Feb 142020
 

Ўзбекистон мустақиллигининг қарийб 30 йиллиги давомида мен учун энг кутилмаган найранг бўлиб ўтди. [1].

Озодликдан иқтибос:”Туман ҳокими ўринбосарига тенглаштирилган матбуот котиблари ойликсиз ишламоқда

феврал 07, 2020

Шуҳрат Бобожон/Озодлик

Республикадаги айрим туман ва шаҳар ҳокимликлари ҳамда қатор ташкилотлар матбуот котиблари ишга тайинланган кундан бери расман маош олмаяпти.

Ўзбекистон президентининг 2019 йил, 27 июндаги қарори билан туман (шаҳар) ҳоким ўринбосари мақоми берилган матбуот котиблари ишга кирган вақтига қараб, баъзилари 3-4, бошқалари 6-7 ойдан бери иш ҳақисиз ишлаяпти.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги мулозими бу ҳолатни тан олди ва ахборот хизматлари раҳбарларига ҳақ тўлаш вилоятлар молия бошқармалари даражасида ҳал қилиниши режалаштирилганини айтди.

Республиканинг тўрт туман ҳокимликларининг Озодлик гаплашган матбуот котиблари “ишга тайинланганидан бери умуман ойлик олмаëтганини” айтишди.

Икки матбуот котиби эса, матбуотга алоқаси бўлмаган техник штат ҳисобидан ойлик олаëтганини айтди.

Ўзбекистон президентининг 2019 йил 27 июндаги ПҚ-4366 сонли қарори асосида “давлат органи ахборот хизмати раҳбари” деган лавозим таъсис қилиниб, унинг мақоми “раҳбар ўринбосарига” тенглаштирилган эди.

Қарор давлат ташкилотлари¸ туман ва шаҳар ҳокимликларида штат бирликларини таъсис қилиш¸ котибларни техник ëрдамчи¸ хизмат автомобили ва ҳайдовчи билан таъминлашни назарда тутади.

Ўзбекистон президенти имзолаган қарорда бу мақсадларни молиялаш учун Молия вазирлиги зиммасига бу мақсадлар учун 20 миллиард сўм ажратиш юкланган.

Бу қарор ортидан мамлакатдаги 150 дан зиëд туман ва 10 дан ортиқ шаҳар ҳокимликларида ҳамда ташкилотларда Ахборот хизмати раҳбари сифатида юзлаб киши вазифага тайинланган. Аммо Озодлик суҳбатлашган тўрт нафар матбуот котибининг айтишича, тайинланганларнинг лавозими ташкилот штат жадвалида расман қайд қилинмаган ва бинобарин уларга маош тўланмаган. Суҳбатдошлар бу масаланинг “ижобий ечимидан” умидвор бўлиб келишган.

Жорий йилнинг 29 январида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори вазифасини бажарувчи Комил Алламжонов ва директор ўринбосари Саида Мирзиёева ўз аризасига биноан эгаллаб турган лавозимларидан озод қилинди. Бу эса ўз навбатида ойликсиз ишлаëтган матбуот котиблари ҳавотирига сабаб бўлди.

Матбуот котибларининг Озодликка айтишича, улар маошларини “Президентнинг қизи олиб беради”, деб ишониб юришган. Озодлик 1 февралдан 7 февралга қадар камида беш нафар ойлик олмаëтган матбуот котибидан шикоят мактуби олди”. Иқтибос тугади.

1. Мен Ўзбекистон мустақиллигининг қарийб 30 йиллиги давомида ҳоким ўринбосарларининг маошсиз ишлаганларидан биринчи марта хабардор бўлдим.

Наҳотки шу воқеа президент Шавкат Мирзиёев бошқарувида рўй берди?!

2. Лекин, 2019 йилда ва 2020 йилнинг бошида “сўз эркинлиги” билан боғлиқ воқеаларни эсласак ҳаммаси ойдинлашади, тушунилади. Минбар.уз, тогри.уз веб сайтлари ҳокимият босимлари остида ёпилди, Давлатназар Рўзметов автоҳалокатда ҳалок бўлди, унгача у 2 йил давомида маҳаллий куч ишлатар тизимлари томонидан доимий таъқиб ва тайзиқларга учраб келган. Блоггер Нафосат Оллоҳшукурова аввал 10 суткага сохта айблар билан қамалди. Қамоқдалигида яна врачлар комиссиясининг сохта хулосаси ва суднинг ҳукми билан руҳий хасталиклар шифохонасида мажбуран 3 ойча “даволанди”.

