Apr 132018
 

2018-йилнинг 6-апрелида Озодлик радиостанциясининг веб сайтида “Ўзбекистоннинг “имиджини яратиш” Ташқи ишлар вазирлигига топширилди” мақоласи чоп этилди. Мақоладан иқтибос: “Президент Шавкат Мирзиёев 5 апрель куни Ташқи ишлар вазирлигини ислоҳ қилиш назарда тутилган “Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги тизимини тубдан такомиллаштириш ҳамда ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий фаолиятнинг устувор йўналишларини амалга оширишда унинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Жумладан, фармонда: “…Мамлакатдаги кенг кўламли ўзгаришлар ва республиканинг халқаро ташаббуслари ҳақида жаҳон ҳамжамиятини хабардор қилиш ишлари суст ташкил этилган бўлиб, мамлакатнинг ижобий имиджини яратиш ва халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлаш вазифалари самарали бажарилишига тўсқинлик қилмоқда”, дейилади.

Президент бу муаммони ҳал этиш мақсадида фармонда “миллий ва хорижий экспертлар жамоалари, оммавий ахборот воситалари, жамоатчилик ва илмий доиралар билан мунтазам ҳамда мақсадли ахборот алмашиш ишларини кучайтириш орқали Ўзбекистоннинг ижобий халқаро нуфузини шакллантиришда “оммавий дипломатия” воситаларини фаол қўллаш” кўрсатмасини берган.

Фармонда таъкидланишича, бунинг учун Ташқи ишлар вазирлиги Матбуот хизмати негизида Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси, Хориждаги ватандошлар билан алоқалар бўлими ташкил этилади. “Жаҳон” ахборот агентлиги негизида эса “Дунё” ахборот агентлиги ва Медиа-марказ тузилади.

Президентининг “Истеъдод” жамғармаси Ташқи ишлар вазирлигига бўйсунадиган Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот маркази сифатида қайта ташкил этилади.

Ташқи ишлар вазирлиги амалиётига ахборот-тушунтириш ишларига алоҳида эътибор қаратиш, хориждаги ватандошлар билан ҳар томонлама мулоқотни қўллаб-қувватлаш, уларни савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва ижтимоий лойиҳалар ҳамда дастурларни амалга оширишга фаол жалб қилиш каби вазифалар ҳам киритилмоқда”. Иқтибос тугади.[1].

Бу узун иқтибоснинг мазмунидан шу нарса келиб чиқадики, президент Шавкат Мирзиёевнинг 2016-йилнинг сентябридан буён Ўзбекистонни бошқариш давомида унинг мамлакатда бўлган ўзгаришларни Ташқи ишлар вазирлиги орқали дунёдаги асосан бизнесменлар, инвесторларни хабардор қилиш, Ўзбекистонга инвестициялар келишини кўпайтиришни мақсад қилиб қўйган.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг бир ярим йилдан ортиқ фаолияти давомида эркин конвертацияга ўтилди, қўшни мамлакатлар Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Қозоғистон ва Афғонистон билан иқтисодий-сиёсий ва маданий алоқалар анча яхшиланди, халқ қабулхоналари ташкил қилинди, Давлат Хавфсизлик Хизмати ҳақида қонун қабул қилинди, оммавий-ахборот воситалари, қийноқ тўғрисидаги қонунларга ўзгартиришлар киритилди. Бож тўловлари ва солиқларга катта ўзгартиришлар киритилиши кутилмоқда ва ҳоказо.

Демак, Ташқи ишлар вазирлигининг чет элдаги элчихоналари шу ўзгаришларни чет эллардаги тарғиботи (агитация) ва ташвиқоти(пропаганда) билан шуғулланиши баробарида Ўзбекистоннинг имиджини яхшилайди. Менинг фикримча, Ўзбекистоннинг имиджини яхшилашда Ташқи ишлар вазирлиги жуда катта қийинчиликларга дуч келади, Ўзбекистоннинг имиджини яхшилашнинг уддасидан чиқа олмайди. Уддасидан чиқа олмаслиги сабаблари ҳақида “Афғонистон бўйича Халқаро анжумандан кейин менда туғилган фикрлар. Ўзбекистонга инвестициялар кириб келиши кўпаядими?!” номли мақолам ва youtubeда чоп этилган видеода айтиб ўтган эдим. [2.3].

Мақоладан иқтибос: Чет эл инвесторлари Ўзбекистон оммавий-ахборот воситаларининг тарғиботидан ҳоли муҳитда яшайди. Шу сабабли улар Ўзбекистон ватандошларидан бутунлай бошқача фикрлайди, бутунлай бошқача ҳаракат қилади.

Дунёнинг эркин, демократик давлатларида яшайдиган фуқаролар, шу жумладан инвесторлар биринчи навбатда Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятига эътибор берадилар.

Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазияти ва бизнес юритиш муҳити эса ўта абгор ҳолатда. Бунга мен тўртта мисол келтираман:

1.Мажбурий меҳнат. Ўзбекистон замонавий қуллик кўрсаткичи бўйича дунёда Шимолий Кореядан кейин иккинчи ўринда туради.[4].

2.Коррупция. Ўзбекистон коррупция даражаси кўрсаткичи бўйича(Corruption Perceptibility Index) дунёда 180 мамлакат ичида 157-ўринни эгаллайди, яъни дунёнинг энг коррупциялашган 20 мамлакатлари қаторига киради.[5].

3.Иқтисодий эркинлик. Ўзбекистон иқтисодий эркинлик кўрсаткичи бўйича (Economic Freedom Index) 51,5 балл билан 152-ўринни эгаллайди ва кўпроқ иқтисоди эркин бўлмаган (Mostly Unfree) мамлакатлар қаторига киради.[6].

4.Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар. Халқаро Freedom House ташкилоти ҳисоботига кўра Ўзбекистон фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар кўрсаткичи бўйича 7 баллга эга бўлиб, дунёнинг энг 10та ёмонлари қаторида.[7].

Яна шу ерда қўшимча бешинчи мисол сифатида Жаҳон Банкининг тадбиркорлик муҳити (Doing business) кўрсаткичи бўйича Ўзбекистон дунёда 74-ўринни эгаллайди.[8].

Бу кўрсаткич менимча ҳар ҳолда унчалик ёмон эмас.

Лекин, юқоридаги тўртта мисолдан кўриниб турибдики, халқаро инвестор нуқтаи-назаридан олганда Ўзбекистоннинг инвестиция жозибадорлиги ўта абгор ҳолатда. Шу сабабли Ўзбекистонга чет эл инвестицияларининг кириб келишига ва Ўзбекистон иқтисодининг гуллаб-яшнаб кетишига менда умид кам. Иқтибос тугади.[2,3].

Яна бу иқтибосга мен қўшимча қилиб, Ўзбекистонга халқаро кредит рейтинг агентликлари: Standard & Poor’s, Fitch, va Moody’s томонидан рейтинг берилмаганидир. Бу рейтинг агентликлари қўшни мамлакатлар Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонга рейтинг берган, лекин Ўзбекистонга эмас. [9,10].

Ўзбекистонга кредит рейтинг берилмагани унинг молиявий имкониятларини чеклайди,иқтисодий ривожланишини чеклайди.

Мен келтирган мисоллар шуни кўрсатадики, дунё жамоатчилигида Ўзбекистоннинг имиджи аллақачон шаклланиб бўлган, бу имидж ўта абгор ҳолатда, бу имидж инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, иқтисодий эркинлик нуқтаи назаридан ўта абгор ҳолатда ёки образли қилиб айтганда ўта қора рангда. Ўта қора рангни салгина оқартириш мумкин, лекин оқ қилиб бўлмайди.

Ўзбекистоннинг имиджини яхшилаш учун мажбурий меҳнатга барҳам бериш керак, коррупция даражасини кескин камайтириш керак, Ўзбекистон ватандошларига иқтисодий эркинлик, фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар бериш керак.

Абдужалил Бойматов

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти вице президенти.

13апрель, 2018-йил.

Дублин, Ирландия.

Фойдаланилган адабиётлар:

1. Ўзбекистоннинг “ижобий имиджини яратиш” Ташқи ишлар вазирлигига топширилди. 06.04.2018. ( https://www.ozodlik.org/a/29149211.html ).

2. Афғонистон бўйича Халқаро анжумандан кейин менда туғилган фикрлар. Ўзбекистонга инвестициялар кириб келиши кўпаядими?! 30.03.2018.

( http://uz.hrsu.org/archives/8901#more-8901 ).

3. Афғонистон бўйича Халқаро анжумандан кейин менда туғилган фикрлар. Ўзбекистонга инвестициялар кириб келиши кўпаядими?! Видео. 1.04.2018.

( http://uz.hrsu.org/archives/8904 ).

4. Slavery index by countries. 2016. ( https://www.globalslaveryindex.org/findings/ ).

5. Corruption Perceptions Index 2017.(https://www.transparency.org/news/feature/corruption_perceptions_index_2017 ).

6. 2018 Index of Economic Freedom. Country Rankings. (https://www.heritage.org/index/ranking).

7. Freedom in the World 2018 by Aggregate Score.

( https://freedomhouse.org/report/freedom-world/freedom-world-2018 ).

8. The World Bank. Doing Business. 2018.

( http://www.doingbusiness.org/rankings ).

9. Big Three (credit rating agencies) .

( https://en.wikipedia.org/wiki/Credit_rating_agency ).

10. List of countries by credit rating.

( https://en.wikipedia.org/wiki/List_of_countries_by_credit_rating ).