Jul 302020
 

Диктатор ва авторитар раҳбарлар 21-асрда кўпчиликнинг қулоғига ёқадиган халқона ва популистик шиорларни тез-тез ўз сиёсатида ишлатадилар.

Озодликдан иқтибос: [1]. «Мирзиёев: Эҳтиёжманд оилаларни таъминлаш тизими “соат”дай аниқ ишлаши лозим

июл 29, 2020

Ўзбекистонда карантин даврида бирор-бир эҳтиёжманд оила эътибордан четда қолмаслиги, кам таъминланган аҳоли қатламига моддий ёрдам, озиқ-овқат ва дори-дармонларни манзилли етказиб бериш тизими “соат”дай аниқ ишлаши керак. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев, президент матбуот хизмати маълумотига кўра, 28 июль куни ҳудудларда коронавирус билан боғлиқ мураккаб вазиятни тартибга солиш бўйича кўрилаётган чоралар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида маълум қилган.

Ҳозирги шароитда касалларни даволашга ҳам, иқтисодиётни ишлатишга ҳам мажбур ва масъулмиз. Шунинг учун аҳоли саломатлигини сақлаш, айни пайтда темир интизом билан ҳамма ишларни давом эттиришимиз керак”, деган Ш. Мирзиёев.

Йиғилишда охирги беш кунда Ўзбекистонда инфекция юқтирганлар сони 3 минг нафарга кўпайгани, жумладан, Тошкент, Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд, Сирдарё ва Андижон вилоятларида янги касалланганлар аниқлангани, Бухоро, Фарғона, Самарқанд, Наманган, Тошкент, Хоразм вилоятларида ва Қорақалпоғистонда пневмония ҳолатлари анча кўпайгани қайд этилган.

Ёш болалар, ҳомиладор аёллар, кексалар, ногиронлиги ва сурункали касаллиги бўлган фуқаролар саломатлиги устидан тизимли мониторинг олиб бориш муҳимлиги белгиланган.

Ўзбекистон президенти ҳокимларга ўз ҳудудидаги реал вазиятдан келиб чиқиб, аниқ чоралар кўриш бўйича топшириқлар берган. Шу билан бирга, у тиббий ниқоб тақиш, ижтимоий масофани сақлаш, 65 ёшдан ошганлар зарурат бўлмаса уйдан чиқмаслиги қоидаларига қатъий риоя қилишининг аҳамиятини қайд этган». Иқтибос тугади. [1].

1. Ўзбекистон мустақил бўлганига 29 йил бўлди, ҳануз мамлакат иқтисоди ўта қолоқ. Аҳоли жон бошига ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ва кўрсатилган хизматлар (GDP per capita) 1800 АҚШ доллари, дунё бўйича эса ўртача $11,400.

2. Ўзбекистонда экологик вазият жуда ёмон ҳолатда. Орол қуриди, чинорларга қирон келтирилди, навбат қимматбаҳо навли дарахтларга.

3. 2019 ва 2020 йилнинг биринчи ярмида Тошкент шаҳри, Хоразм вилояти, Сурхондарё вилояти, Фарғона вилоятининг Сўх тумани, Қорақалпоғистон автоном республикасида бузилган уйларга етарлича товон пули тўламанганлигига қарши, уйларнинг сифатсизлигига қарши, сувсизликка қарши, бозорларнинг кўчирилишига қарши оммавий норозилик намойишлари бўлиб ўтди.

Мамлакатда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини оёқ ости қилиш, зўравонлик ва коррупция гуллаб яшнаябди.

Элдор Эркин, Бахтиёр Карим ва Хидирназар Аллақуловларга нисбатан сўз эркинлиги, сиёсий рақобат, сиёсий мухолифат йўналишида фаолият олиб бораётганликлари учун таъқиб ва тайзиқлар мунтазам давом этябди.

Бундай шароитда президент Шавкат Мирзиёевнинг “ Эҳтиёжманд оилаларни таъминлаш тизими “соат”дай аниқ ишлаши лозим” ибораси оддийгина популистик шиордир.

4. Шавкат Мирзиёевнинг 4-йил бошқарувида мамлакатда сиёсий рақобат йўқ. Сиёсий мухолифатга йўл йўқ.

Мустақил суд тизими йўқ. Мустақил парламент йўқ. Сўз эркинлиги йўқ. Интернет эркин эмас, тезлиги паст, қиммат.

