May 062016
 

Фуқаро кийимидаги ўнга яқин одамлар жиянимнинг уйини “босишибди”. Ўртанча опамнинг оилали қизининг ҳовлисини . Тўсатдан бостириб келган орган одамлари Гулзода Пардаеванинг уйини тинтув қилишибди.

Гап йўқ, сўз йўқ бир тўда бегона эркак кишилар кутилмаганда ҳовлида пайдо бўлишди ва оғил борми, сомонхона, сандиқ борми… хуллас, ҳамма жойимизни тинтув қилиб, ағдар-тўнтар қилиб ташлашди. Мен бу пайтда тандирда кўк сомса ёпаётгандим. Қайнотам суд “Дамас”имизни мусодара қилиб юборганида қон босими кўтарилиб кетиб, фалаж бўлиб қолганди… Қайнонам қўрққанидан қалтираб қолди. Улар ўғилларининг ортидан одам тушганмикин, Россияга бориб ишлаб келганлиги сабаб тинтув қилишаяптимикин деб юраги ёрлаёзди.

Негаки, ҳозир Россияга, Туркияга бориб ишлаб келганларни текшир-текшир ишлари катта-да. Қайнонам шўрликни ҳам инфаркт қилиб қўйишларига бир баҳия қолди. Бир зумда ҳовлимиз, уйимиз тўс-тўпалон бўлиб кетди. Титувчилардан бири тандирдан узган пичак (кўк сомса)дан танаввул қиларкан, “Сизлар Эшонқулова Малоҳат билан телефонда гаплашиб турган экансизлар. Шунга сизларни “Эшонқулованинг гуруҳи(ўзим билмайдиган қандай гуруҳ тузган эканман?)га аъзомикинсизлар?” деган шубҳада уйларингизни кўздан кечиришга келгандик. Йўқ, яхши, ҳамма жой топ-тоза экан. Бирор шубҳали нарса чиқмади. Эшонқулова билан қандай танишлигингиз бор? Телефонда нималар ҳақида гаплашгансизлар?” деб сўради мендан, – дейди умрида тинтув нима билмаган, кўрмаган жияним Феруза Пардаева қўрққанидан деярли шивирлаб, – Мен уларга “Эшонқулова Малоҳат аямнинг синглиси холамиз бўлади. Холамиз сифатида ҳол сўраб турардик. Кичик қизи бизнинг уйда улғайган. Қизларининг соғлиғини сўрардик. Холамизнинг ишига ҳеч қандай алоқадор жойимиз йўқ. Шунчаки қариндош сифатида боғланиб турардик.

Лекин яқин 2,5 йилдан буён телефонда гаплашган жойимиз йўқ эди-ку? Бошимизга ташвиш тушиб, туҳматга қолган кезларимизда бир-икки қўнғироқ қилиб йўл-йўриқ сўрашга мажбур бўлгандик” дедим. Қўрққанимдан ҳозир жоним чиқиб кетса керак деб ўйлагандим…. Яхшиям қайнотам касалхонада эди. Уйда бўлганида, бундай ваҳимани кўрганида борми, аниқ ўлиб қоларди…. Бир мартага биз ўлиб қолай дедик-ку, сиз қандай яшайсиз бундай қўрқитув остида-а? Қўйинг-э, шу ишингизни…, – нималардир дея яна узоқ пичирлайди у.

