Sep 162015
 

Тиббиёт ходимлари қўлга қараб, касалимга беписанд қараб, роса саргардон қилишганди. Жонимни нақд буғзимга келтиришганди.

Охийри ҳукуматнинг юқори идораларига “СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ СОҲАСИДАГИ САНСОЛАРЛИКЛАР” мавзусида шикоят ёзиб, шу йилнинг 17 август куни интернет кўмагида “Ягона интерактив давлат хизматлари портали”дан манзилларига йўллагандим:

СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ СОҲАСИДАГИ САНСОЛАРЛИКЛАР

Олий Мажлис Сенати раиси

Йўлдошев Ниғматилла Тўлқиновичга

Ўзбекистон Республикаси Бош Вазири

Ш. М. Мирзиёевга

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири

Алимов Анвар Валиевичга

Республика ихтисослаштирилган эндокринология

илмий-амалий тиббиёт маркази директори,

медицина фанлари доктори, профессор

Исмаилов Саид Ибррагимовичга

Фуқаро: Эшонқулова Малоҳат Худжамовнадан

Яшаш манзилим: Тошкент, Учтепа-тумани,

Чилонзор -23-мавзе, 16- уй, 39-хонадон.

телефон: +99893 5701747.

+99894 6902580

ШИКОЯТ АРИЗА

(Мамлакатимиз тиббиёти шўрлик хасталарни хор қилиш учун хизмат қиладими? Ва ё тиббиёт бетобларни тентиратиб ҳузур қиладими?)

Муҳтарам Ўзбекистон раҳбарлари!

2015 йилнинг 13 август куни мен Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказида ўз касби ва лавозимига мутлақо номуносиб шифокорларнинг беморга лоқайд ва безлигининг гувоҳи бўлдимки, бу бир кўринишда таъмагирлик ва юлғичликка ҳам ўхшаб кетарди.

Менга 2004 йилда айнан Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази мутахассислари томонидан “Ички заҳарли бўқоқ” ташҳиси қўйилган. 2004-2008 йиллар давомида мазкур тиббиёт даргоҳининг 5-қаватида, эндокринолог Нилуфар Убайдуллаева назорати остида 3-4 маротаба ётиб даволанганман ҳам. Марказда ҳисобда турдим.

2009 йилдан кейин менда бўқоқ аломатлари сезилмади, қийнамади. Шифокорлар менга миркозолил таблеткаси гемоглабинни тушиб кетишига сабаб бўлади, имкони бўлса, миркозолилни кўп истеъмол қилмаслик керак деб ўқтиришганди. Ички заҳарли бўқоқ аломатлари кейинги пайтларда мени қийнамаганлиги сабабли мен меркозолил таблеткасини ичишни тўхтатиб қўйдим. 2009-2013 йилларга қадар соғлом турмуш тарзини кечиргандим. Бироқ 2013 йилнинг декабрига келиб бехосдан саломатлигим хавф остида қолди. Тиббиётда таниқли бўлган шифокорлар кўриги остида уй шароитида бир ярим йил давомида даволандим. Бироқ барча муолажалар акс таъсир берди. Бора-бора юра олмайдиган, нафасим қисадиган, титраб, қайт қиладиган, оч қолсам-да овқат еяолмайдиган бўлиб қолдим.

