим қани?” демаса. “Ичгани тоза сувим қани?” демаса, ўзининг конститутцион ҳақ -ҳуқуқини талаб қилмаса, буларни ҳашорат демай нима дейиш мумкин? Буларга қўшиқ айтиш ҳам бекор – беҳуда. Жон фидо қилиш ҳам бекор – бехуда ва самарасиздир. Буларни ислом дини йўлга сола билмадию, менинг қўшиқларим қандай қилиб бу халқни сиёсий тафаккурини шаклланишига тааъсир этсин.
Бу эл, айниқса Андижон фожеаларидан кейин бутунлай “ўлдирилди” дейишим мумкин. Энди бундай ногирон нотовон эл – улусдан заррача хавфсирамаслигимиз керак.

Ю.Р: -Ўзбек жанговор-сиёсий қўшиқчилигини давом эттираётган ҳамкасбларингиз ёки шогирдларингиз борми? Агар бор бўлса уларни ижодига қандай баҳо берасиз?

Д.Х : -Ижтимоий – сиёсий, ҳақиқат қўшиқларини айтувчи биронта ҳам ҳофиз ёки ҳаваскор хонандани шу кунгача учратмадим. Эшитмадим. Менинг мардона қўшиқларимни ижро этувчи шу юртнинг чинакам фарзанди бўлган эркак шогирдим ҳали вери туғилмаса ҳам керак. Ишқий муҳаббат мавзуидаги қўшиқларимни куйлаб юрувчиларнинг эса сон -саноғи йўқ. Улар жуда кўп.

Ю.Р: – Ўз ҳаётингизни жанговор қўшиқчиликка бағишлаганингиздан хурсандмисиз ёки афсусдамисиз?

Д.Х: -Ҳаётимни, бутун ижодий фаолиятимни ижтимоий – сиёсий, озодлик ва ватанпарварлик, жанговар қўшиқлар айтишга бағишлаганимдан афсусда эмасман. Минг карра, миллён карра хурсандман, бахтиёрман. Аллоҳга шукр!
Асраса кимни Худо, анга балонинг иши йўқ,
Роҳатин кимга насиб этса жафонинг иши йўқ.

Суҳбатдош: Юсуф Расул.

www.yangidunyo.com

http://yangidunyo.com/?p=1218#more-1218

Sorry, the comment form is closed at this time.