Jul 092011
 

Малоҳат Эшонқулова

8 июль, 2011 йил

Ростини айтсак, очлик азобига 12 кун дош бера оламиз деб ҳечам хаёлимизга келтирмаган эдик. Очиғи, очлик акциясини бошлашдан олдин уч кун ичида тўхтатамиз деб ўзаро келишиб ҳам олгандик… Тўғри, ҳақиқатдан ҳам, 1-, 2-, 3- кунлар жуда оғир кечди… Ўша вақтдаёқ ваъдалашиб олганимиздек, очликни тўхтатсак бўларди, бироқ ЎзМТРК раҳбарияти жим тургиси келмади. Шу кунлар ичида нтернет сайтлари орқали бизга яна хуруж бошлашди… Уларнинг бу зайилдаги ожизлиги бизга куч берди. Рақиблар ўзлари билмаган ҳолда очлик акциямизни давом эттиришимизга даъват этишганди, сабабчи бўлишганди… Кейинги кунларда эса гуё ошқозон карах бўлди, очликдан ё бехуш бўлди, ва ёхуд жон “таслим қилди”… Хуллас, очликдан азобланаётган ошқозон оғриғи у қадар вужудимизга азоб бермай қўйди… Ҳарҳолда, менда, М. Эшонкуловада шундай бўлди. Бироқ, ошқозонида пайдо бўлган азалий касаллик ҳамон Саодат Амоновани қийнамоқда…

Бўш қоп тик турмайди, дейишади-ку, қувватимиз бўлмагани учун ҳам ҳолсизмиз. Кейинги пайтларда юз-қўлни ювишга бориш учун ҳам кимнингдир кўмагига муҳтожлик сеза бошладик… Юрак уришимизда ҳам маром йўқ. Гоҳ дақиқасига 100-120 та урса (ҳаяжонланган ҳолатларда), гоҳида гуё тўхтаб қолаётгандек секинлаша бошлайди. Қон босими эса ташқи таъсирга қараб ўзгариб туради. Нохуш хабар туфайли кўтарилиб кетса, баъзан қон босимининг тушиб кетиши натижасида бош айланиши, кўз тиниши қийнаб қўймоқда… Бугун мени, Малоҳат Эшонқулованинг опаси ҳол сўраб қўнғироқ қилиб қолди: “Ҳалиям ахмоқлик қилиб, бир ичак бўлиб ўтирибсизларми? Сизларни ким кўриб ўтирибди, оч қолганларингда яшринча овқатланиб олаверинглар. Ўзларингниям ўйланглар-да. Ҳозир талашиб-тортишадиган давринг эмас, қуда-андалик бўлиб, набира суядиган вақтинг-ку? Нимага самарасиз ишларга жонингни жабборга берасан?” деди куюниб… Бу гапларга мийиғимда кулибгина қўя қолдим…

