Jul 022020
 

Президент Шавкат Мирзиёев президентлиги даврида фермерларлар кластерларга қарам, тобе қилиб қўйилганлиги кўпчиликка маълум.

Фермерлар, айниқса ғаллакор фермерлар кластерларнинг “ғамхўрлигини” ўз бошларида синаб кўрмоқдалар. Лекин, шу кунларгача кластерларнинг муассислари ким, уларнинг идораси қаерда жойлашганлиги, юридик адреси номаълум бўлиб келаётган эди.

Британиялик криминология профессори,олим, тадқиқодчи Кристиан Ласслетт бу номаълумликларга анча очиқлик киритди. [1].

Озодликдан иқтибос: «Бевосита президент Мирзиëев топшириғини бажарадиган UZTEX Group халқаро суриштирув марказида.

июль 01, 2020

Озодлик

Шавкат Мирзиëев ҳокимиятга келганидан сўнг¸ мажбурий меҳнат устига қурилган ўзбек пахта саноатини Ғарб ширкатлари бойкотидан чиқариш мақсадида¸ пахтачиликда “катта ислоҳотлар” бошланганини эълон қилди.

Бу иддао доирасида мамлакат қишлоқ хўжалиги¸ хусусан¸ унинг ўзагини ташкил қилувчи пахтачиликда хусусий кластер тизими жорий этилди.

Чигит қадалишидан унинг тайëр маҳсулотга айланиб экспорт қилинишигача битта самарали иқтисодий занжирга айланиши айтилган кластер тизимини жорий этиш учун Ўзбекистон ҳукумати халқаро молия тизимларидан юзлаб миллион доллар қарз олди. Давлат кафолати билан олинган бу пуллар кластер компанияларига улкан имтиëзлар билан тақдим этилди.

Британиялик криминология профессори Кристиан Ласслет кейинги бир йил давомида ўтказган тадқиқот Ўзбекистондаги энг йирик кластер гуруҳи мисолида бу пулларнинг нимага¸ қандай ва қайси схемалар асосида сарфланаëтганига бағишланди.

1 июль куни Озодлик билан суҳбатда Ласслетт тадқиқоти давомида аниқланган “ниҳоятда хавотирли” маълумотлар ҳақида гапирди.

90 фоиз кластерга оид муҳим маълумот жамоатчиликдан бекитилмоқда!

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари форуми билан ҳамкорликда ҳозирланган 70 саҳифалик тадқиқотнинг асосий хулосаси ҳақидаги саволга жавоб берган Британиядаги Ulster университетининг криминология профессори Кристиан Ласслетт, кластерларга оид маълумотнинг шаффоф эмаслигини тилга олди.

– Тадқиқот давомида Ўзбекистондаги кластерлар фаолияти¸ бошқаруви ва мулкдорларига оид шаффофликнинг деярли йўқлигини аниқладик. Биз кластерларга¸ шартли равишда уч хил рангдаги байроқ бериб чиқдик. Яшил – фаолияти очиқ ва шаффоф ¸ зарғалдоқ -жамоатчилик учун очиқ манбаларда бирор маълумот йўқ¸ қизил эса бошқарув фаолияти нафақат ахлоқ¸ балки пул ювиш бўйича гумонларга элтувчи жиҳатлар туфайли ҳам ëмон деб топилган кластерларга берилди. Ҳайратланарли жиҳати¸ Ўзбекистонда кейинги уч йил ичида ташкил этилган кластерларнинг 49 фоизи зарғалдоқ¸ 41 фоизи эса¸қип-қизил бўлиб чиқди. 90 фоиз кластерга оид маълумот ëки умуман йўқ¸ ëки борлари ниҳоятда шубҳалидир.

Профессор Ласслетт¸ Ўзбекистондаги кластер компанияларининг нафақат маҳаллий¸ балки халқаро майдонда ҳам хавотир уйғотувчи фаолиятини ўрганиш давомида¸ “қизил байроқ” олган ширкатлардан бирини ўз тадқиқоти марказига қўйган.

Бу эсаUZTEX Group¸ ëки Uztex компаниялар гуруҳидир. Ўзини “МДҲ тўқимачилик маҳсулотларининг энг йирик экспортчиси” (бу ғализ ибора гуруҳ расмий сайтидан олинди – таҳр.) деб тақдим этувчи бу компания UZTEX TASHKENT, SHOVOT TEKSTIL, UZTEX SHOVOT, UZTEX UCHKURGAN, UCHKURGAN TEXTILE каби заводлар эгасидир.

Профессор Ласслеттнинг айтишича¸ 90-йилларда ота-ўғил Фахриддин ва Фарҳод Мамажоновлар томонидан ташкил этилган UZTEX Group¸ Мирзиëев ҳукумати пахта секторида бошлаган хусусийлаштириш жараëнининг “юзи”га айланган.

