Jul 132011
 


12 июль, 2011 йил

( 16-кун тафсилотлари Зарнигор томонидан қоғозга туширилди)

Бугун ҳам бу жабрдийлаларни сўраганлар кўп бўлди. Эрталаб Самарқанд вилоятининг Жомбой туманидан Клара Жўраева қўнғироқ қилиб ҳол сўраркан, “Эртага кечга яқин сизларни кўргани Тошкентга борсам майлими?” деб изн сўради… Кейин ҳуқуқ ҳимоячиси Суръат Икромов қўнғироқ қилиб, очдан-оч ўтирганларнинг соғлиғи билан қизиқди.

Ўзларини “АҚШ элчихонасидан Аъзамжонман” деб таништирган киши “Саодат опа билан Малоҳат опанинг соғлиқлари яхшими? Салом денг. Уларга етказинг, АҚШ элчихонаси уларнинг тақдири билан қизиқмоқда” деб таъкидладилар. Шунингдек, Жиззах вилоятидан ҳуқуқ ҳимоячиси Бахтиёр ака Ҳамроев қўнғироқ қилиб, “Малоҳат билан Саодатга айтинг, соғлиқларини ўйлашсин. Очликни тўхтатишсин” деб тайинладилар…

Ўзбекистон Иснон ҳуқуқлари жамияти Қашқадарё вилоят бўлими раҳбари Гулшан Қораева қўнғироқ қилиб, аяжоним билан Саодат опанинг соғликларини сўради.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раҳбари Васила Иноятова аяжоним Малоҳат Эшонқулова ва Саодат опа Амоноваларнинг Saodatmalohat@mail.com деб номланган умумий эл.почталарига хат ёзиб, уларни зудлик билан очликни тўхтатишга чақирдилар.

Шунингдек, Стив Свирдлов, Енс-Уве Томас каби халқаро ташкилот вакилларидан ҳам илиқ сўзлар битилган мактублар келди. Елена Урлаева, Татьяна Давлетова каби ҳуқуқ ҳимоячилари ҳам ўз хатларида аяжоним ва Саодат опани қўллаб-қувватлаганлар.

Очлик акциясининг ўн олтинчи кунини бошидан кечираётган аяжоним ва Саодат опа Амоноваларнинг бугун яна бир бор умидлари чилпарчин бўлди. Аяжоним ва Саодат опа Амоновани аллақачонлар ўзига душман деб билган давлат раҳбарларидан бугун ҳам садо чиқмади.

Бу ҳолат тушликдан кейин Саодат опа Амонованинг лиммо-лим тўлган сабр косасига охирги томчи бўлиб тўкилди чамаси, тоби қочиб қолди.

Саодат опанинг оғир аҳволини кўриб, тезда тез ёрдам чақирдим.

Йўқ, ҳарқалай, бугунги тез ёрдам шифокорлари кеча келганларидан бир оз бўлса-да инсофли чиқди шекилли, ҳарқалай, оғир аҳволда ётган Саодат опани шифохонага олиб кетишга қарор қилишди.

Бироқ Саодат опа Амонованинг аллақачонлар тиббиёт ходимларидан ҳафсаласи пир бўлган. Шунинг учун касалхонага бормайман, деб оёқ тираб туриб олди. Ҳатто “Шифохонага боришдан бош тортаман” деб тилхат ёзиб бермоқчи ҳам бўлди. Лекин тез ёрдам шифокорлари ўз қарорларида қатъий туриб олишди: “Эртага сизга бир бало бўлиб қолса, биз бошимиз билан жавоб берамиз. Қани, туринг, кетдик. Барибир сизни олиб кетамиз” деб, охири Саодат опани шифохонага олиб кетиш учун кўндиришди. Саодат опа Амоновага мен ҳамроҳлик қилдим.

Касалхонада 2 соатлардан ортиқ қолиб кетдик. Чунки Саодат опани ҳар томонлама текширишди… Бироқ бу текшир-текширлар тафсилотидан мен бехабарман. Чунки мен бу пайтда шифокор қабулида қолиб, кутиб ўтирардим.