5.Ўзбекистонда иқтисодий эркинлик йўқ, сиёсий эркинлик йўқ. Ўрта синф шаклланиши учун шароит яратилмаган. Фуқаровий жамият шаклланиши учун шароит яратилмаган.

6. Ҳақиқатда, ҳозирги Шавкат Мирзиёев президентлиги даврида ҳам мамлакат инвестиция жозибардорлиги жуда паст, чунки коррупция кўрсаткичи жуда паст.

Коррупцияга қарши курашда қуйидагилар ҳисобга олинмаябди.

7. Коррупцияга қарши курашда қуйидаги 2 ҳолатни ҳисобга олиш керак:

Мамлакатда давлат мулки эмас, хусусий мулк кўпроқ, устун бўлиши керак.

Лекин, Ўзбекистонда давлат мулки ҳукмрон. Давлат мулки ҳукмрон бўлган жамиятда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳурмат қилинмайди.

Коррупцияга қарши курашнинг энг самарали йўли эркин, демократик сайловлардир.

8. Мамлакатда диктатор Ислом Каримов давридагидай сўз эркинлигига, оммавий ахборот воситалари эркинлигига, эркин интернетга, мухолифатга йўл йўқ.

Бақувват ўрта синф, кучли фуқаровий жамият шаклланиши учун, иқтисодий эркинлик, сиёсий эркинлик йўқ.

Бундай шароитда мамлакатда эркин, демократик сайловлар мутлақо ўтказиб бўлмайди.

9. Яна таъкидлаб ўтишни лозим топдим, Ўзбекистонда давлат мулкчилиги, монополиялар ҳукмрон. Коррупция гуллаб яшнаябди. Иқтисодий эркинлик кўрсаткичи, сиёсий эркинлик кўрсаткичи, коррупция кўрсаткичи жуда паст ва бунинг оқибатида Ўзбекистон иқтисоди ўта қолоқ.

Зеро, Ўзбекистон иқтисодий эркинлик кўрсаткичи бўйича 57,2 билан Украина (54,9), Тожикистон (52,2), Туркманистондан (46,5) олдинда. Бироқ, Сингапур (89,4), Эстония (77,7), Қозоғистон (69,6), Қирғизистон (62,9) Россиядан(61,0) анча орқада.

Ўзбекистоннинг иқтисодий эркинлик кўрсаткичи 2020 йилда 57,2 балл билан 2019 йилдаги 53,3 баллга нисбатан 3,9 баллга ўсган. Бу ўсиш сармоявий эркинлик бўйича 20 балл (2019-йилда 10 балл), молиявий эркинлик бўйича 20 балл (2019-йилда 10 балл) ва мулк дахлсизлиги бўйича 59,1 баллга (2019-йилда 49,8 балл) тенг.

Ўзбекистон 2020-йилда иқтисодий эркинлик кўрсаткичи бўйича 57,2 балл ва 2019 йилга нисбатан 3,9 баллга ошганига қарамасдан дунёнинг ўртача иқтисодий эркинлик кўрсаткичидан, 61,6 баллдан анча орқада.

Келажакда бу кўрсаткич янада кўтарилади деган умид бор.[2].

Ўзбекистон сиёсий эркинлик кўрсаткичи 10 балл билан, Тожикистон 9 балл, Туркманистон 2 балл каби пост совет мамлакатларидан олдинда. [3].

Яна, Ўзбекистон 10, Марказий Африка Республикаси 10 ва ва Судан 12 балл билан ёмонларнинг ёмони давлатлари қаторини тарк этди.

Ёмонларнинг ёмони давлатлари 10та: Сурия 0, Эритрия 2, Жанубий Судан 2, Туркманистон 2, Шимолий Кореа 3, Экваториал Гвинея 6, Саудия Арабистони 7, Сомали 7, Ливия 9, Тожикистон 9.

Афсуски, Ўзбекистон сиёсий эркинлик кўрсаткичи 10 балл билан пост совет мамлакатлари Эстония 94, Литва 91, Латвия 89, Украина 62, Грузия 61 ва Молдавия 60 каби мамлакатлардай нисбатан эркин ва демократик сайловлар ўтказиш даражасидан жуда узоқда. [3].

Transparency International ташкилотининг 2020 йилги ҳисоботидан кўриниб турибдики, Ўзбекистон 25 балл билан дунёнинг 180 мамлакати қаторида 153-ўринни эгаллаб турибди, 87 балл билан 1-ўринни эгаллаган Даниядан, 74 балл билан 18-ўринни Эстониядан қарийб 50 баллча орқада ва 19 балл билан 165-ўринни эгаллаган Туркманистондан 6 балл олдинда. Яъни, Ўзбекистоннинг коррупция кўрсаткичи пост совет мамлакатлари орасида энг охирги ўринларда, фақат Туркманистондан олдинда. Ўзбекистон коррупция кўрсаткичи бўйича дунёнинг 4-элликталик мамлакатлари қаторида. [4].