Тамомила мажолсизланиб, ҳолдан тойиб, фарзандларимнинг кўмагисиз юра олмайдиган ҳолатга тушганимдан кейин оилавий поликлиника йўлланмаси билан 21 июль куни Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказига бўқоғимни текширишдан ўтказиш мақсадида гармон каби турли анализларни топширишга бордим. Бироқ тумонат навбатни тартибга солиб турган эшик олдидаги ҳамширалар менга “Кутиб ўтирманг, бизда то 10 августга қадар гармонга анализ олинмайди. Бизда профилактика, ёзда таъмир. 10 августдан кейин келишингиз мумкин” деб мени ортга қайтарди. “То 10 августгача ким бору ким йўқ, яхшилар, кўриб турибсиз, оёқда тура олмайдиган бўлиб қолдим. Тиббиётимиздаги шу телбаликларни билганлигим учун ҳам асабларимни асраш учун сизларга мурожаат қилишдан ўзимни тийиб тургандим, имконсиз аҳволга тушиб қолганлигим учун мажбур бўлиб келдим. Мен 20 кун кута олмайман. Хасталигимга аниқ ташҳис қўйишим керак, унгача ўлиб қолишим мумкин. Энди нима қилишим керак? Наҳотки пойтахт Тошкентда бўқоққа гармон анализи оладиган бирорта бошқа бир тиббиёт маскани бўлмаса. Сизлар мутахассиссизлар. Шундай тиббиёт маскани бўлса, менга маълумот берсанглар” деб илтимос қилгандим. У ердагилар, “Бизга гармон топшириш учун келган беморларни биздан 2-3 бекат тепада жойлашган NORA MEDIСAL хусусий клиникасига жўнатмоқдамиз. Истасангиз сиз ҳам ўша хусусий клиникага, агарда қиммат демасангиз, анализ топшириб келишингиз мумкин” дейишди. Очиғи, шифохоналарга у қадар ишим тушмаган. Шу сабаб NORA MEDIСAL хусусий клиникаси ҳақида ҳам эшитмагандим. Манзилини ёздириб олиб, излаб топдим. 22 июль куни мазкур клиникага уч турда анализ топширдим. Барча тўловларни амалга оширдим.

Энди эндокринолог маслаҳатини оламан, бўқоғимга аниқ ташҳис қўйдириб, даволаш муолажаларини ёздириб олиб, даволанишни бошлайман деб отланиб турганимда аксига олиб ўнг қўлим тирсагимга қадар, чап қўлим билагимга қадар ишламай, ҳеч нарсани сезмасдан, жонсиз ҳолатга келиб қолди. Мени касалхонага судраклаб юрадиган қизларим имтиҳонларга тайёргарлик жараёнида ўта бандлиги сабаб уларга халал бергим келмади. Натижада, эндокринология маслаҳатига бориш масаласи аҳволим оғирлашиб қолганлиги сабаб 13 августга қадар, 20 кунга кечикди.

13 август куни Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази мутахасисларидан маслаҳат олиш мақсадида эрталаб келгандим. Эшик тагидаги эшик оғалари “Махсус аппаратурадан чек олинг” дейишганди, олдим. Қўлимга “Навбатингизни кутинг, марҳамат. Сизнинг рақамингиз 264” деган қоғоз” берилди. “Бу нима дегани?” деган сўровимга “Сизнинг навбатингиз 264 чи ўринда дегани” дейишди. Қарйиб бехуш йиқилаёздим. Дарҳақиқат, Марказда Республикамизнинг барча вилоятларидан беморлар келган, касалларнинг кети узилмасди.

Барака топгур беморлар аҳволим оғирлигини кўриб, илтимос ва ўтинчларим сабаб навбатсиз ўтказиб юборишди. Кириб УЗИ ва ЭКГ текширувидан ўтгач, бўлим мудирига консультацияга киришим кўрсатилган экан, 2- қаватда жойлашган бўлим мудираси Аҳмедова Мадина Саъдуллаевна қабулига кирдим.

Қўлимда NORA MEDIСAL хусусий клиникасининг бўқоқдаги гармон миқдорини аниқлашга оид анализ жавоблари, УЗИ ва ЭКГ мутахассиси хулосалари мавжуд бўлишига қарамасдан, бўлим мудираси Мадина Саъдуллаевна шикоятларимга қулоқ ҳам солган эмас. Аҳмедованинг кўзи NORA MEDIСAL хусусий клиникаси анализ жавобларига тушиши билан у “Кечириб қўясиз, мен NORA MEDIСAL хусусий клиникаси анализ жавобларини бир тийинга олмайман, буни қабул қилолмайман ва уларнинг анализ хулосалари асосида сизни кўрикдан ўтказиб, диагноз қўя олмайман. Чунки NORA MEDIСAL хусусий клиникаси сизни бўқоқ деб чиқариб берган. Уларнинг анализ жавоблари асосан хато бўлади. Биз қандайдир хусусий клиниканинг хулосалари билан иш кўрмаймиз” деди чимирилиб.

