Mar 042018
 

2018-йилнинг январь, февраль ойларида Ўзбекистонда қама-қамалар ниҳоятда кўпайиб кетди. МХХ ва прокуратуранинг юқори лавозимдаги амалдорлари қамалаяпти. Бу қама-қамаларнинг Озодликда ёритилган рўйхатидан олтита мисол келтираман.

1. 22-январ куни (2018-изоҳ меники) ҳибсга олинган Сурхондарё вилоят МХХ Тергов бўлими собиқ раҳбари Нодир Тўрақулов устидан Ўзбекистон Ҳарбий прокуратураси очган жиноий иш доирасида 14 терговчидан иборат сайёр гуруҳ Термиз шаҳрига келган. Сурхонлик тадбиркорларга кўра, Тўрақулов мазкур вилоятдаги фаолияти давомида жиноий гуруҳ тузганликда гумонланмоқда ва бу гуруҳ таъқибига учраганлар биттама-битта суҳбатга чақиртирилиб, улардан Тўрақулов-Норқобилов иккилигига қарши кўрсатма олинмоқда. Ҳарбий прокуратуранинг “алоҳида топшириғи”га кўра, ушбу жараён доирасида Эркин Норқобилов ва унинг яқин одами бўлган Орифжон Сатторовнинг ўндан ортиқ масъулияти чекланган жамиятига тегишли автотранспорт воситалари ҳибсга олинган.[1].

2. Ўзбекистон МХХ Тергов бошқармаси собиқ терговчиси, адлия полковниги Нодирбек Тўрақуловнинг қудаси, Сурхондарёда ном чиқарган бойлардан бири Эркин Норқобилов ва унинг яқинларига тегишли бўлган ўнлаб корхона текширилмоқда, унинг мол-мулки хатланмоқда.[2].

Сурхондарёлик бир тадбиркорнинг айтишича, МХХнинг Сурхондарёдаги бош терговчиси Нодир Тўрақуловга қудалиги боис Эркин Норқобиловга бу вилоятда “ҳеч кимнинг тиши ўтмаган”.

Яна шу тадбиркордан иқтибос: “Норқобилов шунақа ҳам ўзидан кетган эдики, унга прокуратура ва милиция ходимлари хизмат қилар ва ўз навбатида уларнинг ғайриқонуний ишларига қудаси, МХХ зобити “криша” эди. Бир прокуратура терговчиси Дамас ва Нексияларни тўлдириб, Норқобиловнинг Термиз туманидаги офисига миллиардлаб сўм ташиганини ўзим кўрганман. Бу офисни кўрсангиз ҳайрон қоласиз, деворлари худди турманидек баланд қилиб қурилган. Нодир Тўрақулов ишдан кетганида бу терговчи ҳам бир ой қамоқда ётиб чиқди. Лекин ҳозир яна бир туманнинг прокурор ўринбосари бўлиб ишлаябди”. Иқтибос тугади. [2].

3. Ўзбекистон МХХ Тергов бошқармаси собиқ терговчиси, полковник Нодир Тўрақуловнинг отаси Дилмурод Тўрақуловга қарашли “Пойтуғ газ тўлдириш корхонаси” (ГНЕЗ)да текшириш бошланди.[2].

4. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси хабарига кўра, мамлакат собиқ Бош прокурори Рашиджон Қодиров ҳибсга олиниб, унга нисбатан Жиноят Кодексининг 165, 205, 210-моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

Ўзбекистон Бош прокуратурасида ишлайдиган ва исми айтилишини истамаган ходимнинг иддао қилишича, бу жиноят иши доирасида “ўнлаб мулозим сўроқ қилинмоқда”.

Давлат ва халқ мулкини беш қўллаб оғзига тиққанлар рўйҳати ҳали узун. Уларга ҳам секин-секин навбат келади”, деди Озодлик суҳбатлашган бу мулозим.

5. Ўзбекистон республикаси Бош прокуратураси хабарига кўра, 26-февраль куни Жамшид Файзиев устидан собиқ Бош прокурор Рашиджон Қодиров кўрсатмасига биноан жиноий иш қўзғатилган.

Тошкент вилоятининг собиқ прокурори, адлия катта маслаҳатчиси Жамшид Файзиев 23 февралдан 24 февралга ўтар оқшоми Шайхонтоҳур туманидаги ҳовлисидан прокуратуранинг махсус гуруҳи тарафидан қўлига кишан, бошига эса қоп кийгизилиб олиб кетилган.

6. Ўзбекистон Бош прокуратуранинг уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш бошқармаси собиқ бошлиғи Улуғбек Хуррамов Тошкент шаҳар прокурорининг коррупция ва иқтисодий жиноятлар бўйича собиқ ўринбосари Мирағлам Мирзаевлар устидан ҳам жиноий иш очилган.[3]

Бошқа қама-қамалар тўғрисида қуйидаги фойдаланилган адабиётлардан қўшимча маълумот олишингиз мумкин.[3,4 (Зокиржон Алматов), 5 (Тоймураз Алимов), 6 (Мирағлам Мирзаев).

Яна бу қама-қамаларга Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев коррупцияни камайтириш учун тўйларни ихчамлаштириш бўйича кампанияни бошлаб юборди ва ҳаттоки, тўйлар тўғрисида қонун қабул қилишни кўрсатма берди. 2 март куни Навоий вилоятига сафар қилган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев вилоят фаоллари билан ўтказган йиғилишида, ”эртага Ўзбекистон Сенати”нинг давлат амалдорларининг тўй-ҳашамларига боришини тақиқловчи қарори чиқажагини билдирди.

