Apr 262014
 

Биласиз, бир-икки ойдирки “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати Ўзбекистон бўлими етакчиси Малоҳат Эшонқулованинг оғир хасталикка чалинганлиги айтилмоқда.Матбуотда “Бирдамлик”  етакчиси “ол қўйди-ол кетди” бўлиб ётган бир вазиятда, Каримов режимининг “ўлими олдидан онаси билан видолашиб қайтган” хаста бир аёлдан ҳам хавотирган тушгани қизиқ.
Гап шундаки, бемор етакчи ҳали пойтахтга қайтиб улгармай, эртасигаёқ – 25 апрел куни эрталабки соат 10.00 ларда эшиги тақиллади.
Бу ҳақда Эшонқулованинг ўзи шундай дейди:
– Очиғи, саломатлигим тамомила тикланган эмас. Қурилтойда Ҳаракат раҳбариятига панд бериб қўймаслик учун бўйнига арқон солинган одамдек пойтахтга зўрға қайтгандим. Шунга мажбур бўлгандим… Насиб этса, Қурилтойдан кейин даволанишни яна давом эттиришим лозим…. Буни қаранг, ҳали келиб улгурмасимданоқ булар қандоғам хабар топишади-я? Аза-база эшигимни бузгудек қилиб ўтиришибди…
Бундоқ мўралаб қарасам, эшик тагида “КОП”лар туришибди.  Битта милиция ва битта фуқаро кийимидаги йигитча келибди. Очиғи, эшикни очишга ҳам, “қува-қув, сурҳа-сур” қилаётган валломатлар билан мулоқот қилишгаям  ҳолим  ҳам, ҳоҳишим ҳам йўқ эди.
Бу ташрифнинг оқибати нима билан тугаши менга маълум. Яна идораларига олиб бориб, то Қурилтой ўтгунига қадар ушлаб ўтиришади. Шу керакми менга? Ҳечам-да. Шу ўйда қулоғимга “наушник”ни қўйиволиб, қайсидир хонанданинг хонишини тинглаб ўтиравердим.
“Коп”лар эшикни қўпоргудек роса “тепкилашди” ўзиям, лекин мен эшитган эмасман. Қулоғимда қўшиқ “бор” эди….
Тушликдан кейин кўчага мўралаганимда бу ҳақда қўшнилардан эшитдим.
– Тоқатингизга балли. Милисалар эшигингизни қўпориш даражасига боришса ҳам, қилт этмай ўтиравераркансиз-а? Нега очмайсиз? Бутун “дом”ни бошига кўтариб эшигингизни уришди-ку яшшамагурлар” деди пастки қаватдаги хотинлардан бири.
– Учта уйқудори ичиб, ўликдек қотиб қолган эканман, эшитмабман-а, қаранг… – жилмайиб қўйдим.
Тушликдан кейин Қурилтой тадбирининг ташкилий ишларига тайёргарлик кўриш мақсадида кўмакчим билан майда-чуйда харид қилиш илинжида бозорчага отландим.
Кечроқ қайтаётсам, қўшни кампир норози тўнғиллаб қарши олди:
– Милиса тугул, “домком”га ҳам эшигингни очмайсан-а? Бечора “домком” эшигинг тагида нақд бир соат ўтирди-я, – деди қошлари чимрилиб.
– Кўрмаяпсизми, уйда йўқ эдим, кўчадан қайтаяпман-у, – энсаларим қотиб кетди, – “Дом”комнинг менда нима дарди бор экан? Бирортасидан бир сўмлик қарзим йўқ менинг. “Домком”нинг ҳамроҳи ким эди? Участка нозирими ё фуқаро формасидаги одамларми?
Хушламайгина қилган жавобим қўшни кампирга ёқмади  чамаси ўзини ичкарига урди.
Ўз мамлакатингда, ўз уйингда ўғридек беркиниб яшаш – нақадар дахшат. Бунинг дахшатини сиз тасаввур қила олмасангиз ҳам керак…. Гарчи ноқонуний ишга қўл урмаган бўлсак-да, Қурилтой ўтгунча зўравон ҳукумат “коп”ларининг қўлига тушиб қолмаслик учун беркиниб яшашга мажбурмиз. Шароит шуни тақозо этади. Шоҳ ҳақида бир ривоят бор, эшитгандирсиз. Қувончли, қайғули кунларида ҳам бир шоҳ бармоғидаги узуги кўзидаги ёзувни ўқиб кўнгли таскин топаркан: “Бу кунлар ҳам ўтар-кетар”… Шундай дея ўзимизни ўзимиз умид билан овутиб яшамоқдамиз-да… – дейди Эшонқулова.
Бу эшитганларингиз “Бирдамлик”нинг Ўзбекистондаги етакчиси Эшонқуловага бўлаётган навбатдаги босимлардан бир шингили эди холос….
“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати Матбуот Хизмати

http://birdamlik.info/blog/2014/04/25/малоҳат-эшонқулованинг-хонадонига-ҳ/

ҚУРИЛТОЙГА КАМОЛА СУННАТОВА ҲАМ КЕЛМАЙДИГАН БЎЛДИ

 

