Sep 062020
 

Президент Шавкат Мирзиёев бошқарувининг 4-йили охирлари кўриниб қолганда, мустақиллик байрами нишонланиши тугаши билан 4-сентябрь куни Озодликда солиқ тизимида оммавий қисқартиришлар бошлангани ҳақида мақола ёйинланди. [1].

Озодликнинг мақоласидан иқтибос: «Солиқ тизимида яна оммавий қисқартиш – айрим туманларда ходимларнинг ярми бўшатилмоқда

сентябр 04, 2020

Ҳурмат Бобожон/Озодлик

Ўзбекистондаги айрим вилоят ва туман солиқ инспекцияларида ходимлар “катта қисқартиш” ҳақида оғзаки огоҳлантирилган.

Қашқадарё, Сурхондарё ва Намангандаги айрим туман солиқ идораларида эса ходимларни қисқартиш аллақачон бошланган.

Қисқаришга тушган солиқ инспекторлардан Озодликка келаëтган хабарларда бу жараëннинг “меҳнат қонунчилигини бузиш” эвазига бўлаётгани иддао қилинмоқда.

Хусусан, Қашқадарё вилоят Миришкор тумани Солиқ инспекцияси ходимлари иддаосича, ишдаги камчиликлари рўкач қилиниб, бир кунда қисқаришга тушганликлари ҳақида огоҳлантирилган.

Озодлик суҳбатлашган солиқ инспекцияси расмийлари штатлар қисқариши сабаб айрим ходимлар билан “хайрлашишга мажбурликлари, лекин бу жараён ҳуқуқий асосда бўлаётганини” айтишди.

Ўзбекистон солиқ тизимида ишловчи 12 мингдан зиёд ходимдан қанчасининг ишидан айрилиши, қанчаси қолиши ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.

50 фоизлик қисқартирув

Қашқадарё вилоят, Миришкор тумани солиқ инспекторларидан бири ўзи ишлайдиган бўлимда 40 ходимдан деярли ярми қисқартишга тушганини айтади.

– 2 сентябрда 18 та ходимга ойлик иш ҳақи ёзилмади. Сабабини бухгалтердан сўрасак, сокрашенияга тушибмиз. Бизга айтишмаган ҳам. Ўтган ой августда кечқурун 9-10 гача маҳаллий солиқларни йиғдик, маҳаллий бюджетга режадан ортиқ 9 миллиард сўм тушириб бердик. Нимага айнан биз қисқаришга тушдик, деб тортишсангиз агар, ишдан камчилик топиб, жиноят иши очиш билан қўрқитяпти. Энг қизиғи қисқаришга тушганларнинг кўпчилиги Солиқ академиясини тугатганлар. Менинг ўзим Тошкентдаги Молия институтида ўқиганман.

Мутахассислиги тўғри келмайдиган ўрта махсус билимга эга ходимлар қоляпти. Энди қаердан иш топамиз?, – дейди қашқадарёлик солиқчи.

Сурхондарё вилоят солиқ тизими ходимлари ҳам ўз ҳудудида қисқартиришлар бўлаётганини хабар қилди.

Вилоятнинг Қумқўрғон тумани солиқ инспекцияси ходимларидан бири қисқартишга тушадиган солиқчилар тақдири мавҳум қолаëтганини айтади.

– Бошлиқ икки кун олдин ҳаммани йиғиб, катта қисқартириш, бўлади, тайёргарликларингизни кўраверинглар, деди. Туман бўлимида ходимлар сони 30 фоизга камаяр экан. Ҳамма ходимлар аттестация қилиниб, бошқатдан ишга ариза топширар экан. Тепадагилар кимни олиш, кимни олмасликни ўзлари ҳал қилар экан. Шунча йилдан бери режани бажариб мана энди кўчада қоляпмиз, – дейди сурхондарёлик солиқчи.

Наманган вилояти солиқ инспекцияси ходимларидан ҳам айни мазмундаги шикоят тушди.

Озодлик бу иддаолар юзасидан изоҳ олиш учун Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизматига қўнғироқ қилди, лекин телефонни ҳеч ким кўтармади.

