Jul 162020
 

Президент Шавкат Мирзиёев бошқаруви 4-йилининг июль ойига келиб конституция ва қонунларга амал қилмаслик қўпол ва очиқдан очиқ намойишкорона кўрина бошлади. Июль ойигача ҳам конституция ва қонунлар ишламасди, лекин бунчалик қўпол ва намойишкорона эмасди.

Озодликдан иқтибос: [1]. «Коронавирус тарқалаётган бир пайтда Косонда қарийб 150 тиббиёт ходими мажбурий таътилга чиқарилди

июль 14, 2020

Садриддин Ашур/Озодлик

Қашқадарё вилоят, Косон туман Тиббиёт бирлашмасига қарашли марказий касалхона, туғруқхона ва поликлиниканинг қарийб 150 нафар шифокор ва ҳамшираси муддати кўрсатилмаган мажбурий таътилга чиқарилди.

Озодлик суҳбатлашган ходимларнинг айтишларича, улардан иш ҳақи тўланмайдиган таътилига чиқиш ҳақида ариза ҳам олинмаган, улар таътилга оғзаки буйруқ билан чиқарилган.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси юристи тиббиёт ходимларининг ўз ҳисобидан таътилга чиқиш ҳолатлари борлигини тан олар экан, бу ихтиёрий тарзда амалга оширилаётганини билдирди.

Косон туман марказий касалхонасида ишлайдиган, тазйиқ бўлишидан чўчиб исми сир қолишини сўраган врачлардан бирининг айтишича, бирлашма кадрлар бўлими бошлиғи Лайло Ярованинг оғзаки топшириғи билан пандемия даврида жуда кўп врачу ҳамширалар ишсиз қолган:

Март ойида ўзи бир ойлик мажбурий таътилга чиқарилган эдик. 10 июлдан бошлаб ҳеч қандай буйруқсиз, ҳеч қандай ҳужжатсиз оғзаки равишда иш ҳақи сақланмаган ҳолда ўз ҳисобимиздан таътилга чиқариб юборди. Ҳамма ҳайрон. Нима, тиббиёт халққа керак бўлмай қолдими? Касалхонада ҳам, поликлиникада ҳам эшикларнинг тагига касаллар тўпланиб қоляпти. Эшикни тагига тўртта ходимни бир стол билан тираб қўйган, улар “кирманглар, кирманглар, духтур йўқ, илтимос” деб қайтариб юборишяпти. Давленияси бори ҳам, юраги оғриган ҳам, боласининг қўлини гипс қилганлар ҳам қайтиб кетаётганини бугун эрталаб поликлиникада ўз кўзим билан кўрдим. Уларнинг орасида менинг касалларим ҳам бор эди”.

Косон тиббиёт бирлашмасига қарашли туғруқхонанинг ҳам 35 нафар врач, ҳамшира ва санитаркалари 15 июльдан ўз ҳисобидан меҳнат таътилига чиқарилганини, ҳамширалардан бири Озодликка айтди:

“Бош врачимиз Наргиза Бегимова кеча ҳаммани йиғиб, эртадан ишга чиқманглар, ўз ҳисобларингдан бепул отпуска деди. Сабабини сўрасак, молиявий қийинчилик, деди. Ахир давлат ойлигимизни белгилаб қўйганку, деб айтсак, мен билмайман, шунақа топшириқ бўлган, дейди. Хуллас, бугундан ишга чиқмадик. Ундан аввал эса яна 35 киши ана шундай мажбурий таътилга чиқарилган эди. Бугун эрталаб яна таваккал ишхонага борсак, навбатчи врач ҳаммаларинг кетинглар деб ҳайдади”.

Ҳамширанинг айтишича, туғруқхонада саноқли врач ва ҳамширалар қолган:

“Бугун, 15 июль ҳолатига кўра, мени кўрганим. Родзалда иккита навбатчи врач, иккита медсестра ва иккита санитарка навбат билан ишлаяпти. Реанимацияда ҳам битта врач, медсестра ва санитарка. Агар операция бўлса, бир кун сақлаб, иккинчи кун уйига жавоб беряпти”.