– Мени кечирасизу, ўша NORA MEDIСAL хусусий клиникаси менинг тушимга ҳам кирган эмасди. Биринчидан, сизларда гармонга анализ олиш соҳаси вақтинча ёпилганлиги сабабли, менга бу клиника манзилини шу Марказингиздаги ходимлар берганди. “Боришингиз, ўша ерда анализ топшириб, жавобини келтиришингиз мумкин” деганди. Шунга боргандим. NORA MEDIСAL хусусий клиникасини ишга туширишга мен бўйруқ бермаганман. Мазкур хусусий клиника анализларни таҳлил қилиш учун замонавий тиббиёт асбоблари билан жиҳозлангандирки, Соғлиқнинг сақлаш вазирлиги фаолият юритишлари учун NORA MEDIСALга махсус лицензия беришгандир. Қонунга мувофиқ иш юритишаётгандир. Кечирасизу, бир ярим йилдан бери аҳволим оғир. Ҳеч ерда ишламайман. Хусусий клиникада хизмат кўрсатиш бироз қиммат бўлишига қарамасдан, аҳволим оғирлиги сабаб шошилинч равишда анчагина маблағ эвазига, хизмат тўловларини амалга ошириб, анализ топширганман. Тушунинг, текинга эмас. Бир сўм топмоқ осонми?, – дедим йиғлагудек бўлиб.

– Бу сизнинг муаммонгиз, – Мана, хусусий клиника таҳлил хулосасида сизни ички бўқоқ деб беришибди. Сизнинг ичингиз ўтадими?, – сўради бўлим мудираси М. Аҳмедова бепарвогина.

– Йўқ-ўўқ…

– Ана, кўрдингизми? Сиз ички заҳарли бўқоқ бўлишингиз мумкинмас. Ички заҳарли бўқоқларнинг мунтазам равишда ичи кетади…

– Ахир сизларнинг УЗИ ҳам ҳозиргина 2-даражали бўқоқ деб хулоса берди-ку? –десам,

– Гармонлар таҳлили натижаси – это другой дело, – деди бўлим мудираси, – ўзимизда қайта топширасиз….

– Бунинг учун нима қилишим керак? – десам,

Эндокринология марказий поликлиникасининг 2-қаватида ўтирадиган бўлим мудираси М. Саъдуллаевна “Ўзимизнинг Марказда барча анализларингизни қайта топширасиз, жавобини олгач, консультацияга кейин келасиз, – деса бўладими?

Гарчи қўлимда барча анализ таҳлиллари жавоби бўлишига қарамасдан бўлим мудираси Аҳмедова боқибеғамларча қўлимга “Об оказании платной медицинской помощи” деб ёзилган “ ДОГОВОР-СЧЕТ”ини тезда ёзиб, чаққонлик билан қўлимга тутқазди. “Бугун тўловларни тўлаб қўйинг-да эртага эрталабдан келиб оч қоринга барча анализларни қайта топширинг” деди сақичини чайнаганча.

– Мени ўзи то сизнинг ҳузурингизга киргунимча 50 минг сўм тўлашимга тўғри келди, бу сизга пулмасдир, мен учун катта сўмма. Нега энди мен тиббиётдагиларнинг хатоси учун тавон тўлашим керак? Ўзим бетоб бўлсам, ишламасам. – дедим тўнғиллаб. – Бугун 264 чи навбатда эдим. Шифохонани бемор босиб кетган. Эртага оч қоринга 300 нафар одамдан кейин навбатда туришни, қон топширишни айтинг, шу ерда бехуш йиқиламан-ку!, – асабларим адо бўлиб кетди. Шифокорнинг ана шундай безбетлигидан кейин менинг қўлим ишлашдан бош тортмасдан, кимники бош тортсин. Инсоф ҳам керак-ку. Мени кўрикдан ўтказиб муолажа учун қоғоз ёзиб беравермайсизми?

– Йўқ, ундай қилолмайман. Айтдиму, хусусий поликлиника анализ хулосаларини тан олмайман. Қайта ўзимизда анализ топширмасангиз, бўлмайди, сизни эндокринолог кўригидан ўтказаолмайман, консультация беролмайман, муолажа ҳам ёзолмайман, боринг, айтганни қилинг. Эртага навбат кутишдан қўрқманг, мен қўлингизга “прописка” ёзиб бераман, ўшани кўрсатиб, навбатсиз кириб кетаверасиз, – деди шифокор.

Мудира қабулидан чиқиб “Тўловни амалга ошириш” мақсадида кассага учрашсам, чекимга яна 64 ярим бинг сўм тушмоқда экан. Маблағим етмагани учун мунғайиб қайтишга мажбур бўлдим.