Президент Шавкат Мирзиёевдан иқтибос: -Мана эртага қарор чиқади, Бош вазирдан, хокимдан бошлаб ижроия органи вакилларининг тўй-маросимларга бориши ман этилади. Чойхоналарда давлат машинасини кўрган куним, ўшаларни ишдан олиб ташлайман, жазолайман. Иқтибос тугади.[7]

Президент Шавкат Мирзиёев маърузасидан яна иқтибос: -Бирорта раҳбар, мандан бошлаб, туғилган куниниям нишонламайди. Бўлди, у замонлар ўтди, одамларнинг ғашини келтирябди бу нарса, лаънатини келтиряпти. Маросим ҳам, тўй ҳам раҳбарларсиз бўлади. Бош вазир боради ғўддайиб ҳамма муовини билан, ҳамма туради… Сан ўша 20 кило гўштнинг пулига камбағалнинг уйини краска қилиб бер, уйига телевизор олиб бер, ноинсоф. Иқтибос тугади.

Коррупцияга қарши кураш кампанияси марҳум диктатор Ислом Каримов даврида ҳам олиб борилган эди. Фақат фарқи шундаки, Шавкат Мирзиёев президентлигида қама-қамаларнинг кўлами кенг ва энг юқори, олий хокимиятдаги амалдорларгача етиб борди. Тўйларни ихчамлаштириш, амалдорларнинг туғилган кунларини ўтказишини тақиқлаши қатъийроқ ва кескинроқ амалга ошириладиганга ўхшайди. Мустақил Ўзбекистоннинг 26 йил коррупцияга қарши кураш натижаси ўлароқ Ўзбекистон ҳамон дунёнинг энг коррупциялашган 20 давлатлари қаторида. Шавкат Мирзиёевнинг бир ярим йиллик Ўзбекистонни бошқариши давомида Ўзбекистонда коррупция даражаси атиги 1 баллга яхшиланди.[8,9].

Жаҳон тажрибасига кўра Ўзбекистон дунёнинг энг коррупциялашган 20 та мамлакатлари қаторидан чиқиб кетиб, ҳеч бўлмаганда иккинчи 50 талик мамлакатлар қаторига қўшилиши учун ислоҳотлар амалга оширилиб, қуйидагилар баратаф қилиниши керак:

1. Ўрта синф шаклланмаган;

2. Эркин, демократик сайловлар орқали хокимият алмашиши йўқ;

Нобель мукофоти лауреати Барак Обама, Нельсон Мандела, Роза Отунбаева.

3. Эркин матбуот йўқ;

4. Сиёсий рақобат, кучли демократик мухолифат йўқ;

5. Мустақил суд тизими йўқ;

6. Давлат лавозимида ишлаётган амалдорлар учун даромад ва мол- мулк декларацияси йўқ ва ҳоказо.

Ҳамма гап президент Шавкат Мирзиёев бу ислоҳотларни амалга оширадими?!

Абдужалил Бойматов

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти вице президенти.

4-март, 2018-йил.

Дублин, Ирландия.

Фойдаланилган адабиётлар:

1. МХХнинг Сурхондарëдаги “уюшган жиноий гуруҳи” тергов қилинмоқда. 27.02.2018. ( https://www.ozodlik.org/a/turaqulov-norqobilov-mxx-jinoyat/29065880.html ).

2. Ҳибсга олинган МХХ полковнигининг оилавий бизнесида текшириш бошланди. 01.03.2018. ( https://www.ozodlik.org/a/mxx-nodir-turaqulov-dilmurod-gaz/29070863.html ).

3. Мирзиëев “ўғри” деб атаган Каримов маслаҳатчиси ҳибсга олинди.27.02.2018. ( https://www.ozodlik.org/a/prokuror-qamoq-qodirov/29065696.html ).

4. Собиқ Ички ишлар вазири Зокиржон Алматов яна вазирликка қайтди. 27.02.2018. ( https://www.ozodlik.org/a/zokirjon-almatov-general-iiv-mxx-inoyatov/29065384.html ).

5. Ўзбекистон қамоқхоналарининг собиқ куратори¸ МХХ полковниги қамоққа олинди. Toymuraz Alimov. 28.02.2018. ( https://www.ozodlik.org/a/mxx-qamoq-qiynoq/29067853.html ).

6. Тошкентни титратган прокурор Мирағлам Мирзаев ва оиласи қўлга олинди.01.03.2018. ( https://www.ozodlik.org/a/miraglam-mirzaev-mansur-abdurashid-mxx-prokuratura/29071128.html ).

7. Президент Мирзиëев коррупцияни камайтириш учун давлат амалдорларининг тўйга боришини тақиқлади (АУДИО). 02.03.2018. ( https://www.ozodlik.org/a/navoiy-prezident-toy-taqiq/29075428.html ).

8. Corruption Perceptions Index 2017.(https://www.transparency.org/news/feature/corruption_perceptions_index_2017 ).

9. Ўзбекистон дунëнинг энг коррупциялашган йигирмалигида қолмоқда. 22.02.2018. ( https://www.ozodlik.org/a/29056678.html ).