Марказий касалхонанинг исми сир қолишини сўраган яна бир шифокорининг айтишича, врачлар ўз ҳисобидан таътилга чиқарилганидан сўнг, касалхона ҳам касалларни қабул қилмаяпти:

“Бош врачимиз умуман қабул қилманглар, келганини Қаршига жўнатиб юборинглар, деяпти. Ваҳоланки, касалхона врачи Озода Худойназарова коронавирусдан ўлди, деб хулоса беришганидан сўнг, касалхона ўн кунлик карантинга олинган, биз ҳаммамиз ўн кун ичкарида қолиб кетган ва тест топширган эдик. Лекин ҳеч кимда Ковид-19 аниқланмади, касалхона яна ишини бошлаган эди. Бироқ, врачларни ўз ҳисобидан таътилга чиқариш яна давом этди”.

Врачнинг айтишича, ўз ҳисобидан мажбурий таътилга чиқарилганлар ҳеч қандай ариза ёзмаган ва ҳеч қандай буйруқни кўрмаган».

Иқтибос тугади.[1].

1. Косонлик врачлар оёқ ости қилинаётган ўз ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишлари учун юристга, касаба уюшмасининг юристи бўлса янада яхши бўлади,мурожаат қилишлари лозим эди. Инсон ҳуқуқи ҳимоячиларидан маслаҳат сўрасалар ҳам жуда фойдали бўларди.

Туман прокурорига шикоят ёзиларди.

Керакли ҳужжатларни тўплаб туман судига тақдим қилинарди.

Икки инстанцияни ўтиб БМТга шикоят ёзиларди.

Афсуски, Ўзбекистоннинг кўп туманларида инсон ҳуқуқи ҳимоячилари йўқ.

Ўзбекистонда мустақил суд тизими йўқ.

2. Ўзбекистонда сиёсий рақобат йўқ. Сиёсий мухолифат йўқ. Бўлганида бўлажак сайловларда мухолиф партияларга овоз бериларди.

Ўзбекистонда эркин оммавий ахборот воситалари бўлганида врачларнинг оёқ ости қилинган ҳуқуқлари ва эркинликлари бу оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиларди.

Афсуски, Ўзбекистонда сўз эркинлиги йўқ. Оммавий ахборот воситалари эркин эмас.

Адабиёт” газетасининг бош муҳаррири, “Ҳақиқат ва Тараққиёт” социаль демократик партия тузишнинг ташаббускорларидан бири Бахтиёр Карим 6-июндан (24+16=40 кундан бери) бери коронавирус, карантин баҳонасида соппа соғ инсон мажбуран “даволантирилябди”. Бахтиёр Карим жазоловчи тиббиёт қурбони бўлмоқда.

3. Афсуски, Ўзбекистон ватандошларининг мутлақо аксарияти Жин Шарпнинг (Gene Sharp) 198та нозўравон кураш усулларини билишмайди.

4. Шавкат Мирзиёевнинг 4-йил бошқарувида мамлакатда сиёсий рақобат йўқ. Сиёсий мухолифатга йўл йўқ.

Мустақил суд тизими йўқ. Мустақил парламент йўқ. Сўз эркинлиги йўқ. Интернет эркин эмас, тезлиги паст, қиммат.

5.Ўзбекистонда иқтисодий эркинлик йўқ, сиёсий эркинлик йўқ. Ўрта синф шаклланиши учун шароит яратилмаган. Фуқаровий жамият шаклланиши учун шароит яратилмаган.

6. Ҳақиқатда, ҳозирги Шавкат Мирзиёев президентлиги даврида ҳам мамлакат инвестиция жозибардорлиги жуда паст, чунки коррупция кўрсаткичи жуда паст.

Коррупцияга қарши курашда қуйидагилар ҳисобга олинмаябди.

7. Коррупцияга қарши курашда қуйидаги 2 ҳолатни ҳисобга олиш керак:

Мамлакатда давлат мулки эмас, хусусий мулк кўпроқ, устун бўлиши керак.

Лекин, Ўзбекистонда давлат мулки ҳукмрон. Давлат мулки ҳукмрон бўлган жамиятда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳурмат қилинмайди.