Бир сўз билан айтганда тиббиёт ходимлари боқибеғамларча менинг емаган сомсам учун икки бор отнинг калласидек маблағ тўлашга мажбур этишмоқда. Мен ҳали шифокор кўригидан ўтган эмасман. Муолажа қилиш учун укол-дорилар ҳам сотиб олган эмасман. Биргина бўқоқ хасталигим аниқ, бироқ ҳозирги ҳолатига янада аниқ ташҳис қўйиш мақсадида биргина анализларнинг ўзига айни дамда бир юз эллик минг сўмдан ортиқ тўловни (Шундан 65 минг сўми иккинчи бор беҳуда такрорий) амалга оширмоқдаман.

Жаноблар!

Ушбу шикоят аризани мен биргина ўзимнинг хасталик азобларим учун ёзаётган эмасман. Мени вилоятдан келаётган оғир беморларнинг аҳволи ўйлантирмоқда.

Яхши, гарчи қўлимда анализ хулосалари бўлишига қарамасдан, бўлим мудираси Мадина Аҳмедова сақичини чаппиллатганча, мени сарғайтириб, саргардон қилмоқда, такрорий тўловга мажбурламоқда. Эртага анализ топширадиган бўлсам, жавоби бир кундан кейин чиқади. Бу дегани яна 3 кунни бой бераман. Уч кунгача Худо подшоҳ эмасми? Шифокор шу ернинг ўзида менинг ҳам вақтимни, ҳам беҳудага нақдимни ўғирламоқда. Марказда такрорий тўлов қилсаму, яна анализ жавоби “гармонлар юқори” деган хулоса берса, жавоби хусусий клиника билан бир хил чиқса, зиёнимни ким қайтаради? Мана шу бўлим мудираси Мадинахонми?

Тиббиёт ходими ҳам шунчалар боқибеғам, бемор тақдирига совуққон бўлиши мумкинми? Шифокор дегани беморга нисбатан бефарқ, лоқайд бўлишичи? Бунингдек маънавиятсиз мутахассислар қаердан пайдо бўлишган?

Тасаввур қилинг, узоқ вилоятдан фалон сўм йўл харажати қилиб келган хасталарни бўлим мудирига ўхшаганлар саргардон ҳам қилди дейлик, улар биргина анализ жавобини олишлари учун қаердан бошпана қидиришади? Қайта-қайта беҳуда анализ топшириш учун маблағни қаердан олишади?

Ахир шусиз ҳам халқимизни ишсизлик ва пулсизлик муаммоси бе ип бўғизламоқда-ку? Ё ёлғонми?

Хуллас, менинг Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказининг шифокорларига саволим бор: Кун бўйи қарйиб ярим миллион нафар одамлар орасида, навбатда туриб, тинка-мадори қуриб кетган хаста беморларни саргардон қилиш, сарғайтиришдан муддаонгиз нима? Шусиз ҳам пулсизликдан жўжа бирдек болаларига нон топишга қийналгани учун ўз вақтида даволанишга қурби етмаётган беморлардан таъма қилиш, уларни шилишми? Касаллар тақдирига лоқайд қарашингиздан, сарғайтиришингиздан мақсадингиз не? Халқни хўрлашми? Ё имконсиз беморларни камситишми, таҳқирлашми? Бунингдек совуққонлигингиздан, бемор умрига бефарқлигингиздан, хасталарни беҳуда такрорий тўловларга мажбурлашдан, ўзингизча ноқонуний қарорлар қабул қилишингиздан муродингиз нима?

Шундан кейин ҳам ўзингизни шифокорман дея оласизми? Дўхтирман дейсизми?

1) Марказ мудирасининг NORA MEDIСAL хусусий клиникаси анализ хулосаларини тан олмаслиги қонунга хилоф эмасми? Беморни овора қилишичи? Вақтни бой беришичи?

2) Ваҳоланки, давлат тасарруфидаги тиббиёт бирлашмалари мутахассислари NORA MEDIСAL хусусий клиникаси анализ хулосаларининг тўғрилигига шубҳа кўзи билан қараркан, қабул қилмас экан, у ҳолда нима учун Ҳукумат ҳусусий тиббиёт клиникаларига фаолият юртишлари учун лицензия берган?

Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази шифокорининг давлат томонидан лицензия берилган хусусий тиббиёт клиникасининг анализ жавобларини “брак”га чиқаришга нима ҳаққи бор?

3) Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази поликлиникаси бўлим мудираси Аҳмедова Мадина Саъдуллаевнанинг менинг қўлимдаги NORA MEDIСAL хусусий клиникаси анализ хулосаларини тан олмасликка, уларни рад этиб, мени харажатга тушириб, қайта ва қайта беҳуда анализ топшир дея мажбурлашга нима ҳаққи бор?

Бунингдек совуққонликларга қачон барҳам берилади? Қачонгача беморларни калака қиласиз, сарғайтирасиз, ҳаётига бефарқ бўласиз, қўлига қарайсиз, таъмагирлик қиласиз?

Бунингдек бедодликларнинг охири борми ахир?

Йўқ, агар мени даволашни истамасангиз, даволамайман денг. Розиман. Бироқ таҳқирламанг.

Республика Гематология ва қон қўйиш илмий-текшириш институти поликлиникаси мудираси Ибрагимова Гулчеҳра Мансуровнанинг хасталарга нисбатан боқибеғамлиги хусусида ҳам салбий фикрлар айтиш мумкин.

Мен айнан ушбу институтда камқонлар сафида учётда тураман. Ўтган йилнинг ёзида турли анализларни топширганман. Айнан шу институт шифокори Суннат Тошпўлатов 24 июль куни менга “Анемиянинг оғир формаси” дея ташҳис қўйди ва уй шароитида даволанишга лечения ёзиб бердилар. Уй шароитида олган уколлар наф бермагач, 10 август куни яна қайта Республика Гематология ва қон қўйиш илмий-текшириш институти поликлиникаси мудираси Ибрагимова Гулчеҳра Мансуровнага мурожаат этишга мажбур бўлдим.

Бироқ аҳволим оёқда тура олмайдиган даражада оғир эканлигига қарамасдан, шу даргоҳ дўхтири “Анемиянинг оғир формаси” дея ташҳис қўйган бўлса-да, гемоглабиним 59 бўлса-да, териларим қуриб, ҳаддан ортиқ озиб кетган бўлишимга қарамасдан, вазним бор-йўғи 48 кило бўлиб қолганига эътибор бермасдан Гулчеҳра Мансуровна ётган оғир беморга – менга шундай деди:

Бизнинг шифохона қон раки беморларининг шифохонаси. Сиз бизнинг институтни – гематологиянинг бемори эмассиз. Шу сабаб бизнинг беморимиз бўлмаганингиз учун сиз бизда пуллик хизматдан фойдаланишингиз мумкин. Агарда ётиб даволанишни истасангиз, пул тўлаб ётишингиз мумкин. 10 кунга койка учун 800 минг сўм тўлайсиз. Анализлар пуллик. Унинг учун алоҳида тўлайсиз. Укол-дориларни ўзингиз харид қиласиз. Бизда условия шунақа, пулингиз бўлса, кассага тўлаб, ётинг, пулингиз бўлмаса ўз прописка жойингизга боринг, – деди. Ҳатто муолажа учун дори-дармон ҳам ёзиб беришга ярамади….

800 минг сўмлик маблағим бўлмаганлиги сабабли ноилож ортга қайтишга мажбур бўлгандим.

14 август куни яна тобим қочиб қолди. Тез ёрдам машинасини чақиргандик, тез ёрдам биринчи мени кеч соат 19.00 лар орасида яна Республика Гематология ва қон қўйиш илмий-текшириш институти касалхонасига олиб борди. У ердаги навбатчи врач мени яна “Бизга қарашли бемор эмас” дея Янги ТошМИга жўнатди.

Тез ёрдам” машинаси Янги ТошМИга элитди. ТошМИнинг гемотология қабул бўлимидаги шифокорлар эса “Бизда хизмат пуллик, битта койка 10 кунга 8 ЮЗ 400 МИНГ сўмдан ортиқ туради, олдин тўлаб, кейин палатага жойлашишингиз мумкин” дея қўлимга “АМБУЛАТОР ТИББИЙ КАРТАСИ” билан бирга “СЧЁТ СОГЛАШЕНИЯ” БЕРИБДИ. АВВАЛИГА БИЗДА БИТТА КОЙКА 10 КУН УЧУН 8 ЮЗ 400 МИНГ СЎМ ДЕГАН ШИФОКОРЛАР БУ ҚОҒОЗГА ТЎЛОВНИ ОВҚАТ ПУЛИ БИЛАН БИР МИЛЛИОН БИР ЮЗ САККИЗ МИНГ СЎМ ДЕБ БЕЛГИЛАШИБДИ.

