Mar 252018
 

2018-йилнинг 14-март куни Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманида бахтсиз ҳодиса рўй берди.[1]. Каттақўрғон туман марказидаги 42-умумтаълим мактабининг меҳнат ўқитувчиси Диана Еникеевани Сув омбори қишлоғидан ўтувчи автомобиль йўлини тозалашга олиб чиқилган пайтда КамАЗ юк машинаси уриб юборган.

Бу ҳақда исми сир қолиш шарти билан Озодликка хабар берган ўқитувчилардан бирининг айтишича, оғир тан жароҳати олган Диананинг жони касалхонада узилган:

Воқеа гувоҳи бўлган ҳамкасбимнинг айтишича, ўқитувчилар йўл четини тозалаш ишлари билан машғул бўлган. Дианани катта тезликда келаётган юк машинаси уриб юборган. Дарҳол бир машинага юклаб, касалхонага олиб боришган. Лекин борганда унинг жони узилиб бўлган экан”, деди ўқитувчи.

Диана Еникееванинг онаси Оксана Еникееванинг Озодлик радиосига айтишича, унинг қизини дарс ўтаётган жойидан кўча супуришга ҳайдашган:

Қизим дарсдан қайтиб келиб, кийимини алмаштирди ва уларни кўча тозалашга мажбурлашаётганини айтиб кетди. 42-мактабдан ўн нафар ўқитувчи президентнинг келишига трассани тозалашга мажбуран чиқарилган экан.

Қизим билан бирга бўлган ўқитувчиларнинг айтишларича, улар машиналар ғизиллаб ўтиб турган трассада ишлашган. Ҳеч қандай огоҳлантирувчи белгилар қўйилмаган, ҳатто ГАИ инспекторлари ҳам бўлмаган. Бордюрни супириб турган қизимни ўтаётган КамАЗлардан бири уриб юборган. Наҳотки, президентга яхши кўриниш учун қайнаб ётган йўлнинг ўртасига ҳимоясиз ўқитувчиларни олиб чиқишга ишлатишса. Мен буни шундай қўймайман, президентгача бораман!”, дейди Оксана Еникеева.

Онанинг айтишича, қизи вафотидан кейин туман хокимлигидан унга 3 миллион сўм олиб келишган:

Менинг болам учун уч миллион сўм таклиф қилишди. Мен ёлғиз фарзандимни сотиш учун туғмагандим. Унинг ўрнини пул билан тўлдириб бўладими. Ўқитувчини ўз ишидан бошқа ишга мажбур қилган ва қизим ўлимига бевосита сабабчи бўлган хоким ва халқ таълими бўлими жавоб берсин”, дейди марҳума ўқитувчи онаси.

Оксана Еникееванинг айтишича, қизи турмушга чиққан ва унинг 2 яшар боласи етим қолган.[1].

Ҳар бир ватандош воқеаларнинг ривожини осонгина тасаввур қила олади, Диана Еникееванинг ўлими бўйича тергов ишлари олиб борилади ва айбдорлар суд ҳукми бўйича жазоланади.

Лекин кутилмаган воқеа рўй берди. 18-март куни Каттақўрғон туман хокимлиги ва Самарқанд вилоят халқ таълими бошқармаси Диана Еникеева йўл тозалашга чиқарилганини инкор қилди.[2].

19-март куни эса, хоким ўринбосари, “инкор хатини имзолаган Мусахон Музаффаров, Озодлик саволларига жавоб бераркан, “ҳозирча Диананинг иш пайтида тозалаш ишларига чиқарилгани масаласи ўрганилаётгани ва унинг натижаси ҳали маълум эмаслигини” билдирди.

Шу куни кечга яқин эса, вилоят хокими Туробжон Жўраев ўқитувчилар йўл тозалашга ҳеч қачон чиқарилмагани тўғрисида баёнот берди. [2].

Яна шу ерда халқ таълими вазирининг ўринбосари 23 ёшли Алишер Саъдуллаев рўй берган фожеага facebook даги саҳифасида жасурона, ажойиб ўз муносабатини билдирди:

Бас, етар! Ўқитувчиларни тинч қўйинг. Ҳамма ўз ишини қилсин. Парламент аъзолари, депутатлар ва бошқа давлат органлари келинглар бирлашайлик. Миллат тақдири-ку ахир!”.

Мажбурий меҳнатга қарши курашаётган Берлиндаги Ўзбекистон-Германия форуми раҳбари Умида Ниёзова Диана Еникееванинг ўлимига айбдор раҳбарлар ҳам жазоланиши лозимлигини таъкидлайди:

Умида Ниёзовадан иқтибос:-”Ўзбекистон Меҳнат Кодексининг 7-моддасида мажбурий меҳнатни тақиқлаш кўзда тутилган. Унда айтилишича, қандайдир жазо таҳдиди билан кимнидир меҳнат қилишга мажбур қилиш ман этилади. Иқтибос тугади.[2].

