Mar 102012
 

Носир Зокир

Эҳтимол   бу мўъжазгина   мақоламни   байрамдан   кейин   ўқирсиз. Техник  сабабларга   кўра   вақтида   жўната   олмадим. Лекин    сабр- бардошли  ўзбек аёллари ҳақида   икки   оғиз   ширин   сўз    айтишни   эрта   кечи   бўлмаса   керак.

Ҳар   йили   8 март   куни     биринчи   навбатда    2000   йили   83 ёшида  қазо қилган    онажонимни   эслайман.    Отам   Жўра   Зокирий   Сталин    турмасида    «Халқ   душмани»  сифатида  13   йил   ўтириб,    1950  йили озодликка чиқадилар. Қамоққа     олингунларига   қадар  Хоразмда    хизмат   қилиб,туркман   аёлига    уйланиб   уч   нафар   фарзанди   бўлган    отам,  қамоқ   азобларидан    қутулиб,  фарзандлари яшаётган  ҳозирги  Туркманистоннинг  Ташҳоуз    шаҳрига   эмас,   балки  ўзлари туғилиб   ўсган  қишлоқларига  қайтиб келадилар.

Сталин  қатағонлари қоралангунга қадар КГБ    айғоқчилари    отамнинг   ҳар   бир қадамларини    текшириб   юришади. Фарзандларидан   воз   кечмаган   ҳолда,қолган умрини  киндик  қони   тўкилган  қишлоғида  ўтказишни   истаган   отам    уйланмоқчи   бўладилар.  Лекин   умри   текшир – текшир  билан  ўтаётган   одамга   ким   ҳам  қизини  берарди   дейсиз.  Отамнинг   адолатпарварлиги,бошига  қилич   келса,ҳам   рост   гапни айтишдан   қўрқмаслиги  онам  қалбини   ром   этиб,ўз   ихтиёрлари   билан   отамга турмушга    чиқадилар. Мен  ва  укам   туғилдик. 1962  йили  отам қазо қилганларида онам  40   ёшлар   атрофидаги   аёл   бўлганлар.   Маҳалла   аҳи   –совчилар   келиб  туриб,“ҳали   ёшсиз,   турмушга   чиқинг”  дейишса  ҳам   онам   раҳматли  –қалбим бошқа   инсонни   қабул қилмайди”,  деб  бошқа  турмуш   қилмай,  қолган    умрларини фақат    болаларининг   тирикчилиги    ва  уларни   тарбияси   билан     ўтказдилар.   Онам болаларимнинг    етимлигини   билдирмайин   деб,шундоқ   меҳнат қилардиларки,биз   ёш   мурғакларнинг раҳмимиз   келиб   кетарди.  Умрлари   бола   тарбияси-ю  ва   меҳнат   билан   ўтиб кетди. Мен  ўз   онамни    кўкларга   кўтариб,   мақтамоқчи   эмасман. Аслида  ҳақиқий    ўзбекни аёли  ана шундай    бўлишини     кўрсатмоқчи   бўлдим,  холос.

Яна   8 март   куни,  Горбачёв    даврида   эркаклар   билан   бир  қаторда  Ватан   мустақиллиги,   озодлик    ва   эрк   учун  курашган    аёлларни    эслайман. Ҳаммалари    кўз олдимдан   бирма-бир  ўтаяпти.  Хаёлимга   дастлаб    буюк   шоир   ва  ҳофиз   Дадахон   Ҳасановнинг   умр   йўлдошлари  Каромат    опа  Асқарова   келдилар. Мен   бу   аёл    ҳамшаҳрим   бўлганлигидан    фахрланар   эдим. Опа   раҳматли Дадахон   аканинг   бошига   не-не    кунлар   тушганда ҳам  у   кишини    ёлғизлатиб қўймадилар,   аксинча у кишини қўллаб-қувватлаб келдилар. Бошларига қанча     кулфатлар   тушса   ҳам   бирор   марта   Дадахон   акага  «Бу    йўлдан   қайтинг»   демадилар,  Аксинча   ўзлари   ҳам   «Тўмарис» деб   номланган   аёллар    гуруҳини   ташкил   этиб,   Дадахон  ака билан   бир   сафда ҳақиқат,  адолат      учун   курашдилар.

