Jul 132011
 

Рустам Қобил

Би-би-си, Лондон

Аксар кузатувчилар наздида, Ўзбекистондаги пахтачиликдан фермер ва деҳқонлар эмас, балки ҳокимиятдаги бир ҳовуч элита фойда кўрмоқда.

“Фермерлик қилиб ўтказган ўн йил умримга ачинаман. Эсиз, бекор кетди”.

Жиззахлик Маъмур Азимов фермерлик қилган йилларини ана шу қисқа жумлада ифодалайди. Собиқ тадбиркор ва маҳалла фаоли Маъмур Азимов 90-йиллари фермер хўжаликлари тузилиши билан 10 гектар ер олиб, иш бошлаганди.

“Аммо йил сайин фермерлар учун чекловлар, улар устидан назорат кучая бошлади” – дейди суҳбатдошим -“Нима экишни, ҳосилни кимга ва қанчадан сотишни ҳам фермерлар ҳал қила олишмайди. Фақат пахта ва ғалла экилади. Бироқ пахта таннархи давлат сотиб оладиган баҳога мутаносиб эмас”.

Фермер хўжаликларини йириклаштириш бошланиши билан, Маъмур Азимов ўз ерини топшириб, фермерликдан воз кечди. У ҳозир томорқасида иссиқхона тиклаб, помидор етиштирмоқда.

“Шу беш сотих ердан ярим йилда оладиган фойдани солиштирсам, 10 гектар ерда фермерлик қилиб топган бир йиллик даромадимга тенг экан. Бунинг устига эркинман” – деб айтади собиқ фермер – “Фермерлик ортидан фойда олмадим. Фақат қора қозонимиз қайнарди”.

Ўзбекистонда биз гаплашган бошқа фермерлар ҳам жуда кам фойда кўришаётганини, нима экиш, кимга ва қанчадан сотишни фақат давлат ҳал қилишини айтадилар. Бироқ Жиззахга туташ Жанубий Қозоғистон фермерлари бошқача манзарани чизишади.

“Тўрт-беш нафар оғайни биргаликда фермерлик қиламиз. Пахта, беда экамиз. Аммо ҳеч ким бизга нима экасан, кимга сотасан ва ёки қанчадан сотасан, деб буйруқ бермайди. Эркинмиз” – деб айтади идорадаги тоза ишини фермерликка алмаштирган собиқ иқтисодчи Ҳайдарали Орипов – “Худога шукур, фермерлик қилиб, машина олдим, уйимни янгиладим”.

Қозоғистонлик суҳбатдошимнинг таъкидлашича, бугун уларга имтиёзли кредитлар, ёқилғи ва ўғитлар учун катта фоизли чегирмалар берилади. Ҳозир Россия ва Беларус билан Қозоғистон ўртасида ягона бож тизими ишга тушаркан, эндиликда қовун экиб, ҳеч бир тўсиқсиз Беларус ва ё Россияга бозорларига олиб бориб, сотиш ниятида.

“Фермерлик эркин иш-да” – дейди қозоқ суҳбатдошим -“Бунинг устига нефт пуллари бўлгани учун Қозоғистон ҳукумати фермерларга ҳам субсидиялар ажратади”.

Қўшни Ўзбекистон ҳам четга олтин, газ ва пахта сотади. Бироқ халқаро кузатувчиларга кўра, Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини ислоҳ этмаяпти, фермерларга эркинлик бермаган ва арзон ишчи кучи сифатида юз минглаб ёш болаларни пахта далаларида ишлатмоқда.
‘Пахта ўрнига мева экиш керак’

“Ўзбекистон истаса, ўз қишлоқ хўжалигини ислоҳ эта олади. Тўғри, бу учун пул керак. Лекин четга пахта ва бошқа маҳсулотлар сотаётган Ўзбекистонда бундай маблағ бор” – деб айтади “Табиатга Адолат” халқаро ташкилотидан Стив Трент -“Пахтадан тушаётган даромаднинг жуда ҳам кам қисми Ўзбекистонда деҳқонлар ҳаётини яхшилаш ва ёки қишлоқ хўжалигини замонавийлаштиришга сарфланмоқда, холос”.