Шавкат Мирзиëевнинг 2018 йил 29 ноябрь куни мазкур гуруҳга қарашли Шовотдаги фабрикасига боргани ҳақида хабар берган президент матбуот хизмати “давлатимиз раҳбари икки йил муқаддам Uztex компаниялар гуруҳига Шовот туманида юқори технологик имкониятларга эга мазкур корхонани ташкил этиш ва маҳаллий аҳолини иш билан таъминлаш юзасидан топшириқлар берган эди”¸ деб ëзган эди.

Расмий хабарда тўғридан-тўғри президент берган топшириқни ижро қилиб келаëтгани айтилган UZTEX Group, Ўзбекистондаги энг йирик кластерлар эгаси ҳамдир. Маҳаллий матбуот хабарларига кўра¸ Наманган вилоятининг Учқўрғон¸ Хоразмнинг Шовот туманларида UZTEX Group учун 20 минг гектар пахта ери берилган ва унга 800 дан ошиқ фермер хўжалиги бириктирилган.

Мамажоновнинг ўтмиши – Каримова билан бизнес Швейцария прокурорлари эътиборида

Профессор Кристиан Ласслетт тадқиқоти ҳақида 1 июль куни мақола эълон қилган Швейцариянинг Tages-Anzeiger нашри UZTEX Group мулкдори Фарҳод Мамажонов¸ хусусан унинг Rieter компанияси билан ҳамкорлиги кўпдан Швейцария прокуратураси назарида эканига алоҳида урғу берди.

Мамажонов эса¸ Швейцарияда катта миқдорда пул ювишда айбланаëтган Гулнора Каримова иши доирасида¸ унинг яқин ҳамкорларидан бири сифатида¸ прокурорлар эътиборига тушган.

Мамажоновлар¸ 2007 йилда ташкил этилган Инфинбанк¸ тўлиқ номи «Invest Finance Bank» бўлган хусусий банк мулкдори ҳамдир.

Мамажоновлар банкининг Гулнора Каримова билан яқин ҳамкорликда ишлагани уларни пул ювиш амалиëтларини тергов қилаëтган Швейцария прокуратураси “радари”га тушишига сабаб бўлган омиллардан биридир.

Швейцария нашрининг ëзишича¸ Rieter ширкати 2016 йили прокуратуранинг бу ҳамкорликка оид саволларига жавоб бергани ва барча ҳужжатларни тақдим қилганини билдирган.

Профессор Ласслеттнинг янги тадқиқоти Rieterдагиларни қаттиқ асабийлаштирмоқда”¸ деб ëзди Tages-Anzeiger 1 июль куни.

Бу тадқиқот Ўзбекистонда юзлаб миллион долларлик ҳукумат кредитининг кимларга¸ қайси шартлар асосида берилишини ўрганиши лозим бўлган тизимлар эътиборига тушадими¸ йўқми¸ буниси ҳозирча қоронғу.

Озодлик билан суҳбат сўнгида профессор Кристиан Ласслетт¸ хориж инвесторларини жалб қилишни ўз устувор мақсади деб эълон қилган Мирзиëев ҳукуматининг манфаатлар тўқнашуви¸ халқаро пул ювиш амалиëтлари¸ молиявий фирибгарликлар бўйича жиддий саволларни кўтарган суриштирувларни эътиборсиз қолдираëтгани бу ҳукумат имижига салбий таъсир кўрсатмай қолмаслигини таъкидлади.

Профессор Ласслетт ҳозирга қадар Тошкент ҳокими ва мамлакатдаги энг йирик бизнес империяси эгаси Жаҳонгир Ортиқхўжаев фаолияти мисолида Ўзбекистонда манфаатлар тўқнашуви “янги норма”га айланиб бораëтгани ҳақидаги тадқиқотларини эълон қилган.

Тошкент ҳукумати ҳозирга қадар бу тадқиқотларда кўтарилган “қизил байроқлар” – ниҳоятда хавотирли саволларга бирор шаклда муносабат билдирган эмас». Иқтибос тугади. [1].

1. Шу пайтгача кластерларнинг муассислари ким, уларнинг идораси қаерда жойлашган, юридик адреси қаердалиги номаълум бўлиб келаётган еди. Кристиан Ласслеттнинг ва Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича форумнинг халқаро суриштирувлари бу саволга анча аниқлик киритади.

2. Президент Шавкат Мирзиёевнинг Гулнора Каримова устидан бўлиб ўтган судларнинг нега очиқ эмас, мустақил журналистлар, блогерлар, жамоатчилик фаолларини судга киритмасдан, ёпиқ ўтказганлигига жавоб топамиз.

