Apr 012012
 

    Ўзбекистон Инсон Хуқуқлари Жамиятининг фаол аъзоларидан бири бўлган Ғайбулло Жалилов бошқа жазони ўташ муассасига кўчирилгани ҳақида хабар етиб келди. Ғайбулло Жалиловнинг рафиқаси Муқаддас Темированинг билдиришича, айни дамда у Навоий вилоятининг “инсон тополмас” турмасига кўчирилган. Бундай дейишимизга сабаб, ҳуқуқбоннинг отаси Хайрулло Жалиловнинг номига Навоий вилоят турмасидан хат келган ва унда Ғайбулло Жалиловнинг бошқа қамоқхонага кўчирилганлиги, айни дамда Навоий турмасида сақланаётганлиги айтилган. Бироқ унинг айнан қайси колонияга ўтказилганлиги эса маълум қилинмаган.

 

  Илгариги хабарларимизда Қашқадарёлик бу ҳуқуқбоннинг кечинмалари ҳақида муттасил хабарлар бериб келганмиз. У 2004 йилдан ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг аъзоси ва асосан диний мотивлар билан қамоққа олинганлар, судланганлар ҳуқуқлари мониторингларида иштирок этиб келган, ўз кузатувларинии олиб борган.

 

  У ҳукумат тили билан айтадиган бўлсак, энг хафли “террорчидир”. Шу сабабли бир ўпкаси олиб ташланган ногирон “террорчини” режим 2009 йил 5 сенябрь кунидан нақд 10 йилдан ортиқроқ муддатга, қайта-қайта маҳкамага тортиш билан эришди. Шу кунгача Ғайбулло Жалилов Тошкент шаҳри яқинидаги Зангиота туманида жойлашган колониялардан бирида жазо муддатини ўтаётган эди. “Камбағални туяни устида ит қопади” дейилгани бежиз эмас экан. Ҳеч қаерда ишламайдиган, икки нафар фарзанд билан қолган Муқаддас Темирова турмуш ўртоғини Навоий вилоятининг қайси турмасидан қидирсин энди?

  Бу айбсиз айдорни бошқа муассасага кўчиргандан кўра, уни озод қилиб юбориш керак эди, зотан, тергов ва суд томони Ғайбулло Жалиловга қўйган айблари ўз исботини топгани ҳам йўқ. Бу зўраки “террорчи”нинг ҳаттоки тош отадиган рогаткаси ҳам йўқ эди-ку!

 

  Шу сабабдан ҳам, Қашқадарё вилоят Жинойи ишлари судида бўлиб ўтган қатор маҳкамаларда унинг “террорчи” эканлигини исботлайдигани бирор далил,факт келтира олишмади. Шундай экан, уни қамоқда ушлаб туришга ҳожат не? Хатни ёзган муассаса ходими атайлаб манзилини кўрсатмаган бўлиши ҳам мумкин. Бизнинг ҳукуматимиз одамларни сарсон-саргардон қилишни жуда ҳам хуш кўрадиганлар хилидан!

 

  Масалан, шу кунларда ҳам тўрт ойдирки, Қаршилик яна бир ҳуқуқ фаоли бўлган Нодир Ахатовнинг ҳам паспортини беришмаяпти. Нодир Ахатовга балки режим умуман “ордона қолгур” паспортини беришни истамётгандир, балки бошқа режалари ҳам бордир? Масалан, уни ҳам “террорчига” айлантириш. Ўзбекистонда фуқароларнинг ҳуқуқлари биринчи галдаги вазифа бўлганида эди, сарсонгарчиликлар ҳам бўлмаган бўларди. Бугунги вазиятдан келиб чиқиб хулоса ясайдиган бўлсак, айни дамларда кўриниб турганидек, инсон ҳуқуқлари тўғрисида гап ҳам бўлиши мумкин эмас!

 

1-апрель, 2012-йил.
Гулшан Қораева
Ўзбекистон Инсон Хуқуқлари Жамиятининг
Қашқадарё вилоят бўлими раиси

Sorry, the comment form is closed at this time.