Бу тўловлар биргина 10 кунлик койка учун экан. Даволаниш учун дори-дармонлар хариди ўзимдан, анализларнинг барчасига алоҳида ҳақ тўлашим лозим экан. Пулим йўқлиги сабаб, “Тез ёрдам” кечаси 20.00 ларда олиб борган бўлса, эрталаб 8.30 ларда уйимга жавоб бериб юборишди.

Ваҳоланки, тез ёрдам машинасида олиб борилган оғир беморга лоақал уч кун шошилинч тиббий ёрдам кўрсатилиши керак эмасми? “Тез ёрдам” олиб боргани сабабли, мен беморга биргина ёрдам – ЭКГ қилишди, қон босимимни ўлчаб қўйишди холос.

Қачондан бери Ўзбекистон тиббиётида маблағи йўқ бемор шифокорлар кўмагисиз ўлиб кетадиган бўлиб қолган? 10 кун учун биргина койкага сал кам бир миллион тўлов деган гаплар қаерда бор? Нега бемор дори-дармонни ёнидан харид қилиши, турли анализларга яна отнинг калласидек пул сарфлаши керак? Бир давлат идорасидаги ишчининг ойлик маоши неча пул ўзи? Ойлик иш ҳақи ва тиббиёт хизмати тўловида нега мувофиқлик йўқ?

Мен оғир бетобман, юраолмасдан қолдим. Кейинги пайтларда ўнг қўлим тирсагимга қадар, чап қўлим билагимга қадар ишламасдан қолди. Ҳар уч ойда тажрибали мутахассисларнинг маслаҳати билан уй шароитида гемоглабинни кўтариш мақсадида олган кучли дорилар ҳам фойда бермаяпти. Гемоглабин кўпайиш ўрнига 59 да қотиб турибди.

Шифокорлар эса мени даволаш у ёқда турсин, бир ярим йилдирки менинг қандай дард билан оғриганимга аниқ ташҳис ҳам қўйишган эмас ҳатто. Гемоглабиннинг кескин камайиб кетиши, махсус дори-уколлар қабул қилинса-да кўтарилмаслиги, фойда бермаслиги, озиб кетиш, териларнинг қуриб кетиши, юра олмасдан қолиш ва устига-устак яқин кунлардан бери қўлларнинг фаолиятдан тўхташига нимадир сабаб бўлиши керак-ку ахир. Касаллик илдизини ким аниқлайди?

Мен Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази поликлиникаси шифокорларининг, шунингдек, Республика Гематология ва қон қўйиш илмий-текшириш институти поликлиникасини, янги ТошМИ каби тиббиёт муассасаларининг иш фаолиятини, атрофлича назоратдан ўтказишларингизни ва ўз вазифасига нолойиқ, номуносиб мутахасисларни танобини тортиб қўйишларингизни илтимос қилиб сўрайман.

Деб шикоят ёзувчи Малоҳат Эшонқулова.

Илова: ____________ варақда.

15 август, 2015 йил. Телефон: +99893 5701747”

Ушбу шикоятдан кейин тиббиёт тизимида кўз кўриб-қулоқ эшитмаган “томоша”лар бўлди.

Бироқ ҳозир гап бу ҳақида эмас. Тиббиёт “театр томошалари” ҳақида кейинроқ.

Мен айтмоқчи бўлган муҳим гап шундан иборатки, юқоридаги арзномамга жавобан Соғлиқни сақлаш вазирлигидан айнан ўша давлат портали орқали қуйидаги хат келди:

Жавобдан кўриниб турибдики, тиббиётга “тасанно”, барча тиббий хизматлар михдек бўлган!

Бироқ гап УНда эмас, бўғ-дой-да!

Ўз навбатида Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддиси А. Ҳусановнинг жавоб хати Ўзбекистон тиббиёт тизимида камқонлик касалига чалинган беморлар, анемия билан оғриган беморларни даволаш пуллик эканлигидан далолат.