1989  йили   ўзбек   тилига   давлат  мақоми   берилишини   талаб  қилиб,митингга   чиққан  «Бирлик»   ҳаракати    сафида,   кўплаб   аёллар  қаторида    севимли опамиз,  машҳур   шоира  Гулчеҳра  Нуриллаева ҳам   бор   эдилар. Тоталитар   тузумнинг малайлари   ўзлари   ўзбек   бўла   туриб,ўз   тилини   ҳимоя қилиб   чиққан    кишиларни,  ҳатто   аёлларни  ҳам ёппасига   калтаклай   бошладилар. Ҳалигача  кўз ўнгимдан   кетмайди  «Ўзбекистон» меҳмонхонасининг    олдидаги   кўчада,    калтак   зарбидан   Гулчеҳра   опамнинг   оёқ кийимлари ҳар ёққа отилиб   кетган,   ўзлари   эса   бошларини    ушлаб,   ерга   ўтириб  қолган  эдилар.  Мен   Гулчеҳра   опамни  ўз   умр   йўлдошларига   садоқатли   аёл   сифатида ҳам қаттиқ    ҳурмат  қиламан. У    кишининг   турмуш   ўртоқларини  ҳам       опа   билан бир  сафда    туриб    курашдилар.  Баъзи   шоирлар    унвон   учун,   мартаба   учун   ўз миллатини,    Ватанини    сотганда,  Гулчеҳра   опам    вахший   тузум   берган   барча    унвонларни  ҳукумат   пойига   отдилар  ва ҳалигача   баҳоли   қудрат   курашиб келмоқдалар.              Адолат   учун    курашган   аёлларимиз   орасида   Васила   Иноятова,  Маҳбуба Қосимова,Маъмура  Усмонова,  Дилором Исҳоқова,Вазира   опа    ва    яна   қанчадан қанча    ўзбек    аёллари   бор   эдики,   уларнинг    фидокорона меҳнатларини   миллат   ҳеч  қачон   унутмайди. Айниқса,мухолифатчи  аёлларининг    сабр   тоқатларига қойил  қолмай   иложи   йўқ.

Мустақиллик   йиллари   ҳам   ортга   чекинмайдиган     журъатли   аёллар кўплаб етишиб   чиқди. Оддий  журналист   бўлиб,  китоблар   чоп этиб ,  шеърлар   ёзиб   юрган Мўътабар   Тожибоеванинг  турли   лавозимдаги    мансабдорларни    адолатсизлиги  том маънода ҳақиқий    курашчига   айлантирди.  Ҳали   ҳамон эсимда  2000    йили менинг  хонадонимга   «Озодлик»    радиосига   интервью   бериш   учун   келган   Мўътабархоннинг  жасорати   уни   юз-кўзидан,  фикрлашидан   шундоқ   кўриниб   турарди.  Фақат   сиёсат   бобида,   ўша   холис   оммавий  ахборот   воситаларидан   фойдаланмаганлиги   учун      баъзи   нарсаларни   тушунмас   экан,   тушунтирдим.

Мўътабар Тожибоева билан биргаликда  кўплаб   мақолалар   тайёрладик.  Ҳозир ҳам  ўзи мусофирчиликда    яшаётган    бўлса    ҳам   доим    мендан   хабар   олиб   туради.  Бир жойда   мени  ўз   устози,   деб   атабди.  Тўғриси қувониб   кетдим. Мен   бу  мард,жасоратли   аёл   билан   фахрланаман.  Бундан   ташқари   Саодат  Амонова,   Малоҳат   Эшонқулова,  Гулшан Қораева каби    сингилларимизни  унча-мунча   эркак   киши  қила   олмайдиган   ишларни  қилганлигини      эсласак ,қалбимиз   ғурурга   тўлади.

Лекин     одамнинг  қалбини  ўртайдиган   томони   ҳам   бор.    Кўчаларда  елкасига   қоп   кўтариб  бозорга   кетаётган,  мардикор   бозорларини   тўлдириб   навбат   кутиб   турган,  йўл   бўйларида  жазман  кутаётган ,Россия    томонларида ўрисларнинг қўлида   хор  –зор   бўлиб,ҳожатхона   тозалаб,  қўйингки  рўзғор   тебратиш   учун   нима   лозим   бўлса,ўшани қилаётган   ўзбек    аёлларини    кўриб,қалбингиз ўртаниаб    кетади. Нега   бугунга  келиб   бундай   ҳодисалар    рўй   бераяпти   деб,   бунинг   сабабларини   ахтариб   қоласан,киши.

Нима   бўлганда  ҳам   шундай    байрам   куни    садоқатли   оналаримизни,   марду-майдон  сингилларимизни,   жамики    аёлларимизни   байрами   билан   чин  қалбимиздан   табриклаймиз.  Уларни    ўзбек   аёлларига   хос   бўлган   латофат,назокат ва  иффат   тарк   этмасин.

 

 

   Носир   Зокир.

http://birdamlik.info/?p=21030#more-21030

Sorry, the comment form is closed at this time.