Mar 302012
 

ХОТИРАДА САҚЛАНАЁТГАН ЎТМИШ,КЕЛАЖАКНИНГ БИР ҚИСМИДИР

Носир Зокир

Ўзбекистон   эндигина   мустақилликка   эришган  давр.  1991  йил. Халқ  сиёсий  фаоллашган,  муҳолиф  партия  ва  ҳаракатлар  расмий  мақомга эга бўлган,  матбуот  анчагина эркин,жўрналистлар  ижтимоий-сиёсий   муаммолар хусусида  бемалол айтаётган бир давр.  Бир  томонда  Гарбачёвнинг  демократик   сиёсати  таъсири,  иккинчи  томонда  марказдаги  Гарбачёв  сиёсатига  қарши  бўлган      ашаддий   коммунистларнинг  таъсири. Одамлар,ҳатто баъзи  раҳбарларнинг ўзлари  ҳам  мустақилликка  ишониб-ишонмаган ,«Энди нима бўларкин?» деган  хаёл  одамлар онгида  ҳукумрон  давр  эди.  Ўзи 80  йилларнинг  оҳирларидан  бошлаб  чет  мамлакатларда яшаётган ватандошларимиз  ўз ота юртларига  келиб,  қариндош- уруғлари  билан  бемалол  дийдорлашиб  кетаётган эдилар.

Мустақиллик  эълон  қилинган  дастлабки  кунлари  эса  бу каби   борди-келдилар  кўпайган эди. Уша кунлари Австралиялик ватандошимиз   Ҳусан Аҳмад  ўғли  ҳам тижорий  ишлар билан  ота  юртига   келади.  У  билан  ўтказилган   сухбат,1992 йили  Мурод  Мансур  маҳаррирлигида  чоп этилан  «Ўзбегим» номли китобдан ўрин олган. Австралиялик  ватандошимиз  бизнинг ўша даврдаги  аҳволимизга  танқидий  назар  билан  қарайди.  Ватандошимизнинг  суҳбатини ҳукмингизга  ҳавола  этишдан  мақсадимиз,  у  киши  танқид қилган   камчилликларга  назар ташлаб,  бу  камчилликларнинг   қанчаси  ўтган  давр  мобайнида  бартараф  этилди?  Яна  қанча  бартараф  этилмаган   муаммоларимиз бор?  Шуларни  англаш,   қолаверса   яқин  ўтмишимизга   бир  назар  ташлаб   қўйсак,  бугунимиз  ва  келажагимиз   учун  ёмон  бўлмас.  Албатта  кейинги йигирма   йил ичида  анча   ўзгаришлар бўлди.  Замон ўзгарди,  одамлар онги ўзгарди.

 

Ҳусан  Аҳмад  ўғли   ҳақида  иики оғиз сўз.  Унинг ота-оналари  асли  Тошкентлик бўлиб,1931 йили  қулоқлар  рўйхатига киритилганларидан  кейин,шўролар  истебдодидан   қўрқиб  шарқий  Туркистонга кетиб  қолишган  экан. Ҳусан  Аҳмад ўша  ерда   туғилган экан.  У  Австралияда  ўқиб  математика  фанлари доктори  даражасига эришибди.

Ҳусан  Аҳмад  Ўзбекистонга  келганида  кўрган- кечирганлари  ҳақидаги  сухбатини   қуйидаги   жумлалар билан  бошлайди:« Ўзбекистонни умримда кўрмаган бўлсам  ҳам шу юрт мен учун муқаддасдир. Хитойдан кўра  у ерда Ўзбекистон учун кўпроқ иш қилишим  мумкин,  деган иштиёқ мени Австралияга етаклади. Австралиялик бошқа  ўзбеклар қатори мен  ҳам  Ўзбекистонни бир кўриш орзусида юрар эдим. Биз  юрт  ва  юртдошларимиз  ҳақида   мутлақо бошқача тасаввурда эдик. Она юртга келиб,  кўрдимки  … ота-боболаримизнинг ажойиб фазилатлари ўлиб бўлган экан. Четдан келган кишига бу фажеалар  яққол  кўринади. Одамлар ва умуман миллатнинг  қиёфаси ўзгарган. Миллий  руҳ,  уч-тўртта  зиёлини айтмаганда,кўринмайди.  Оқибат  қолмаган. Кишилар яшаш учун ҳоҳлаган  қабоҳатдан  қайтмайдиган бўлиб қолган.  Ўғирлик,бировнинг ҳаққига  ҳиёнат,алдов  ва  пора олиш  одамларнинг  қонига сингиб кетган кўринади. Нима бўлса ҳам яшасам бўлди деган  қулик  ақидаси ҳукмрон…. Мени кечирасизлару  ростини  айтсам  ҳадиксираб яшайсизлар. Ҳеч нарсани ўз номи билан атамайсизлар. Ҳасад,ғараз,бир-бирини  кўролмаслик,ноҳақлик авжида.