Давлат солиқ қўмитасининг Озодлик суҳбатлашган расмийларидан бири тизимда баъзи штатлар қисқариши сабаб айрим ходимлар билан хайрлашишга тўғри келишини айтди:

– Ҳозир тизимлик ўзгаришлар бўляпти бизда. Қўшимча қиймат солиқ тўловчи, ойлик айланмаси 1 миллиард сўмдан кўп хўжаликлар олдин туманнинг ўзига ҳисобот берарди. Ҳозир бундай хўжаликлар тўғри вилоят солиқ бошқармаларига ҳисоб берадиган бўлди. Шунинг ҳисобига ҳар бир туманда қисқариш бўлади. Ўз навбатида вилоят бошқармаларида ҳам реструктуризация кутиляпти. Бу солиқ идоралари фаолиятини оптималлаштириш учун қилиняпти, – деди Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитасининг матбуотга гапириш ваколати йўқлиги сабаб исми очиқланишини истамаган мулозими.

Ўзбекистон Солиқ тизимида ишловчи 12 мингга яқин ходимдан қанчасининг ишидан айрилиши, қанчаси қолиши эса, мулозимга кўра, маълум эмас.

Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитасида сўнгги бор йирик қисқартиришлар 2017 йилда бўлган. Ўшанда 3000 дан зиёд солиқчи ишдан бўшатилган эди.

1994 йилда Давлат солиқ қўмитаси ташкил этилганда қўмита 15 400 нафар ходимига эга эди». Иқтибос тугади. [1].

1. Коронавирус, пандемия даврида президент Шавкат Мирзиёев фармони билан ажратилган рағбат, ёрдам пуллари кўп врачлар, ҳамширалар, санитаркаларга етиб бормади. Албатта, коррупция туфайли.

Кичик ва ўрта бизнес давлат томонидан ёрдам пули олмади. Уларнинг аксарияти бизнесларини пулсизлик сабабли давом эттира олмайди.

Аксарият ишсиз ватандошлар пулсизликдан қийналмоқдалар. Уларга ҳам давлат томонидан пул билан ёрдам берилмаган.

Ватандошларнинг аксарияти пулсизлиги сабабли уларнинг харид қобилияти кескин камайган. Шу сабабли ватандошлар томонидан кам товарлар ва хизматлар сотиб олинади. Бундай шароитда кичик ва ўрта бизнеснинг даромади кам бўлади, улар солиқларни кам тўлайди.

Бюджетда камомад туфайли, давлат ташкилотларининг кўпчилиги ўз ходимларини қисқартиришга мажбур бўладилар.

2. Мамлакатда сиёсий рақобат бўлганида, оммавий ахборот воситалари эркин бўлганида ёрдам пули, рағбат пули шифокорларга етиб бориши муҳокама қилинарди, парламентда керакли қонунлар қабул қилинарди.

3.Ватандошлар ўз ҳуқуқ ва эркинликлари оёқ ости қилинганида одил судга мурожаат қилиб ўз ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаган бўлардилар.

Афсуски, Ўзбекистонда на мухолифатга, на эркин сўзга йўл бор. На мустақил парламент, на мустақил суд бор.

Мамлакатда Шавкат Мирзиёевнинг авторитар режими ҳукм сурмоқда.

4. Шавкат Мирзиёевнинг 4-йил бошқарувида мамлакатда сиёсий рақобат йўқ. Сиёсий мухолифатга йўл йўқ.

Мустақил суд тизими йўқ. Мустақил парламент йўқ. Сўз эркинлиги йўқ. Интернет эркин эмас, тезлиги паст, қиммат.

5.Ўзбекистонда иқтисодий эркинлик йўқ, сиёсий эркинлик йўқ. Ўрта синф шаклланиши учун шароит яратилмаган. Фуқаровий жамият шаклланиши учун шароит яратилмаган.

6. Ҳақиқатда, ҳозирги Шавкат Мирзиёев президентлиги даврида ҳам мамлакат инвестиция жозибардорлиги жуда паст, чунки коррупция кўрсаткичи жуда паст.

Коррупцияга қарши курашда қуйидагилар ҳисобга олинмаябди.

7. Коррупцияга қарши курашда қуйидаги 2 ҳолатни ҳисобга олиш керак:

Мамлакатда давлат мулки эмас, хусусий мулк кўпроқ, устун бўлиши керак.