Хабарингиз бор, “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракатининг АҚШда бўлиб ўтиши режалаштирилган  Қурилтойига вакил сифатида номзоди кўрсатилган ва меҳмон сифатида таклиф этилган Ҳаракат фаоллари амалдаги ҳукуматнинг кучли таъқибига рўпару келганлиги боис океан орти мамлакатига боришдан мосуво бўлишган эди.
Шу боис Ҳаракат Бошқаруви мавжуд ноқулай вазиятдан чиқиш йўлларини қидирди ва қулай тадбир ишлаб чиқди.
Ҳаракат Бошқарувининг режасига кўра, Қурилтойга вакил сифатида номзоди кўрсатилган ва меҳмон сифатида таклиф этилган фаоллар 26-27 апрел кунлари “Бирдамлик”нинг Тошкентдаги офисига йиғилиши ва тадбирда жамоа бўлиб иштирок этишлари кўзда тутилган эди.
“На иссиғига ва на совуғига” чидай олмайдиган ҳукумат бунисига ҳам кўнмайдиган кўринади.
Боисики, Қурилтойда қатнашиши лозим бўлган Ҳаракат фаолларига талайгина таҳдид ва тайзиқлар бошланиб кетди.
Аввалига, куч ишлатар тизимлари томонидан Ҳаракат офисига  “ҳужум” уюштирилди.
Кейин эса Эшонқулованинг уйи эшигини саҳал бўлмаса, бузай дейишди.
Жиззахда Нуринисо Ҳолбоевани хонадони тугул, маҳалла-паҳалласи билан “қуршов”га олишди.
Алиқул Саримсоқовни пойтахтдан зудлик-ла Зоминга қайтариш ҳаракатлари авж олинди.
Эндиги жабру ситам кўриш гали эса Навоий вилоятидаги фаолларимизга етган кўринади.
Камола Суннатова Ҳаракатнинг “Ёшлар қаноти” бўлими фаолларидан бири сифатида Қурилтойда иштирок этиши лозим эди.
Таассуфлар бўлсинки, бугун Камоланинг онаси Дилдора Боймуродова куни кеча ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларидан “Қизингни “Бирдамлик”дан чиқариб оласан” деган мазмунда огоҳлантириш олганди.
Оқибатда, Навоийлик фаолимиз Д. Боймуродовадан ҳозиргина қуйидаги мазмунда ташвишли мактуб келди:
“… Ҳали онамни маъракалари тўлиқ тугаб улгургани йўқ. Кеча ҳеч қаерга бормасликка огоҳлантирилган эдим. Шунга қарамай кўчамизда 2 та бегона машина кечгача турди. Кеча Қизимни Ҳаракатга қўшмаслигим тўғрисида ёзиб беришим талаб қилинганди. Вилоятдан чиқишга қўйишмаса нима қилайлик?…”
Аҳвол мана шундай аянчли тарзда кечмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ҳаракатнинг  2012 йилнинг 8 декабр куни режалаштирилган “ОШ” марафонида иштирок этиш мақсадида ўз ҳамроҳлари билан пойтахт сафарига отланган  Дилдора Боймуродова Навоий-Тошкент йўналиши бўйлаб қатновчи таксида маҳаллий ички ишлар идоралари ходимлари томонидан қўлга олинган ва Кармана туман Ички ишлар идорасига куч ишлатиш йўли билан судраб келинган.
Энг аянчлиси, Дилдора Боймуродова ва ҳамроҳлари то тонггача ИИБ биносида ўтиришга мажбур этилган. Янаям дахшатлиси, уч нафар бу хотин-қизлар ИИБнинг маст-аласт ходимларининг “Жонидан, 8-декабр – байрам. Биз билан отамлашмайсизми?” деган пасткашликларига ва май тўла жом тутишларига тишларини-тишларига қўйишга мажбур бўлишган.
Не ажабки, тунда милиция ходимлари билан отамлашишни истамаган “Бирдамлик”чилар эрталаб ИИБ ходимлари томонидан ўзига хос услубда жазоланган. Яъни уйқудан қолган Дилдора Боймуродова ва ҳамроҳларига Кармана туман ИИБ биносининг шундоққина тумшуғида ёлланган (амалдаги ҳокимиятнинг анъанага айланиб улгурган азалий ҳийласига кўра) безори аёллар тўдаси ҳужум қилган. Махсус тайёргарлик кўрган жангари аёллар тун бўйи оч наҳор, уйқусизликдан ҳолдан тойган “Бирдамлик” фаолларини уриб, тепиб, калтаклаб, азойи баданини маматалоқ қилишган.
Худди ана шу жанжални кутиб турган ИИБ ходимлари “Бирдамлик”чиларни Тошкент сафарига монелик қилиш илинжида уларни тутиб қозихонага келтиришган.
Ўзбекистон судларининг ёзилмаган қонунига кўра, яна “сув келтирган хору, кўза синдирган азиз” бўлиб чиққан. Яъни ўша куни кўчадаги “беазор” фуқароларга озор беришда, жамоат тартибини бузиш, майда безориликда айбланган Дилдора Боймуродова ва ҳамроҳлари суд қарорига кўра катта миқдорда жаримага тортилган эди.
Фуқароларни айбсиз айбдор қилишга урганган Навоий вилоят ва Кармана туман ички ишлар ходимлари Тошкент сафари тараддусидаги Боймуродова ва унинг қизига яна янгидан-янги кўз кўриб, қулоқ эшитмаган тузоқларни тайёрлаб туришган бўлишса ҳам не ажаб?
 