3. Ўзбекистонда соғлом рақобат эмас, давлат мулки ва монополияларнинг ҳукмронлиги яна бир бор ўз тасдиғини топди.

4. Шавкат Мирзиёевнинг 4-йил бошқарувида мамлакатда сиёсий рақобат йўқ. Сиёсий мухолифатга йўл йўқ.

Мустақил суд тизими йўқ. Мустақил парламент йўқ. Сўз эркинлиги йўқ. Интернет эркин эмас, тезлиги паст, қиммат.

5.Ўзбекистонда иқтисодий эркинлик йўқ, сиёсий эркинлик йўқ. Ўрта синф шаклланиши учун шароит яратилмаган. Фуқаровий жамият шаклланиши учун шароит яратилмаган.

6. Ҳақиқатда, ҳозирги Шавкат Мирзиёев президентлиги даврида ҳам мамлакат инвестиция жозибардорлиги жуда паст, чунки коррупция кўрсаткичи жуда паст.

Коррупцияга қарши курашда қуйидагилар ҳисобга олинмаябди.

7. Коррупцияга қарши курашда қуйидаги 2 ҳолатни ҳисобга олиш керак:

Мамлакатда давлат мулки эмас, хусусий мулк кўпроқ, устун бўлиши керак.

Лекин, Ўзбекистонда давлат мулки ҳукмрон. Давлат мулки ҳукмрон бўлган жамиятда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳурмат қилинмайди.

Коррупцияга қарши курашнинг энг самарали йўли эркин, демократик сайловлардир.

8. Мамлакатда диктатор Ислом Каримов давридагидай сўз эркинлигига, оммавий ахборот воситалари эркинлигига, эркин интернетга, мухолифатга йўл йўқ.

Бақувват ўрта синф, кучли фуқаровий жамият шаклланиши учун, иқтисодий эркинлик, сиёсий эркинлик йўқ.

Бундай шароитда мамлакатда эркин, демократик сайловлар мутлақо ўтказиб бўлмайди.

9. Яна таъкидлаб ўтишни лозим топдим, Ўзбекистонда давлат мулкчилиги, монополиялар ҳукмрон. Коррупция гуллаб яшнаябди. Иқтисодий эркинлик кўрсаткичи, сиёсий эркинлик кўрсаткичи, коррупция кўрсаткичи жуда паст ва бунинг оқибатида Ўзбекистон иқтисоди ўта қолоқ.

Зеро, Ўзбекистон иқтисодий эркинлик кўрсаткичи бўйича 57,2 билан Украина (54,9), Тожикистон (52,2), Туркманистондан (46,5) олдинда. Бироқ, Сингапур (89,4), Эстония (77,7), Қозоғистон (69,6), Қирғизистон (62,9) Россиядан(61,0) анча орқада.

Ўзбекистоннинг иқтисодий эркинлик кўрсаткичи 2020 йилда 57,2 балл билан 2019 йилдаги 53,3 баллга нисбатан 3,9 баллга ўсган. Бу ўсиш сармоявий эркинлик бўйича 20 балл (2019-йилда 10 балл), молиявий эркинлик бўйича 20 балл (2019-йилда 10 балл) ва мулк дахлсизлиги бўйича 59,1 баллга (2019-йилда 49,8 балл) тенг.

Ўзбекистон 2020-йилда иқтисодий эркинлик кўрсаткичи бўйича 57,2 балл ва 2019 йилга нисбатан 3,9 баллга ошганига қарамасдан дунёнинг ўртача иқтисодий эркинлик кўрсаткичидан, 61,6 баллдан анча орқада.

Келажакда бу кўрсаткич янада кўтарилади деган умид бор.[2].

Ўзбекистон сиёсий эркинлик кўрсаткичи 10 балл билан, Тожикистон 9 балл, Туркманистон 2 балл каби пост совет мамлакатларидан олдинда. [3].

Яна, Ўзбекистон 10, Марказий Африка Республикаси 10 ва ва Судан 12 балл билан ёмонларнинг ёмони давлатлари қаторини тарк этди.

Ёмонларнинг ёмони давлатлари 10та: Сурия 0, Эритрия 2, Жанубий Судан 2, Туркманистон 2, Шимолий Кореа 3, Экваториал Гвинея 6, Саудия Арабистони 7, Сомали 7, Ливия 9, Тожикистон 9.

Афсуски, Ўзбекистон сиёсий эркинлик кўрсаткичи 10 балл билан пост совет мамлакатлари Эстония 94, Литва 91, Латвия 89, Украина 62, Грузия 61 ва Молдавия 60 каби мамлакатлардай нисбатан эркин ва демократик сайловлар ўтказиш даражасидан жуда узоқда. [3].