Яъни, соппа соғ Нафосат Оллоҳшукуровага нисбатан СССР даврида, диктатор Ислом Каримов даврида қўлланилган жазоловчи психиатрия ишлатилди.

Блоггер Отабек Нуриддинов Асака тумани бюджетидаги пуллар нималарга сарфлангани учун қизиққани учун сохта тўҳмат, ҳақорат, майда безорилик айблари билан 14 суткага қамалди.

3. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори вазифасини бажарувчи Комил Алламжонов ва директор ўринбосари Саида Мирзиёева ўз аризасига биноан эгаллаб турган лавозимларидан озод қилиниши ва уларнинг фуқаровий жамият секторида бундан кейин фаолият олиб боришлари бу президент томонидан ўйин қоидаларининг ўзгартирилишидир.

Парламент ва маҳаллий кенгашларга сайловлар “ошкоралик ва сўз эркинлиги” шиори остида бўлиб ўтди. Энди ўйин қоидалари ўзгартирилди.

4. Президент Шавкат Мирзиёев ўрта синф ва фуқаровий жамият шаклланиши учун шароит яратмаябди.

Президент Шавкат Мирзиёев бошқарувининг 4 йиллиги бошланганига қарамай ҳанузгача мустақил суд тизими йўқ, мустақил парламент йўқ.

5. Ўзбекистон президент Шавкат Мирзиёевнинг фармонлари билан бошқарилаябди. Конституция ва қонунлар ишламаябди.

Қисқаси, президент Шавкат Мирзиёев ўрта синф, фуқаровий жамият шаклланишиу учун шароит яратмоқчи эмас. Мустақил парламент, мустақил суд тизими, сўз эркинлигига, 4-ҳокимият шаклланишига йўл бермоқчи эмас.

6. Зеро, ҳозирги Шавкат Мирзиёев президентлиги даврида ҳам мамлакат инвестиция жозибардорлиги жуда паст, чунки коррупция кўрсаткичи жуда паст.

Коррупцияга қарши курашда қуйидагилар ҳисобга олинмаябди.

7. Коррупцияга қарши курашда қуйидаги 2 ҳолатни ҳисобга олиш керак:

Мамлакатда давлат мулки эмас, хусусий мулк кўпроқ, устун бўлиши керак.

Лекин, Ўзбекистонда давлат мулки ҳукмрон. Давлат мулки ҳукмрон бўлган жамиятда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳурмат қилинмайди.

Коррупцияга қарши курашнинг энг самарали йўли эркин, демократик сайловлардир.

8. Мамлакатда диктатор Ислом Каримов давридагидай сўз эркинлигига, оммавий ахборот воситалари эркинлигига, эркин интернетга, мухолифатга йўл йўқ.

Бақувват ўрта синф, кучли фуқаровий жамият шаклланиши учун, иқтисодий эркинлик, сиёсий эркинлик йўқ.

Бундай шароитда мамлакатда эркин, демократик сайловлар мутлақо ўтказиб бўлмайди.

9. Яна таъкидлаб ўтишни лозим топдим, Ўзбекистонда давлат мулкчилиги, монополиялар ҳукмрон. Коррупция гуллаб яшнаябди. Иқтисодий эркинлик кўрсаткичи, сиёсий эркинлик кўрсаткичи, коррупция кўрсаткичи жуда паст ва бунинг оқибатида Ўзбекистон иқтисоди ўта қолоқ.

Зеро,Ўзбекистоннинг иқтисодий эркинлик кўрсаткичи 152-ўринда бўлган пайтда 51.5 баллга тенг эди, 2019-йилда эса 140-ўриндалагида 53.3га тенг.[2].

Дунё мамлакатлари орасида 12 поғонага кўтарилган бўлсада эркинлик кўрсаткичи атиги 1.8 баллга яхшиланган бўлиб ҳамон кўпроқ эркин бўлмаган (Mostly Unfree) мамлакатлар қаторида.