 

Сизларда   «оддий воқеа»  га айланган   бир  ҳодисани  айтиб  берай. Бир куни меҳмонхонадан  чиқиб,  метрога тушдим.  Шошилинч  ишим  бор  эди. Автоматга танга ташлаб,ўтиб кетдим. Орқамдан кимнингдир «Ҳў,манга қаранг» ,деганини  эшитдим. Менга  алоқаси  бўлмаса  керак деб,кетишда давом этдим. Шунда кимдир елкамдан  қаттиқ  силтаб тортди. Ва  орқага  судирай бошлади. Қарасам  миршаб.  «Нега чақирсам  қарамай  қочиб кетаябсиз ? Бу ёққа юринг» деб елкамдан ушлаганча,  бурчакдаги  миршабхонага  олиб кирди.  Мен ҳайрон бўлиб,нима  гаплигини сўрадим. Миршаб жаноблари жавоб бериш ўрнига «Ичиб олиб,энди  қочиб  қолмоқчимисиз!» деб  бақира кетди. Ҳайрон бўлдим,Мен деярли кам  ичаман.  Уша  кунлари  оғзимга  ичкилик олмаган эдим.  «Кетаётган одамни  тўхтатиб,ҳонага  олиб  киришга,  сўроқ  қилишга  сизга ким  ҳуқуқ  берди?»  дедим.  У гапларимдан  тутоқиб  кетиб,  таъзиримни бериш  учун  ҳужжатимни  сўради. Паспортни кўргач  ҳовуридан тушиб, узр сўради. «Кечирасиз,ўзимизникисиз,деб  ўйлабман»,деди.  Мен «Ўзингизникини   хоҳлагандай  ҳўрлаверар экансиз-да»,деб  чиқиб кетдим.

 

Австралияда миршаб шундай  қилса,у судга берилади. Ўз  йўлида кетаётган одамни  ўз  билганича  тўхтатишга  ҳеч  кимнинг ҳаққи йўқ.  Инсон  ҳуқуқи  ва шаъни  юксак  қадрланади. Уни камситганлар  қонун  олдида  жавоб  беради. Бу ердачи?  Ҳуқуқни  ҳимоя  қилиши  тугил,беайб  қамаб  қўйишса ҳам,бирон қаршилик кўрсатмай,аксинча,«гуноҳ  менда  кечиринг»  деб  ялинишар экан.

 

Миршаблари  ўзбошимча  юртда  ҳеч қачон  тартиб-интизом  бўлмайди. Сизларда миршабларнинг  бебошлиги  қонун  билан ҳимоя  қилинган.  Бундай ҳол  сиздаги  ахлоқий  маданиятсизликни  кўрсатиб  турибди.  Айтингчи миршаби шундай  бўлган юртни  бошлиқлари   қандай   бўлади?

 

Бу  гапларни  шунинг  учун айтаяпманки,инсон  мустақил  бўлмаган  жойда,давлат ҳам мустақил бўлмайди. Мустақиллик  яхлит  нарса.  Инсoн,  оила ,миллат  мустақиллиги  орқали   Ватан мустақиллигига чиқилади.

1991 йили 14  сентябр куни  мустақилликни ҳимоя қилиб митинг бўлади,дейишди. Камера билан майдонга келдим. Бир кишига  беш  миршаб  йиғилибди. Кўриб ҳайрон   қолдим:  булар  мустақилликдан  бунчалар   қўрқмаса?..

 

Мустақиллигингиз    фақат   қоғозда  эканлигига  яна  бир  мисол келтираман.   Мен  шарқий  Туркистонлик   дўстим  Муҳаммад Эмин  билан Тошкентда  жемпир  тикиш  корҳонаси  очмоқчи   бўлиб  келган эдик. Техникани Муҳаммад Эмин   келтирадиган,маблағни  мен   топадиган  бўлдим. Шу ниятда масъул жойларга учрадик.  Анча  оворагарчиликлардан  сўнг,ҳозирча бу  ўлкада  ҳеч нарса қилиб  бўлмаслигини  англаб  етдик.  Аввало бизни қабул қилган жойлар  ҳеч   нарсани бўйнига олмади. «Хомашёни  ҳам,валютани ҳам ўзларинг топинглар. Лекин соф фойданинг  50 фойизини бизга  тўлайсизлар»,  дейишди. Бундан  ташқарии,   ташаббусни  тўсиб турувчи  улкан  бюрократик аппарат  ишлайдики,  бир  ҳужжат  учун  сизни  ойлаб овора  қилиши  мумкин. Биз кoрхонани  миллатимиз  учун  қурмоқчи  эдик… Ҳуллас,  турли баҳоналар  туфайли  биз  корхона  қуришдан воз кечдик. Ҳафсаламиз пир бўлди. Бизга ўхшаганлар  кўп.  Ишлаш  учун   оддий шароит  яратилмаган  мамлакатда  қандай  қилиб   тўқ,  фаровон   жамият  қуриш   мумкин?

 

Хуллас,яҳши ниятлар билан келиб,ёмон кайфият билан кетаяпмиз. Халқимиз  учун яҳши  ишларни  амалга  оширмоқчи  эдик,лекин  ҳеч бунинг иложи бўлмади.