Унинг қолган гаплари қулоғимга кирмайди. Хаёл олиб қочади: “Биламан, бу қуёнюраклар ўзларини таништирмаган, фуқаро кийимидаги бир тўда босқинчиларнинг ғайриқонуний ҳаракатлари устидан бирор бир идорага арз ҳам қилишмаган, шикоят қилишни хаёлларига ҳам келтиришмаган. Негаки, улар мендан фарқли ўлароқ, бу ҳукуматда қонунлар ишламаслигини, оддий халқнинг арзини ҳеч ким эшитмаслигини жуда яхши билишади-да!…. Биргина ахмоқ мен У! Гарчи бу мамлакатда адолат қарор топмаслигини билсам-да, бесамар шикоятлар ёзишдан толмайдиган! …. Талмовсираб берган саволларини кўрмайсизми?: “Эшонқулова билан қандай танишлигингиз бор? Телефонда нималар ҳақида гаплашгансизлар?” эмиш? Кимсан, Ўзбекистон ҳукуматининг изқуварлари, МХХ, прокуратура, ИИБси бўлади-ю, Гулзода Пардаева менинг опамнинг қизи жияним бўлишини билмайдими? Қариндошлигимиздан бехабарми? Ахир, 2013 йилнинг 13 март куни “Harakat.net” сайтида эълон қилинган «17:46 – «Ҳаракат» хатқутисидан: Малоҳат Эшонқулованинг кирдикорлари ҳақида Мурожаатнома»нинг муаллифи Ўзбекистон МХХсининг ўзи эмасмиди? Ахир, юқоридаги хабарни айнан менинг мана шу қариндошларим жиянларим Пардаевалар номидан уюштирган ва чоп этган махсус хизматларнинг ўзлари эмасмиди? Нега энди бугунга келиб улар ўзларини билмасликка, овсарликка солишади? Куни кечаги Гулзоданинг қайнота ҳовлисида ноқонуний тинтув ўтказилишидан асл мақсадлари ҳам ойнадек аён-ку жиянимни, унинг қайнота-қайнонасини, умр йўлдошини менга қарши қайраш, улар кўнглида хавотиру ҳадик уйғотиш, қўрқувни шакллантириш эмасмиди? Ахир, аллақачонлар етти пуштимгача сўраб-суриштириб бўлишган-ку? Ўзларини гарангга солиб нима қилишади? “Телефонда нималар ҳақида гаплашгансизлар?”миш?! 2000 йилдан буён барча телефон сўзлашувларим махсус хизматлар томонидан тингланади, ёзиб олинади-ку!…

Дарвоқе, бу қариндошлар билан охирги бор қачон қўнғироқлашгандим ўзи?”

Эсладим, 2013 йилда, турмуш ўртоғининг бошига иш тушиб қолганида бир неча бор қўнғироқлашгандик. Эри бечора Россияга бориб, қора меҳнатнинг орқасидан тўрт танга топиб, “Дамас” русумли оёқ улов олган эди. Кейин мусофирчиликни йиғиштириб, Оқдарёда киракашликнинг орқасидан кун кўрадиган бўлганди. Шундай кунларнинг бирида суд унинг оёқ уловини “жиноят қуроли” сифатида давлат фойдасига мусодара қилиб юборибди. Адолат ахтариб бош уриб бормаган ери қолмаган, ҳеч ким деҳқоннинг боласини гапига қулоқ солмаган. Машинасини ҳам қайтариб бермаган. Чорасиз қолгачгина олдимга маслаҳатга келишганди: “Машинамизни қандай қилиб қайтариб олсак бўлади?”…