“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати матбуот хизмати

http://birdamlik.info/blog/2014/04/26/қурилтойга-камола-суннатова-ҳам-келм/

САЛОМ ҚУРУЛТОЙ!

Халқ  ҳокимияти, инсон ҳуқуқлари заминидаги, озод ва фаровон Ўзбекистон учун!

 

САЛОМ ҚУРУЛТОЙ!

АЗИЗ ҚУРУЛТОЙ ВАКИЛЛАРИ, МУҲТАРАМ ХАЙРИХОҲ МЕҲМОНЛАР, ХУШ КЕЛИБСИЗ!

 Birdamlik9

26 – апрель 2014 йил эрталаб соат 9. 00 АҚШнинг Миссури штати, Сент Луис шаҳрида жойлашган Marriott West меҳмонхонасини мажлислар хонасида Ўзбекистон “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракатининг биринчи Қурилтойи ўз ишини бошлайди.

Қурултой 26 – 27 апрель 2014 йил ўтади.

26 – апрель Қурултойнинг БИРИНЧИ КУНини ТАРТИБИ:

1. Қурултойни очиш ва унинг Ҳайъатини сайлаш.

2. Қурултой Ваколатнома (Мандат)лар ва  Котибият гуруҳини сайлаш.  

3. Ваколатнома (Мандат)лар ва  Котибият гуруҳининг Қурултой Вакиллари ҳақида маълумоти.

4. Қурултойнинг мажлислар Кун Тартибини тасдиқлаш.

 

5.“БИРДАМЛИК” ДАСТУРИНИНГ КЎРСАТМАЛАРИНИ НОЗЎРАВОН КУРАШИМИЗДА АМАЛГА ОШИРИШ. Маърузачи Б.Чориев (45 минут)   

6. Маъруза муҳокамаси

7. “БИРДАМЛИК” Низоми ҳақида. Маърузачи А.Маннопов      (20 минут) 

8. Маъруза муҳокамаси   

9.Ташкилий масалалар:

а) Марказий Қўмита сайлови.

б)Бошқарув Ҳайъатини сайлаш.

в)Ўзбекистон БИРДАМЛИК” Ҳалқ Демократик Ҳаракатининг Раисини сайлаш.

27 – апрель Қурултойнинг ИККИНЧИ КУНини ТАРТИБИ:

 г) Марказий Назорат-Тафтиш гуруҳини раиси ва аъзоларини сайлаш;

д) Ҳаракатнинг Молия-Иқтисод гуруҳи раиси ва аъзоларини сайлаш;

 10. Турли масалалар.  

11. Ўзбекистон БИРДАМЛИК” Халқ Демократик Ҳаракати Раисининг ЯКУНИЙ СЎЗИ.

1.БИРДАМЛИК” Халқ Демократик Ҳаракатининг ҚУРУЛТОЙИ ЯКУНЛАРИҲАҚИДА, ДОИРА СУҲБАТИ, МАТБУОТ АНЖУМАНИ.

2.БИРДАМЛИК” Халқ Демократик Ҳаракатининг тарихий кураш йўли ва хозирги кун нозўравон фуқоровий бўйсинмаслик амалиёти ҳақида ФОТО ва ВИДЕО КЎРГАЗМА. 

 

Ўзбекистон БИРДАМЛИК” Халқ Демократик Ҳаракати Қурултойининг ёпилиши.

 “БИРДАМЛИК” ХАЛҚ ДЕМОКРАТИК ҲАРАКАТИНИНГ МАТБУОТ МАРКАЗИ