Dec 082011
 

Тўлқин Қораев

Швеция

Халқ манфаатини кўзлаб қилинган талаб  – бу жиноятдир!

 

Чироқсиз қолган Чироқчиликларнинг лидери Нурали Кўлобов 7 декабр куи соат 19:00 да Чироқчида қамоққа олинди ва айни вақтда у Ички Ишлар Бўлимида сақланмоқда. Ўзбекистонда кимки ўз ҳаққини, ёки халқ манфаатини кўзлаб бирор фаолият бошласа, талаб қилса шундай бўлган ва бундан кейин шундай бўлади. Жуда бўлмаса Ислом Каримов ҳакумати истеъфога кетгунигача шундай бўлиб туради!

Қашқадарё вилоятининг Чироқчи тумани энг йирик туманлардан бири саналади ва унинг ҳудуди Андижон вилояти ҳудудидан ҳам каттароқдир. Чўл зонаси ҳисообланадиган Чироқчида пахта етиштирилади, аммо туманнинг асосий қисми чорвачилик билан машғул. Чироқчиликларнинг додига қулоқ соладиган одам нафаққат Қашқадарёда, балки бутун Ўзбекистонда ҳам топилмаса керак.  Ўзига бино қўйган раҳбарлар учун бу туман халқи қандайдир бир иккинчи сорт одамлари ҳисобланади. Совет даврида ҳам шундай эди, ҳозир ҳам шундай.

Қашқадарёлик ҳуқуқ фаолларидан бири  саналадиган Нурали Кўлобов айни мана шу тумандан ва у асосан аҳолининг ижтимоий ва иқтисодий қийинчиликлари масалаларини халқаро минбарларда кўтариши билан эл орасида танилган.  Туман аҳолиси ёзда қандайдир артизан қудуқлари, ариқ ва дренаж сувларини ичиб яшайди ва қишнинг изгириник кунларида сувни топиш мутлоқ имконсиз бўлиб қолади. Чироқчиликларнинг қишки мавсумда электр қувватисиз қолиши мустақилликнинг илк йилларидан бери одатий ҳолга айланган. Газ ҳақида эса гапиришнинг ўзи эса ортиқча. Чироқчи Советлар даврида ҳам газлаштирилмаган эди. Истиқлол йилларида туман марказига, тағин яна бир қанча қишлоқларга газ қувурлари уланди. Уландию, кейин унут бўлди! Бу билан албатта ҳукуматимиз туманда қишлоқлар ҳам газлаштирилди деб қанақадир ҳисоботлар тайёрлаган, лекин давлатнинг қанча металл трубаси занг босиб чириб ётганини тасаввур қилиб кўрингчи. Уларнинг ичидан фақат ҳаво ўтаяпти ва газ оқишини эса чироқчиликлар фақат орзуларида кўришлари мумкин холос.

Зеро бутун Ўзбекистон халқи бугунги кунларда эришиб бўлмайдиган орзулар билан яшамоқда. Орзулар ҳам ажиб орзулардир. Инсонларга ҳукумат инсондек муносабат қилса, электр ва газ таъминоти тўғри йўлга қўйилса, мактабларга болалар фақат билим олиш учунгина борса, тергов-суриштирув органларида ишлайдиганлар ҳам халқ билан бирга бўлса… Санайверсак уларнигнг орзулари сероб. Энг оддийси, аёлларнинг эрлари, болалари Россиядан қайтиб ўз ватанида ишлаб рўзғорини тебратса.

Бу орзуларга эриши учун кўп йиллар керакка ўхшайди. Миллатнинг бошида қиличини ялонғочлаб турган Ислом Каримов режими бор экан, халқнинг бунақа орзулари рўёбга чиқиши мутлоқ имконсиздир!      

“Чироқчи туманидаги 20 та қишлоқ аҳли 8 декабрдан бошлаб ҳокимият биноси олдида норозилик намойиши ўтказмоқчи”, – 6 декабрь кунида Озодлик радиоси шундай хабар тарқатди.  – “Қишнинг совуғида газсиз¸ электр қувваатисиз, тағин сувсиз қолаётган чироқчиликлар кўчага чиқишдан ўзга чоралари қолмаганини айтишмоқда”.

 

Қашқадарё вилоятидаги Чироқчи туманининг 20 қишлоғи оқсоқоллари бош бўладиган бу норозилик тадбирининг ташкиллаштирилишида албатта инсон ҳуқуқлари курашчиси Нурали Кўлобовнинг ҳиссаси баланд бўлган. Туман аҳолисни туман марказига олиб келиб ва у ерда халқни қийнаб келаётган муаммо, қишнинг совуғидан соғ-омон чиқиш масаласини туман ҳокимити олдида намоишкорона талаб қилишни – бу албатта “халқ душмани” уюштириши мумкин бўлган бир авантюрадан бўлак бошқа нарса эмас. Халқ дўсти бўлганлар бунақа ишларни қилмайди. Миллат ўлиб кетсаям халқнинг дўсти “ҳурматли ва азиз” президентимизнинг “узоқни кўзлаб” олиб бораётган “ҳақчил”, “оқил” ва “доно” сиёсатларини қўллаб-қуватлайди. Халқнинг дўстлари ҳукмдор олдида ҳамма вақт бошини эгиб, ҳаттоки белини букиб яшаши керак. Бу ўзбекистонча ҳақиқат, ўзбекистончасига адолатдир!