Мен ҳам пуллик бўлиши тарафдорларидан бириман! Ҳарҳолда шифокорнинг “қўл ҳақи”ни бергандан, чўнтагига соққа қистиргандан кўра, давлат бюжетига қонуний тўлаган – мамлакат ғазнасини тўлдирган минг марта маъқул. Фақат….

10 кун учун биргина койкага 870 минг сўм эмас. Ахир бир ойлик маошнинг ўзи 500 минг сўмга бормайди-ку!

Молиявий масалада мувофиқлик бўлиши керакми, ё йўқми?

Ҳой, барака топгурлар, пойтахт Тошкентдаги арзон меҳмонхоналарнинг бир кунлик тўлови ҳам 80 минг сўм эмас-ку, 30-50 минг сўм. “За то” меҳмонхонада алоҳида ҳожатхона, ювиниш хонаси – ванна бор.

Нима эмиш, койкага 850 мингни тўлаб қўйиб, (овқат пули билан 1 миллион бир юз минг сўмдан ортиқ!) кўрпа-болишингни ўзинг билан ортмоқлаб келасану, ётасан! Узундан-узоқ қилиб шифокор ёзиб берган дори-дармонларни сал кам бир миллион сўмга харид қиласан! Ўрта ҳисобда шифохонада ётиб даволаниш учун 10 кунга тахминий 2 миллон 500 минг сўмдан ортиқ харажат кўтарасан, ана шунда ҳам Худо ҳоҳласа, соғаясан, бўлмаса йўқ эмиш!

Пуллик хизмат дегани тиббиётда шундай ташкил қилинадими? Қаттиқ койканинг нимасига сал кам бир миллион сўм тўланиши керак? У ерда ванна, алоҳида ҳожатхона, палаталари сал кам люкс бўлмаса! Бемор ўзини кўтарсинми, кўрпа-болишини ортмоқласинми? Ё дори-дармон харид қилсинми?

Пуллик хизмат деганида 10 кунлик “питания”, кўрпа-тўшак (койкаси билан!), зарурий дори-дармонларнинг барчаси аҳолининг ижтимоий аҳволи, чўнтагини ҳисобга олган ҳолда бира йўла чўтга солинмайдими, ана ундан кейин маълум миқдордаги тўлов жорий этилмайдими?

Наҳотки таракан босиб ётган палаталар нархининг ўзи сал кам бир миллион сўм турса?

Бу нарх-наво биргина пойтахтда эмас, Республиканинг барча ҳудудларидаги тиббиёт тизимларига жорий этилган меъёр, қоида!

Ана энди ўзингиз ўйлаб кўринг, ойида ўртача 400 минг сўм маошга куну-тун тер тўкаётган аҳоли 10 кун даволаниш истагида қариндошидан яна 2 миллион сўм қарз кўтариб, касалхонага ётди – жонини асраб қолди ҳам дейлик. Бироқ… Унинг рўзғори нима бўлади? Бир ой давомида болалари нима еб-ичади? Оғзини тикиб қўядими? Қайси пулига кияди? Яланғоч юрадими? … Ёки Каримов қурган “мост”ларнинг усти-ю остида тиланчилик қилиб турадими?! Иқтисодий танглик изтироблари даволанаётган хастани оёққа турғизмайди, аксинча, ажалидан беш кун бурун ўлдиради-ку.

Одатда узоқ вилоятларда пойтахтга нисбатан нарх-наво бирмунча арзон бўлади. Адашмасам, барча дунё мамлакатларида шундай.

Демак, вилоят шифохоналаридаги тўловлар ҳам маҳаллий нарх-наволарга мувофиқ бўлиши лозим.

Бироқ, буни қарангки, ҳатто вилоят шифохоналарида ҳам биргина койканинг 10 кунлик нарх-навоси 800-850 минг сўм туради!

Адашмасам, Соғлиқни сақлаш вазирлиги орқали мамлакатдаги барча тиббиёт тизимларига бир қолипдаги нарх-наво жорий этилган-қўйилган.

Эл-улусни ўйлаб ўлибдими булар! Бошқа қиладиган иши, ташвиш чекадиган ўзга дарди йўқми уларнинг!

Ҳукуматнинг вазифаси аҳолини шу усуллар билан шилишми ва ё халққа қайғуришми?

Ҳайронман!

(Давоми бор)

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА

мустақил журналист