Aug 212016
 

август 21, 2016

Аъзам Фармонов ва "Эзгулик" фаоллари

Аъзам Фармонов ва “Эзгулик” фаоллари

 

Шу йилнинг 19-20 август кунлари Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Васила Иноятова ҳамда журналист Абдураҳмон Ташанов Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ЖИЭББ тизимидаги 64/71-сонли (Жаслиқ посёлкаси) муассасада 10 йилдан бери қолаётган ҳуқуқ фаолларидан бири Аъзам Фармонов билан учрашди.

Бу ҳақда “Озодлик”ка хабар қилган ҳуқуқ фаолининг ҳимоячиси Абдураҳмон Ташановнинг айтишича, учрашув “Ўтюраклар” клуби ҳамда Ўзбекистондаги дипломатик корпус ваколатхоналаридан бирининг бевосита кўмаги билан уюштирилган.

Қарийб 40 дақиқа давом этган учрашув чоғида ҳамкасб дўстимизнинг бугунги аҳволи, ўй-кечинмалари ва соғлиғи билан қизиқдик. Шунингдек, ҳуқуқ ҳимоячилари ва халқаро ташкилотлар томонидан унинг озодлиги учун уюштирилаётган петициялар хусусида Аъзамжонга сўзлаб бердик. 10 йилдан бери кўчадагилар билан мулоқот қилмаган ҳамкасбимиз жуда тўлқинланиб кетди,” дейди Абдураҳмон Ташанов.

Аъзам Фармоновнинг сўзларига кўра, айни кунда унинг соғлиғи яхши, қамоқхона маъмурияти ва ходимлар томонидан руҳий ва жисмоний қийноқлар мавжуд эмас.

У сўнгги маротаба 3 ҳафта муқаддам жазони ижро этиш муассасасининг тиббий бўлимида ошқозон гастрити хасталигидан даволанган ва ўзини яхши ҳис қилмоқда.

Сизга нисбатан руҳий, жисмоний қийноқлар мавжудми? Бу саволни бераётганимнинг боиси ўтган йилларда халқаро Интернет тармоғида сизнинг қийноқларга тутилаётганингиз ҳақида кўплаб материаллар чиқди…” дея сўрадим Аъзамдан, у эса: “Мен бу ерга келган пайтимдан бери аҳвол ўзгарган. Ҳозир шароит ёмонмас, аммо қамоқ ўз номи билан қамоқ. Уйга қайтишни, болаларим билан бирга яшашни ўйлайман….” деб жавоб берди, дейди Абдураҳмон Ташанов.

Сўнгги марта икки ҳафта муқаддам Жаслиқ лагерида бўлган ҳуқуқ ҳимоячисининг рафиқаси Озода Ёқубова эрининг ошқозон-ичак касаллиги билан оғриб, “санчаст”да ётиб чиққанини таъкидлайди:

Учрашувимизда бу киши ошқозони қаттиқ безовта қилаётгани ва шунинг учун тиббий бўлимда ётиб даволанаётганини айтгандилар. Мендан Олий судга шикоятларим нима бўляпти, шикоятларимни керакли инстанцияларга етказ, бу йил озодликка чиқишдан умидворман дегандилар,” дейди Озода Ёқубова.

Аъзам Фармонов Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 165-моддаси (Товламачилик) билан жиноят ишлари бўйича Янгиер шаҳар суди ҳукми билан 9,5 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

2016 йилнинг майида унинг жазо муддатига қамоқхона ички тартибини бузганлик айби билан 5 йилу 26 кун муддат қўшиб берилган.

Аъзам Фармоновнинг жамоатчи ҳимоячиси бўлган Абдураҳмон Ташанов шу йилнинг 19-20 август кунлари Жаслиққа сафари давомида Қорақалпоғистон прокуратураси, Олий суди ҳамда Ички ишлар вазирлигига кириб, уни озод қилиш юзасидан шикоят ва илтимосномалар топширган.

Халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари Ўзбекистон ҳукуматининг “сиёсий тутқун”, деб кўрилган маҳкумларни қамоқдан чиқармаслик мақсадидаги баҳонаю амалларини мунтазам танқид қилиб келади.

Кўплаб йиллар давомида сиёсий тутқунларнинг қамоқ муддатлари “жазони ижро этиш муассасасининг ички тартибини бузди,” деган баҳона билан узайтириб келинади.

Ўзбекистон ҳукумати мамлакат қамоқхоналарида ўнлаб, баъзи манбаларга кўра эса юзлаб сиёсий тутқунлар борлигини ҳеч қачон тан олган эмас.

http://www.ozodlik.org/a/azam-farmonov-jaslyk-meeting/27936170.html