Нега энди тергов ишлари тугашини ва суд ҳукмини кутмасдан Каттақўрғон туман хокими ва Самарқанд вилоят хокими ўқитувчилар мажбурий меҳнатга жалб қилинмаган деб баёнот беришди?

Бунинг менимча иккита сабаби бор, биринчидан Диана Еникеева ўлими Ўзбекистондаги маҳаллий нашрларда ёритилди, Озодлик,BBC, Америка овози ва ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинди.

Иккинчи сабаб, асосий сабаб Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 19 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида қилган нутқида Ўзбекистонда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш ҳақида шундай деган эди.[3].

Нутқдан иқтибос: “ Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш бўйича таъсирчан чоралар кўрилди”. Иқтибос тугади.

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш бўйича Ўзбекистон халқини Конституция куни билан табриклаган нутқида [4] ( 7-декабр, 2017-йил) қуйидагиларни таъкидлаб айтган эди.

Нутқдан иқтибос:

Ҳурматли юртдошлар!

Конституциямизнинг 37-моддасида белгиланган мажбурий меҳнатни тақиқлаш

тўғрисидаги қоидага қатъий амал қилиш учун йил давомида бир қатор ишлар бажарилди.

Хусусан, таъсирчан парламент ва жамоатчилик назорати ўрнатилди. Фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш масалалари бўйича Парламент комиссияси тузилди. Депутат ва сенаторлардан иборат ишчи гуруҳлар республикамизнинг барча худудларига чиқиб, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик бўйича парламент назоратини амалга оширмоқда.

Мана, бу йил ҳаммангиз кўрдингиз, эшитдингиз, биз бюджет ташкилотлари ходимлари ва талабаларни мажбурий равишда пахта теримига чақиришни қатъиян тақиқладик.

Пахта мавсумида Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатнинг олдини олиш бўйича тизимли мониторинг йўлга қўйилди.

Бу муҳим масалани аввало ўзимиз қаттиқ назоратга олганимиз туфайли биронта салбий ҳолат аниқланмади. Амалга оширилган ишлар самараси халқаро ташкилотлар, қолаверса, кенг жамоатчилик томонидан эътироф этилмоқда”. Иқтибос тугади. [4].

Каттақўрғон туман хокими ва Самарқанд вилоят хокимининг ўқитувчиларнинг мажбурий меҳнатга жалб қилмагани сабаби “сири” шу ерда.

Яъни бу ерда терговчиларга, прокурорга,судъяга мажбурий меҳнат Ўзбекистонда йўқ, Диана Еникеева мажбурий меҳнат пайтида ўлмаган деган мужда жўнатиляпти. Яъни бошқача айтганда, Ўзбекистонда олий даражадаги раҳбарлар, вилоят ва туман хокимлари томонидан содир этилган жиноят хаспўшланяпти.

Бундоқ ўйлаб қаралганда, марҳум диктатор Ислом Каримов даврида болалар меҳнатига барҳам берилган эди, президент Шавкат Мирзиёев даврида мажбурий меҳнатга барҳам берилгани катта ижобий воқеа бўлиб туюлади. Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга барҳам берилди, фақат бу барҳам берилиш оғизда, қоғозда амалга оширилди, амалда эса мажбурий меҳнат марҳум диктатор Ислом Каримов давридагига қараганда ҳам кўпроқ ва шавқатсизларча қўлланиляпти.

Бунга мисол, Андижон, Наманган, Фарғона ва Сурхондарё вилоятларидаги Ўзбекистон ватандошлари биринчи марта поездларда Қорақалпоғистон

республикаси, Хоразм , Жиззах ва Тошкент вилоятларига пахта теримига мажбуран жўнатилди.

Озодлик радиоси 2017 йил пахта териш мавсумида Фарғона вилоятидан қарийб 17 минг, Наманган вилоятидан 1900 ва Сурхондарё вилоятидан 14 900 нафар ҳашарчи пахта териш учун ихтиёрий мажбурий тарзда Қорақалпоғистон, Хоразм, Жиззах вилоятларига махсус поездларда юборилгани, Тошкент вилоят пахтазорларида эса Андижондан олиб келинган ҳашарчилар пахта тераётгани ҳақида хабарларни тарқатган эди.[5].

Ўзбекистонда ўқитувчилар, шифокорлар кўча тозалаш, майдонларни тозалаш, газ, свет учун пул йиғиш ва турли туман қишлоқ ҳўжалиги ва қурилиш ишларига жалб этилиш ҳамон давом этмоқда.