Жиноят қуроли” бўлган “Дамас”да куёв бола киракашлик қилиб юрган кезлари, ҳайдовчилар жуда яхши билишади, “Қачон тўларкан, қачон машинам еларкан?” деб кўзлари “клиент” қидириб интиқ ўтиради. Ана шундай кунларнинг бирида машинасига 3 та ширакайф йигит чиқиб қолади. “Ароқ ичган кимсаларни машинага ўтқазиш мумкин эмас” деган қонун йўқ-ку. Ё борми? Ўзи мижоз кутиб тоқатлари тоқ бўлиб ўтирган ҳайдовчи бўлса, “клиент”ни қувармиди, йўқ, қайтага қувонади-да! Манзилига, марказга элитиб қўйган ҳайдовчи нима қиларди, изига қайтиши учун яна йўловчи кутади. То “Дамас” тўлгунига қадар у келтирган 3 йигит ширакайф эмасми, тарвуз-қовун сотаётган йигитлар билан нарх-навонинг устида тортишиб қолиб, икки шапалоқ, тўрт тепки тушириб улгурган, камига иккитадан олтита пули тўланмаган тарвузни қўлтиқлаб ортга қайтиш учун яна “мижоз” кутаётган куёвнинг машинасига ўтирган… Табиийки, қовунфуруш йигитлар қонун идораларига арз қилган. “Калтаклаган кимсаларни танийсизми? Кимлар эди?” деган саволга, “Биз билмаймиз, танимаймиз. Бизга зўравонлик қилиб маҳсулотларимизни талаб кетган йигитлар мана шундай давлат рақамли “Дамас”га ўтириб кетишди. Шу сананинг шу соатида эди. Биз танимасак ҳам, ҳайдовчи яхши таниши керак, ўша машинанинг мижозлари эди зўравонлар” дея кўрсатма беришган. Ўша кўрсатма асосида бир соат ўтар-ўтмас “шу-шу давлат рақамли “Дамас” “арест” қилинган, куёв бола хибс этилган. Узундан-узун судловлар натижасида куёв айбсиз деб топилган. Бироқ суд “Бор бало, барча гуноҳ транспортда. Ширакайф йигитларни шу “Дамас” келтирмаганида қовунфурушлар калтак емаган бўларди, шу машина маст кимсаларни олиб кетмаганида, зўравонлар шу ондаёқ қўлга тушган бўларди” деган тўхтамда “Дамас”ни “жиноят қуроли” деб топган ва суд ижрочилари кўз очиб юмгунча “жиноят қуроли”ни пуллаб юборган….

Ўшанда, бошларига ташвиш тушган паллада менга бир неча маротаба сим қоқишган эди….

Ҳаш-паш дегунча орадан 3 йил ўтиб кетибди….

Адашмасам, 2,5 йилдан буён жияним билан ҳам, унинг оила аъзолари билан ҳам на кўришганимни, ва на-да қўнғироқлашганимни эслай олмайман.

Орган ходимлари менга алоқадор телефон сўзлашувларининг 3 йиллик “тарих”ини “титишибди”ми, демак, масала жиддий!

Жияним Гулзода Пардаева-ку, ўзимники… Лекин унинг қайнота-қайнонаси-чи? Турмуш ўртоғи-чи? Ҳамсоя халқи, қариндош-уруғи-чи? Қандай хаёлга боради?

Эшонқулова билан қўнғироқлашганларнинг уйларида тинтув ўтказишарканми? Эшонқулованинг ўзи нима иш қиларкин? Ваҳобиймикин, террористмикин?…” – аҳолини шу каби оғир ўйлар гирдобида саросимага солиб қўйиш, мени халқдан изолация қилиш мақсадида қасддан, обдон ўйлаб, ўта устамонлик билан қилинган ҳийла. Нафақат менга, мен билан мулоқотда бўладиган одамларга қўлланилган маккорона таҳдид.

Ва бу биринчиси ҳам эмас….

Мана шундай таҳдидлар ортидан Ҳукумат 7 нафар туғишганларимдан 5 нафарининг онгида менга нисбатан “Халқ душмани”, “Ватан хоини” деган фикрни шакллантиришга муваффақ бўлганди. Айни дамда мен билан салом-алик қиладиган бор-йўғи иккитагина опам қолган эди холос…. Бу туғишганларим хусусида… Мен билан борди-келди қилган, гаплашган, қўнғироқлашган, арз-додини айтган аҳоли вакилларини янада қаттиқроқ қўрқитишади, уларга кучлироқ босим ўтказишади. Ҳатто айримларини “айғоқчиликка” ёллашади. Баъзиларини “Пора билан тутиб бериш” амалиётига тайёрлашади…. Қизиқ, мен масъул мансабдор шахсмидимки, кимларнингдир ишини битириб бериш эвазига пора талаб қиладиган?…. Янаям аниқроғи, “Товламачилик” моддасига тузоқ қўйишади….

Шу алфозда адолат истаб бош кўтарганларнинг барчасини каллаклаб, чеканка қилиб ташлашмоқда….

Бунингдек бемазагарчиликка ружу қўйган тузум ер юзида битта бўлса керак….