Apr 262012
 

Сўнгги янгиланиш 26 апрел 2012 – 10:45 GMT

Жаҳон Банкининг озиқ-овқат нархлари борасида чиқарган охирги ҳисоботига кўра, ўтган йил декабр ойидан бери нархлар ўртача 8 фоизга ошди.

Жаҳон Банкига кўра, озиқ-овқат нархларининг ошишига асосий сабаб нефт баҳосининг кўтарилишидир.

Ўзбекистонда эса нархлар манзараси бир хил эмас. Пойтахт Тошкент ва жанубий ҳудудларда ошган, аммо Фарғона вилоятида тушган.

Тошкентлик нафақахўр Абдураззоқ Содиқовга кўра, ўсимлик ёғига нарх эркин савдода ўтган йил билан солиштирганда тахминан 40 фоизга ошган.

Расмийлар кўрсатмаси билан маҳаллаларда арзонлаштирилган нархда, талон асосида ўсимлик ёғи сотиш йўлга қўйилган, лекин бу нархлар ҳам ўтган йилга қараганда 15-20 фоизга кўп.

Қўй гўшти нархи Тошкент шаҳар бозорларида 25 минг сўмга қадар, мол гўшти эса 17-18 минг сўм.

Абдураззоқ Содиқовнинг ўз шахсий харажатларидан келиб чиқиб айтишича, унинг учун озиқ-овқат учун сарфиятлари охирги йил мобайнида 30-40 фоизга қадар ошган.

Бундан ташқари йўлкира ва коммунал тўловлар учун нархларнинг ошгани аҳоли фаровонлигига анчайин катта таъсир кўрсатмоқда.

Ҳукумат томонидан маош ва нафақаларнинг мутассил равишда ошириб келингани эса нархлар кўтарилиши туфайли ошган сарф-ҳаражатларни қопламай, аксинча нархларнинг янада ошишига туртки бермоқда.

Аён бўлишича, пойтахт Тошкентдан фарқли ўлароқ Фарғона вилоятида асосий озиқ-овқат маҳсулотларига нархлар аксинча тушган.

Масалан мол гўшти нархи ўтган йили 17-18 сўм минг бўлган бўлса, бу йил 15 минг сўм атрофида. Қўй гўшти нархи ўтган йили 20 минг сўм эди, бу йил эса 15 минг сўм.

Фарғона водийсида нархларни ўрганган Баҳодир Элибоевга кўра, гўшт нархларининг тушишига сабаб Ўзбекистон жанубий ҳудудларида кузатилган қурғоқчилик оқибатида ўт-ўлан камайиб кетганлиги туфайли кўплаб чорва молларининг шимолий ҳудудларга олиб келинганидир. Бир минтақада чорва моллари сони кўпайгани эса бевосита гўшт нархига таъсир кўрсатган.

Ҳўл меваларга ҳам нархлар тушгани айтилади. Масалан бир йил аввал бир килограмм олма нархи 5 минг сўм бўлган бўлса, бу йил 1 ярим минг сўм.

Бунинг сабаби сифатида қўшни Қирғизистон билан чегаралар ёпилгани, дея айтилмоқда. Чегара оша мева-сабзавот савдоси тўхтаб қолганлиги туфайли вилоятда ушбу маҳсулотлар миқдори кўпайиб кетган.

Лекин ҳудди шу сабабли Сўх анклавида мева-сабзавот нархлари ошиб кетган.

Баҳодир Элибоевнинг айтишича, айни вақтда Фарғона вилоятида шу кеча-кундузда картошка, сабзи сингари сабзавотлар нархи ошган, лекин бу ҳолат ҳар йили янги мавсум маҳсулотлари бозорга чиқиши олдидан юз бериши кузатилади. Янги мавсум маҳсулотлари бозорга чиқиши билан нархлар яна тушади.

Фарғона вилоятида маккажўхори каби дуккакли маҳсулот ва баъзи қуруқ меваларга нархлар ошгани кузатилган холос.

Ўзбекистон жанубидаги Қашқадарё вилоятида эса аҳолининг асосий егулиги бўлган унга нархлар ўтган йилга қараганда тушган.

Бир қоп Қозоғистон уни ўтган йили 90-100 минг сўм атрофида эди, бу йил эса 50-60 минг сўм.

Ҳуқуқ фаоли Гулшан Қораевага кўра, вилоятда айниқса шакар нархи ошганлиги яққол сезилади. Бир йил аввал бир килограмми 1 минг 200 сўм бўлган шакарнинг нархи бу йил 5 минг сўм. Бу шакар нархи 400 фоиз ошганлигини англатади.

Нон маҳсулотлари нархи 40-50 фоизга қадар ошган. Сут маҳсулотлари ҳам қимматлашган. Гўшт ҳам деярли икки баробарга ошган. Мева-сабзавотлар баҳоси ҳам деярли ҳудди шу даражада қимматлаган.

http://www.bbc.co.uk/uzbek/uzbekistan/2012/04/120426_cy_uzbek_prices.shtml

Sorry, the comment form is closed at this time.