Mar 302018
 

Тошкентда 27 март куни “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва “минтақавий шериклик” мавзусида Афғонистон бўйича юқори даражадаги Тошкент халқаро конференцияси бўлиб ўтди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил қилинган мазкур конференция жахон ҳамжамиятида катта қизиқиш уйғотди. Конференцияда Афғонистон Республикаси президенти Муҳаммад Ашраф Ғани, БМТнинг Афғонистондаги махсус вакили Тадамити Ямамото, Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Федерика Могерини, шунингдек жами 25 давлат ва халқаро ташкилот вакиллари қатнашдилар.[1].

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев халқаро анжуманда нутқ сўзлади. [2].

Шавкат Мирзиёев нутқидан иқтибос:-” Бу заминдаги кескинлик Марказий Осиё мамлакатлари жахон иқтисодиётининг фаол интеграция жараёнларидаги иштирокига салбий таъсир кўрсатмоқда. Мисол учун, тинч Афғонистон савдо -иқтисодий, транспорт-логистик имкониятлари билан Ўзбекистонга бошқа минтақаларга денгиз орқали қисқа йўл билан чиқиш имконини берар эди“. Иқтибос тугади.

Бу Халқаро анжуман олдин бўлиб ўтган воқеаларнинг мантиқий якуни бўлди. Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонни бир ярим йил давомида бошқараётганидан бери эркин конвертацияни амалга оширди, Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон билан совуқ муносабатлар анча илиқлашди, Қозоғистон билан эса муносабатлар янада юқорироқ даражага кўтарилди.

15-март куни Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков, Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ва Туркманистон парламентининг сенат спикери Акжа Нурбердиевалар, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг ўзаро биринчи маслаҳат учрашуви бўлиб ўтган эди.[3].

Бу бўлиб ўтган воқеалардан менда шундай таассурот туғилдики, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев иқтисод нуқтаи-назаридан қараганда Марказий Осиёдаги 6та мамлакатни қамраб олган умумий бозор яратмоқчи. Марказий Осиё мамлакатларидаги умумий бозор бу мамлакатлар ўртасидаги ўзаро иқтисодий алоқаларнинг кучайиши бу мамлакатларнинг иқтисоди ривожланишига олиб келади. Яъни Ўзбекистон фуқароларида, Марказий Осиё мамлакатлари фуқароларида бу мамлакатларда иқтисод ривожланиб, ҳамма ёқ гуллаб-яшнаб кетадигандек таассурот пайдо бўлади.

Ўзбекистон ватандоши Ўзбекистон оммавий-ахборот воситалари тарғиботи (пропагандаси) таъсирида Ўзбекистон эркин конвертацияга ўтганлиги, қўшни мамлакатлар билан иқтисодий, сиёсий, маданий алоқалар яхшиланганлиги туфайли Ўзбекистоннинг халқаро миқёсда имиджи яхшиланди, энди Ўзбекистонга инвестициялар кириб келади, иқтисод ривожлана бошлайди, ижтимоий-иқтисодий аҳвол яхшиланади деган умид пайдо бўлади.

Лекин, бу умиднинг таги пуч, нега? Чет эл инвесторлари Ўзбекистон оммавий-ахборот воситаларининг тарғиботидан ҳоли муҳитда яшайди. Шу сабабли улар Ўзбекистон ватандошларидан бутунлай бошқача фикрлайди, бутунлай бошқача ҳаракат қилади.

Дунёнинг эркин, демократик давлатларида яшайдиган фуқаролар, шу жумладан инвесторлар биринчи навбатда Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятига эътибор берадилар.

Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазияти ва бизнес юритиш муҳити эса ўта абгор ҳолатда. Бунга мен тўртта мисол келтираман:

1.Мажбурий меҳнат. Ўзбекистон замонавий қуллик кўрсаткичи бўйича дунёда Шимолий Кореядан кейин иккинчи ўринда туради.[4].

2.Коррупция. Ўзбекистон коррупция даражаси кўрсаткичи бўйича(Corruption Perceptibility Index) дунёда 180 мамлакат ичида 157-ўринни эгаллайди, яъни дунёнинг энг коррупциялашган 20 мамлакатлари қаторига киради.[5].

3.Иқтисодий эркинлик. Ўзбекистон иқтисодий эркинлик кўрсаткичи бўйича (Economic Freedom Index) 51,5 балл билан 152-ўринни эгаллайди ва кўпроқ иқтисоди эркин бўлмаган (Mostly Unfree) мамлакатлар қаторига киради.[6].

 

4.Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар. Халқаро Freedom House ташкилоти ҳисоботига кўра Ўзбекистон фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар кўрсаткичи бўйича 7 баллга эга бўлиб, дунёнинг энг 10та ёмонлари қаторида.[7].

Яна шу ерда қўшимча бешинчи мисол сифатида Жаҳон Банкининг тадбиркорлик муҳити (Doing business) кўрсаткичи бўйича Ўзбекистон дунёда 74-ўринни эгаллайди.[8].

Бу кўрсаткич менимча ҳар ҳолда унчалик ёмон эмас.

Лекин, юқоридаги тўртта мисолдан кўриниб турибдики, халқаро инвестор нуқтаи-назаридан олганда Ўзбекистоннинг инвестиция жозибадорлиги ўта абгор ҳолатда. Шу сабабли Ўзбекистонга чет эл инвестицияларининг кириб келишига ва Ўзбекистон иқтисодининг гуллаб-яшнаб кетишига менда умид кам.

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг инвестиция жозибадорлигини ошириш учун мажбурий меҳнатга барҳам бериши керак, коррупцияни кескин камайтириши керак ва албатта Ўзбекистон ватандошларига иқтисодий ва сиёсий эркинлик бериши керак. Ва албатта бу ишларни амалга ошириш учун Ўзбекистонда ўрта синфнинг ва фуқаролик жамиятининг оёққа туриб олиши учун шароит яратилиши керак.

Абдужалил Бойматов

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти вице президенти.

30март, 2018-йил.

Дублин, Ирландия.

Фойдаланилган адабиётлар:

1. Афғонистон бўйича Тошкент декларацияси қабул қилинди. 27.03.2018.( http://uza.uz/oz/politics/af-oniston-b-yicha-toshkent-khal-aro-konferentsiyasi-deklara-27-03-2018?ELEMENT_CODE=af-oniston-b-yicha-toshkent-khal-aro-konferentsiyasi-deklara-27-03-2018&SECTION_CODE=politics&print=Y ).

2. Шавкат Мирзиёевнинг Тошкент Конференциясида сўзлаган нутқи. 27.03.2018. ( https://www.youtube.com/watch?v=RuuWdH1sLD0 ).

3. Марказий Осиё давлат раҳбарларининг биринчи маслаҳат учрашуви. 15.03.2018. ( http://uza.uz/oz/politics/markaziyafaf-osiye-davlat-ra-barlarining-birinchi-masla-at-uchra-15-03-2018 ).

4. Slavery index by countries. 2016. ( https://www.globalslaveryindex.org/findings/ ).

5. Corruption Perceptions Index 2017.(https://www.transparency.org/news/feature/corruption_perceptions_index_2017 ).

6. 2018 Index of Economic Freedom. Country Rankings. (https://www.heritage.org/index/ranking).

7. Freedom in the World 2018 by Aggregate Score.

( https://freedomhouse.org/report/freedom-world/freedom-world-2018 ).

8. The World Bank. Doing Business. 2018.

( http://www.doingbusiness.org/rankings ).