Коррупцияга қарши курашнинг энг самарали йўли эркин, демократик сайловлардир.

8. Мамлакатда диктатор Ислом Каримов давридагидай сўз эркинлигига, оммавий ахборот воситалари эркинлигига, эркин интернетга, мухолифатга йўл йўқ.

Бақувват ўрта синф, кучли фуқаровий жамият шаклланиши учун, иқтисодий эркинлик, сиёсий эркинлик йўқ.

Бундай шароитда мамлакатда эркин, демократик сайловлар мутлақо ўтказиб бўлмайди.

9. Яна таъкидлаб ўтишни лозим топдим, Ўзбекистонда давлат мулкчилиги, монополиялар ҳукмрон. Коррупция гуллаб яшнаябди. Иқтисодий эркинлик кўрсаткичи, сиёсий эркинлик кўрсаткичи, коррупция кўрсаткичи жуда паст ва бунинг оқибатида Ўзбекистон иқтисоди ўта қолоқ.

Зеро, Ўзбекистон иқтисодий эркинлик кўрсаткичи бўйича 57,2 билан Украина (54,9), Тожикистон (52,2), Туркманистондан (46,5) олдинда. Бироқ, Сингапур (89,4), Эстония (77,7), Қозоғистон (69,6), Қирғизистон (62,9) Россиядан(61,0) анча орқада.

Ўзбекистоннинг иқтисодий эркинлик кўрсаткичи 2020 йилда 57,2 балл билан 2019 йилдаги 53,3 баллга нисбатан 3,9 баллга ўсган. Бу ўсиш сармоявий эркинлик бўйича 20 балл (2019-йилда 10 балл), молиявий эркинлик бўйича 20 балл (2019-йилда 10 балл) ва мулк дахлсизлиги бўйича 59,1 баллга (2019-йилда 49,8 балл) тенг.

Ўзбекистон 2020-йилда иқтисодий эркинлик кўрсаткичи бўйича 57,2 балл ва 2019 йилга нисбатан 3,9 баллга ошганига қарамасдан дунёнинг ўртача иқтисодий эркинлик кўрсаткичидан, 61,6 баллдан анча орқада.

Келажакда бу кўрсаткич янада кўтарилади деган умид бор.[2].

Ўзбекистон сиёсий эркинлик кўрсаткичи 10 балл билан, Тожикистон 9 балл, Туркманистон 2 балл каби пост совет мамлакатларидан олдинда. [3].

Яна, Ўзбекистон 10, Марказий Африка Республикаси 10 ва ва Судан 12 балл билан ёмонларнинг ёмони давлатлари қаторини тарк этди.

Ёмонларнинг ёмони давлатлари 10та: Сурия 0, Эритрия 2, Жанубий Судан 2, Туркманистон 2, Шимолий Кореа 3, Экваториал Гвинея 6, Саудия Арабистони 7, Сомали 7, Ливия 9, Тожикистон 9.

Афсуски, Ўзбекистон сиёсий эркинлик кўрсаткичи 10 балл билан пост совет мамлакатлари Эстония 94, Литва 91, Латвия 89, Украина 62, Грузия 61 ва Молдавия 60 каби мамлакатлардай нисбатан эркин ва демократик сайловлар ўтказиш даражасидан жуда узоқда. [3].

Transparency International ташкилотининг 2020 йилги ҳисоботидан кўриниб турибдики, Ўзбекистон 25 балл билан дунёнинг 180 мамлакати қаторида 153-ўринни эгаллаб турибди, 87 балл билан 1-ўринни эгаллаган Даниядан, 74 балл билан 18-ўринни Эстониядан қарийб 50 баллча орқада ва 19 балл билан 165-ўринни эгаллаган Туркманистондан 6 балл олдинда. Яъни, Ўзбекистоннинг коррупция кўрсаткичи пост совет мамлакатлари орасида энг охирги ўринларда, фақат Туркманистондан олдинда. Ўзбекистон коррупция кўрсаткичи бўйича дунёнинг 4-элликталик мамлакатлари қаторида. [4].