Transparency International ташкилотининг 2020 йилги ҳисоботидан кўриниб турибдики, Ўзбекистон 25 балл билан дунёнинг 180 мамлакати қаторида 153-ўринни эгаллаб турибди, 87 балл билан 1-ўринни эгаллаган Даниядан, 74 балл билан 18-ўринни Эстониядан қарийб 50 баллча орқада ва 19 балл билан 165-ўринни эгаллаган Туркманистондан 6 балл олдинда. Яъни, Ўзбекистоннинг коррупция кўрсаткичи пост совет мамлакатлари орасида энг охирги ўринларда, фақат Туркманистондан олдинда. Ўзбекистон коррупция кўрсаткичи бўйича дунёнинг 4-элликталик мамлакатлари қаторида. [4].

Ўзбекистон коррупция кўрсаткичи 25 балл билан 180 мамлакат қаторида 153 ўринни эгаллади. 2018 йилги коррупция кўрсаткичи 23 балл билан 158 ўринни эгаллаган эди.

Ўзбекистон коррупция кўрсаткичи 25 балл билан ўта иқтисодий қолоқликдан чиқа оладими? Дунё бўйича ўртача коррупция кўрсаткичи 43 баллга тенг.

Ўзбекистоннинг коррупция кўрсаткичи дунёнинг ўртача коррупция кўрсаткичидан юқори бўлса, ўта иқтисодий қолоқликдан нисбатан осонроқ чиқиб кетиши мумкин. Бунинг учун Шавкат Мирзиёев мамлакат коррупция кўрсаткичини камида 50 баллга кўтаришга ҳаракат қилиши керак. Афсуски, Шавкат Мирзиёевда бундай интилиш йўқ. [4].

Ўзбекистоннинг АЖБ ЯИМ ($1,832) дунёнинг ўртача АЖБ ЯИМдан ($11,464) қарийб 6 баравардан кўпроқ кам (6,3). [5,6].

Ўзбекистоннинг АЖБ ЯИМ 2019 йил учун эса ($1,560) дунёнинг ўртача АЖБ ЯИМ сидан ($11,673) қарийб 7 баравардан кўпроқ кам бўлган(7,48). [8].

Негадир, Дунёнинг 2020 йил учун АЖБ ЯИМ, яъни GDP per capita си ($11,464), 2019 йил учун ($11,673) дан камроқ. Сабабини, мен билмайман.

Ўзбекистоннинг иқтисодий кўрсаткичлари дунёнинг ўртача иқтисодий кўрсаткичларидан 2 баравар кам бўлса, Ўзбекистоннинг иқтисодини қолоқ дейишимиз мумкин. Бироқ, Ўзбекистоннинг АЖБ ЯИМси дунёнинг ўртача АЖБ ЯИМсидан 6 баравардан кўпроқ кам бўлгани учун, ўта қолоқ дейишга ҳақлимиз.

2018-йилнинг декабрида Халқаро рейтинг агентликлари Fitch ва Standard & Poor’sлар Ўзбекистоннинг АЖБ ЯИМси $1,200га тенглигини аниқлашган эди. Ислом Каримов давридаги статистик маълумотлар бўйича $2,200, Шавкат Мирзиёев давридаги статистик маълумотлари бўйича $1,560 эди. Яъни, Ислом Каримов даврида статистик маълумотлар атайлаб бўрттириб, яхшилаб кўрсатилган. Аслида, бу кўрсаткич бўйича олганда Ўзбекистоннинг иқтисодий аҳволи янада аянчлилиги аёнлашади. [7].

Абдужалил Бойматов

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти вице президенти.

2июль, 2020-йил.

Дублин, Ирландия.

Фойдаланилган адабиётлар:

1. Бевосита президент Мирзиëев топшириғини бажарадиган UZTEX Group халқаро суриштирув марказида. 01.07.2020. (https://www.ozodlik.org/a/30700829.html ).

2. Index of economic freedom. 2020.

(https://www.heritage.org/index/ranking?version=555).

3. Global freedom scores. 2020. (https://freedomhouse.org/countries/freedom-world/scores ).

4. Transparency International. 2019 Corruption Perceptions Index. 23.01.2020. (https://www.transparency.org/files/content/pages/2019_CPI_Report_EN.pdf ).

5. International Monetary Fund. 2020. GDP per capita Nominal ($).

( http://statisticstimes.com/economy/countries-by-projected-gdp-capita.php ).

6. International Monetary Fund. 2020. GDP (Nominal) per capita Ranking.

( http://statisticstimes.com/economy/projected-world-gdp-capita-ranking.php ).

7. Fitch Assigns Uzbekistan ‘BB-‘ IDRs; Outlook Stable

20 Dec 2018. ( https://www.fitchratings.com/site/pr/10057197 ).

8. Statistics Times.GDP Indicators 2019

( http://statisticstimes.com/economy/gdp-indicators-2019.php ).