Шифокор кўригидан сўнг Саодат опа Амонова билан уйга қайтарканмиз, Саодат опа “Соғлиғим оғирлашиб бораяпти. Ҳукуматдан хабар йўқ. Соғлиғимни ўйламасам бўлмайди. Шифокорлар кўнглимга ваҳима солишди. Шунинг учун очликни тўхтатишга қарор қилдим. Бу ҳақда ҳозиргина “Озодлик”ка ҳам интервью бердим” деб қолдилар…

Уйга келгач, Саодат опа шифохонада олган уколлари тасирида узоқ ухлади.

Бу пайтда мен аяжонимнинг топшириқлари билан гуруч қайнатиб қўйдим. Чунки аяжонимнинг очликни бошидан ўтказган дугоналари эл. почта орқали хат ёзиб, “ Очликдан чиқишда жуда эҳтиёт бўлинглар. Кучли таомлар истеъмол қилманглар. Туз солмай гуручни сувда қайнатинглар-да, оч қолсанглар, аввалига бир қошиқ енглар, кейинги оч қолганингизда икки қошиқ… хуллас, аста-секин қошиқлар сонини кўпайтириб боринглар” деб тайинлаган эканлар.

Бироқ Саодат опа “Ошқозонимга гуруч ҳам қаттиқлик қилади. Ҳозир буни қандай ейман… Йўқ, гуруч емайман. Яхшиси очликни давом эттираман” деб туриб олдилар.

Аяжоним уларга “Чўчиманг, гуручни туз солмасдан пишириб, оз-оздан истеъмол қилишни тажрибадан ўтказган дугонам маслаҳат берган” десалар ҳам, то кечга қадар Саодат опа сувдан бошқа ҳеч нарса истеъмол қилмадилар…

Кечга яқин “Виждон асрларини озод этиш” қўмитаси раиси Баҳодир Намозов бир дунё ёз меваларини кўтариб келиб қолдилар. Баҳодир ака Намозов, “Қизлар, очликни тўхтатишларингизни сўраб кўп кишиларнинг номидан келдим. Ҳурматимиз бўлса, очликни тўхтатингда, аста-секин овқатланишга ўтинг” деб илтимос қилдилар…

Аяжоним Малоҳат Эшонқулова ва Саодат Амоновани толиқтирмаслик учун Баҳодир ака тезда хайрлашдилар… Кўп ўтмай Саодат опа Амонова “24 июндан бери уйда йўқман. Синглимдан хавотирдаман. Уйга кетмасам бўлмайди” деб қолдилар. Аяжоним ва дадамнинг “Ҳали қувватингиз йўқ. Аввал кучга киринг. Бу туришда йўлда йиқилиб қоласиз, кетманг” дейишларига қарамасдан, синглисиздан хавотир олган Саодат опа “Таксида кетаман. Бориб, уйда дам оламан” дея уйларига кетдилар..

Қечқурун дадам: “Мана, саодатнинг ақли бор экан, бефойдалигини тушуниб етди. Соғлиғини ўйлаб, очликни тўхтатди. Сен ҳам у билан бирга очликни тўхтатсанг бўлмайдими? Ё очликни тўхтатасан, ё болалар отасиз қолади. Сенинг бу қайсарлигинг оиланиям барбод қилади” деб аяжонимга пўписа қилиб қолдилар.

Аяжоним бир оғиз ҳам гапирмади. Фақат бошини буркаб олиб, “16 кунлик очлик азобларим бесамар кетишини истамайман” деб узоқ йиғладилар… Дадам тоза ҳавога чиқиб кетдилар…

И. Каримовнинг очлик акциясини ўтказаётган бу икки ожизага нисбатан бепарво ва лоқайдлиги нафақат Саодат опа ва аяжонимнинг соғлиғига зара етказмоқда, балки оиламизнинг тинчлигига ҳам раҳна солмоқда.

Дадажонимнинг пўписаси ҳам кор қилмади, аяжоним ҳамон очликни тўхтатганлари йўқ…

Шу зайилда очлик акциясининг 16 куни ҳам ниҳоясига етди…

Ушбуларни воқеа жойидан Зарнигор ёзиб борди.

Sorry, the comment form is closed at this time.