Ишга тиклаш борасидаги даъвомиз бўйича Фуқаролик ишлари бўйича Шайҳантоҳур суднинг қароридан норози бўлиб, Тошкент шаҳар судига аппелация шикояти ёзган эдик. Ўзимизку, ўлмасак ҳам бундайроқ бўлиб, чалажон бўлиб ўтирибмизу, “Шаҳарга аппелация ёзгандинглар. Суд куни белгиланди. Келиб, чақирув қоғозига имзо қўйиб кетинглар” деб уч кундирки фуқаролик ишлари бўйича Шайҳонтоҳур туманлараро судидан қўнғироқ қилишгани-қилишган. Кеча кечаси соат 22.00 дан ўтгандан кейин ҳам суд идорасига тегишли телефон рақамидан қўнғироқ бўлиб қолди денг. Бизнинг ҳолимиз йўқлиги сабабли, гўшакни Зарнигор кўтарган эди. Қаранг, бизнинг судьяларимиз шундай фидоий эканки, ҳатто ярим тунгача, ишхонада мукка тушиб, ишлашаркан. Йўқса, ярим тунда “Чақирув қоғозига имзо қўйиб кетинглар” деб қўнғироқ қилишларига нима дейсиз?… Тошкент шаҳар судининг тайинланиши биз учун муҳимлиги сабабли, эрталабдан Зарнигорни Шайҳонтоҳур туман судига жўнатдик. Очлик акциясини кечагина кечга яқин бошлаган қизалоқ “Суд идораси қайдасан?” дея қидириб кетди. Судья Дилбар Исроилованинг котибига учраб, чақирув қоғозини уйга келтирди ҳам. Саодат билан мен, М. Эшонқулова “огоҳлантирилдик” деган жойига имзо қўйганимиздан кейин Зарнигор шўрлик яна фуқаролик ишлари бўйича Шайҳонтоҳур туманлараро судига “Тилхат”имизни олиб бориб топшириш илинжида куннинг жазирамасида қайта боришга мажбур бўлди… Бир томондан яна жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Яккасарой туман судининг 2011 йил, 27 июнь кунги бизни Ўзбекистон республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 201-моддаси 1- қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган деб топиб, энг кам иш ҳақининг олтмиш баравари, 2 984. 100 ( икки миллон тўққиз юз саксон тўрт минг бир юз) сўм жарима жазоси белгилаган суднинг мутлоқ ноқонуний қарори устидан аппелация шикояти ҳам ёзишимиз шарт. Йўқса, ҳадемай жаримани тўлаб қўйинг, деб эшик қоқиб келишади-да! Адвокат ёллашга қўлимиз калталиги сабабли аппелация аризасини ёзиш ҳам ўзимизнинг зиммамизда. Нима деб ёзамиз? Ахир биз суднинг баённомаси билан ҳам, суд иши матреаллари билан ҳам танишмаган бўлсак… Шу сабабли фуқаролик ишлари бўйича Шайҳонтоҳур туманлараро судига чақирув қоғозини топшириб, ҳаллослаб уйга қайтган Зарнигорни суд иши матреалларидан нусха олиб келиши учун жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар, Яккасарой туман судига жўнатишга мажбур бўлдик. Унинг қўлига “… суд иши матереалларидан нусха беришингизни сўраймиз” деб суд раиси номига ёзилган аризамизни тутқаздик. Бироқ суд ходимлари “Сиз М. Эшонқулова ва С. Амоновага кимсиз? Адвокатимисиз? Ё ишончли вакилими? Қўлингизда бирор бир ҳужжатингиз борми?” деб сўроқ-саволга тутишибди… Хуллас, Зарнигор суд иши матереалларидан нусха ололмай хориб-чарчаб қайтиб келди… Шу орада бизга керакли дорилар учун икки марта дорихонага чиқиб келишига ҳам тўғри келди… Охийри у очликдан силласи қуриб, ётиб қолди. Бу ҳам камлик қилганидек, мени, М. Эшонқуловани Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент вилояти Зангиота туманлараро суди қарори билан бундан бир ярим йил олдин ўзим билмаган ҳолда доимий рўйхатдан чиқариб ташлашган экан. Мени “доимий рўйхатдан” чиқариш эпизоди ҳам жуда қизиқ бўлган. Мен 2009 йилдан бошлаб, яъни ҳали ЎзМТРКда фаолият юритаётган кезларимдаёқ раҳбарларнинг ғайриқонуний ишларига қарши бош кўтариб чиққан эдим. Ҳатто 2010 йилнинг 24 март куни мен Тошкент шаҳар хокими номига “З-май, – Бутунжаҳон матбуот эркинлиги кунида ЎзМТРКдаги ноқонуний ишларга нисбатан ҳукумат биноси олдида норозилик намойиши ўтказаман” деб хат йўллаган эдим. Буни қарангки, мен доимий рўйхатда турган уй эгасининг Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар Кассация ҳайъатига нотариус орқали тасдиқлаб, тақдим этилган аризасига кўра, 2009 йилнинг декабрь ойидан бошлаб, икки ой давомида уй эгасининг хонадонига ўзларини МХХ ходимларимиз деб таништирган ва ҳужжатларини рукач қилган икки йигит серқатнов бўлиб қолган. “М. Эшонқулова сизга ким бўлади? Нима учун уни уйингизга рўйхатга қўйгансиз? Пора олганмисиз? М. Эшонқулова давлатга қарши жиночт қилиб, қочқинда юрибди. Ҳозир қидирувда. Агарда уни рўйхатдан чиқармасангиз, сиз ҳам унинг жиноятига шерикликда айбланиб маҳкамага тортиласиз” деб дағдаға қилишган. Уй эгасининг “Малоҳат қандай айб иш қилибди?” деган саволига МХХданмиз деган йигитлар “Бу давлат сири. М. Эшонқулованинг қандай жиноят қилганлигини сизга айтолмаймиз” деб қўрқитишган. Уй эгасининг судга берган кўргазмасига қараганда, ўзларини МХХ ходимимиз деб таништирган йигитлар икки ой давомида тинимсиз қатнашган ва отахондан “Қулоғингиз тинч бўлишини истасангиз, М. Эшонқуловани уйингиздан рўйхатдан чиқарасиз!” деб талаб қилишларини канда қилишмаган. МХХ ходимларининг дағдағасидан чўчиб кетган отахон адвокат ёллаб, фуқаролик ишлари бўйича Зангиота туманлараро судига даъво ариза билан мурожаат этишга мажбур бўлган… (Бу борада уй эгасининг нотариус орқали тасдиқланган аризаси мавжуд суд ишида) Судья эса “Эшонқуловани топишнинг иложи бўлмади. Қочқинда юрибди” деб, менга бир бор чақирув қоғози юбормасдан, менинг иштирокимсиз, даъвони қаноатлантирган-қўйган… Бу ишларнинг барчаси буюртма орқали содир бўлганини англаш учун одам олим бўлиши шарт эмас, назаримизда… Бу воқеадан хабар топгач, мен, М. Эшонқулова шу йил март ойида Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент вилоят судига кассация шикояти ёзгандим. Суд менинг иштирокимизсиз ўтганлиги важидан Тошкент вилоят судининг кассация ҳайъати Зангиота туманлараро судининг қарорини бекор қилиб, ишни қайта кўриш учун яна туманга жўнатганди….

