Nov 262011
 

Ўзбекистон расмийлари Жамшид Каримовнинг тақдири борасида ҳозирга қадар ҳеч қандай маълумот беришмаган

Ўзбекистондан келаётган хабарларга кўра, жиззахлик мустақил журналист Жамшид Каримов Самарқанддаги махсус руҳий шифохонадан озод қилинган.

Жамшид Каримов 2005 йил сентябрида ҳибсга олинган ва кейинроқ маҳкама унга нисбатан олти ойлик мажбурий руҳий муолажа ҳақида қарор чиқарган.

Халқаро ташкилотлар Британиядаги Уруш ва тинчликни ёритиш институти билан ҳамкорлик қилиб келган журналистнинг танқидий мақолалари учун жазоланганини айтишади.

Жиззахлик инсон ҳуқуқлари фаоли Бахтиёр Ҳамроевнинг Би-би-сига айтишича, Жамшид Каримовнинг озод этилгани ҳақидаги илк хабар Қурбон Ҳайити куни пайдо бўлган.

“Жамшиднинг озод қилингани ҳақида 6 кишидан эшитдим, шуларнинг 5 нафари ишончли одамлар, жумладан, бизнинг бир фаолимиз”, -дейди Бахтиёр Ҳамроев.

Унинг ўзи аввалроқ журналистнинг тақдири юзасидан халқаро ташкилотларга мурожаат этгани учун Жамшид Каримов яқинларининг ғазабига учрагани ва хавфсизлик хавотирлари туфайли ҳозирча у билан учрашмаганини билдирди.

Махфий ҳукм

Ўзбекистон расмийлари Жамшид Каримовнинг маҳкум этилиши ва ундан кейинги тақдири борасида ҳозирга қадар ҳеч қандай маълумот беришмаган.

Унинг 2006 йил 12 сентябрида шифохонада даволанаётган онасини кўриш учун борган пайт Жиззах вилоят марказий шифохонаси ҳовлисида ҳибсга олинишига нима асос бўлгани маълум эмас.

Кейинроқ маҳкаманинг унга нисбатан чиқарган мажбурий руҳий даволаниш ҳақидаги ҳукми тафсилотлари ҳам ошкор этилмаган.

2009 йилда Жамшид Каримов ҳаётдан кўз юмган онасининг жанозасида иштирок этиш учун олиб келингани ҳақида хабарлар олинган.

Марҳум онаси Маргарита Каримова ўғлининг ҳибсга олинишидан бир неча кун аввал журналистларга махсус хизмат ходимлари уларнинг хонадонини яқиндан кузатаётганини айтган.

‘Президентнинг жияни’

43 ёшли Жамшид Каримов Президент Ислом Каримовнинг жиянидир.

Онаси Маргарита Каримованинг ўлимидан бир неча йил аввал Би-би-си мухбирига айтишича, Жамшид Каримов президентнинг жияни эканидан “уялган ва сўраганларга шунчаки, фамилиядошмиз, деб айтган”.

Ҳибсга олинишидан аввал Жамшид Каримов интернетда маҳаллий ва марказий ҳокимият идораларини танқид қилувчи қатор мақолалар эълон қилган.

Ғарблик айрим таҳлилчиларга кўра, Жамшид Каримовнинг тақдири Ислом Каримов тузумининг ўзгача фикрга нақадар тоқатсизлигининг ёрқин мисолидир.

Уларнинг фикрича, бу Ўзбекистонда ҳатто президент билан яқин қариндошлик алоқалари ҳам ўзгача фикрловчиларни репрессиялардан асраб қололмаслигиин кўрсатади.

Ўтган ой самарқандлик инсон ҳуқуқлари фаоли Норбой Ҳолжигитов қамоқдан озод этилганди.

Унинг озодликка чиқарилиши АҚШ Давлат Котибаси Ҳиллари Клинтоннинг ташрифи арафасида юз берган.

Маҳаллий фаолларнинг ишонишларича, қамоқдаги ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистларнинг озод этилиши Вашингтоннинг инсон ҳуқуқлари борасида Президент Каримов ҳукуматига ўтказаётган босимлари натижасидир.

 

http://www.bbc.co.uk/uzbek/uzbekistan/2011/11/111126_cy_jamshid_karimov.shtml

Sorry, the comment form is closed at this time.