Лекин, Ўзбекистонда давлат мулки ҳукмрон. Давлат мулки ҳукмрон бўлган жамиятда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳурмат қилинмайди.

Коррупцияга қарши курашнинг энг самарали йўли эркин, демократик сайловлардир.

8. Мамлакатда диктатор Ислом Каримов давридагидай сўз эркинлигига, оммавий ахборот воситалари эркинлигига, эркин интернетга, мухолифатга йўл йўқ.

Бақувват ўрта синф, кучли фуқаровий жамият шаклланиши учун, иқтисодий эркинлик, сиёсий эркинлик йўқ.

Бундай шароитда мамлакатда эркин, демократик сайловлар мутлақо ўтказиб бўлмайди.

9. Яна таъкидлаб ўтишни лозим топдим, Ўзбекистонда давлат мулкчилиги, монополиялар ҳукмрон. Коррупция гуллаб яшнаябди. Иқтисодий эркинлик кўрсаткичи, сиёсий эркинлик кўрсаткичи, коррупция кўрсаткичи жуда паст ва бунинг оқибатида Ўзбекистон иқтисоди ўта қолоқ.

Зеро, Ўзбекистон иқтисодий эркинлик кўрсаткичи бўйича 57,2 билан Украина (54,9), Тожикистон (52,2), Туркманистондан (46,5) олдинда. Бироқ, Сингапур (89,4), Эстония (77,7), Қозоғистон (69,6), Қирғизистон (62,9) Россиядан(61,0) анча орқада.

Ўзбекистоннинг иқтисодий эркинлик кўрсаткичи 2020 йилда 57,2 балл билан 2019 йилдаги 53,3 баллга нисбатан 3,9 баллга ўсган. Бу ўсиш сармоявий эркинлик бўйича 20 балл (2019-йилда 10 балл), молиявий эркинлик бўйича 20 балл (2019-йилда 10 балл) ва мулк дахлсизлиги бўйича 59,1 баллга (2019-йилда 49,8 балл) тенг.

Ўзбекистон 2020-йилда иқтисодий эркинлик кўрсаткичи бўйича 57,2 балл ва 2019 йилга нисбатан 3,9 баллга ошганига қарамасдан дунёнинг ўртача иқтисодий эркинлик кўрсаткичидан, 61,6 баллдан анча орқада.

Келажакда бу кўрсаткич янада кўтарилади деган умид бор.[2].

Ўзбекистон сиёсий эркинлик кўрсаткичи 10 балл билан, Тожикистон 9 балл, Туркманистон 2 балл каби пост совет мамлакатларидан олдинда. [3].

Яна, Ўзбекистон 10, Марказий Африка Республикаси 10 ва ва Судан 12 балл билан ёмонларнинг ёмони давлатлари қаторини тарк этди.

Ёмонларнинг ёмони давлатлари 10та: Сурия 0, Эритрия 2, Жанубий Судан 2, Туркманистон 2, Шимолий Кореа 3, Экваториал Гвинея 6, Саудия Арабистони 7, Сомали 7, Ливия 9, Тожикистон 9.

Афсуски, Ўзбекистон сиёсий эркинлик кўрсаткичи 10 балл билан пост совет мамлакатлари Эстония 94, Литва 91, Латвия 89, Украина 62, Грузия 61 ва Молдавия 60 каби мамлакатлардай нисбатан эркин ва демократик сайловлар ўтказиш даражасидан жуда узоқда. [3].

Transparency International ташкилотининг 2020 йилги ҳисоботидан кўриниб турибдики, Ўзбекистон 25 балл билан дунёнинг 180 мамлакати қаторида 153-ўринни эгаллаб турибди, 87 балл билан 1-ўринни эгаллаган Даниядан, 74 балл билан 18-ўринни Эстониядан қарийб 50 баллча орқада ва 19 балл билан 165-ўринни эгаллаган Туркманистондан 6 балл олдинда. Яъни, Ўзбекистоннинг коррупция кўрсаткичи пост совет мамлакатлари орасида энг охирги ўринларда, фақат Туркманистондан олдинда. Ўзбекистон коррупция кўрсаткичи бўйича дунёнинг 4-элликталик мамлакатлари қаторида. [4].