Ўзбекистондаги мажбурий меҳнат бўйича мен қуйидаги 2та маълумотни айтишни лозим кўрдим:

1.Замонавий қуллик кўрсаткичи бўйича Ўзбекистон Шимолий Кореядан кейин иккинчи ўринни эгаллайди. Дунёнинг бешта мамлакати Ҳиндистон, Хитой,

Покистон, Бангладеш ва Ўзбекистонда замонавий қуллар дунё бўйича қулларнинг 58 фоизни ташкил қилади. 2016-йилда Ўзбекистонда замонавий қуллар сони 1.236.600 кишини ташкил қилган ва бу аҳолининг 3.973 фоизини, яъни қарийб 4 фоизни ташкил қилади.[6].

2.Ўзбекистондаги юқори синф ўқитувчиларининг маоши билан дунёнинг ривожланган мамлакатларидаги ўқитувчиларнинг маошлари билан таққосласак:

Ўзбекистонда юқори синф ўқитувчилари маоши ўртача 125 АҚШ долларига тенг, умуман олганда 100-200 АҚШ доллари атрофида.[7,8].

Дунёнинг ривожланган мамлакатлари;

1.Люксембургда янги ишни бошлаган ўқитувчи бир йилда 80.000 долларга тенг йиллик маош олади. 15 йил ишлагандан кейин эса 140.000 АҚШ долларидан ҳам кўпроқ йиллик маош олиши мумкин. Яъни бир ойлик маоши 6.600 доллардан бошланиб 12.000 доллардан ҳам кўпроқ бўлиши мумкин [9].

2.Францияда янги иш бошлаган ўқитувчи бир йилда 35.000 АҚШ доллари, энг кўпи билан 60.000 АҚШ долларигача йиллик маош олиши мумкин. Бир ойлик маош 3.000 АҚШ долларидан 5.000 гача олиши мумкин.

3.Жанубий Кореяда 30.000 АҚШ доллари, улар энг кўпи билан 80.000-85.000 йиллик маош олиши мумкин. Яъни ойлик маоши 2.500 дан 7.000 АҚШ долларигача бўлади.

4.Японияда 20.000-23.000 АҚШ долларидан 60.000 АҚШ доллари йиллик маош олиши мумкин. Яъни ойлик маоши 2.000 дан 5.000 АҚШ долларигача.[9].

Ўзбекистоннинг замонавий қуллик кўрсаткичи ва юқори синф ўқитувчиларининг ойлик маошидан кўриниб турибдики, Ўзбекистоннинг иқтисоди ва таълим соҳаси ниҳоятда аянчли аҳволда.

Ўзбекистон ватандошлари, Ўзбекистон фуқаролик жамияти, Ўзбекистон хукумати бу аянчли аҳволдан чиқиш учун тинмай изланишлари керак, тинмай қаттиқ меҳнат қилишлари керак. Қисқача менинг фикрим, Ўзбекистон ватандошларига иқтисодий эркинлик, сиёсий эркинлик берилиши керак.

Абдужалил Бойматов

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти вице президенти.

25март, 2018-йил.

Дублин, Ирландия.

Фойдаланилган адабиётлар:

1. Мирзиёев келишига кўча тозалашга олиб чиқилган 23 яшар ўқитувчини машина босиб кетди. 15.03.2018. ( https://www.ozodlik.org/a/kucha-tozalashga-olib-chiqilgan-uqituvchini-mashina-bosdi/29101801.html ).

2. Диананинг ўлими юзасидан вилоят ҳокими раддия берди. Туман ҳокимлиги “раддия”сини рад қилди. 19.03.2018. ( https://www.ozodlik.org/a/uzbek-uzbekistan-diana-majburiy-mehnat-oqituvchi-hashar/29109161.html ).

3. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида нутқ сўзлади. 20.09.2017. ( http://uza.uz/oz/politics/zbekiston-prezidenti-shavkat-mirziyeev-bmt-bosh-assambleyasi-20-09-2017 ).

4. Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини Конституция куни билан табриклади. Тўлиқ нутқ. 07.12.2017. ( https://kun.uz/news/2017/12/07/savkat-mirzieev-uzbekiston-halkini-konstitucia-kuni-bilan-tabrikladi-tulik-nutk ).

5. Мирзиёев мажбурий меҳнатга барҳам берилганини айтди.08.12.2017.

( https://www.ozodlik.org/a/28904582.html ).

6. Slavery index by countries. 2016. ( https://www.globalslaveryindex.org/findings/ ).

7. Педагогларнинг таътил пуллари қандай ҳисобланади? 13.05.2017. (http://idum.uz/archives/11394 ).

8. Average monthly salary in Uzbekistan is US$125- Statistics committee. 15.12.2017.

( http://tashkenttimes.uz/national/1814-average-monthly-salary-in-uzbekistan-is-us-125-statistics-committee ).

9. Different Teacher Salaries Around the World. 2017. (https://www.educationdegree.com/articles/teaching-salaries-around-the-world ).