 

Сизларда одамнинг маънавиятига,  амалиётига,одамгарчилигига  қараб эмас,унинг унвонига  қараб муомала  қилишар экан. Унвон,мансаб  инсондан устун  экан. Бу ката  фожеа. Сизларда маориф ҳам  «комунистлашган»,  жуда аянчли аҳволда.  Маорифчиларингиз халққа   билим,  савод,  тарақиёт эмас,жахолат,  нодонлик  бермоқда…. Тиббиёт иниститутида  бўлдим. 30 киши ўқийдиган бўлимда 7-8 киши  ўқишга келган. Қолганлари  ўқийдими деб сўрадим.  Қолганлари пул бериб имтихон топшира экан.  Буни эшитиб дахшатга тушдим.  Кимнинг пули кўп бўлса уша  ўқийди. Бу гапларни эшитиб,бу миллат ҳали -бери   ғафлат,  нодонлик  ботқоғидан  қутила  олмайди. деб ўйладим. Маориф пулга сотилдими –миллатнинг ўлгани ўша…

Ҳар бир  халқ тарихга бўлган  муносабатига  қараб  келажакдаги тарақийсини   белгилаб олади. Тарих билан,ота-боболари  билан  фахрланиш туйғуси,  ифтихор туйғуси  ўлган,тарихдан  бехабар  одам  кўр  одамга  ўхшайди- қаёққа   етакласанг  уша  ёққа   кетаверади.  Бу халқни  бугун  қабохат,  жаҳолат,қаҳатчилик,нодонлик  кўпчиб  ётган  ботқоққа   етаклаб келдилар. Ундан  чиқиш қийин кечади.

 

Бир жойда мени бир тўда малдорлар меҳмон қилишди. Дастурхон  устида улар:« Биз дунёда энг бахтли,  тўқ,фаравон  халқмиз»,дейишди.  Мен чидаб туролмадим.  «Ўзбек халқини неча  фойизи сизла каби маишат  қилиб  яшайди?!- деб сўрадим. – Сизлар шу бахтсиз  халқнинг  ҳам  энг  бахтисизисизлар» ,дедим. Улар хафа бўлишди.  Мен эса улар билан  бир дастурхондан   овқат  еганимдан уялдим.  қадимда бу халқ  фан,маданият,санъат,адабиёт билан  фахрланишган,бугун эса  ўғрилар ,қароқчилар,  фалон бойваччалар,  сотқинлар,  порахўрлар  Билан  яқинлигидан  фахрланадиган  бўлибди  Бу даҳшатли  қабоҳат!

 

Мендан  кўпинча  «Ватанга қайтсангиз  бўлмайдими»,деб сўрашади… Мен  ҳам  бу  ҳақда  кўп  ўйлайман. Бироқ   Тошкентга   қайтсам,миллат  учун нима   иш  қила  оламан?!   Келиб,  муте,  қул   бўлиб   яшайманми?  Сизларга ўҳшаб  тириклигини  исботлай  олмаётганлар  сафига  келиб  қўшиламанми?  Ким  қайтса  ҳароб  бўлиши тайин.  Бу ерга  шу  пайтда,    қуллик ҳукумрон  пайтда  келиш – инсоний   қиёфадан  ажралиш  билан  баробардур. Жемпер  корхонасини  қандай  қилиб  қура олмаган  бўлсак,инсоний  қиёфамизни  ҳам  шундай тиклай олмаймиз.   Қиёфасиз  одам эса  қулдир.  Биз  қулликка  чидай  олмаймиз.

Юқорида миллатимизнинг фожеалари  ҳақида гапирдим. Бу дегани,  миллат  абадий  шу  аҳволда  бўлади  дегани эмас. Мен ўз халқимга,унинг кучига ишонаман. Унинг коммунистик  «оғу»  билан   заҳарланган  маънавияти  қайта  соғломлашади. Яна дунёга донг таратадиган  миллатга,  юрт  эса   илм-фан,тараққиёт  марказига  айланади. Бунга  ҳеч  шубҳам йўқ.» деб  ўз  сўзларини  якунлади Австралияда  истиқомат  қилаётган  Ватандошимиз.

 

Юқорида  келтирилган  ватандошимизнинг  умидбахш сўзларига   қуйидагиларни  қўшимча  қилиш  мумкин. Албатта,73 йил  империя  зулми  остида  яшаган  мамлакатни,халқни   оёққа  турғизиш  осон  иш  эмас.  Ўзбекистон  ҳам  йигирма  йил  ичида  катта  машаққатли   йўлларни   босиб ўтди  ва  босиб  ўтмоқда.  Агар  барчамиз,қаерда  яшашимиздан  қатъий  назар,  раҳбарми,  оддий халқми,  ёки  муҳолифат вакилими,    демократик  ўзгаришларни  қилиш  учун,  бир-биримизни  қўллаб- қувватлаб  ҳайрли  ишларимизни  давом  эттирсак,албатта  вақтлар  келиб  Ватанимиз дунёдаги  ривожланган  мамлакатлардан  бирига  айланишига  умид  қилиб  қоламиз.

 

                                           Носир    ЗОКИР

http://birdamlik.info/?p=21309

Sorry, the comment form is closed at this time.