 

Афтини тескари қилсин бунақа адолатни дейсиз. Шу гап оғзингиздан чиқар-чиқмас ўзингизни Миллий Хавфсизлик Хизмати ертўласида, ёки милициянинг тергов изольяторида кўрасиз. Тез кунларда қўлингизга ўн йилдан йигирма йилгача бўлган муддатни ўз ичига қамраб олган суд ҳукмини қўлингизга тутқазишади. У ердан тирик чиқишни орзу қилмасангиз ҳам бўлади. Чунки сиёсатимиз шундай. Халқнинг манфаатини кўзлайдиган ҳар қандай одам табиийки у давлат душмани. Давлат бизда Ислом Каримов ва унинг икки эрка қизи.

 

“Норозилик намойишлари ўтказишимизга сабаб, булар ҳеч қачон газ билан, свет билан мукаммал таъминлашни бўйинга олишмаяпти. Халқни қарздор деб қўйишади-да, туҳматдан қарз қилиб қўйишади. Биз Тошкентга вазирликларга борсак, фақат “халқ қарздор” дейди”, – бу жумлаларни Нурали Кўлобов 6 декарь куни Озодлик радиосига берган интервьюсида таъкидлаган.

 

Ўзбекистон Конституциясига кўра, Республика халқи ўзбек давлатчилигининг асосини ташкил этади. Бугун эса нафақат Чироқчида, балки бутун Ўзбекистонда халқ қарздор! Ажабо, халқ кимдан қарздор бўлиб қолиши мумкин экан? Совет даврида Ўзбекистон Республикаси давлатдан қарздорлиги кўп уқдирилганди. Ҳозир биз мустақилмиз ва бу мустақил мамлакатнинг 28 миллион аҳолиси биргина президент Ислом Каримов ва унинг икки нафар қорни тўйса ҳам кўзи тўймайдиган қизларидан қарздор. Улар шунчалар бойки, бутун мамлакат халқини қарздор қилиб қўйишган. Қизиқ, бойликни улар қаердан олишди экан?  Ўғирлик, порахўрлик, талончилик каби жирканч жиноятлар Ўзбекистонда яхши тақдирланиладиган сифатлардир ва уларнинг лидери эса ўзимизнинг ўзгармас президентимиз Ислом Каримовдир!

 

Мамлакатда қароқчиларча олиб борилган бошбодоқлик сиёсати миллат ҳуқуқларини топтаб ташлаганига анча бўлди ва эндиликда кимлардир ўз ҳаққини талаб қила бошлагани ҳукмдорларимизга мутлоқ маъқул келмаяпти. Тахминий ҳисобларга кўра 500 дан 1000 нафаргача одам иштирок этиши мумкин бўлган бу кўча намоиши халқнинг талаби бажарилмаган тақдирда оммавий норозилик намоишига айланиб кетиши кўзда тутилганди ва унинг биргина лидерини қамоққа олиш билан бу ҳаракат тўхтатилинган бўлса ҳам ажаб эмас.

8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун. Ҳаётимиз қомуси деб аталадиган бу ҳужжат мамлакатда оёқ остида эзғиланиб қолиб кетаётган ҳужжат десак муболаға бўлмайди. Лекин негадир бу кун мамлакатда миллий байрам ҳамдир. Ўзбекистон Конституцияси куни олдидан чироқчиликлар ўз коституцион ҳуқуқларини талаб қилиб маҳаллий ҳукумат раҳбарлари олдига чиқишмоқчи эди. Ҳар неки, қишлоқлик барибир қишлоқлик эканда. Конституцион ҳуқуқлар, қонунчилик, халқ манфаати каби бу жимжимадор жумлалар уларнинг бажарилиши учун эмас ахир! Буни қачон бу халқ тушуниб етади? Шундай “оқил” ва “доно”  президентимизнинг олиб бораётган халқчил сиёсатини дунёга кўз-кўз қилиш учун ўйлаб топилган бу жимжимадор жумлалар.

 

Демак, жимжимадор конституциямизнинг 19 йиллиги нишонланиши олдидан, шу кунларда нафақат Чироқчида, балки бутун Ўзбекистонда инсон ҳақлари курашчилари, ўзбек сиёсий мухолифатига алоқадор деб билинганлар, мустақил журналистлар – буларнинг барчаси уй қамоғига олинган. Улар кўчага чиқишга ҳақли эмаслар. Ҳукматимиз байрамини тинчгина ўткзиб олсин. Халқ эса… Халқ бир амаллаб кунини кўрар.  Умуман олганда, халқимиз Ислом Каримов ва унинг режимисиз яшай олади, аммо улар халқсиз яшай олмайди. Буни улар қачон тушуниб етишаркан?  Хуллас, Чироқчида Нурали Кўлобов қамоқққа ташланди! Балки бу ёғи яхши бўлиб қолар, ҳар қалай Чироқчи халқи учун эмас албатта.

Sorry, the comment form is closed at this time.