Сиёсий эркинлик кўрсаткичи бўйича Ўзбекистон 9 балл билан Тожикистон ( 9 балл ) даражасига эришган ва албатта Шимолий Кореадан ( 3 балл ), Туркманистондан ( 2 балл ) анча узоқлашган. Бироқ, дунёнинг энг эркин мамлакатлари Финляндия ( 100 балл ), Норвегия ( 100 балл ), Швециялардан ( 100 балл ) жуда кейинда ва ҳаттоки Афғонистон (27 балл), Эрондан (18 балл) ҳам сиёсий эркинликлар бўйича орқада. [3].

Умуман олганда Ўзбекистон ёмонларнинг энг ёмонлари бўлган 13 мамлакат қаторида.[4].

Ўзбекистонда коррупция кўрсаткичи (Corruption Perceptibility Index) 2018-йилда 22 балл билан дунёнинг 180 мамлакати қаторида 157-ўринни эгаллаган бўлса, 2019 – йилда 23 балл билан 158 – ўринни эгаллади. Ўзбекистоннинг коррупция кўрсаткичи 1 баллга яхшилангани билан дунёнинг бошқа мамлакатларида коррупция кўрсаткичи Ўзбекистонга нисбатан кўпроқ яхшилангани учун Ўзбекистон 157 – ўриндан 158 – ўринга тушиб қолган. [5].

Ўзбекистоннинг АЖБ ЯИМси ($1,560) дунёнинг ўртача АЖБ ЯИМсидан ($11,673) қарийб 7 баравардан кўпроқ кам (7,48). [6,7].

Ўзбекистоннинг АЖБ СОПси ($7,810) дунёнинг ўртача АЖБ СОПсидан ($18,961) 2 баравардан кўпроқ кам (2,43). [6,7].

Ўзбекистоннинг иқтисодий кўрсаткичлари дунёнинг ўртача иқтисодий кўрсаткичларидан 2 баравар кам бўлса, Ўзбекистоннинг иқтисодини қолоқ дейишимиз мумкин. Бироқ Ўзбекистоннинг АЖБ ЯИМси дунёнинг ўртача АЖБ ЯИМсисдан 7 баравардан кўпроқ, Ўзбекистоннинг АЖБ СОПси дунёнинг ўртача АЖБ СОПсидан 2 баравардан кўпроқ орқадалигини баралла ўта иқтисодий қолоқ дейишга мажбур бўламиз. [6,7].

2018-йилнинг декабрида Халқаро рейтинг агентликлари Fitch va Standard & Poor’sлар Ўзбекистоннинг АЖБ ЯИМси $1,200га тенглигини аниқлашган эди. Бу кўрсаткич бўйича олганда Ўзбекистоннинг иқтисодий аҳволи янада аянчлилиги аёнлашади. [8].

Абдужалил Бойматов

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти вице президенти.

14февраль, 2020-йил.

Дублин, Ирландия.

Фойдаланилган адабиётлар:

1. Туман ҳокими ўринбосарига тенглаштирилган матбуот котиблари ойликсиз ишламоқда. 07.02.2020. ( https://www.ozodlik.org/a/%D0%BC%D0%B0%D1%82%D0%B1%D1%83%D0%BE%D1%82-%D0%BA%D0%BE%D1%82%D0%B8%D0%B1%D0%BB%D0%B0%D1%80%D0%B8-%D0%BC%D0%B0%D0%BE%D1%88-/30422620.html ).

2. 2019. Index of Economic Freedom.

( https://www.heritage.org/index/ranking ).

3. Freedom in the World 2019.

( https://freedomhouse.org/report/countries-world-freedom-2019).

4. Worst of the worst. 2019. ( https://freedomhouse.org/report/freedom-world/freedom-world-2019/democracy-in-retreat ).

5.Transparency International. Corruption Perceptions Index 2018

( https://www.transparency.org/cpi2018 ).

6. International Monetary Fund. 2019.GDP per capita, current prices. U.S. dollars per capita(https://www.imf.org/external/datamapper/NGDPDPC@WEO/OEMDC/ADVEC/WEOWORLD ).

7. Statistics Times.GDP Indicators 2019

( http://statisticstimes.com/economy/gdp-indicators-2019.php ).

8. Fitch Assigns Uzbekistan ‘BB-‘ IDRs; Outlook Stable

20 Dec 2018. ( https://www.fitchratings.com/site/pr/10057197 ).