Jul 132011
 


13 июль, 2011 йил

( 17-кун тафсилотлари Зарнигор томонидан ёзилди )

Саодат Амонова бетоблиги сабабли, очлик акциясини тўхтатишга мажбур бўлганидан хабарингиз бор. Очликни тўхтатган Саодат опа ўз уйларига кетганидан кейин, аяжоним Малоҳат Эшонқулова уйда ёлғиз қолиб, мана, бугун ҳам очликни давом эттирмоқда.

Очлик акциясининг 6-куни, яъни 2 июлда ҳол сўрагани келган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти ходими Абдураҳмон Ташанов аяжоним билан Саодат опага диққат билан разм соларкан, “Амонова, сиз-ку дош бера оласиз, лекин Малоҳат опани билмадим… Ҳозирданоқ ҳолсизланиб қолибди. Ортиқ чидай олмасалар керак” дея фикр билрирган эдилар…

А. Ташанов нотўғри “ташҳиз” қўйганлар шекилли. Аяжоним, мана, 17 кундирки очлик азобига дош бермоқда. Лекин мен бир нарсадан, аяжонимдаги бу бардош, бу сабр-тоқат эртага ўзларига қимматга тушмасайди деб қўрқаман…

Бугун Саодат опа қўнғироқ қилдилар. Гўшакни кўтарсам, “Малоҳат опа ҳалиям очликни давом эттираяптиларми?” деб сўраб қолди. Мендан “ҳа” деган жавобни олгач, “Опага айтгин, барчаси бефойда экан. Бўлди, энди очликни йиғиштириб, овқатланишга ўтсин” деб тайинладилар…

Бугун ҳам эл.почтага кўпгина дўстлардан хат келибди. Хусусан, аяжонимнинг ҳориждаги яқин бир дўстлари, табиб Ойдин Солиҳнинг “Ҳақиқий табобат” китобидан парчалар кўчириб жўнатибдилар. Бунда очликдан қандай чиқишнинг йўллари кўрсатилган экан…. Аяжоним билан Саодат опага очликдан чиққач, ўн кун давомида қилинадиган парҳезларни, бир сўз билан айтганда, барча амалларни бирма-бир кўрсатиб ўтибдилар… Шунингдек, Ҳазратқул Худойбердиевдан илиқ сўзлар битилган мақтуб келди.

Бугун ҳам Самарқанд ва Фарғона вилоятидан очлик акциясини ўтказаётганларнинг соғлиғидан ташвишланаётган ҳуқуқ фаоллари ( хавфсизлик нуқтаи назаридан уларни номма-ном санаб ўтирмаганим маъқул) келишди. Уларнинг ташрифи аяжонимни кайфиятини кўтарди…

Кечга бориб “Бирдамлик” ҳаракати раҳбари Баҳодир Чориев ва “Виждон асирларини озод этиш” қўмитаси раҳбари Баҳодир Намозовлар қўнғироқ қилишди. Улар аяжонимга ўзларининг керакли маслаҳатларини беришди…

Шу аснода очлик акциясининг 17 куни ҳам ниҳоясига етди….

Sorry, the comment form is closed at this time.