“Афтидан, ҳокимиятда ўтирган одамлар ўз шахсий манфаатларини устун қўйиб, Ўзбекистон халқи келажагани ўйлаётганга ўхшамайди”.

Деҳқончилик Ўзбекистон иқтисодида муҳим ўрин тутади. Лекин не боис бугун ҳукумат ўзи учун муҳим бўлган зироат соҳасини ислоҳ этмаяпти, деган савол ўртага чиқади.

Ўзбек фермерлари уларнинг бири икки бўлмаётганини, топганларини амал-тақал қилиб, озиқ-овқатга етказишаётганини айтадилар.

“Ўзбекистондаги мавжуд пахтачилик саноатидан уни етиштирган деҳқон ё фермер эмас, балки ҳокимиятда ўтирган бир ҳовуч элита фойда кўради” – дея бу саволга жавоб беради бир неча йил Ўзбекистонда ишлаган британиялик таҳлилчи Жон Маккарти – “Ҳозир ердан фойдаланиш қоидалари ўзгартирилса, у ҳолда Ўзбекистон аҳолиси, деҳқонлар фойда кўра бошлашади. Бироқ унда ҳокимиятдаги элита пахта савдосидан манфаат кўрмай қолади”.

Аксар саҳродан иборат Ўзбекистонда унумдор ерлар кам қолмоқда, аҳоли сони эса катта. Мамлакатда саҳролашиш кучли, ер шўрланиши ҳам улкан муаммо. Бунинг устига, сувталаб пахта учун керакли сув, асосан, қўшни мамлакатлардан келади.

Ўзбекистонда ҳозир Совет давридаги пахтачилик миқёси сезиларли қисқарган. Аммо бу мамлакатда озиқ-овқат ишлаб чиқаришни кучайтириш учун пахтачиликни янада камайтириш зарур, деган фикрлар айтила бошланган.

“Пахтанинг нархи ҳозир бошқа мева-сабзавотга қараганда анча ерга урилган. Дейлик, узум ё кишмиш нархи пахтадан кўра қиммат” – деб айтади ишбилармон ва иқтисодий маслаҳатчи Анвар Ҳусайнов -“Жаҳондаги ўзгаришларга қараб, биз ҳам пахта майдонларини қисқартириб, ўрнига ўрик, шафтоли экишимиз, ёнғоқзор ва боғлар ташкил этишимиз керак”.

Суҳбатдошимга кўра, пахта далалари ўрнида мевазор боғлар яратилса, бир неча баравар кам сув ишлатиб, кўпроқ ҳосил олиш мумкин.

“Уч-тўрт йил ичида мева-чева ортидан келадиган даромад пахтадан ҳам ошиб кетиши мумкин” – дейди Анвар Ҳусайнов – “Йилдан-йилга пахтага кетадиган меҳнат ва ўғитлар қимматлаб, пахта таннархи ошиб бормоқда. Лекин пахта толаси нархи бу тезликда ўсаётгани йўқ”.

Уч йил олдин жаҳонда озиқ-овқат нархлари қимматлаб кетиши ортидан, Ўзбекистонда ҳам энди пахта эмас, балки озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга кўпроқ аҳамият берилса керак, деган умидлар пайдо бўлганди.

Лекин пахта бу мамлакатда ҳамон энг муҳим экин сифатида кўрилмоқда. Ўзбекистондаги озиқ-овқат нархлари эса баъзида бой ғарб ўлкаларига тенглашиб қолган. Натижада, кўплаб ўртаҳол ўзбекистонликлар мавсумдан ташқари оддий мева ё сабзавот сотиб олиб ейишга ҳам қийналадилар.

 

http://www.bbc.co.uk/uzbek/uzbekistan/2011/07/110713_cy_farming_uzbek_kazakh.shtml

Sorry, the comment form is closed at this time.