Ўзбекистон коррупция кўрсаткичи 25 балл билан 180 мамлакат қаторида 153 ўринни эгаллади. 2018 йилги коррупция кўрсаткичи 23 балл билан 158 ўринни эгаллаган эди.

Ўзбекистон коррупция кўрсаткичи 25 балл билан ўта иқтисодий қолоқликдан чиқа оладими? Дунё бўйича ўртача коррупция кўрсаткичи 43 баллга тенг.

Ўзбекистоннинг коррупция кўрсаткичи дунёнинг ўртача коррупция кўрсаткичидан юқори бўлса, ўта иқтисодий қолоқликдан нисбатан осонроқ чиқиб кетиши мумкин. Бунинг учун Шавкат Мирзиёев мамлакат коррупция кўрсаткичини камида 50 баллга кўтаришга ҳаракат қилиши керак. Афсуски, Шавкат Мирзиёевда бундай интилиш йўқ. [4].

Ўзбекистоннинг АЖБ ЯИМ ($1,832) дунёнинг ўртача АЖБ ЯИМдан ($11,464) қарийб 6 баравардан кўпроқ кам (6,3). [5,6].

Ўзбекистоннинг АЖБ ЯИМ 2019 йил учун эса ($1,560) дунёнинг ўртача АЖБ ЯИМ сидан ($11,673) қарийб 7 баравардан кўпроқ кам бўлган(7,48). [8].

Негадир, Дунёнинг 2020 йил учун АЖБ ЯИМ, яъни GDP per capita си ($11,464), 2019 йил учун ($11,673) дан камроқ. Сабабини, мен билмайман.

Ўзбекистоннинг иқтисодий кўрсаткичлари дунёнинг ўртача иқтисодий кўрсаткичларидан 2 баравар кам бўлса, Ўзбекистоннинг иқтисодини қолоқ дейишимиз мумкин. Бироқ, Ўзбекистоннинг АЖБ ЯИМси дунёнинг ўртача АЖБ ЯИМсидан 6 баравардан кўпроқ кам бўлгани учун, ўта қолоқ дейишга ҳақлимиз.

2018-йилнинг декабрида Халқаро рейтинг агентликлари Fitch ва Standard & Poor’sлар Ўзбекистоннинг АЖБ ЯИМси $1,200га тенглигини аниқлашган эди. Ислом Каримов давридаги статистик маълумотлар бўйича $2,200, Шавкат Мирзиёев давридаги статистик маълумотлари бўйича $1,560 эди. Яъни, Ислом Каримов даврида статистик маълумотлар атайлаб бўрттириб, яхшилаб кўрсатилган. Аслида, бу кўрсаткич бўйича олганда Ўзбекистоннинг иқтисодий аҳволи янада аянчлилиги аёнлашади. [7].

Абдужалил Бойматов

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти вице президенти.

6сентябрь, 2020-йил.

Дублин, Ирландия.

Фойдаланилган адабиётлар:

1. Солиқ тизимида яна оммавий қисқартиш – айрим туманларда ходимларнинг ярми бўшатилмоқда. 04.09.2020. ( https://www.ozodlik.org/a/30820831.html ).

2. Index of economic freedom. 2020.

(https://www.heritage.org/index/ranking?version=555).

3. Global freedom scores. 2020. (https://freedomhouse.org/countries/freedom-world/scores ).

4. Transparency International. 2019 Corruption Perceptions Index. 23.01.2020. (https://www.transparency.org/files/content/pages/2019_CPI_Report_EN.pdf ).

5. International Monetary Fund. 2020. GDP per capita Nominal ($).

( http://statisticstimes.com/economy/countries-by-projected-gdp-capita.php ).

6. International Monetary Fund. 2020. GDP (Nominal) per capita Ranking.

( http://statisticstimes.com/economy/projected-world-gdp-capita-ranking.php ).

7. Fitch Assigns Uzbekistan ‘BB-‘ IDRs; Outlook Stable

20 Dec 2018. ( https://www.fitchratings.com/site/pr/10057197 ).

8. Statistics Times.GDP Indicators 2019

( http://statisticstimes.com/economy/gdp-indicators-2019.php ).