Jul 082011
 

 

Қашқадарёда ташкилотимиз вилоят бўлими раҳбари Гулшан Қораева калтакланилди.

 

8 июль куни Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг (ЎИҲЖ) Қашқадарё вилоят бўлими раиси Гулшан Қораева номаълум шахслар томонидан дўппосланилди. Куни кеча тарқатилинган хабарларда Гулшан Қораеванинг уйи атрофида кутилмаган ҳодисалар юз бераётгани, унинг ортидан кузатув қўйилганлиги ва унга нисбатан бирор хавф солиниши мумкинлиги ҳақида ташкилотимиз хабар тарқатганди. 8 июль кунида эса Гулшан Қораева Тошкентдан Қарши шаҳрига қайтаркан, номаълум шахслар томонидан дўппосланилганлиги ҳақида хабар олдик.

Илгариги хабаримиздан ҳам маълумки, Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг Қашқадарё вилоят бўлими раиси Гулшан Қораева шу йилнинг 15-16 июль кунларида Франциянинг Анджерс шаҳрида ўтказиладиган ЎИҲЖ нинг қурултойида қатнашиш учун тайёргарлик кўраётганди. Шу мақсадда бир неча марта Тошкентга сафар қилган ҳуқуқбон ҳукумат мулозимлари кузатувида бўлганлиги, уни қўрқитиш учун ҳаракатлар олиб борилганлиги илгариги хабарларимиздан ҳам аён. Масалан, 6 июль кунида унинг уй телефонига номаълум шахслар қўнғироқ қилиб ҳақоратлашгани, кун давомида қўрқитиш учун саъй ҳаракатлар қилингани ҳақида ҳам маълумот тарқатилинганди.

Гулшан Қораева 7 июль кунида Тошкентга бориб Франция Республикаси элчихонасига мазкур мамлакатга кириш визасини олиш учун лозим бўлган ҳужжатларни топшириб, ортга, Қарши шаҳрига қайтишида йўлдаёқ дўппосланилган. Албатта, одатдагидек, ҳуқуқбонлик ташкилоти аъзосини ким урганлиги ҳеч қачон аниқланилмайди. Бироқ ҳуқуқбон ўзига ҳужум қилганларнинг ким эканлиги хусусида баъзи маълумотларга эга бўлганлигини келтирмоқда. Воқеа қандай содир бўлди?

8 июль куни мен Тошкент шаҳрига бориб, Франция элчихонасига қўшимча ҳужжатлар топшириб қайтаётганимда,Тошкентдаги ипподром бозори яқинида хусусий такси ҳайдовчилари тўхтайдиган жойга келдим ва Қарши шаҳрига қатнайдиган машиналардан бирига ўтирдим”. – дея ҳикоя қилади ҳуқуқбон, – “Нексия русумидаги тўқ қизиш рангли автомашинанинг давлат рақами 30 37 55 эди ва ҳайдовчининг исми Зафар экан”.

Ҳайдовчи йўлга чиқиш олдидан тағин бир, икки йўловчи топиб келишни айтиб, бир муддат кўздан ғойиб бўлади ва бироздан сўнг икки кишини бошлаб келади. Йўловчиларнинг қўлларида юклари ҳам бўлиб, уларни машина юкхонасига жойлашади.

Тағин биринчининг қўлида бир катта портрет ҳам бор эди ва улардан бирининг айтишича, бу унинг ўлган поччасининг суръати экан,, – дейди Гулшан Қорава.

Улар Тошкентдалигидаёқ, спиртлик ичимликлар харид қилиб, йўл- йўлакай уни истеъмол қилиб келишади. “Йўловчилардан” бирининг исми Абдураззоқ бўлган. Ҳар ҳолда, иккинчи “йўловчи” уни шу ном билан чақирган. Гулшан Қораева иккинчи ҳамроҳининг” исмини билмайди.

Уларнинг бири тўладан келган гавдалик бўлса, иккинчи аксинча, ориқ жуссалик эди”, – эслайди ҳуқуқбон.

Улар эса ўзларини Тошкентдаги Чорсу бозорида гўшт саводоси билан шуғулланувчилар деб таништиришади ва 14 июлькунида Тошкентга қайтишларини ҳам маълум қилганлар. “Йўлда келакелгунча, улар оғизга олиб бўлмайдиган гапларни сўзлаб келишди ва ниҳоят тоқатим тоқ бўлгач, уларни маданиятлироқ бўлишга, машина ичкарисида аёл киши ҳам борлигини инобатга олишга чақирдим. Шу сўзимни айтганимни биламан, аввал бошимга, кейин эса юзимга муштлаб қолишди”, – воқеликни келтиради Гулшан Қораева.

Сени ҳозир машинадан тушириб олиб,хоҳлаган ишимизни қиламиз, нима дея олардинг”, – деб тахдидга ўтади улар.

Гулшан Қораева уч фарзанднинг онаси ва улардан бири бир умрлик ногирон. Аёл боши билан Ўзбекистонда Инсон ҳуқуқлари учун курашга кирган аёл ҳуқуқбонлардан биридир. Табийки, нотаниш эркакларнинг бу каби ҳатти – ҳаракати ва дағдағаси уни чўчитмай қолмади. “Йўловчиларнинг” зулмидан эса уни такси ҳайдовичиси қутқариб қолади.

Улар Қарши шаҳрига кираверишдаги 6 чи км ГАИ постига етмасдан, Қўнғиртоғ қишлоғи яқинида тушиб қолишди ва ўша қишлоққа кириб кетишди”, – дея воқеа тафсилотларини якунлайди Гулшан Қораева.

Айни дамда, Гулшан Қораева ўз уйида ва эрта тонгданоқ Қашқадарё вилоят Ички Ишлар Бошқармасига шикоят аризаси билан мурожаат қилишни мўлжаллаяпти. Аммо Қашқадарё милицияси бу жиноятчиларни топармикан?

8-июль, 2011 йил.

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти.

 

Sorry, the comment form is closed at this time.