Ўзбекистон коррупция кўрсаткичи 25 балл билан 180 мамлакат қаторида 153 ўринни эгаллади. 2018 йилги коррупция кўрсаткичи 23 балл билан 158 ўринни эгаллаган эди.

Ўзбекистон коррупция кўрсаткичи 25 балл билан ўта иқтисодий қолоқликдан чиқа оладими? Дунё бўйича ўртача коррупция кўрсаткичи 43 баллга тенг.

Ўзбекистоннинг коррупция кўрсаткичи дунёнинг ўртача коррупция кўрсаткичидан юқори бўлса, ўта иқтисодий қолоқликдан нисбатан осонроқ чиқиб кетиши мумкин. Бунинг учун Шавкат Мирзиёев мамлакат коррупция кўрсаткичини камида 50 баллга кўтаришга ҳаракат қилиши керак. Афсуски, Шавкат Мирзиёевда бундай интилиш йўқ. [4].

Ўзбекистоннинг АЖБ ЯИМ ($1,832) дунёнинг ўртача АЖБ ЯИМдан ($11,464) қарийб 6 баравардан кўпроқ кам (6,3). [5,6].

Ўзбекистоннинг АЖБ ЯИМ 2019 йил учун эса ($1,560) дунёнинг ўртача АЖБ ЯИМ сидан ($11,673) қарийб 7 баравардан кўпроқ кам бўлган(7,48). [8].

Негадир, Дунёнинг 2020 йил учун АЖБ ЯИМ, яъни GDP per capita си ($11,464), 2019 йил учун ($11,673) дан камроқ. Сабабини, мен билмайман.

Ўзбекистоннинг иқтисодий кўрсаткичлари дунёнинг ўртача иқтисодий кўрсаткичларидан 2 баравар кам бўлса, Ўзбекистоннинг иқтисодини қолоқ дейишимиз мумкин. Бироқ, Ўзбекистоннинг АЖБ ЯИМси дунёнинг ўртача АЖБ ЯИМсидан 6 баравардан кўпроқ кам бўлгани учун, ўта қолоқ дейишга ҳақлимиз.

2018-йилнинг декабрида Халқаро рейтинг агентликлари Fitch ва Standard & Poor’sлар Ўзбекистоннинг АЖБ ЯИМси $1,200га тенглигини аниқлашган эди. Ислом Каримов давридаги статистик маълумотлар бўйича $2,200, Шавкат Мирзиёев давридаги статистик маълумотлари бўйича $1,560 эди. Яъни, Ислом Каримов даврида статистик маълумотлар атайлаб бўрттириб, яхшилаб кўрсатилган. Аслида, бу кўрсаткич бўйича олганда Ўзбекистоннинг иқтисодий аҳволи янада аянчлилиги аёнлашади. [7].

Абдужалил Бойматов

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти вице президенти.

30июль, 2020-йил.

Дублин, Ирландия.

Фойдаланилган адабиётлар:

1. Мирзиёев: Эҳтиёжманд оилаларни таъминлаш тизими “соат”дай аниқ ишлаши лозим. 29.07.2020. ( https://www.ozodlik.org/a/30754450.html ).

2. Index of economic freedom. 2020.

(https://www.heritage.org/index/ranking?version=555).

3. Global freedom scores. 2020. (https://freedomhouse.org/countries/freedom-world/scores ).

4. Transparency International. 2019 Corruption Perceptions Index. 23.01.2020. (https://www.transparency.org/files/content/pages/2019_CPI_Report_EN.pdf ).

5. International Monetary Fund. 2020. GDP per capita Nominal ($).

( http://statisticstimes.com/economy/countries-by-projected-gdp-capita.php ).

6. International Monetary Fund. 2020. GDP (Nominal) per capita Ranking.

( http://statisticstimes.com/economy/projected-world-gdp-capita-ranking.php ).

7. Fitch Assigns Uzbekistan ‘BB-‘ IDRs; Outlook Stable

20 Dec 2018. ( https://www.fitchratings.com/site/pr/10057197 ).

8. Statistics Times.GDP Indicators 2019

( http://statisticstimes.com/economy/gdp-indicators-2019.php ).