Уй эгаси ( исм-шарифи хавфсизлик нуқтаи назаридан келтирилмади) шу йилнинг 5 июль куни “Даъводан воз кечиш” ҳақида нотариус орқали тасдиқланган аризасини Фуқаролик ишлари бўйича Зангиота туманлараро судига тақдим қилди. Бироқ судья “Бу иш мунозарали экан, ишни кўрмасдан қолдираман-да, “дело”ни ё прократурага, ё МХХ га ошираман” деб оёқ тираб туриб олган… Айни шу кунларда мени, М. Эшонқуловани Зангиота туманлараро суди мазкур ишни қайта куриш масаласида навбатдаги суд мажлисига чақиргани-чақирган… Танамда мадор бўлганида эди, учиб борган бўлмасмидим… Бу каби ноқонуний ҳолатлар, яъни бизни доимий рўйхатдан ўзимиз билмаган ҳолда чиқариб юборишлари, бизни мамлакат ичкарисида ҳаракатланишимизга монеълик қилиш мақсадида амалга оширлиган қитмирликдан бошқа нарса эмас…

Хуллас, очлик азобидан ташқари, ҳали бизнинг олдимизда учта катта даъвон турибди. Жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича судларнинг навбатдаги “ноғарасига ўйнамоғимиз” ҳам лозим ҳали …
Шунчалик кўргуликларимизга қарамасдан, бизни ҳукуматнинг, ёинки бирор бир корчалоннинг қўлидаги қўғирчоқ деб айтиш, гумон ё шубҳа қилиш мумкинми?….

Дарвоқе, кеча кечга яқин инсон ҳуқуқлари бўйича маниторинг ўтказиш маркази раҳбари Юсуф Имомов бўламан деб бир киши қўнғироқ қилган эди. “Қизларим, очлик ўтказишнинг ҳам ўз қонун-қоидалари бор. Бунинг учун сизларни камида уч киши ҳар куни доимий назорат қилиб туриши лозим. Улардан бири шифокор бўлса, янаям яхши. Бунинг учун махсус дафтар тутилади. Сизларнинг ҳар кунги ҳолатларингиз мазкур кузатувчилар томонидан дафтарга қайд этилмоғи лозим…” деган эдилар. Бугун тушликка яқин Ю. Имомов қайта қўнғироқ қилибди. Гўшакни кўтарган Зарнигорга кеча бизга айтган сўзларни айнан такрорлабди. “Амаки, у ҳолда аяжоним билан Саодат опага сиз кузатувчи бўлинг. Бирорта шифокор ўртоғингизни олиб келинг. Ишонмасангиз, аяжонимни, Саодат опанинг ошқозонларини текшириб кўринг. Дафтар тутиб, ҳар куни аҳволларини қайд этиб боринг. Илтимос, амакижон, келинг” деб ёлворди Зарнигор. “Яхши, унда мен бир шифокор топиб, албатта бораман” деб жавоб қилган Ю. Имомов негадир шу пайтгача ташриф буюрмади…

Кун бўйи узоқ-яқиндан келиб, соғлиғимизни сўраб туришди… Суръат Икромов билан рафиқалари Гулнора опанинг ҳол сўраб қилган қўнғироқларидан кейин, эшик жиринглаб, Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамияти Қашқадарё вилоят бўлими раиси Гулшан Қораева кириб келди… У ўзининг ҳаракатчан ва жўшқинлиги билан эътиборимизни тортди.

Кўп ўтмай “Бирдамлик” ҳаракатининг Тошкент вилояти бўлими раҳбариман дея ўзини таништирган Шарифа опа Тўйчиева Маҳбуба опа Қосимова ҳамроҳлигида ҳол-аҳвол сўрагани келишди…
Шунингдек, ҳуқуқ фаоли Владимир Хусаинов қўнғироқ қилиб, саломатлигимиз билан қизиқди… Дўстларимиз, ҳамкасбларимиз телефон орқали далда бериб туришди…

Оғриқ қийнасада, тез ёрдам чақиришдан ўзимизни тийдик. Оғриққа қарши ўзимизни ўзимиз эмлашга мажбурмиз…

Шу зайилда очлик акциямизнинг 12 куни ҳам ниҳоясига етди…

http://yangidunyo.com/?p=20663

Sorry, the comment form is closed at this time.