Ўзбекистон коррупция кўрсаткичи 25 балл билан 180 мамлакат қаторида 153 ўринни эгаллади. 2018 йилги коррупция кўрсаткичи 23 балл билан 158 ўринни эгаллаган эди.

Ўзбекистон коррупция кўрсаткичи 25 балл билан ўта иқтисодий қолоқликдан чиқа оладими? Дунё бўйича ўртача коррупция кўрсаткичи 43 баллга тенг.

Ўзбекистоннинг коррупция кўрсаткичи дунёнинг ўртача коррупция кўрсаткичидан юқори бўлса, ўта иқтисодий қолоқликдан нисбатан осонроқ чиқиб кетиши мумкин. Бунинг учун Шавкат Мирзиёев мамлакат коррупция кўрсаткичини камида 50 баллга кўтаришга ҳаракат қилиши керак. Афсуски, Шавкат Мирзиёевда бундай интилиш йўқ. [4].

Ўзбекистоннинг АЖБ ЯИМ ($1,832) дунёнинг ўртача АЖБ ЯИМдан ($11,464) қарийб 6 баравардан кўпроқ кам (6,3). [5,6].

Ўзбекистоннинг АЖБ ЯИМ 2019 йил учун эса ($1,560) дунёнинг ўртача АЖБ ЯИМ сидан ($11,673) қарийб 7 баравардан кўпроқ кам бўлган(7,48). [8].

Негадир, Дунёнинг 2020 йил учун АЖБ ЯИМ, яъни GDP per capita си ($11,464), 2019 йил учун ($11,673) дан камроқ. Сабабини, мен билмайман.

Ўзбекистоннинг иқтисодий кўрсаткичлари дунёнинг ўртача иқтисодий кўрсаткичларидан 2 баравар кам бўлса, Ўзбекистоннинг иқтисодини қолоқ дейишимиз мумкин. Бироқ, Ўзбекистоннинг АЖБ ЯИМси дунёнинг ўртача АЖБ ЯИМсидан 6 баравардан кўпроқ кам бўлгани учун, ўта қолоқ дейишга ҳақлимиз.

2018-йилнинг декабрида Халқаро рейтинг агентликлари Fitch ва Standard & Poor’sлар Ўзбекистоннинг АЖБ ЯИМси $1,200га тенглигини аниқлашган эди. Ислом Каримов давридаги статистик маълумотлар бўйича $2,200, Шавкат Мирзиёев давридаги статистик маълумотлари бўйича $1,560 эди. Яъни, Ислом Каримов даврида статистик маълумотлар атайлаб бўрттириб, яхшилаб кўрсатилган. Аслида, бу кўрсаткич бўйича олганда Ўзбекистоннинг иқтисодий аҳволи янада аянчлилиги аёнлашади. [7].

Абдужалил Бойматов

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти вице президенти.

16-июль, 2020-йил.

Дублин, Ирландия.

Фойдаланилган адабиётлар:

1. Коронавирус тарқалаётган бир пайтда Косонда қарийб 150 тиббиёт ходими мажбурий таътилга чиқарилди. 14.07.2020. (https://www.ozodlik.org/a/30725864.html ).

2. Index of economic freedom. 2020.

(https://www.heritage.org/index/ranking?version=555).

3. Global freedom scores. 2020. (https://freedomhouse.org/countries/freedom-world/scores ).

4. Transparency International. 2019 Corruption Perceptions Index. 23.01.2020. (https://www.transparency.org/files/content/pages/2019_CPI_Report_EN.pdf ).

5. International Monetary Fund. 2020. GDP per capita Nominal ($).

( http://statisticstimes.com/economy/countries-by-projected-gdp-capita.php ).

6. International Monetary Fund. 2020. GDP (Nominal) per capita Ranking.

( http://statisticstimes.com/economy/projected-world-gdp-capita-ranking.php ).

7. Fitch Assigns Uzbekistan ‘BB-‘ IDRs; Outlook Stable

20 Dec 2018. ( https://www.fitchratings.com/site/pr/10057197 ).

8. Statistics Times.GDP Indicators 2019

( http://statisticstimes.com/economy/gdp-indicators-2019.php ).